«Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси»нинг тарихи
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2002 йил 20 февралдаги № УП-3029 рақамли «Илмий-тадқиқот фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони 2002 йил 12 апрелдаги Вазирлар Маҳкамасининг «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасини ташкил этиш ҳақида»ги №123 Қарорига мувофиқ Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси (2002 йил 12 апрелгача Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат кутубхонаси) «Миллий» мақомини олди.

Кутубхона 1870 йили май ойида Тошкент оммавий кутубхонаси сифатида очилган.  Фондини ташкил қилишга халқ маорифи вазирлиги, Фанлар Академияси, Оммавий кутубхона, География жамияти, Россия бош штаби ҳамкорлик кўрсатиб, ўз фондларидан совға қилишган. 1870 йил май ойида 2200 томдан (1200 номдаги) ортиқ адабиётлар йиғилиб, кутубхона фондининг асоси яратилди.

Тошкент оммавий кутубхонаси фаннинг турли соҳалари бўйича, биринчи навбатда ўлкага доир ва қўшни давлатлар тўғрисидаги адабиётларни йиғиши ва сақлаши лозим бўлган.

Кутубхонанинг ўлкашунослик фондини тўлдириш учун атоқли рус библиографи В. И. Межов жалб этилган. У Тошкент оммавий кутубхонаси учун  Туркистон ўлкасига доир материаллар йиғишни амалга оширган ва илмий доирада «Туркистон тўплами» номи билан маълум тўпламнинг яратилишига асос солган.

Кутубхонанинг биринчи директори 1872 йил 11 майдан Н.В.Дмитровский (1841-1910) бўлган. У 1867 йил августдан Туркистон канцелярисида хизмат қилган бўлиб, бир вақтда «Туркистанских ведомостей» газетасида редактор ўринбосари вазифасини бажарган. 

Кутубхона тарихининг ушбу қийин даврларида 1883 йил ташкил этилган «Кузатув қўмитаси» ижобий роль ўйнаган. Турли йилларда ушбу қўмита таркибига Н.А.Маев, Н.В.Дмитровский, А.А.Семенов, А.А. Диваев, Н.Г. Малиский ва шу каби машҳур олим, педагог, тарихчи, этнографлар киришган.

Кутубхона тарихининг дастлабки даврига «Туркистон альбоми»нинг яратилиши тааллуқлидир. Ушбу ўзига хос фотоальбомни тузиш ориенталист А.Л. Кунга топширилган.

Академик А.А. Семенов томонидан тузилган «Туркистон оммавий кутубхонаси қўлёзмалар каталоги»га кўра 1917 йилга келиб кутубхона қўлёзмалар фонди 250 томни ташкил этган.

 Ушбу даврда Хива ва Тошкент литографияларида чиқарилган биринчи литографик китоблар харид қилинган. Бу литографиялар А.Навоийнинг  «Хамса»си (1880),  «Дивани Мунис», «Дивани Раджи»,  ХVII асрнинг машҳур шоири Сўфи Оллоёрнинг «Стойкост слабих» асарлари ва ҳоказо.

1920 йили кутубхонага Давлат кутубхонаси мақоми берилди ва у кескин ўзгарди. 1925 йилга келиб кутубхонанинг фонди 140 минг жилдга етди. 1920 йилдан бошлаб Кутубхона Туркистон ўлкасида чоп этилаётган нашрларнинг мажбурий нусхаларини ола бошлайди.

Ўрта Осиё республикаларининг ташкил этилиши натижасида кутубхона Ўзбекистон халқ таълими қўмитасига бўйсунади ва қайта ташкил этилган Ўрта Осий республикаларида кутубхоначилик ишини ташкил этиш бўйича амалий ёрдам кўрсата бошлайди.

1925 йил июль ойидан бошлаб Ўзбекистон Давлат оммавий кутубхонасининг Шарқ бўлимида амалиётчилар институти фаолиятини бошлади. 1929 йил декабрь ойидан бошлаб кутубхона ходимлари учун ўзбек тилини ўрганиш курслари очилди, 1930 йил августдан  илмий кутубхоналар каталогизаторларини тайёрлаш курси, 1932 йил январдан  каталоглаштириш, системалаштириш ва предмет рубрикалари бўйича уч ойлик курслар,  1934 йил октябрдан Фан қўмитаси қошида  илмий кутубхона ходимлари учун курслар очилди.

Ўзбекистон ҳукуматининг Қарорига кўра Тошкентдаги Ўзбекистон Давлат оммавий кутубхонаси 1933 йилдан республиканинг «Шарқ қўлёзмаларини сақлаш маркази» деб эълон қилинди.

1920-1930 йилларда кутубхона фаолиятида библиография катта ўрин эгаллайди. Бу даврда кутубхона ходимлари томонидан йирик библиографик ишлар ёзилди.

1930 йилларнинг охирида Давлат оммавий кутубхонаси республиканинг бошқа кутубхоналари учун ҳақиқий методик марказ бўлиб қолди. Бу вақтга келиб уларнинг сони 2,5 мингдан ортиқ эди. Кутубхона қошида кутубхонашунослик ва библиография кабинети очилиб, у ерда доимий равишда маърузалар, намойишлар, маслаҳатлар ўтказилар эди.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида кутубхона ўқув залларида академиклар В.В. Струве ва В.П. Филатов, СССР Фанлар академиясининг мухбир аъзолари В.М. Жирминский, А.Ю. Якубовский, Н.К. Пиксанов, ёзувчилар А.Н.Толстой, Н.Э. Вирта, Вс.В. Иванов, М.А. Сявловский, В.Г. Ян, К.И. Чуковский, санъат ходимлари – хизмат кўрсатган санъат ходими М.Ф. Гиесин, профессор В.М. Беляев, композитор Н.В. Богословский, СССР халқ артисти И.В. Ершов ва бошқа кўплаб кишилар ишлашган.

Урушдан кейинги даврда кутубхонанинг асосий вазифаси китоб фондларини тўлдиришдан иборат бўлган. Бу вақтда Болгария, Венгрия, Германия Демократик Республикаси, Полша, Руминия, Чехословакия каби давлатлардан китоблар кела бошлади. Буюк Британия, АҚШ, Франция, Германия Федератив Республикаси, Япония ва бошқа давлатлар билан ҳамдўстлик алоқалари йўлга қўйилди.

1948 йили кутубхонага буюк ўзбек шоири Алишер Навоий номи берилди ва 350 ўринли ўқув залига эга бўлган уч қаватли янги бинода иш бошлади. Ўша пайтда нодир ва қадимий нашрлар бўлими ташкил этилиб, унда 2 мингдан ортиқ китоб, жумладан 250 та автографли, 151 та экслибрисли китоблар жамланган эди. Айни пайтда бу фонд 16 мингдан ортиқ ҳисобланади.

1970 йиллардан илмий-тадқиқот, маданият ва санъат бўйича илмий ахборот, депозитар сақлаш, назорат-диспетчерлик хизмати, ёшлар каби бўлимлар ташкил этилган.

1980 йиллардан «Совет қишлоғи ҳаётида китоб ва мутолаа», «Оммавий кутубхоналарда мутолаа динамикаси ва китобхон эҳтиёжи», «Кутубхона ресурсларини оқилона жойлаштириш» каби умумиттифоқ тадқиқотлари устида ҳамда республика миқёсидаги «Ўзбекистон оммавий кутубхоналари китоб ядросини шакллантириш», «Библиографик ифодаларда рус транскрипциясида ўзбек муаллифларининг ифодаланиши» ва шу кабилар устида ишлар олиб борилди.

Алоҳида эътибор фондни ўзбек тилидаги адабиётлар билан тўлдиришга қаратила бошланди. Айни пайтда уларнинг сони 600 мингдан ортиқ бўлиб, ўзбек адабиётининг классиклари А.Навоий, Фурқат, Муқимий, Завқий, Ибн Сино (Ависенна) Улуғбек, Беруний кабилар ҳамда республикамизнинг замонавий олим ва ёзувчиларининг асарларидан иборат.

Кутубхона тарихидаги навбатдаги муҳим давр 2002 йилдан бошланди, 2002 йил 20 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентиниг «Илмий-тадқиқот фаолиятни такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармони чиқди.  Фармоннинг 8-бандида республика илмий муассасаларининг таклифи қабул қилиниб, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат кутубхонаси билан Республика илмий-техника кутубхонасини бирлаштириб, Республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ташкил этилди. Бу қарор кутубхона фаолиятини миллий маданият маркази, Ўзбекистон халқининг миллий маънавий мероси хазинаси сифатида кенгайтириш мақсадида қабул қилинган.

2002 йил 12 апрелда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди. Ушбу қарорга мувофиқ кутубхонанинг мақоми  миллий ва хорижий адабиётларнинг асосий давлат хазинаси, кутубхонашунослик, библиографияшунослик, китобшунослик соҳасидаги илмий-тадқиқот, методик ишларни олиб борувчи ва мувофиқлаштирувчи илмий марказ этиб белгиланди.

Кутубхона тарихидаги кейинги босқич Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан 2011 йили пойтахтимизда шаҳарсозлик маданиятининг яна бир ноёб намунаси – «Маърифат маркази»нинг бунёд этилиб, ундан Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг жой олиши буюк мутафаккир бобомизга бугунги авлодларнинг юксак эҳтироми намунаси бўлди.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 20 мартда қабул қилинган «Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси – ахборот-ресурс маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, кутубхона тузилмаси янгиланди, унинг бўлимлари ва хизмат кўрсатиш иши такомиллаштирилди, вазифалар кўлами кенгайтирилди. Бу замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда аҳоли, айниқса, ёшларнинг билим олиши, маънавий-маърифий, маданий эҳтиёжларини ҳар томонлама қондиришига имкон бермоқда.

Халқимизнинг илмий, тарихий, маданий ва маърифий меросини авайлаб асраш, унинг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссасини янада кенгроқ намойиш этиш, аждодларимиз яратган бетакорор асарлар, қўлёзмалар ҳамда ноёб нашрлар келажак авлодга етказиш, уларни авайлаб асраш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси  томонидан 2012 йил 9 августда «Нодир, алоҳида қимматли ва ноёб нашрлар сақланишини таъминлаш, уларнинг фондини тизимли кўпайтириш ва бойитиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 202-сон қарорини қабул қилиниши бошланган ишларни   давлат миқёсида ташкил этиш имконини яратди.

Қарорда ахброт-кутубхона муассасалари, музейлар фондларида сақланиб келинаётган қадимги қўлёзма ва ноёб китобларни электрон форматга ўтказиш, шунингдек, аҳоли қўлида сақланаётган кўпдан-кўп эски қўлёзмалар, қадимги ва нодир китобларни сотиб олиш,  манбаларни замонавий технологияларни қўллаган ҳолда реставрация қилиш, тизимли кўпайтириш ишлари устувор вазифа сифатида уларни амалга оширилиши юзасидан Дастурларни қабул қилиниши муҳим ҳисобланади.

Юқоридаги вазифаларни самарали ташкил қилиш мақсадида, ҳозирда давлат кутубхоналари, музейлар, архив ташкилотларида сақланиб келинаётган қадимги қўлёзмалар, нодир китобларнинг электрон каталогини тузиш, шунингдек, Ўзбекистон Миллий кутубхонасида мавжуд бўлган нодир китоблар фондининг электрон каталоги билан қиёслаб, йўқ китобларни аниқлаш ҳамда Миллий йиғма электрон каталоги асосида мазкур нашрларнинг тўлиқ матнли электрон маълумотлар базасини яратиш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Миллий кутубхонасида фойдаланувчиларга жаҳон андозалари даражасида хизмат кўрсатиш учун кенг имкониятлар яратилган. Жумладан, 800 ўринли 13 та ўқув залларига ахборот-кутубхона фаолиятини юқори даражада олиб боришга мўлжалланган замонавий асбоб-ускуналар ва техник воситалар ўрнатилган, wi-fi тизими йўлга қўйилган. Бундай шароитлар китобхонларнинг ташрифини йилдан-йилга ошиб боришига, ёшларимизни кўпроқ жалб қилиш имкониятини бермоқда.

«Ўзбекистон», «Адолат», «Истиқбол», «Жаҳон», «Тафаккур» ўқув залларида ташкил қилинган очиқ фондлар янги бинода китобхонлар учун яратилган энг қулай шароитлардан бири бўлди. Фонднинг очиқ тарзда жойлашуви фойдаланувчини китоб жавонлари оралаб ўзига зарур бўлган китобларни бемалол излаши ва буюртма бериши, шунингдек, кутубхона фондига янги олинган китоблар билан яқиндан танишиш имконини берди.

Кутубхона томонидан 2013-2014 йиллар давомида кутубхона фондларидаги илмий жиҳатдан бой адабиётларни тарғиб қилиш ва фойдаланувчига масофадан тезкор хизмат кўрсатиш, кутубхона хизмат ваколати доирасида амалга оширадиган хизматларни онлайн тарзда юритиш, фойдаланувчиларга қулайликлар яратиш мақсадида 7 та техник лойиҳа амалга оширилмоқда. Жумладан, «ISBN,ISSN ва UO’K, КBK» рақамларини бериш интерактив онлайн хизмати, «Нодир нашр ва қўлёзмалар маълумот базасини яратиш, сақлаш ва аниқ тақдим қилиш жараёнини автоматлаштириш», «Миллий кутубхонанинг ягона базаси асосида китоб ва журналларнинг статистик ҳисоботини автоматлаштириш», «Диссертация ва илмий ишларнинг ягона базаси», «Шахсий кабинет», «Имидж каталог» дастурлари булар қаторига киради.

Бугун Миллий кутубхонанинг вазифалари анча кенгайган. У мамлакатимиздаги барча ахборот-кутубхона муассасалари учун мувофиқлаштирувчи ва услубий марказ вазифасини ҳам ўтамоқда. Кутубхона ҳузурида ташкил этилган Республика услубий кенгаши кутубхоналар фаолиятини ахборот-коммуникация технологиялари, алоҳида кутубхоналар учун намунали низомлар, услубий-библиографик қўлланмалар ва бошқа мақсадли ҳужжатларни янада кенг жорий этиш ҳисобидан такомиллаштиришга доир тавсияларни ишлаб чиқиш билан шуғулланмоқда. Ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солувчи ахборот-кутубхона фаолиятининг миллий стандартлари ишлаб чиқилди.

 
Мавзуга оид мақолалар
2021 август кунлари Қирғизистонда илк Марказий Осиё раҳбармуслималар форуми бўлиб ўтди. Тадбирга 80 га яқин давоми...

18:35 / 12.02.2017 3242
Онанинг тўлғоқ пайтида фаришталар сўраркан «Ё Робби, гўдак ўлик туғилсинми, тирик туғилсинми» Шунда Аллоҳ, давоми...

06:08 / 28.12.2016 3359
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм 2016 йил  июль ойининг 19 куни «Islom.uz» порталининг «muslimaat.uz»  сайтида Рамазон ойида давоми...

23:10 / 10.03.2017 3958
Ижтимоий муносабатларда илмнинг аҳамияти Аксар Ислом дини манбаларида илм энг қадрли фазилат сифатида давоми...

15:47 / 01.02.2018 4389