Табиблар, фолбинлар ва мунажжимлар.....
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом номи билан фаолият юритаётган табиблар, фолбинлар ва мунажжимлар ҳамда буларнинг Исломга алоқаси борми ёки йўқми? Ҳаётий тажриба ўлароқ, айримлар китобларда ўқиш орқали атеизм ғоясини ўзига асос қилиб олган мустабид тузумнинг инсоният устида қилган жиноятлари озми кўпми ҳаммага маълум.

Бу тузум барча динларни, хусусан, Ислом динини тамомила йўқотишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. Шу билан бирга, тузум сиёсати Ислом динига алоқаси бўлмаган фолбинлик, мунажжимлик, ноанъанавий табобат каби турли хил хурофотларни ҳам ман қилган эди. Аллоҳ таолонинг инояти билан юртимиз мустақилликка эришгач, миллий қадриятларимиз қаторида Ислом динимизни ўрганишга ҳам имконият туғилди. Маълумки, бу даврда тартибли таълим тизими ҳали шаклланиб улгурмаган. Ҳар ким миллатнинг маънавий бўшлиғини тўлдиришда, унинг қадриятларини қайта жонлантиришда муҳим омил вазифасини ўтовчи Ислом дини таълимотларини оммавий тарзда ўргана бошлади. Ўша кезлари Ислом динига оид ҳар қандай маълумот, ким томонидан тақдим этилишидан қатъи назар, қабул қилинар, унга муқаддас дин таълимоти ўлароқ муносабатда бўлинарди. Натижада Худосиз тузумнинг аламзадаси ўлароқ, тузум нимани ман қилган бўлса, одамлар ўшани ўргана бошлади. Бирданига чор атрофда фолбинлар ва экстрасенслар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек чиқа бошлади. Кўпчилик бу ҳийлагарларнинг ишини ҳам Исломнинг бир жабҳаси дея тушунар, ўзининг ҳаётидаги муаммоларини шулар орқали ечишга ҳаракат қиларди. Бу сохтакорлар эса соф таълимотдан тўсилган бечора ҳалқнинг соддалигидан фойдаланиб, дунё орттириш пайида бўлишар, бу йўлда ҳар қандай разилликдан қайтишмас эди. Одамларга қилаётган хоинликларини шаръий суратда кўрсатиш учун мусулмонча кийиниб олишар, бу билан эса Ислом таълимотидан бехабар инсонлар кўз ўнгида гўёки Исломнинг бир кўринишини гавдалантиришар эди. Аслида фолбинлик каби ишларга Ислом дини қандай муносабат билдирган? Бу борада ҳадиси шарифларни ўрганиб чиққан ҳар қандай инсон буларнинг Ислом динига умуман алоқаси йўқлигини, балки ким фолбинга бориб унинг айтганини тасдиқласа, Ислом доирасидан чиқиб кетишидан огоҳлантирилганининг гувоҳи бўлади. Мўминларнинг оналари розияллоҳу анҳунналарнинг баъзиларидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким аррофга бориб, ундан бирор нарса ҳақида сўраса, унинг намози қирқ кечагача қабул бўлмайди», дедилар». Имом Муслим ва Аҳмад ривоят қилишган. Аҳмаднинг лафзида: «Ким аррофга ёки коҳинга бориб, унинг айтганини тасдиқласа, батаҳқиқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага куфр келтирибди», дейилган. Ҳадиси шарифдаги арроф ва коҳин фолбинлардир. Мусулмон одам фолбинга бориб бирор нарса сўраса, унинг қирқ кечалик намози қабул бўлмайди, агар унинг гапини тасдиқласа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган нарсага, яъни Исломга куфр келтирган бўлади. Бу ҳадисдан фолбинликнинг нафақат Ислом динига алоқаси йўқлигини, балки Ислом дини бу разилликка қарши эканини ҳам билиб оламиз. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ким қуш билан фол очса ёки қуш билан фол очтирса, ким коҳинлик қилса ёки коҳинга мурожаат қилса, ким сеҳр қилса ёки сеҳр қилдирса, у биздан эмас. Ким фолбинга бориб, унинг айтганига ишонса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган нарсага куфр келтирган бўлади». Баззор ривоят қилган. Бу ҳадиси шарифда ҳам фолбинликнинг турларидан бўлган қуш билан фол очиш ёки фол очтириш ҳамда коҳинлик қилиш ёки коҳинга мурожаат қилиш, сеҳр билан шуғулланиш ёки сеҳр қилдириш каби ишлар Ислом доирасидан ташқаридаги ишлар эканлиги эълон қилинмоқда. Шу ўринда сохта табиблар борасида ҳам икки оғиз сўз. Бугунги кунда фолбинларнинг кўпчилиги табиблик даъвосини ҳам қилади. Уларнинг табибликдаги сохтакорлиги фолбинларникидан ҳам ўтиб тушади. Бу борада Ислом динида етарли маълумотларни ўртага қўйган. Мусулмон уламолар жамоаси доимий равишда жамият аъзолари учун етарли тиббий мутахасислар зарурлигини таъкидлаб келишган. Шу билан бирга, ушбу мутахассисларнинг етишиб чиқиши учун керакли шароитларни юзага келтириш, ҳукм қўлида бўлганларнинг мажбурияти эканини ҳам айтишган. Натижада тиббиёт борасида Ислом уммати тақдим қилган бой мерос дунёни тўлдириб юборган десак, муболаға бўлмайди. Дунё тарихида тиббиёт соҳасидаги энг буюк олимлар мусулмонлардан бўлганини барча эътироф қилади. Бу борада фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг «Ҳадис ва Ҳаёт» номли китоблари силсиласидаги «Тиб ва дам» номи билан чоп этилган 18-китобда етарли маълумотлар тақдим қилинган. Шу билан бирга, ҳадиси шарифларда табибликни даъво қилувчи сохтакорларнинг кирдикорларига қарши кескин чоралар кўрилиши айтилган. Бу мавзуда юқорида ишора қилинган китобдан иқтибос: Дастлабки пайтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Имом Абу Довуд, Насаий, Ибн Можа ва Ҳокимлар Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган: «Кимки, ўзида тиб билинмаган ҳолда, ўзича табиблик қилса, зоминдир», деган ҳадисларига амал қилинган. Тибни билмайдиган одам унга умуман яқин ҳам келмаган. Тибни билганлар эса иймон ва ихлос ила сидқидилдан хизмат қилганлар. Кейинчалик замон ўзгариб, кишилар кўпайиб, тибни даво қилувчилар ҳам кўпайиб, ҳақиқий табибдан табибликни даъво қилувчини ажратиб бўлмайдиган ҳолга етганда, бу масала жиддий тарзда ҳал этилган. Ҳижрий 311 сана (м. 931)да халифа Муқтадир табибларни имтиҳондан ўтказишга фармон чиқарди. Бу ишга Синан ибн Собитни раис қилди. Боғдоднинг ўзида машҳур ва подшоҳ саройидагилардан ташқари, 860 тадан ортиқ табиб имтиҳондан ўтказилди ва шаҳодатнома олди. Машҳур ва подшоҳ саройидаги табибларни ҳам қўшса, биргина Боғдод шаҳридаги табибларнинг сони қанчага етишини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Ўша вақтда аҳоли сони ҳозиргига қараганда жуда ҳам оз бўлишини эътиборга олинса, мусулмон ўлкаларда тиб қанчалик даражага чиққанини билиб олса бўлаверади. Бу масалани яна ҳам ойдин равишда англаш учун ўша пайтнинг ўзида Оврупонинг Рейн ҳавзасида атиги битта табиб ҳам йўқлигини қўшиб қўймоғимиз лозим. Табибларни имтиҳондан ўтказишнинг илмий услублари ишлаб чиқилди. Тибнинг ҳар соҳаси бўйича қайси фанлардан имтиҳон топшириш лозимлиги белгиланди. Имтиҳондан ўтувчиларга бериладиган саволлар ва уларни тузиш йўллари ҳам аниқланди. Бу масалани ёритган китобларни ўқиган одам ўша пайтдаги илмий ҳаркатнинг ривожига тан бермай иложи йўқ. Имтиҳонлардан муваффақиятли ўтган кишиларга шаҳодатнома бериш йўлга қўйилди. Ўша пайтдаги берилган шаҳодатномалардан бирининг матни қуйидагича:

 

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИМ

«Бориъул азиймнинг изни ила ...га ҳақиқий илмга эга бўлгани учун, бу ишни яхши бажариш қобилияти бўлгани учун жарроҳлик касбини қилишга рухсат берамиз.

Ана шуларга биноан у жароҳатларни тузалгунча муолажа қилиши, томирларни очиши, бавосирларни олиб ташлаши, тишларни олиши, жароҳатларни тикиши ва болаларни поклаши мумкин. У доимо ўз раислари ила маслаҳатлашишиб турмоғи лозим. Ишончли устозларидан насиҳат олиб, уларнинг тажрибасидан фойдаланиши зарур».

Шаҳодатномадан кўриниб турибдики, ўғил болаларни хатна қилиш ҳам қўлида рухсати бор жарроҳнинг иши бўлган. Агар бизда ҳам бу тартиб йўлга қўйилса, хатнадан кейин болаларимизнинг азоб чекишлари камаяр эди. Мана шунга ўхшаш шаҳодатномага эга бўлган табиб беморларга тиббий хизмат кўрсатиш ҳаққига эга бўлар эди. Бирор хасталикни даволаш жараёнида қийинчиликка дуч келса, табиблар мажлиси чақирилиб, уни даволаш бўйича маслаҳат кенгаши ўтказилар эди. Мазкур мажлисга табиблар ичида ёши улуғи раислик қилар ва уларнинг энг ёши бўлгани маслаҳатни ёзиб борар эди. Мусулмон фуқаҳолар бу масаланинг қонуний томонини тартибга солдилар. Сохта табиб кишиларни, даволайман, деб зарар етказса, зомин бўлиши юқорида зикр этилган ҳадиси шарифга биноан равшан эди. Шаҳодатномаси бор табиб томонидан беморга зарар етказилса, нима ҳукм қилиниши батафсил баён қилинди. Агар табиб томонидан масъулиятсизликка йўл қўйилса, у жавобгар бўлиши белгиланди. Агар бошқа сабаблар туфайли беморга зарар етса, табиб жавобгар бўлмайдиган бўлди. Ана ўша ҳолатлардан бирини зикр қиладиган бўлсак, беморнинг ўз розилиги ва талаби ила синалмаган иш жорий қилиш оқибатида унга зарар етса, табиб жавобгар бўлмайди. Умуман, бу масала ўзига тегишли китобларда муфассал баён қилинган. Шу билан бирга, табиблик қилмоқчи бўлган кишиларга имтиҳон топшириб, шаҳодатнома олиш билан бирга тиббий қасам ичиш ҳам шарт қилинди. Бу қасам Буқротнинг машҳур қасами асосида Ислом таълимотларига мослаштирилган ҳолда қайта ишланган эди. Аслини олганда қасам бир матндан иборат эмас, балки бир неча хил бўлганини ҳам мутахассислар таъкидлайдилар. Баъзи тарихий маълумотларда табибларни имтиҳондан ўтказиб, шаҳодатнома бериш Европада Рожер II ва Фредерик II томонидан XI—XIII асрларда йўлга қўйилгани ҳақида хабар берилади. Агар бу маълумотни чуқурроқ ўрганиб чиқилса, мазкур европалик икки ҳукмдор бу масалада ўзларидан ҳеч нарса қилмаганлари аён бўлади. Мусулмонларда шаҳодатномаси бор, тиббий қасамни ичган одамни, энди нимани хоҳласанг қилавер, деб ўз ҳолига ташлаб қўйилмаган. Табибнинг жавобгарлиги ҳақидаги қонунлардан ташқари, уларнинг маданий савиясини ошириш ва инсоний, исломий фазилатларини сайқаллашга доимо катта эътибор берилган. Бу ишнинг олий даражада олиб борилганига «Адабут табиб» номи остида ёзилган бутун бошли китоблар далил бўла олади. Ана шундоқ китоблардан бири ҳижрий III-асрда, бундан 1200 йил илгари яшаб ўтган олим Исҳоқ ибн Али ар-Роҳавийнинг «Адабут табиб» номли китобидир. Бу китобда табибларга, доришуносларга, тиббий ходимларга, беморларга ва уларнинг аҳлларига, шунингдек, уларни кўргани келадиган шахсларга ажойиб насиҳатлар бор. Москванинг бош кардиологи Юрий Бузиашвилининг айтишича, россияликлар ҳар йили чет элда даволаниш учун 17 миллиард доллар пул сарфлашар экан. Ачинарлиси шуки, ушбу россияликларнинг фолбин ва экстрасенслар ҳамда ноанъанавий тиббиётга сарфлаётган бир йиллик маблағи 30 миллиард долларга тенг экан. Бу хабарни «Интерфакс» агентлиги тарқатган. Албатта, ҳар бир ақли-хуши жойида бўлган инсон учун бу ташвишланарли ҳолатдир. Агар ушбу маблағни тиббиёт соҳасининг ривожи учун сарфланса, нақадар улкан муваффақиятларга эришиш мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Зотан, бизнинг халқимизда ҳам тиббий савияси яхши ривожланмаган кишиларнинг сохта табиблар тузоғига илиниб қолаётгани, топган маблағини беҳудага сарфлаётгани сир эмас. Бу каби муаммоларни ечишда, албатта, мутахассислар ғайрат кўрсатишлари лозим. Бу каби иллатларнинг кўриб ўтганимиздек Ислом таълимотларига ҳеч қандай алоқаси йўқдир. Сохта табибларнинг имкон қадар ўзларини мусулмонча шаклда кўрсатишга уринишлари, уларнинг қилаётган ишлари Исломдан эканлигини ифода қилмайди. Маданий савия ривожланганлиги даъво қилинаётган бугунги даврда ҳам оммавий ахборот воситалари орқали «Мунажжимлар башорати» рукни остида маълумотлар тарқатилаётганига барчамиз гувоҳмиз. «Мунажжимлар башорати» мавзусини ҳам айримлар исломий мавзулардан деб билиши кўпчиликка сир эмас. Ваҳоланки, мунажжимликнинг ҳам Ислом динига умуман алоқаси йўқ, балки Ислом таълимотларида мунажжимлик қораланади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким юлдузлардан илм иқтибос қилса, сеҳрдан бир шўъба иқтибос қилган бўлади. (Ўша илм қанча) зиёда бўлса, (гуноҳи шунча) зиёда бўлиб бораверади», деганлар». Имом Абу Довуд ривоят қилган. Ҳадисда юлдузлар илмидан ўрганиш сеҳргарликнинг бир тури эканлиги айтилмоқда. Айримлар шу ва шунга ўхшаш ҳадисларда келган маълумотларни рўкач қилиб, Ислом дини астрономияга қарши, деган даъвони қилишади. Шу ўринда фалакиёт илми, яъни астрономия билан мунажжимликни, яъни астрологияни аралаштириб тушунмаслик лозим. Ислом динида фалакиёт илмини ўрганиш ман қилинмаган. Осмон жисмларини ўрганиш, улар орқали йўлларни белгилаш Ислом таълимотларида тарғиб қилинган соҳадир. Шунинг учун бу соҳада бир қанча етук мусулмон олимлар етишиб чиқди. Астрономияни илм фан ва тараққиёт учун ўрганиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Лекин ёлғон ва тахминлар асосига қурилган мунажжимликнинг эса илм фанга ҳам, тараққиётга ҳам ҳеч қандай алоқаси йўқ. Балки бу фолбинликнинг бир тури бўлиб, жамиятда инсонларнинг тараққиётига тўсиқ бўладиган зарарли омиллардан биридир. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳар соҳанинг ўзига хос етук мутахассислари бўлмаса, ўша соҳанинг даъвосини қилувчи сохтакорлар кўпаяверади. Аллоҳ ҳидоят қилса, ҳеч ким адаштира олмас, мабодо адаштириб қўйса, ҳеч ким ҳидоятга бошлай олмас.

 

Аброр Мухтор Алий

Мавзуга оид мақолалар
  Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан давоми...

19:23 / 03.06.2017 6082
Бошқалар олдида болангизни мақтанг. Уни танқид қилманг. Унга Рухсат берсанг... деб айтинг. Унга давоми...

16:36 / 15.03.2018 3191
Англиялик бир киши Исломдаги айрим ҳукмлардан норози бўлиб, бир шайхнинг ҳузурига мунозара учун борибди. давоми...

06:28 / 13.12.2016 3367
Даъват ошкор этилганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига келган динга икки йилу уч ой давоми...

08:14 / 21.01.2017 3201