Жаннат ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жаннат ва дўзах инсон етиб борадиган охирги манзиллардир. Инсон улардан бирига етгандан кейин, унда абадий қолади. Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби эътиқодича, бу икки нарса моддий бўлиб, улардаги нарсалар ҳам руҳга, ҳам жисмга оиддир. Улардаги неъматлар ва азоблар ҳам жисмга, ҳам руҳга бериладир. Жаннат ва дўзах абадий турадиган нарсалардир. Уларга тушган кишиларнинг қолиши ҳам абадий бўлади. Фақат баъзи осий мўминлар ўз қилмишларига яраша жазони ўтаганларидан кейин, дўзахдан жаннатга чиқариладилар.

«Ақидатут Тоҳовия»да бу ҳақда: «Жаннат ва дўзах – иккилари халқ қилингандирлар. Улар абадийдир, йўқ бўлмаслар. Бас, Аллоҳ жаннат ва дўзахни халойиқдан олдин халқ қилгандир», дейилган.

Жаннатнинг махлуқлигига Қуръондан далиллар: «У (жаннат) тақводорлар учун тайёрлангандир» (Оли Имрон: 133).

«У (жаннат) Аллоҳга ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирганлар учун тайёрлангандир» (Ҳадид: 21).

«Ва жаннат тақводорларга узоқда қилинмасдан, яқин келтирилди» (Қоф: 31).

«Батаҳқиқ, Уни бошқа тушишда кўрди. Сидратул мунтаҳанинг олдида. Унинг олдида жаннатул маъво бордир» (Нажм: 13-15).

Жаннатнинг халқ қилиб бўлинганига суннатдан далиллар:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сўнгра Жаброил мен билан юриб бориб, Сидратул мунтаҳага етди. Бас, уни мен билмаган ранглар ўраб олди. Сўнгра жаннатга кирдим, қарасам, унинг остонаси луълудан, тупроғи эса мискдан экан», деганлар.

Бухорий ва Муслимлар Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан биронтангиз ўлган пайтида, унга эртаю кеч жойи кўрсатилади. Агар аҳли жаннатдан бўлса, жаннатдан, аҳли дўзахдан бўлса, дўзахдан. Сўнгра Аллоҳ қиёмат куни сени қайта тирилтиргунча жойинг – шу», дейилади», деганлар.

Бухорий ва Муслимлар Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Баро ибн Озибнинг ҳадисларида жумладан: «Бас, осмондан бир нидо қилувчи «Бандам рост айтди. Унга жаннатдан жой тўшаб беринглар. Унга жаннатдан эшик очиб беринглар!» деб нидо қилади. Ўшанда унга жаннатнинг хушбўй ҳидларидан келади», деганлар.

Аҳмад ва Абу Довуд ривоят қилганлар. 

Шунингдек, жаннатнинг неъматлари ҳам жасад ва ҳам руҳ учун аталгандир. Баъзи бир тоифалар айтганидек, фақат руҳ учунгина эмас. Бу ҳақиқатни англаш учун Қуръони Каримдаги жаннатни васф қилувчи оятлардан бир-иккисини ўқишнинг ўзи кифоя қилади.

Аллоҳ таоло «Ғошия» сурасида қуйидагиларни айтади: «Ўшал кунда бир чеҳралар неъмат хурсандлиги билан тўладир» (8-оят).

Бу чеҳралар бу дунёда иймон-ихлос билан ва ибодат-тақво билан ўтган бандаларнинг чеҳраларидир. Аллоҳ таоло уларга бу дунёда қилган ибодатлари ва амали солиҳлари мукофотига жаннати наъиймни берди. Энди ўша жаннат неъматлари шодлиги уларнинг чеҳраларидан балқиб турибди.

«Улар ўз ишларидан розидир» (9-оят).

Энди охиратда улар ўзларининг ҳаёти дунёда қилган ишлари-саъйиларидан: иймонлари, ихлослари, тақволари, ибодатлари, амали солиҳларидан розидирлар. Худди ўша қилган ишлари Аллоҳ таоло томонидан мукофотлангани учун ҳам улар ўз ишларидан розидирлар.

«Улар олий даражали жаннатдадир» (10-оят).

Улар мартабаси олий даражали жаннатдадирлар.

Улар макони олий даражали жаннатдадирлар.

Улар нозу неъматлари олий даражали жаннатдадирлар.

Улар қуйида зикр қилинадиган олий васфларга эга жаннатдадирлар.

Улар шундоқ жаннатдадирларки...

«Унда бекорчи гапларни эшитмаслар» (11-оят).

Аҳли жаннатлар жаннатда сўкиш, койиш, озор, ёлғон, бўҳтон, ботил гапларни, кўнгилларини беҳузур қиладиган бирор оғиз сўзни эшитмайдилар. Чунки бир оғиз бекорчи сўз ҳам роҳатларига халал бериши мумкин. Жаннатдагилар фақат яхши ва ёқимли сўзларни эшитадилар, холос. Бу томондан бўладиган роҳатлари ҳам олий даражада. Бекорчи гапларни, сўкиш, итоб, койиш, таҳдидларни дўзахийлар эшитаверсинлар. Аҳли жаннатнинг роҳат-фароғати бу билан тугамайди. Уларга жаннатда бошқа неъматлар ҳам бор.

Жумладан: «Унда оқиб турган булоқлар бордир (12-оят).

У булоқларда турли-туман ўта лаззатбахш шароблар бор. Дўзахийлар ўта қайноқ сувни ичиб, азобларига азоб қўшилиб турган бир пайтда, жаннатийлар ана ўша булоқлардаги анвойи шароблардан мазза қилиб сипқорадилар. Ўша жаннат шаробини сипқориш оддий ҳолатда эмас, қуйидаги оятларда васф қилинадиган ҳолатда бўлади.

«Унда баланд-баланд сўрилар бордир.

Ва тайёрлаб қўйилган қадаҳлар бордир.

Ва саф-саф қилиб тизилган ёстиқлар бордир.

Ҳамма ёққа тўшалган гиламлар бордир». (13-16-оятлар)

Ҳа, аҳли жаннатлар баланд-баланд сўриларда, ҳамма ёққа тўшаб ташланган гўзал гиламларда, саф-саф қилиб тизилган ёстиқларга ёнбошлаб олиб, тайёрлаб қўйилган қадаҳлардаги шаробларни ҳузур қилиб сипқорадилар.

Мазкур нарсалар охират неъматларидан бир кўриниш, инсонда тасаввур ҳосил қилиш учун бу дунёдаги неъматларга ўхшаб васф қилинаяпти. Аслида эса охират неъматлари бу дунёдаги барча неъматлардан нави жиҳатидан ҳам, бошқа жиҳатларидан ҳам устун туради. Бунинг устига, у доимий–абадий неъмат, бу дунёники эса ўткинчи ва бебақодир.

Аллоҳ таоло «Воқеа» сурасида қуйидагиларни айтади: «Ўнг тараф эгалари. Ўнг тараф эгалиги не(саодатлилар)дир! Улар тиконсиз сидрзорлардадирлар». (27-28-оятлар)

Сидр  хушбўй ҳидли бута бўлиб, араблар уни ҳиди учун яхши кўрар эканлар. Аммо тикани жуда кўп бўларкан. Ояти карима тушган пайтида баъзи соддароқ кишилар, кишига озор берадиган бу тиканли бута жаннатда нима қилади, деган фикрга ҳам борган эканлар.

Салим Ибн Омирдан қуйидаги ривоят келтирилган.

«Бир куни саҳрои араб кириб келди-да: «Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло одамларга озор берадиган дарахтни жаннатда зикр қилибди?!»–деди.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Қайси дарахтни?»–деб сўрабдилар.

У киши: «Сидрни, унинг озор етказадиган тикони бор-ку?»–дебди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло «Фи сидрин махзуд», яъни  тиконсиз сидрзорда, деган-ку! Уни тиконсиз қилган, ҳар бир тикони ўрнига мева чиқаради. У мевадан бир-бирига ўхшамаган етмиш икки хил таом бўлади», дедилар».

«Сермева бананзорлардадирлар.

Ва ёйилган соялардадирлар.

Оқар сувлардадирлар.

Сероб мевалардадирлар.

Тугамайдиган ва ман қилинмайдиган»(29-33-оятлар).

Одатда, бизнинг тилимизда ҳам кишининг бирор нарсага сероблиги билдирилмоқчи бўлса, «Фалончи фалон нарсанинг ичида», дейилади. Худди шунингдек, ўнг тараф эгаларининг ҳолатлари ҳам, жаннат нозу неъматлари ичида, деган маънони сўз ва жумлалар орқали ифода қилинмоқда. Мисол учун, «сермева бананзорлардадирлар». Яъни бананзор ичида, бананларга кўмилиб, дейилмоқчи.

Ўнг тараф эгалари жаннатда яна: «Кўтарилган кўрпачалардадирлар» (34-оят).

Кўтарилган тушунчаси маънавий ва моддий кўтарилганлиги маъноларига эга.

Жаннат ва унинг абадийлигига далиллар:

Аллоҳ таоло «Каҳф» сурасида қуйидагиларни айтади: «Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Фирдавс жаннати манзил бўлгандир. Унда абадий қолурлар ва ундан кўчишни истамаслар» (107-108-оятлар).

Иймон ва амали солиҳ  банданинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги қадр-қийматини оширади. Охиратда эса жаннатга тушишига сабаб бўлади. Жаннатга тушганда ҳам, у ерда абадий қоладилар. У ерда шундай қадр-қиймат, роҳат-фароғат топадиларки, бошқа жойга кўчишни зинҳор истамайдилар.

Аллоҳ таоло «Сод» сурасида қуйидагиларни айтади: «Албатта, тақводорлар учун гўзал оқибат. Улар учун эшиклари очиқ адн жаннатлари бордир. У ерда ёнбошлаган ҳолларида ундаги кўплаб мевалар ва шароблардан чақирадилар. Уларнинг ҳузурида кўзларини (номаҳрамдан) тийган тенгдош(ҳур)лар бордир. Бу сизга ҳисоб куни учун ваъда этилган нарсалардир. Албатта, бу Бизнинг (берадиган) ризқимиздир. Унинг ҳеч тугаши йўқдир» (49-54-оятлар).

Зикр қилинган ана ўша нарсалар Аллоҳ таолонинг тақводор бандаларига берадиган жаннати, ризқи. У ризқ доимий ва абадийдир. У ҳеч қачон тугаб қолмайди.

Жаннатнинг абадийлигига суннатдан далиллар: 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким жаннатга кирса, неъматланади, ноумид бўлмайди, бардавом қолади ва ўлмайди», деганлар.

Муслим ривоят қилган. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир нидо қилувчи нидо қилиб: «Эй аҳли жаннат! Албатта, сизлар учун абадий равишда соғлом бўлишингиз бор, бемор бўлишингиз йўқ. Ёш бўлишингиз бор, қаришингиз йўқ. Ҳаёт кечиришингиз бор, ўлишингиз йўқ», дер», деганлар.

Муслим Абу Саъиддан ривоят қилган.

Мавзуга оид мақолалар
 Москва мусулмонлари анъанавий жамоа ифторликларини ўтказишга тайёргарлик кўряптилар. Ифторликлардан давоми...

17:03 / 07.02.2017 5016
Аёлларга хос фиқҳий масалалар Соч бўяшда фойдаланиладиган воситалар турли рангларда бўлиб, аёллар уни давоми...

21:00 / 23.12.2019 2958
ТАЪЗИЯ      Барчамизни Аллоҳ таоло яратган. Тақдирларимизни иҳота қилувчи ягона Зот ҳам давоми...

13:28 / 08.07.2017 3431
Маълумки, қўшниларга яхшилик қилиш жамиятдаги инсоний алоқаларни мустаҳкамлашга, жамиятни кучли, қудратли давоми...

11:56 / 27.10.2016 5145