Тўйга муносиб тўёна
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1975 йили туғилганман. Қишда. Биринчи фарзанд бўлганим учун буни эслашга қарор қилдим. Негалигини эса мақола охирида айтаман.

Ёшлигимда боксни умуман хушламасдим, шарҳловчилик қилган даврларим «футболдан бошқасини шарҳламайман» деган баҳонада биронта бокс жангини шарҳламаганман. Лекин бу сафар юртга олтинлар олиб бераётган жангларни бошқача эҳтирос билан томоша қилдим. Спорт турининг зоҳиридан кўра ботинига кўпроқ мурожаат қилдим, шекилли, ҳар жангда Ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган йигитлар билан бирга яшадим гўё.

Мухлислик бекордан-бекорга бўлмайди, албатта. Қандайдир сабаб бўлади. Ҳаммаси Ҳасанбойнинг жангидан кейин бошланди. Олимпиаданинг энг яхши боксчисига айланган андижонлик ўғлон иштирокидаги баҳсларни аввалига кўрмагандим. Кейин томоша қилдим, мажбур бўлдим. Олтин медаль деган сўз ўша лаҳзаларда бутун Ўзбекистонни ойнаи жаҳонга михлаб қўйган бўлса ажаб эмас. Ҳасанбойнинг ишончли ғалабаси қолган иштирокчиларга далда бўлди, деб ўйлайман. Ютса бўлишини, ютгандаям ишонч билан ютиш мумкинлигини ҳис қилиб рингга чиқа бошлади йигитлар.

Яна бир сабаб бор. Ўзбек боксчилари бу олимпиадада ўзгача бир услуб билан иштирок этишди. Биронта жангда вакилларимиз ҳимояга ётиб олишмади. Енгганимизда ҳам, енгилган жангларимизда ҳам. Мана шуниси эътиборни тортди. Ҳатто бокс қироллари саналмиш кубаликлар ҳам ҳимоявий тактика асосида ҳаракат қилишди, ҳамма кўрди. Бизнинг йигитлар иштирокидаги жанглар очиқ ва тез кечди. Нафақат биз, бошқалар ҳам роҳатланишди томоша қилиб.

Оддий мисол келтираман: яқинда футбол бўйича Европа чемпионати бўлиб ўтди ва унда чемпионликни қўлга киритган терма жамоа бутун мусобақа давомида ҳимоявий услубда ўйнади, кам голь урди ва омадли қуръа натижасида ғолиб бўлди. Ёрқин ўйин билан ғолиб бўлмагани учун ушбу юрт термасини ҳалигача муҳокама қилишади. Қисқа қилиб айтганда, мухлислар ЧЕМПИОНнинг ўйинини кўриб мазза қилишмади.

Олимпиаданинг бокс мусобақасида эса, тан олайлик, ҳаммаси ёрқин ғалабалар бўлди. Ҳужумни суядиган йигитлар устунлик қилишди, уларнинг ҳаракатлари жангларга завқ берди. Ҳай, футболда-ку, кўпчилик ўйнайди, бунақа ҳолатда бутун жамоани битта тактика остида бирлаштириш керак, аммо яккакурашларда ҳимояланиб енгиш хунук кўринаркан. Кумуш медаль соҳиби – Шаҳрамимизни енгган қозоқ боксчисини эсланг, ўзи ҳам роҳатланмади ғалабасидан. Қайтанга Шаҳрам мағрурроқ тура олди тақдирлаш маросимида. Яккакурашларда ҳужумни суядиган ва қочишни ўзига ор биладиган спортчи  ғалаба қозониши кераклиги ўша лаҳзаларда сезилиб қолди.

Кураш баҳсларини олайлик. Мўғул спортчисининг охирги сонияларда қочиб юргани ўзига қанчалик қимматга тушди? Ҳакамлар бунақа қилиқ қилган одамга медаль бериб бўлмаслигини бир очкони олиб ташлаб исботлаб беришди. Мўғул мураббийларининг шоуси эса ҳали узоқ вақт муҳокама қилинади.

Олимпиячиларимизни ажойиб ғалабалар билан табриклаймиз. Юртимизга мисли кўрилмаган натижалар билан қайтаётган ҳар бир иштирокчига ўз миннатдорчилигимизни билдириб қўямиз. Улар миллат шаънини ҳимоя қила олишди. Юрт спорти қай даражада эканини олам аҳлига намойиш этиб беришди. МДҲ давлатлари ичида фақат Россиядан кейинги ўринда турганимиз, бокс бўйича эса мутлақ ғолиб бўлганимиз кишида фахр ҳиссини жўштиради. Бунақаси бўлмаганди. Олимп баҳсларида медалларни қалаштириб ташлаган йигитларимизни тарбиялаган устозлари, дуогўйи бўлмиш ота-оналари ҳам узоқ умр кўришсин, элимиз бахтига соғу саломат бўлсинлар!

Мақолам аввалидаги гапга тўхталаман энди. Дадам 24 ёшда уйланганлар, бир йил ўтгач, мен туғилганман. 25 ёшларида ота бўлганлар. 25 ёшларини ҳалигача «ҳаётимдаги энг катта тўй» деб баҳолайдилар. Бунақа ёшдаги одамга фарзанд неъмати ҳақиқатанам ҳам тўй туйғусини улашса керак. Тушундингиз-а мени?!

PS: Хуллас, тўйга тўёна чиройли бўлди. Мен спортчиларимиз билан қай даражада яшаганимни саналари кўрсатиб ўтилган шеърларни эслаш билан кўрсатиб бермоқчиман. Ушбу ҳиссий сатрлар ўша кунлари ёзилганини ва талабларим тинмасдан ижобат бўлганини ўзингиз кўринг. Раҳмат, йигитлар!

СОҒИНЧ ВА ТАЛАБ (15 августда ёзилган шеър)   Ўн олти йиллар бурун, бир нурли замон Сидней рингларида порлаган хотир – Рақибини мағлуб этгани ҳамон Сажда қилган эди Муҳаммадқодир.   Мана, йиллар ўтди, Рио томондан Дунё қарши олди янги достонни – Ҳасанбой йиғлади ҳамда шу онда Йиғлатди бизни ҳам, Ўзбекистонни...   Ҳаддан зиёд узоқ кечди соғинчим, Таърифга баъзида тополмам сўзни. Андижон, бор сендан битта ўтинчим – Энди ўн олти йил куттирма бизни! ЯНА ОЛТИН... (16 август тонгида ёзилган шеър) Кеча Андижондан сўраган эдим, Ўн олти йил бизга маъқулмас сана. Тонггача ноламни айлади қабул – Бир силтаб олтинни улашди яна.   Шодликдан тўн кийди бугун Хонобод, Юракда ҳукмрон ўзгача сурур: Бир қўлда олтину, бир қўлда рекорд – Руслан нигоҳида ўзбекий ғурур!   Тўхтама, Андижон, тўхтама, юртим, Ҳар кеча кимгадир олтин тутмакка. Розиман, ҳар куни эрта тонг туриб, Олтин медаль ҳақда недир битмакка. ҚЎШОЛТИН (21 август куни ёзилган)   Анов кун олтинни сўраган чоғим, Икки кун ичида қўшолтин олдим. Бугун-чи, бир соат ичидагина Ўзбекнинг бўйнида ўша қўшолтин!   Бу ажиб дўконда айланиб обдон, Яна не медаль бор, деб кўзим ёнса, Бир овоз янгради қай бир томондан: Қайтимига ол-е икки бронза!)    

Хайрулла Ҳамидов

Мавзуга оид мақолалар
Бу маънони «Шархи «Ақидатут Тоҳовия» китобидан олинган иқтибосдан ўрганамиз «Махлуқнинг васф қилиб давоми...

15:25 / 17.11.2016 4697
Ислом тарихида жуфти билан жуда кам учрашган, Ислом ила шарафлангач, қайта ҳаётга келган одамнинг давоми...

16:01 / 12.03.2017 3663
1кун Қуръони каримдан ёдламоқчи бўлган саҳифани кўчириб ёзиб олинг.Уни тез ўқий оладиган ва салпал эсда давоми...

22:51 / 09.10.2023 1812