Кўп инсонлар таназзулга юз тутган таънадан сақланинглар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу дунёда ажойиботлар кўп, лекин кўз кўриши мумкин бўлган энг ажойиб ва ҳайратланарли нарса шуки, сен одамлар орасида ўзларини Аллоҳнинг қўл остида ҳаёт кечираётганларига, Аллоҳнинг мамлакатида ва унинг дастурхонида ҳузур-ҳаловатда яшаётганларига, Аллоҳ азза ва жалла томонидан улар учун кетма-кет неъматлар келаётганига ва қачон келса, фақатгина Аллоҳ томонидангина келадиган ҳар хил мусибатларга дучор бўлаётганларига ишонч ҳосил қила туриб ҳам Аллоҳнинг динига қарши уруш қилувчи, одамларни Аллоҳнинг шариатидан узоқлаштириб Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бандалари қалбида Унга нисбатан шубҳа уруғларини экувчи одамларни кўришингдир.

Мана шу инсонни ҳайратга соладиган энг катта ажабланиш бўлиб, мен бу оламда ундан ажабланарли, ундан ҳайратланарли ғалати нарсани кўрганим йўқ.

Инсонлар Аллоҳ азза ва жалланинг мамлакатида ҳузур-ҳаловатда яшаб туриб ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога қайтувчи эканликларини била туриб, Унга куфр келтиришлари жуда ҳам ҳайратланарли ғалати нарса эканини илоҳий баёнот қадимдан тушунтириб келган.

Қудратли Аллоҳ айтганки;

«Аллоҳга қандай куфр келтирасизлар? Ва ҳолбуки жонсиз эдингиз – У сизга жон берди, сўнгра жонингизни олади ва яна тирилтиради ва сизлар Унга қайтажаксизлар». Бақара, 28.

Илоҳий баёнот ушбу ҳайратланиш сўроғи билан Аллоҳ азза ва жаллани инкор этиб, Унга куфр келтирган инсонлар ҳолатини тушунтириб беради!

Аллоҳни таниб Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога иймон келтирган ва бошланиши ҳам Аллоҳдан, бориши ҳам Аллоҳга эканини билган кишининг ҳолини қандай тушунса бўлади?! Ҳа, шундай, бу ерда бундан ҳайратланарли нарса бор, деб ўйламайман. Агар ушбу сўз мантиқ жиҳатидан ҳақиқатда тўғри бўлса, мен бундай тубанликдан ҳам ёмонроқ разиллик бор, деб ўйламайман.

Эй дўстларим! Уларнинг кўпчилиги ўзларини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога иймон келтирганларини билдириб, Аллоҳ таоло бандалари учун шариат ва йўл бўлишига рози бўлган ушбу динга ўзларини муносиб эканларини эълон ҳам қилиб бўлганлар.

Шунга қарамай, сиз уларнинг бирига эътибор бериб назар солсангиз, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг душманларини қўллаб-қувватлаётганини ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг дини ва унинг таълимотларини эътиборга олмай, майна қилаётганларини кўрасиз.

Улардан бирини ўша одамлар билан иттифоқчи бўлганини ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг динидан узоқлашгани, балки ўзининг фикри ва амалий йўли билан бу динга душманлик қилишга киришганини кўрасиз. Инсонийлик сифатига эга бўлган оқил одамни бундай қинғир йўлга, балки тубанликдан ҳам ёмон пасткашлик йўлига тушиб қолишини инсон қандай тасаввур қилиши мумкин? 

Ўзи каби инсондан манфаат топиб, ўзини ҳавфсиз ҳис қилаётган одам, тўхтовсиз ёрдам олиб, унинг дастурхонида кечаю кундуз ҳузур-ҳаловатда яшаб турган одам, ўзининг ҳожаси бўлган ўша инсонга душманлик қилишини тасаввур қила оласизларми?!

Унга ёмон сўзлар билан тош отишини ва унинг бу кўрсатаётган иззат-икроми эвазига ёвузлик қилишини тасаввур қила оласизларми?

Мен бизнинг ҳаётимизда бу шаклдаги инсон борлигини ва бўлишини хаёлимга ҳам келтира олмайман.

Маълумки агар инсон ўзининг дўсти бўлган бир одамга қанчалик иззат-икром кўрсатиб нарсалар берса ҳам, улар ўртасида тенглик ва муштарак инсоний ўхшашлик бор. Агар иззат кўрсатиб нарсалар бераётган Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бўлса, ҳолат қандай бўлади?

Эй дўстларим! Ушбу динга муносиб эканларини эълон қилаётган, Аллоҳ таолони борлигига ишониб, унинг Роб эканини ошкора айтаётган ва ўзларини Аллоҳнинг бандаси эканликларини тан олаётган ўз фарзандларимизга эътибор беринглар. 

Шундай бўлса-да, уларнинг одатлари кечаю кундуз ўзлари эга бўлган барча воситалар билан бу динни парчалаб йўқ қилиш истагидадир. Уларнинг иши кечаю кундуз Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг душманлари олдида ўзларини оппоқ қилиб кўрсатишдир.

Бу инсоннинг ажойиб феъл-атвори ва унинг ғалати услубидир.

Эҳтимол, сизларнинг ҳаммаларингиз буни кўраётган ва уларнинг айримлари қилаётган ишларни эшитаётган бўлсангиз керак. Ажабланарлиси шундаки, улар ўзлари даъво қилаётган нарсада Аллоҳга бўлган иймонлари билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло қаршисидаги тубанликларини бирлаштириб юборяптилар. Агар улар динсиз бўлганларида, биз бунчалик таажжубланмаган бўлар эдик, чунки Аллоҳ таоло уларни Ўзининг қўл остида бўла туриб куфр келтиришларини қандайдир жуда ажабланарли ғалати нарса эканини Каломида ифодалаб қўйган.

Биз Аллоҳнинг Каломидан инсонни ҳижолатдан эритиб ташлайдиган баёнотни ўқиймиз. Лекин бу, инсонда ҳижолатчилик қобилияти бўлсагина, таъсир қилади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг сўзини ўқиймиз;

«Фаришталарга: «Одамга сажда қилинглар», деганимизни эсла. Бас, ўшанда улар сажда қилдилар. Магар Иблис қилмади. У жиндан бўлган эди. У ўз Роббининг амридан чиқди». Каҳф, 50.  

Ундан кейин яна нима деди?

«Энди сизлар Мени қўйиб уни ва унинг зурриётларини дўст қилиб оласизларми?! Ҳолбуки, у сизларга душман-ку! У золимлар учун нақадар ёмон бадалдир». Каҳф, 50.

Инсон онгида унинг инсонийлиги тўла шаклланса ва ўзининг тубанлигидан қутулса ҳамда ушбу сўзга яхшироқ қулоқ солсагина, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан уялиб, ҳижолатдан эриб кетади.

«Энди сизлар Мени қўйиб уни ва унинг зурриётларини дўст қилиб оласизларми?! Ҳолбуки, у сизларга душман-ку!»

Сизларга мен иззат-икром кўрсатдим, мен сизларнинг шаънингизни улуғладим. Фаришталарни сизлар учун мен таъзим қилдирдим, сизни улуғлаб, ҳурмат кўрсатиш учун шайтонни сажда қилишга мен буюрдим.

Энди сизлар сизни улуғлаб ҳурмат қилган, фаришталарини сизга сажда қилдирган Зотдан юз буряпсизлар. Мени қўйиб сизларга такаббурлик қилган душманингизни дўст қилиб оляпсизлар, бу қанақаси, нега бундай бўлади?

Бу сўз Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонидан бизларнинг кўпчилигимизга қаратилган бўлиб, инсонийлик сифатига эга бўлган ҳар қандай инсон бу ҳолатда ҳижолатдан уялиб кетади.

Аммо уларнинг вужудидан инсонийлик моҳияти сочилиб кетган бўлса, унда ажабланиш мана бунга бориб етади. Улар Аллоҳ таоло айтган ушбу кишилар қаторига қўшиладилар.

«Батаҳқиқ, жаҳаннам учун кўплаб жин ва инсларни яратдик. Уларнинг диллари бор-у, тушуна олмаслар. Кўзлари бор-у, кўра олмаслар. Қулоқлари бор-у, эшита олмаслар. Ана ўшалар чорва ҳайвонлари кабидирлар. Балки улардан ҳам баттарроқдирлар. Ана ўшалар ғофилдирлар». Аьроф, 179.

Инсондан инсонийлик моҳияти сочилиб бу оламда ҳайвонлардан ҳам баттарроқ аҳволга тушиб, у ёқ-бу ёққа юрган вақтда ундан ажабланишнинг қандай маъноси бор? Ҳа... бундай ҳолатда ҳайратга тушишнинг ҳожати йўқ.

 Мен қаттиқ ишонаманки, бу нарса бугунги кунда бизнинг олдимизда турган топишмоқни ечишдир.

Эртаю кеч жуда кўп (ташқи кўринишидан) мусулмон бўлган одамларни учратамиз, уларнинг одати ҳам, хусусиятлари ҳам Аллоҳ таолога ва унинг дини душманларига қул бўлишдир.

Уларнинг одати буйруқларни яратган Холиқидан эмас, балки душманлари ва яратган Мавлолари субҳанаҳу ва таолонинг душманларидан олишларидир. Уларнинг одатлари мустамлакачи душманлари томонидан келаётган, уларни хор қилган ва кўплаб ҳақ-ҳуқуқларини чегаралаб қўйган душманлари томонидан келаётган таълимотларга яхшироқ қулоқ солишдир.

Улар бу буйруқларни ўзига итоат қилдираётган хожасига «лаббай, мана, мен рўпарангиздаман»– деб айтадиган хокисор ишончли қулнинг сўзини айтиш учун эшитадилар. Аммо Яратган ва мутаносиб қилган, ҳамма нарса қўл остида бўлган илоҳга эса қулоқ солмайдилар. Во ажаб, ўша одамлар ҳам шу илоҳнинг лаҳзама-лаҳза юбораётган қудрати билан нафас оладилар. Йўқ, улар бу илоҳдан тўсилиб қолганлар. Ажабланишнинг ҳожати йўқ, чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сабабларни таҳлил қилиб, ўринбосарларни тушунтириб бўлган.

Бу бир нарса, эй дўстларим!

Иккинчи нарса, инсон ўзини бундай ҳодиса қаршисида кўрган вақтда, яъни одамлар Аллоҳни таниб туриб, У билан урушаётганларини, Аллоҳнинг ва ўзларининг душманларини била туриб, уларнинг айтганини қилаётганларини кўрган пайтда ўзининг олдида икки вазифа турганини билиши лозим.

Уни бундай тубанликка боришдан ва хорликдан иборат ушбу жарликка тушиб кетишдан Аллоҳ таоло сақлаб қолганини билиши лозим.

Билиши керак бўлган биринчи вазифа, Аллоҳдан кечирим ва офият сўраши, яъни ўшандай тубанликдан саломат сақлашини тилаши ҳамда бундай тубан йўлнинг зиддини маҳкам тутишга диққат эътиборини қаратиб, уни ҳафсала билан бажаришидир.

Бундан ташқари, яна сизларнинг ҳар бирингиз Мавлойингиз сизни Яратган Роббингиз эканини билишингиздир. Бу бизнинг Мавлойимиздир, Унинг айтганини қилишимиз лозим, биз учун Ундан ўзга ҳеч қандай Мавло йўқдир. Шунинг учун ушбу Мавло айтаётган нарсага қулоқ солишимиз, буйруқларини том даражада амалга оширишимиз лозим. 

Агар бу буйруқларни бажаришда ҳавойи истакларни қурбон қилишга тўғри келса ҳам, молу дунёни йўқотишни тақозо этса ҳам, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган садоқатни намоён қилиш учун буларнинг барини қурбон қилиши лозим. 

Бу бизнинг вазифамиздир. 

Сизлар ҳам ўша тубан кимсалар каби ушбу вазифаларни бажаришдан бурилиб четга чиқмоқчимисизлар? Бундай қилманглар. 

Мен сизлардан илтимос қиламан. Сизлар Аллоҳ даражаларини ҳайвонлардан ҳам паст қилган ўша кишилар йиқилаётган бу жарликдан ўзларингизни йироқда эканингизни Аллоҳ азза ва жаллага билдиринглар.

Сизларнинг ҳолатингиз ўзларингизни Аллоҳ билан бирга эканингизни ва сизларни яхши кўриб азизу мукаррам қилган Аллоҳнинг ҳимоясида бўйсунувчи эканингизни сўзласин. 

Буни унинг буйруқларини бажариш билан ва қайтариқларидан ўзингиз ва ўғил-қизларингизни четланиши билан изоҳлаб беринглар. 

Мен сизларга айтаётган бу гапларнинг маъносини жуда яхши билиб турибсизлар, эй дўстларим!

Ўша душманлар қизларингизни сизнинг зарарингизга ўзининг фойдаси учун арзимас қоғозларга сотиб олаётганларини гоҳида сезиб турасизлар. 

Сиз ўзингизни фойдангиз учун уларнинг зарарига ўғил-қизларингизни арзимас қоғозлар эвазига асраб олинглар. 

Мана шу сизлар билишингиз керак бўлган биринчи вазифадир.

Иккинчи вазифа; 

Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлмаслигимиз, албатта, сув устидаги кўпик зим бўлиб йўқолиб кетишини, ҳақиқат ва манфаат эса ерда ўрнашиб қарор топишини билишимиздир.

Бу Аллоҳнинг қароридир.

Бу ерда сизлар кўраётган ва ҳозирда биз айтаётган ботилдан кўра кўпроқ кўпик ва беҳуда нарса борми?

Сизлар Аллоҳ таолонинг Каломини ўқийсизлар, унда шундай дейилади;

«У Зот осмондан сув туширди. Сўнгра водийларда ўз миқдорича сел оқди. Бас, сел ўз устига чиққан кўпикни кўтариб келди. Ва зеб-зийнат, асбоб-ускуна ясаш мақсадида ўтда тобланадиган нарсаларда ҳам шунга ўхшаш кўпик бўладир. Аллоҳ ҳақ ва ботилга мана шундай зарбулмасал келтирур. Аммо кўпик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетди. Одамларга манфаат берадиган нарса эса ер юзида қолди. Аллоҳ мисолларни ана шундай келтирадир». Раъд,17. 

 (Аллоҳ таоло осмондан сув тушириб, ёмғир ёғдирса, сел оқади. Шу билан бирга, сел ўзининг устида кўпикни ҳам оқизиб келади. Бунда сув ҳаққа, кўпик ботилга ўхшатилмоқда. Зеб-зийнат ясаладиган олтин ва кумуш, асбоб-ускуна ясаладиган темир ва мис каби маъданлар устида ҳам занг ва кераксиз моддалар бўлади. Бу масалда ҳаққа асл маъданлар, ботилга занг ва кўпик қиёс қилинмоқда. Кўпик, гарчанд сувнинг устига чиқиб турган бўлса ҳам, барибир, у кўпикдир. Маъданлардаги занг ва бошқа моддалар уларни ўраб турган бўлсалар ҳам, тобланиш вақти келганда, бирпасда йўқ бўлиб кетадилар. Ботил ҳам шундай: ўзидан-ўзи йўқ бўлиб кетади. «Тафсири Ҳилол»).

Аллоҳнинг динига қарши курашишдан ва Исломга макру ҳийлалар тўқиб чиқаришдан ҳамда хор-зор бўлиб Аллоҳнинг душманларига хизмат қилиб юришдан иборат бу қалбаки кўринишларнинг барчасини кўринглар, биласизларми, буларнинг бари сўнувчи кўпикдир. Агар булар бирор нарса қилишга кучи етганида, бу дин аллақачон ҳалокатга учраган ва унинг ҳақиқатлари йўқолиб кетган бўлар эди. 

Лекин мана сиз кўриб турибсиз, замон қанча узайган сари бу диннинг жилоси, равшанлиги кенгайиб, ҳақиқатлари яшнаб бормоқда.

Биз ушбу икки нарсани билишимиз лозим. 

Лекин иккинчи ҳақиқат биринчи вазифамизни унуттириб қўймаслиги керак. Аллоҳ ўз динини танланган солиҳ бандалари орқали ҳимоя қилади. Сизлар ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг танланган солиҳ бандаларидан бўлинглар. 

Аллоҳ таолодан бизларни бандаларининг яхшиларидан қилишини ва ўзининг тўғри йўлида юришимизга тавфиқ беришини сўрайман.

Ушбу сўзимни айтиб Аллоҳдан мағфират сўрайман.

Муҳаммад Саид Рамазон ал-Бутийнинг жума хутбаси.

29 ноябрь 1996 йил.

 Эшонгузар жоме масжид имом хатиби Абдуллажон Ғуломов таржимаси.

09 февраль 2016 йил.

Мавзуга оид мақолалар
Ислом илм дини эканига ҳеч қандай шубҳа йўқ. Исломни ўрганиш учун ҳам илмга уриниш лозим. Барча исломий давоми...

13:25 / 10.11.2016 8443
Рамазон ойи ҳижрий ойларнинг энг улуғи ва энг аҳамиятлисидир.  Аллоҳ таоло унда рўза тутишга амр қилган. давоми...

11:39 / 08.02.2017 5670
Бу боланинг бармоғини оғзига солиб, сўриб юриш одатидир. Бунда бола бармоғини оғзига солиб, сўнг лабларини давоми...

13:21 / 16.02.2017 3300
Қуръон мусобақасининг Республика босқичини томоша қилмоқчи бўлган опасингилларимиз учун Наврўз давоми...

19:31 / 19.04.2018 2699