Танлов учун
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Рамазоннинг ҳаётимга таъсири

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Азиз муслим ва муслима биродарларимиз! Барчангизни муборак Рамазон ойи билан қутлайман.

Яна бир бор Ўзининг энг қутлуғ, мағфират ва раҳмат ойи бўлмиш Рамазони каримга етказган ҳамда унинг фазлидан баҳраманд бўлишга муяссар қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин!

Ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту саломлар бўлсин!

Аллоҳ субҳанаҳу таоло бизларга тоат ҳисларини жумбушга келтириш ҳамда иймон учқунларини алангалатиш учун «иймон» лафзи ила нидо қилади:

«Эй, иймон келтирганлар! Сизлардан аввалгиларга фарз қилганидек, сизларга ҳам рўза фарз қилинди. Шоядки, тақво қилсангиз». («Бақара» сураси, 183- оят.)

Ҳасандан қилинган ривоятда у киши шундай дейдилар: «Албатта, Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини яҳудий ва насронийларга фарз қилди. Аммо яҳудийлар бу ойни тарк қилишди ва йилда фақат бир кунгина рўза тутиб, буни «Фиръавн ғарқ бўлган кун» деб даъво қилишди. Насронийлар эса Рамазон рўзасини тутишди ва унинг кунларининг бирида қаттиқ иссиққа дуч келишди. Рўзани йилнинг ўзгармайдиган бир вақтига алмаштиришди ва «шу ойда 10 кун зиёда қиламиз», деб зиёда қилишди, сўнгра бир қанча вақт ўтиб, подшоҳлари бемор бўлиб қолди ва 7 кун рўза тутишни назр қилди. Бас, қолганлар ҳам 7 кун зиёда қилиб олишди. Шундан сўнг бошқа подшоҳ келиб, уларнинг 47 кунлик рўзаларини кўрди, «бу 3 кун нимаси, 50 кун батамом рўза тутинглар», деди».

Бизни ҳидоят йўлига бошлаган Роббимизга ҳамду санолар бўлсин!

Бану сулаймлик бир кишидан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рўза сабрнинг ярмидир», дедилар».

Бизга ўрнак бўлиб, Ислом шариати таълимотларини берган Пайғамбаримизга саломлар бўлсин!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ таоло деди: «Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза мен учундир ва унинг мукофотини ўзим берурман».

Албатта, Рамазон рўзасининг фазли ҳақидаги ҳадислар беҳисобдир. Бу ҳадиси шарифларнинг мен учун энг маҳбуби юқорида кетирилган ҳадиси қудсийдир. Аллоҳ таолонинг ушбу марҳаматли сўзи қалбимдаги тақво ва сабрни кучайтиради. «Райён» аталмиш жаннатдаги рўзадорлар эшигига шижоат билан интилиб, қадам босишга руҳлантиради. Аллоҳим, барчамизни Райён эшикларидан киришимизни насиб айлагин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Саҳарлик қилинглар, албатта, саҳарликда барака бордир», деганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Рўзадорнинг икки хурсандчилиги бор: ифтор қилгандаги ва Роббига рўбаро бўлганидаги».

Ҳар сафар оиламиз учун ифтор дастурхони тузалиб, унга назар солганимда, Рамазоннинг барокатини кўраман. «Таом йўқлигидан рўзани васл қилиб тутсак бўладими?» деб сўраган баъзи бир қашшоқ давлатлардаги мусулмон биродарларимиз ҳаққига, озуқа-таъминот тарқатувчи машиналар ортидан бир қултум тоза сув ичиш учун югуриб юрган мусулмон болакайлар ҳаққига, уларга ёрдам қўлини чўзаётган барчанинг ҳаққига дуо қиламан.

Аллоҳ таоло: «Агар бандаларим сендан мен (ҳақимда) сўрасалар, бас мен яқинман», деб марҳамат қилган. Ушбу ояти каримани рўза оятлари орасида зикр қилиниши ҳам бежиз эмас. Бу оятда бизнинг, айниқса, Рамазон кунларида дуога ижтиҳод қилишимизга иршод бордир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам «Ифтор пайтида рўзадорнинг мустажоб дуоси бор», деб марҳамат қилганлар.

Рамазон ойини ғанимат билиб, унда Қуръони Каримни хатм қилишга ва ёд олиб, унутганларимни такрорлашга Аллоҳдан тавфиқ сўраб киришаман. Ҳазратимиз айтганларидек, Рамазони каримнинг файзу футуҳатларидан бири бўлмиш таровиҳ намозини тўкис адо қилишга ҳаракат қиламан, Аллоҳим қабул айласин.

Ҳар сафар таровиҳнинг тўрт ракъатидан кейин ота-онамнинг ҳақларига дуо қилиб, уларнинг умрлари баракали бўлишини, келгуси Рамазон ойларига ҳам улар билан ёнма-ён туриб, таровиҳ намозини тўкис адо қилиш бахтига муяссар қилишини илтижо қилиб сўрайман.

Фарзандларимнинг қўлларидан етаклаб, боғчага кетаётганимда уларга йўл давомида шаҳодат калимасини ўргатиб бораман. «Аллоҳим фарзандларимнинг қалбига жо айласин», деб дуо қиламан.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: «Қадр кечасини Рамазоннинг охирги ўн кечасининг тоқ кечаларидан изланглар», деганлар.

Қуръони Карим нозил қилинган, минг ойдан яхши, дуолар мустажоб этилиб, гуноҳлар мағфират этиладиган муборак кечага етишишимиз ва унда ўзи рози бўладиган гўзал ибодат ва дуолар қилишимизга Аллоҳнинг ўзи муяссар айласин!

Азиз биродарлар, саноқли ўн кунда тунни ибодат ва дуолар билан бедор ўтказишда эринманг!

Бугун тунда бир туш кўрдим. Тушимда ҳайит байрами учун янги либос харид қилиш учун бозорга кирибман. Бозорда айланиб юра туриб, қоринларини тўйғазиш учун ўнг қўлларини кўтариб турган етим болаларга кўзим тушди. Тушимдан таъсирланиб уйғондим. Саҳарлик қилиб, бомдод намозини адо этгач, ҳазратимизнинг «Мўминнинг қалқони» китобларига кўз югуртирдим. Ундаги ушбу ҳадисни сизларга ҳам тақдим қилишни маъқул топдим:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг энг сахийи эдилар. У Зотнинг энг сахийликлари Рамазонда Жаброил у Зот билан учрашганда бўлар эди. Жаброил Рамазоннинг ҳар тунида у Зот билан учрашиб, Қуръонни ўтказар эдилар. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхшиликда эсган шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар».

Бухорий ривоят қилган.

Азизлар, Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишга ҳаракат қилайлик. Иймонимиз комил бўлиши учун ўзимизга раво кўрганларимизни биродарларимизга ҳам улашайлик. Оламлар Робби дуони рад қилмайдиган ифтор онларида улар ҳаққига ҳам дуо қилайлик.

Анас розияллоҳу анҳудан дуо қилишни сўрашганида, у киши «Роббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшиликни, охиратда ҳам яхшиликни бергин ва бизларни дўзах оловидан сақлагин», дея дуо қилибдилар. Мажлисда ҳозир бўлганлар: «Фақат шу, холосми?» – дейишганида, улар: «Бундан ҳам яхшироқ дуо бор эканми?! » – дея жавоб қилган эканлар.

Умму Жаъфар

Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳу ўз ўғилларининг «Эй бор Худоё, қачонки жаннатга кирсам, жаннатнинг давоми...

20:13 / 13.12.2016 3299
Ассалому алайкум, азиз юртдошлар, ҳурматли опасингиллар Мана бугун нафақат Тошкент шаҳрида, балки бутун давоми...

17:33 / 16.02.2018 4117
Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари таърифида «Аллоҳ таоло одамлар ва ҳайвонлардан иборат Ўз давоми...

13:01 / 08.11.2016 4346
Мактабда бир бой ўқувчи қизча камбағал дугонасигаquotМенинг онам янги машина сотиб олди, чунки у сенинг давоми...

21:11 / 06.07.2023 1748