ҚАДР КЕЧАСИ ҲАҚИДА
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

ҚАДР КЕЧАСИ ҲАҚИДА

Қадр кечаси ҳақида ўзбек тилида ҳам анча-мунча маълумотлар оммага кенг тарқалиб улгурган. Қадр кечаси Рамзоннинг нечанчисида бўлиши, унинг фазилати ва унда қилинадиган амаллар, содир бўладиган ҳолатлар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд. Шу боис, биз бу ерда мазкур маълумотларни қайтариб ўтирмай, кўпчилик учун қизиқарли бўлган айрим нуқталарга тўхталсак.

Қадр кечаси аввалдан бўлганми ёки уммати Муҳаммадга хосми?

Бу борадаги далилларни ўрганган уламоларимиз иккала фикрга ҳам далолат қилувчи ҳужжатлар борлигини айтадилар.

Биринчи фикр: Қадр кечаси олдиндан бўлган.

عَن أَبِى ذَرٍّ قَالَ : «قُلْتُ :«يَا رَسُولَ اللهِ ، أَخْبِرْنِي عَنْ لَيْلَةِ الْقَدْرِ – أَفِي رَمَضَانَ هِيَ ، أَوْ فِي غَيْرِهِ؟» قَالَ : «بَلْ هِيَ فِي رَمَضَانَ». قَالَ: قُلْتُ: «تَكُونُ مَعَ الأَنْبِيَاءِ مَا كَانُوا فَإِذَا قُبِضُوا رُفِعَتْ، أَمْ هِيَ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ؟» قَالَ : «بَلْ هِيَ إِلَى يَوْمِ الْقِيَامَةِ».

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, қадр кечаси ҳақида менга айтиб беринг, у Рамазонда бўладими ёки бошқасида ҳам бўладими?» дедим. У Зот: «Йўқ, у Рамазонда бўлади», дедилар. Мен: «У анбиёлар борлигида бўлиб, улар қабз қилингач, кўтариладими ёки қиёматгача бўладими?» дедим. У Зот: «Йўқ, у қиёматгача бўлади», дедилар».

Ҳадисни худди шу мазмунда имом Насоий ва имом Ҳоким ҳам ривоят қилишган.

Бу ҳадисдан Қадр кечаси олдин ҳам бўлган ва қиёматгача бардавом бўлади, деган маънони тушуниш мумкин. Бу фикр эгалари яна ояти карима ва ҳадиси шарифларда «Қуръони Карим қадр кечасида нозил бўлди», деб айтилишида ҳам ушбу кеча олдиндан бўлганлиги англанилади, дейдилар. Зеро, ўша оят- ҳадисларда «У кечани унда Қуръонни нозил қилиш билан қадрли қилдик», деган ифода эмас, балки асли қадрли бўлган кечада Қуръонни нозил қилдик, деган таъбир қўлланган. Бу Рамазон азалдан Аллоҳ таоло шарафли қилган ой бўлиб, кейин Қуръонни шу ойда нозил қилиш билан уни янада юксалтиргани, сўнг эса Ислом уммати рўза ибодатини адо этиши учун айнан шу ой танлангани каби азалий иродага боғлиқдир.

Иккинчи фикр: Қадр кечаси Ислом умматига хос.

عَنْ مَالِكٍ، أَنَّهُ سَمِعَ مَنْ يَثِقُ بِهِ مِنْ أَهْلِ الْعِلْمِ يَقُولُ: «إِنَّ رَسُولَ اللَّهِ أُرِيَ أَعْمَارَ النَّاسِ قَبْلَهُ، أَوْ مَا شَاءَ اللَّهُ مِنْ ذَلِكَ، فَكَأَنَّهُ تَقَاصَرَ أَعْمَارَ أُمَّتِهِ، أَنْ لاَ يَبْلُغُوا مِنَ الْعَمَلِ، مِثْلَ الَّذِي بَلَغَ غَيْرُهُمْ فِي طُولِ الْعُمْرِ، فَأَعْطَاهُ اللَّهُ لَيْلَةَ الْقَدْرِ، خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ».

Имом Молик «Муватто»да ўзи ишонган аҳли илмлардан бирининг шундай деяётганини эшитганини ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга у Зотдан олдинги одамларнинг умрлари кўрсатилган эди, у Зот бошқалар узун умр кўриш сабабли етган нарсага етишга ўз умматларининг умрлари қисқалик қилади деб билиб қолдилар. Шунда Аллоҳ у Зотга минг ойдан яхши бўлган қадр кечасини берди».

Ушбу ҳадисга кўра, қадр кечаси умммати муҳаммадияга хос инъом этилгандир. Аммо Ибн Ҳажар Асқалоний раҳматуллоҳи алайҳ «Фатҳул-Борий»да: «Бу ҳадисни таъвил қилиш мумкин, шу боис у Абу Зарр розияллоҳу анҳунинг ҳадисидаги очиқ хабарни рад этмайди», деб айтади. Бироқ имом Суютий раҳматуллоҳи алайҳ: «Абу Заррнинг ҳадиси ҳам таъвилни қабул қилади, яъни у қадр кечаси Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замоналарига хосми ёки кейин ҳам давом этадими, деган маънода сўраган. Бунга ҳадисдаги «қиёматгача» деган жумла ҳам ишора қилиб турибди», дейди.

Ибн Абу Ҳотим қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Бану Исроил пайғамбарларидан тўрттасини: Айюб, Закарийё, Ҳузайқил ва Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломларни эсладилар. Уларнинг ҳар бири Аллоҳга саксон йил ибодат қилган ва кўз очиб юмгунча ҳам осий бўлмаган эканлар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бундан бағоят ҳайратга чўмдилар. Шунда у Зотнинг ҳузурларига Жаброил келди ва: «Умматинг шундан ҳайратга тушдими? Аллоҳ таоло сизларга ундан кўра яхшисини нозил қилди», деди ва у Зотга: «Иннаа анзалнааҳу фии лайлатил-қодр»ни тиловат қилиб берди. Сўнгра: «Бу сенинг умматинг ҳайратланган нарсадан афзалдир», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у Зот билан бирга одамлар ҳам масрур бўлдилар». Имом Байҳақий ва Ибн Абу Ҳотимлар қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бану Исроилдан бир кишини зикр қилдилар. У одам Аллоҳнинг йўлида минг ой силоҳ кўтарган экан. Мусулмонлар бундан ҳайратга тушдилар. Шунда Аллоҳ Қадр кечасини нозил қилди. У минг ойдан яхшидир. Бу иш уларнинг умрлари қисқа бўлгани эвазигадир. Бас, шу билан олдингиларга етиб оладилар. Дарҳақиқат, улардан ўзиб ҳам кетдилар». Бу далиллар ҳам қадр кечаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига берилган имтиёзлардан бири эканини таъкидлайди. Шу боис, кўпчилик уламоларимиз шу фикрга мойил бўлганлар. Абу Ҳасан Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ Муборакфурий: «Жумҳурга кўра, қадр кечаси ушбу умматга хос, олдингиларга хос бўлмаган», дейди. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ: «Асҳобларимиз қатъий айтган ва жумҳур уламолар таъкидлаган саҳиҳ гап – шу», деб айтади. Яъни қадр кечаси Ислом умматига хосдир. Қадр кечаси аввал ҳам бўлгани ҳақидаги далиллар билан унинг Ислом умматга хослиги ўртасидаги хабарларни қуйидагича жамлаш ҳам мумкин: Қадр кечаси аввалдан фазилатли кеча ўлароқ тайин қилинган бўлса-да, уни бедор ўтказиб, минг ойлик ибодат савобига эришиш амри уммати муҳаммадияга сақлаб қўйилган. Бу худди уларнинг жума куни ибодатига муяссар қилинишлари, Рамазон ойи рўзаси билан шарафланишлари каби хусусиятларига ўхшашдир.

Қадр кечасининг аломатлари борми?

Ҳадиси шарифларда қадр кечасининг айрим аломатлари айтилган ва уламолар ҳам буни кузатганлар.

Имом Муслим Зир ибн Ҳубайшдан ривоят қилади: «Убай ибн Каъбдан: «Биродарингиз Ибн Масъуд: «Ким йил бўйи қоим бўлса, қадр кечасини топади», деяпти?» деб сўрадим. У: «Аллоҳ унга раҳим қилсин. У одамлар суяниб қолмасликларини ирода қилган. Ўзи унинг Рамазонда, охирги ўн кунликда, йигирма еттинчи кечада эканини аниқ билади», деди. Кейин унинг йигирма еттинчи кечада эканига истисно қилмай, онт ичди. «Буни нима асосда айтяпсиз, эй Абу Мунзир?» дедим. У: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга хабар берган аломат асосида, ўша куни (қуёш) ёғдусиз чиқади», деди». Яъни осмонга кўтарилаётган фаришталарнинг кўплигидан шундай ҳолат намоён бўлади.

Ибн Хузайма «Саҳиҳ»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қадр кечаси хусусида: «У очиқ ва иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмаган кеча. Унинг тонгида қуёш қизғиш, заиф бўлиб чиқади», дедилар».

Бундан ташқари, уламоларимиз қадр кечасида ўзгача бир сукунат, ором ҳукм суриши, мўмин дилларда ўзгача шодлик таралишини ҳам аломат сифатида зикр қиладилар. Аммо «дарахт сажда қилади, нур кўринади, ушлаган нарсаси тилла бўлиб қолади», деган гаплар асоссиздир.

Қадр кечасини топиш учун нима қилиш керак?

Ҳадисларда қадр кечасининг фазилатлари айтилиб, уни топишга ундалган. Аммо уни айнан бир кеча билан қайдлашга интилиш ҳадисларнинг умумий мазмунига зиддир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қадр кечаси билдирилиб, кейин унинг унуттирилгани маълум ва машҳур. Ўшанда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ажаб эмаски, шуниси сизлар учун яхшироқ бўлса», деганлар. Шунинг учун уламоларимиз қадрни топишга ҳаракат қилган киши турли фалакий ё бошқа ҳисоб-китобларга чалғимай, набавий насиҳатга амал қилиши керак. Унга кўра, ҳиммати баланд кишилар қадр кечасини Рамазон ойининг кечаларидан қидирсин. Бунга қурби етмаганлар унинг охирги ўн кунлигидан қидирсин. Бунга ҳам тоқати етмаганлар охирги ўн кунликнинг тоқ кечаларидан қидирсин. Буни ҳам эплай олмаганлар йигирма еттинчи кечани қадр ўлароқ ўтказади. Қадр кечасининг яширин қолишидан кўзланган асосий мақсад ҳам шу – кишиларни имкон қадар ибодатга ундаш бўлса, ажаб эмас.

Мазкурлар ичида энг афзали – охирги ўн кунликдан қидиришдир. Чунки саҳиҳ ҳадислардан маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазоннинг охирги ўн кунлигида ибодатга қаттиқ бел боғлар, аҳлларини ҳам шунга чорлар, масжидда махсус капа тикиб, ўша ерда эътикоф ўтирар, Парвардигори оламга ёлғиз ҳолда илтижолар қилар эдилар. Зарурат бўлгандагина кападан чиқардилар. Қолаверса, кўпчилик уламоларнинг сўзларига кўра, қадр кечаси йилда ўзгариб туради, яъни охирги ўн кунликнинг тоқ кечаларидан бирида келади. Шу боис, тоқ кечаларга алоҳида эътибор бериш керак. Бироқ рўзани бошлашда бир кунга хато кетиш эҳтимоли борлиги эътиборидан қадрни охирги ўн кунликнинг барча кечаларидан қидириш тавсия этилади. Чунки тоқ кечани қасд қилиб, жуфт кечага тўғри келиб қолиш ҳам мумкин. Агар тўлиқ ўн кун бедор бўлинса, иншааллоҳ, бу ноаниқликка ҳам ўрин қолмайди.

Қадр кечасини қандай ўтказиш керак?

Қадр кечасида махсус ибодат қайд қилинмаган. Биргина «Аллоҳим! Албатта, Сен афв қилувчисан ва афв қилишни яхши кўрасан, мени афв қилгин!» деган дуони қилиш ҳадисларда тавсия этилган. Муҳими, бу кечани ибодат, зикр, тиловат, хайру эҳсон ва бошқа яхши амаллар билан ўтказиш керак. Бундай фурсатларда бир тур ибодат, масалан, фақат намоз билан чекланмай, зикр қилинган барча ибодат турларини қилиш тавсия этилади. Чунки бунда банда ҳар бир ибодатда янгиланади, ўзгача ҳаловат туяди ҳамда ўша амалларга ваъда қилинган турли савобу ажрлар ва манфаатлардан насибадор бўлиш бор.

Шу ўринда ўзимизнинг шароитдан келиб чиқиб, бир нарсани таъкидлаш жоиз. Бизда қадр кечасини зиёфатхўрликка айлантириш ҳолатлари жуда кенг тарқалиб бормоқда. Бир-икки соат ибодат қилгандек бўлинади-да, кечанинг қолган қисмида ош-овқат ва олди-қочди гаплар билан банд бўлинади. Баъзан шу баҳона гап-гаштакни ўтказиш, сауна-басейн қабул қилиш каби ишларга ҳам ўтиб кетилади. Булар ушбу кечанинг одобларига тўғри келмайдиган ҳолатлардир.

Илмий суҳбат бўлса, китоб ўқилса, маърифат улашилса, яхши, албатта. Аммо дуолар қабул қилинадиган бундай онларда ёлғиз ҳолда ибодат ва илтижолар қилиб қолиш, ҳожатларни ёлвориб сўраб олишни унутмаслик керак. Айниқс, қадр кечасини оила даврасида, бола-чақалар билан нишонлаш келгуси авлод учун жуда катта ижобий таъсирга эга.

Қадр кечасини топишни ният қилган киши хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқишга алоҳида эътибор бериши лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким хуфтонни жамоат билан ўқиса, у туннинг биринчи ярмини қоим қилибди, ким бомдодни жамоат билан ўқиса, қолган қисмини ҳам қоим қилибди», деганлар. Шунга кўра, қадр кечаларида ушбу икки намозни жамоат билан ўқишга астойдил ҳаракат қилиши даркор.

Минг ойлик ибодатнинг савобига эришиш осон эмас, албатта. Бунинг учун ўзига яраша меҳнат ва машаққат талаб қилинади. Аллоҳ насиб қилиб, ўн икки йил қадр кечасини топган киши минг йиллик ибодатнинг савобига эришади, иншааллоҳ!

Аллоҳ таоло барчаларимизнинг қадрни топганлардан бўлишимизни насиб айласин!

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

Мавзуга оид мақолалар
ГУНОҲЛАРДАН ХАЛОС БЎЛАЙЛИК, ДЕСАК... Намоз Амр ибн Саид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Усмоннинг давоми...

12:28 / 04.03.2017 3399
Керакли маҳсулотлар 250 г маргарин 650 гр ун 4 та тухум 300 гр шакар разрихлител 300 гр ёнғоқ бир банка давоми...

11:29 / 02.03.2017 8735
Қуйида сизларга аёлнинг уйда ишлаши зарурлиги, эрининг ҳаёт қийинчиликларини кўтаришда ёрдам бериш, давоми...

15:33 / 17.11.2016 3657
Кечаларнинг бирида бир киши имом Абу Ҳанифа ҳузурларига бориб Эй имом Мен анча вақт олдин молимни бир давоми...

20:22 / 16.08.2019 3817