Ҳазрати Фотиманинг вафоти
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбар алайҳиссалом вафотларидан бери энди олти ой ўтган эди.

Ҳазрат Фотима хасталаниб қолди… Ҳижратнинг ўн биринчи йили, рамазон ойининг иккинчи куни, душанба эди…

Шу пайтгача ора-сира касал бўларди, аммо бу сафаргиси уларга ўхшамади. Яхши-ёмон кунларида уни ёлғиз қолдирмаган хўжайини яна ёнида эди. – Болаларни олиб ташқарига чиқсангиз, яхши бўларди…

Паст овозда айтилган бу жумла ҳазрат Алининг юрагини тилкалади. Уни хафа қилмаслик учун ўзини тушунмаганликка олди. Болаларини онасига яқинлаштирди. Ҳазрат Фотима уларни бирма-бир қучиб эркалади. Сўнг ҳазрат Алига имо қилди. Юраги эзилиб, болаларини ташқарига чиқарди. Ҳазрат Асмо бинти Умайс билан ҳазрат Умму Рафиъ киришди.

– Менинг ювинишим учун сув тайёрми, онажон? – Ҳа. Ҳазрат Фотима Умму Рафиъни «онажон» дерди. Чунки бу аёл унга доим оналик қилиб келганди. – Менга сув қуйиб турасизми, онажон? – Албатта, қизим.

Ҳазрат Фотима яхшилаб ювинди, аёллар ёрдамида энг яхши либосини кийди. – Тўшагимни хонанинг ўртасига солинг. – Хўп. Аёллар ишларни бажаришаркан, нима юз бераётганини англаб, жуда ранжишарди.

– Мени ётқизинглар. Юзимни қиблага қаратинг. – Хўп. – Энди мени ёлғиз қолдиринг! – Аммо… – Илтимос. – Аммо… – Роббимга дуо ва ниёз қилмоқчиман. – !..

Дуо ва ниёзга шунчалар берилиб кетдики, жони  қандай чиқиб кетганини ҳам билмай қолди. Овоз чиқмай қолганидан хавотирланиб уйга кирганлар ҳазрат Фотиманинг вафот этганини кўришди.

Шумхабар бир зумда бутун Мадинага тарқалди. Пайғамбар алайҳиссалом қизи ҳам бу ёлғон дунёни тарк этганди.

Энди йигирма саккиз ёшга кирганди… Бир фарзанди гўдак чоғида вафот этганди.

Ортида кўзлари ёш хўжайини ва беш фарзанди қолганди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг кенжа қизи, ҳазрат Алининг ягона завжаси ҳазрат Фотима вафот этганида Ҳасан саккиз, Ҳусайн етти, Умму Гулсум беш, Зайнаб уч, Руқайя икки ёшда эди.

Ҳазрат Фотима қабрига боқаркан, ҳазрат Алининг ёдига аёлининг вафотидан бироз олдин айтган гаплари ёдига тушди: – Эй Али, вафотимдан сўнг уйланинг. Акс ҳолда, сиз ҳам, болаларим ҳам қийналиб қоласизлар. Аммо уларни ўгай она қўлида ҳам қолдиргим келмаяпти. Шу боис опам Зайнабнинг қизи Умомага уйланинг.

Гулларнинг гули бирма-бир дунёни тарк этишганди. Илоҳий тақдир шундай эди. Зотан, одамзотнинг қисмати шу эди. Бири келади, бири кетади… Қиёматгача давом этади бу ҳол… Аввал ҳазрат Руқайя… Сўнг ҳазрат Зайнаб… Ҳазрат Умму Кулсум… Ва охирида ҳазрат Фотима…

Гулларнинг гуллари энди боқий дунёда яшар эди. Ва севганларнинг кўнгилларида… Улар гулларнинг гуллари эди. Пайғамбар алайҳиссалом булбуллари эди. Буни билган, кўрган англар. Қурбон бўлсин унга жонлар.

Узр

Эй пайғамбар қизлари… Ҳазрат Зайнаб, ҳазрат Руқайя, ҳазрат Умму Кулсум, ҳазрат Фотима…

Эй Пайғамбар куёвлари… Ҳазрат Абул Осс, ҳазрат Усмон, ҳазрат Али… Тенгсиз гулнинг тенгсиз гуллари… Нубувват боғининг хос чечаклари… Сизнинг ойдин дунёнгизга кириб, зулмат дунёмизни ёритмоқ истадик. Фақат дунёнгиз шунчалар чароғон эдики, кўзларимиз қамашиб, олмоқчи бўлган нарсаларимизни ола билмадик.

Эй Пайғамбар қизлари… Уйингизга киришга изн сўрадик, изн бердингиз, кирдик. Ҳаётингизни ёзишни истадик, ҳиммат қилдингиз – ёздик. Аммо ҳаммасини ёзмадик, ёза олмадик. Чунки бунинг учун ойдин дунёнгизни тўла англашимиз керак эди. Бунга кучимиз етмади. Сизлар гул эмас, гулистонсизлар. Чек-чегараси йўқ гулзор! Бундай гулзорни айланиб чиқишга кимнинг умри етарди!

Эй Пайғамбар қизлари! Сизни таниш, сизни ёзиш ва сиз билан бўлиш эди бизнинг истагимиз. Аммо чоғимиз етмагани учун парча, синиқ, алоҳида бир асар пайдо бўлди. Албатта, сизлар бу асарга сиғадиган даражада кичик эмассизлар. Сизларни ёзишга жилдлар, англашга умрлар етмайди.

Сизларни оз бўлса-да, таниш-танитиш йўлида қилган хатоларимиз учун аввал Яратгандан, сўнг Пайғамбар алайҳиссаломдан ва сизлардан узр сўраймиз. Камчиликларимиз учун узр, салом, муҳаббат ва дуоларимизни қабул қилинглар.

Эй Пайғамбар қизлари! Охират оламида топишиш орзуси билан!.. Биз сизларни жуда севамиз…

 

 Адам Сарач

Мавзуга оид мақолалар
Ҳидоят Мухбир ғарблик бир мусулмондан «Сиз қандай қилиб мусулмон бўлгансиз» деб сўради. У шундай ҳикоя давоми...

21:00 / 21.12.2019 2164
Улар миллатни тарбиялайдиларБиласизми, Сингапурда дипломи бор аёллар турмушга чиқсалар, давлатдан катта давоми...

14:01 / 13.04.2023 3109
 Дунё мусулмонлари қаторида россиялик татарлар ҳам бу байрамни нишонлай бошладилар. Маълумки, 2014 йил 2 давоми...

21:24 / 20.01.2017 3919
Малайзиялик ортопеджарроҳ Музаффар Шукор 2007 йили космосга чиққан. У малайзиялик биринчи космонавтдир. давоми...

13:40 / 27.09.2019 4150