Америкалик жарроҳ Исломни қабул қилди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

http://www.islamisemya.com/lichnosti/lichnosti/istorii-iz-zhizni/12685-amerikanskij-khirurg-prinyal-islam

Америкалик жарроҳ Исломни қабул қилди

Мендан Исломни қабул қилганимнинг сабаблари ва уни қай тарзда қабул қилганим ҳақида тез-тез сўраб туришади. Шу сабабдан воқеани қоғозда баён қилишга қарор қилдим. Шундай бўлса-да, янги эътиқодни қабул қилиш шахсий ҳаётий дарс билан мустаҳкамланмас экан, бу қабул қилишнинг тарихи ҳеч нарсага арзимайди. Сўзимни айнан шундан бошламоқчиман.

Янги динга кириш билан боғлиқ воқеалар тафсилотига қизиқиш борлиги бежиз эмас. Ушбу воқеаларда кўпинча ҳаёт тарзини тубдан ўзгартирувчи ҳодисалар рўй берган бўлиб, улар кишининг моддий дунёдан маънавий дунёга кўчиб қолишига кифоя қилганини кўрамиз.

Ҳаётдаги бундай оғир кечинмаларни бошидан ўтказган кишилар умрида илк бор ўта муҳим, бурилиш ясовчи ҳодисаларга дуч келиб қолиши таъсирида ўз-ўзига ҳаётнинг асл моҳиятига доир саволларни бера бошлайди: «Бизни ким яратган?», «Нега биз бу ердамиз?» ва ҳоказо. Аммо шу билан бирга, янги динга киришнинг барчага хос бўлган умумий жиҳатлари ҳам бор: эътиқодини янги ўзгартирганлар тазарруъ қилган ҳолда тиз чўкадилар-да, ортларига, аввалги ҳаётларига бир назар ташлайдилар ва уларнинг аксари шу ҳолатда умрида биринчи марта сидқидилдан ибодатга киришадилар. Мени кишилардаги ушбу ўхшашликлар ўзига жалб қилди ва бундан шахсан ўзим учун бир нечта дарслар ҳам олдим. 

Аввало, айтмоқчиманки, оғир синовларнинг мазкур жиҳатларини бошдан кечирган кўпгина динга янги кирганлар саросима ҳолатида, ҳеч қандай воситасиз, чалғимасдан тўғридан-тўғри Яратганга муножот қилишган, унга дуо-тазарруъ қилишган. Мисол учун, умр бўйи «илоҳий учлик»ка сиғиниб келганлар ҳам ҳалокатга дучор бўлганда табиий равишда «учлик»нинг қайсидир бирига эмас, балки бевосита Холиқнинг ўзига илтижо қилишган.

Ушбу ҳолат билан боғлиқ мисол келтиришимга рухсат бергайсиз.

Бир куни телевидениеда машҳур саналган даъватчи воиз студияга аёл кишини таклиф қилди. У аёл ўзининг насороликда «қайта туғилганлиги» тарихини айтиб берди. У ўз қиссасида кеманинг ҳалокати ва ўзининг ўша ҳалокатдан қай тарзда қутулиб қолганини гапирарди. Эфирнинг бу меҳмони ўша ҳалокат оқибатида бир неча кун очиқ уммонда қолганида Яратувчи билан қандай «суҳбат»да бўлганлигини, У Зот аёлга нажот берганини гапирди. Нима демоқчи эканимни тушунган бўлсангиз керак. Тахминан, 10 дақиқалик ҳикояси давомида аёл ҳиссий кечинмалар ва таҳликали дамларга тўла бўлган ҳодисаларни баён қиларди. Ушбу баёнда қизил рангда ажратилган фикрнинг мағзи шу эдики, Худои таоло бундоқ ишни ҳам қилди, ундоқ ишни ҳам қилди, аёл эса ёлғиз Унинг раҳматига умид боғлаб, Ягона Холиққа илтижо қилар эди.  Қандай бўлмасин, ёнидан ўтиб кетаётган кема аёлни уммон тўлқинлари гирдобидан халос этиб, у аёл кема саҳнида эминликка эришганда, қўлларини қовуштиради ва осмонга қараб, «Сенга ташаккур айтаман, эй Ийсо!» деб хитоб қилади. 

Нима ҳам дердик, ихлосга мисол бўладиган жуда яхши дарс экан! Инсонлар хавф, таҳлика ва руҳий зарбаларга дуч келганда фитрий равишда Ягона Яратувчига илтижо қилишга тушадилар. Аммо ўзларини эминликда кўргандан кейин, кўпинча ўзларининг аввалги бузуқ ақидаларига қайтадилар. Ийсо алайҳиссаломни насоролар «худо» деб эътиқод қилишларини биз яхши биламиз. Улар билан бу борада баҳсга киришиш ниятида бўлган кишиларга тегишли китобларни ўқиб олишни тавсия қилган бўлар эдим. 

Қолганларга эса сўзимда давом этиб, шуни айтаманки, киши ўзига савол бериши керак: «Ким аслида нажот топган бўлади?» Янги эътиқодни қабул қилганлар тўғрисида сон-саноқсиз воқеа ва ҳикоялар бор ва улардаги қаҳрамонларнинг барчаси қандай қилиб Яратувчи уларни қутқариб қолганини айтиб, уларнинг барчаси бирдек мўъжиза тарзида халос бўлганларини айнан такрорлайдилар. Аммо фақат Ягона Яратгувчи борлиги ва шу боис ҳақ дин ҳам ягона эканлигидан шу хулоса қилинадики, бир гуруҳ кишиларгина ҳақда бўлар эканлар, қолганлар эса залолатда яшамоқдалар. Қуръони Каримда шундай келтирилади:

«Ва куфр келтирганлар: «Унга Роббидан бир мўъжиза тушса эди», дерлар. «Албатта, Аллоҳ кимни хоҳласа, залолатга кетказур ва Ўзига тез қайтадиганларни ҳидоят қилур», деб айт» (Рaъд сураси, 27-оят). [1]

Бошқа бир оятда Аллоҳ таоло шундай дейди:

«Аллоҳга иймон келтирган ва Уни маҳкам тутганларни, шубҳасиз, Ўзидан бўлган раҳматга ва фазлга киритур ва уларни унга – тўғри йўлга ҳидоят қилур» (Нисо сураси, 175-оят).

Залолатда юрганларга келсак, улар ўз танловларига мувофиқ куфрда қолиб кетаверадилар. Аммо иймон қўрғонига, гарчи у нотўғри танланган бўлса ҳам, менсимай қараш дуруст бўлмайди. Хўш, менинг Исломни қабул қилишимга сабаб бўлган воқеага асосланиб ким мусулмон бўлмоқчи? Фақатгина битта инсон – менинг ўзим. Менинг қиссамда мусулмонлар ўзлари учун далда топишлари мумкин, аммо бошқалар бефарқ қолаверади. Фақатгина бошларини чайқаб қўйишлари мумкин, худди мусулмонлар ҳам бошқалардаги тавҳиддан адаштирувчи «учлик», муқаддас шахслар ёки бошқа нарсалар билан боғлиқ «мўъжизалар»ни эшитганда бош чайқаганларидек. Аммо инсон Холиқдан бошқа кимсага ё нарсага илтижо қилар экан, унинг илтижоларига Холиқдан бошқа яна ким ҳам жавоб бера олар эди? Фақатгина ўзига ишонган шахс ўлароқ, шунчаки залолатнинг «ҳақиқатлиги»ни тасдиқлашдан манфаатдор бўлиш мумкинми? Инсониятни залолатга етаклашни шунчаки асосий мақсад қилиб олганлардан бўлиш мумкинми?   

Қандай бўлмасин, ҳар бир шахс ушбу саволларга ўзи жавоб танлайди. Бу масалаларнинг барчаси Аввалги китобда (Таврот) ва Охиргисида (Инжилда) баҳс остига олинади ва қизиққанлар уларни ўрганиб чиқишлари мумкин. Мен эса ўз ҳикоямни гапириб бераман.

Ваъдага вафо

Милодий 1990 йилнинг қишида менинг иккинчи қизим дунёга келиши билан туғиш хонасидан янги туғилганлар учун мўлжалланган тезкор жонлантириш терапия бўлимига ўтказилди. У ерда унинг шоҳтомири торайганлиги ҳақида ташхис қўйишди. Бу эса юракнинг энг муҳим томири торайиб қолганлигини билдирарди. Чақалоқнинг бадани бошидан товонигача қорамтир кўк рангда эди, чунки унинг жисмига керакли миқдорда қон етказиб берилмасдан, қон томирлари «бўғилиб» бораётган эди. Ташхисни эшитганимда ҳолсизланиб қолгандим. Ўзим шифокор бўлатуриб, қизалоғимнинг юрагида шошилинч жарроҳлик амалиётини амалга оширишга тўғри келишини ва бу билан унинг жонини сақлаб қолиш жуда ҳам амримаҳол эканини билардим.

Биз бошқа шаҳардан, Вашингтондаги болалар шифохонасидан юрак-қон томирлари бўйича жарроҳ-маслаҳатчини чақирдик. Унинг келишига қадар мендан тезкор жонлантириш терапия бўлимини тарк этишимни сўрашди, чунки бу ердаги вазият менинг ҳисларимга жуда қаттиқ таъсир кўрсатган эди. Ҳеч қандай қўлловчим йўқлигидан, ўз қўрқув-таҳликаларим билан ёлғиз қолиб, маслаҳат хулосаларини кутган ҳолда мен ўзимни қўярга жой тополмасдим. Шу тариқа оёқларим ўзлари мени шифохона ичида ажратилган ибодат хонасига олиб боришди. У ерда мен тиз чўкдим.

Мен умримда биринчи марта сидқидилдан, самимий киришиб, илтижо қилишни бошладим. Мен доимо даҳрий-худосиз бўлганман. Ўша куни эса қисман Олий Илоҳ борлигини англаб етдим. Айтиб ўтишим керакки, айнан охиригача англаб етмагандим, чунки ўша таҳликали ҳолатимда ҳам мен охиригача иймон келтирмагандим. Ўшанда менинг Яратганга қаратилган илтижоларим бу нарсага қисман шубҳа билан қаровчи кишининг дуолари бўлиб, мен Унга, агар қизимни қутқариб қолса, У учун энг маҳбуб бўлган динни танлаб, ўшанга амал қиламан, деб ваъда бердим. 10-15 дақиқа ўтиб, янги туғилган чақалоқларни сақлаб қолиш марказига қайтдим ва менинг қизалоғим тузалиб кетиши ҳақидаги хабардан ҳайратга тушдим. Марказда қўйилган ташхисга биноан, туғилгандан кейинги икки кунда чақалоқнинг ҳолати ҳеч қандай тиббий ва жарроҳлик аралашувисиз барқарорлашганди. Кейинчалик қизалоқ бошқа оддий чақалоқлар каби ривожланишни бошлади.  

Ҳозир мен бунинг илмий сабабини биламан. Чунки мен ўзим докторман, буни айтган эдим. Шунинг учун ҳам маслаҳатчи шифокор шоҳқонтомирнинг яққол торайиши, ҳужайраларнинг жуда паст миқдорда кислород билан таъминланиши ва ҳаракатсиз қон қуйқаларининг ўз-ўзидан тарқаб кетиши ҳақида айтганида, мен уни жуда яхши тушундим. Мен бу кишини камсўз ва ранги оқарган ҳолида эслаб қолдим. Охир-оқибат у ҳақ бўлиб чиқди, қизалоғимнинг ҳолати ўз-ўзидан яхшиланиб қолди ва Ханна шифохонани саломат ҳолида тарк этди.

Ҳамма фалокат шундаки, хавф-хатар келганда Яратганга ваъдалар бериб қўйганларнинг аксари кейинчалик, ўзларини омонликда сезишгач, аҳдлашувнинг ўзларига тегишли қисмини бажаришдан қочиш учун важлар қидира бошлашади. Худо танимайдиган атеист сифатида мен учун қизимнинг соғайиб кетишини Худонинг иродаси деб эмас, балки тиббиёт муваффақиятларига йўйиб,  Холиққа ишонмасдан юришим осонроқ эди. Аммо мен бундай қилолмасдим. Биз юракни УЗИ қилгандик ва унда ҳужайралар тузилишининг аввалги ва кейинги ҳолатлари орасидаги тафовут яққол кўзга ташланиб турарди. Аввалига бир кун, сўнгра ундан кейинги кун мен фақат Олий Илоҳ аҳдлашувнинг Ўзига тегишли қисмини қай даражада мукаммал ва бекаму-кўст бажаргани ҳақида ўйлай олар эдим, холос. Энди мен ҳам худди шундай қилишим керак эди. Қизимнинг соғайишини тиб илми жиҳатидан асослаб, тушунтириш мумкин бўлса-да (аслида бу «асослаш»нинг ўзи ҳам Яратганнинг хоҳишидан ташқарида эмас экан), У Зот менинг дуоларимни ижобат қилганини англаган эдим. Маълум бир вақт ҳам ўтди. Аммо мен ўшанда ҳам, ҳозир ҳам бошқа бирорта сабаб ва «асослашлар»ни қабул қила олмасдим.

Кейинги бир неча йил давомида мен аҳдлашувнинг ўзимга тегишли қисмини бажаришга уриндим, аммо муваффақиятсизликка учрадим. Мен яҳудий динини ва насороликдан бир нечта оқимларни  ўрганиб чиқдим, аммо ҳеч вақт Ҳақиқат айни шу эканлигини ҳис қилолмадим. Мен талайгина черковларда кўплаб соатларни ўтказиб, узоқ муддат католиклардан бўлдим. Қандай бўлмасин, менинг қалбимда бу дин таълимоти ўз акс-садосини тополмасди. Шу тариқа мен бу ақидани ҳеч ҳам ҳазм қилолмай юрдим, чунки Ийсонинг бутун бошли инжилий таълимоти билан насороликнинг анчагина тафовутли фирқаларига тегишли турли ғояларни бирга жамлаб, ақлимда мувофиқлаштира олмадим. Натижада мен фақат китобларни ўқийдиган бўлиб қолдим ва ўша вақтда Қуръони Карим билан, Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари билан танишдим.

Ўша йиллардаги таълим олиш даврида мен яҳудийларнинг китобларига дуч келиб, уларда Мусо пайғамбарнинг издошлари бўлмиш учта пайғамбар ҳақидаги зикрларни ўқидим. Жумладан, Тавротда Иоанн ва Ийсо ҳақида айтилган, Инжилда эса Ийсо пайғамбарнинг ўзи «охирги пайғамбарнинг келиши ва унга барча эргашиши лозимлиги» ҳақида айтган эди. Мусо ва Ийсолар таъкидлаган тавҳидни Қуръон таълим беришини учратмагунимча, мен Аллоҳ таолонинг Расули Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ўша башорат қилинган охирзамон Пайғамбари деб қарамаган эканман. Мен у кишининг айнан ўша ҳақ Пайғамбар эканлигига у Зотнинг сийратини ўрганганимдан кейин амин бўлдим. Ана ўшанда барча нарса ўз ўрнига тушиб, маъно касб эта бошлади. Ўшанда тўсатдан пайғамбарлар силсиласининг ва улар инсонларга етказган ваҳийларнинг узлуксизлигини, Қодир Аллоҳнинг ягоналигини ва Қуръоннинг моҳиятини англаб етдим. Айнан ўшанда мен мусулмон бўлдим. 

Жуда қизиқ, тўғрими? Аммо унчалик эмас. Чунки мен ўзим буни англаб етдим, десам, менинг адашишим ўта чуқурлашиб кетган бўларди. Мусулмон ўлароқ охирги ўн йил ичида мен олган энг муҳим дарс шу бўлдики, мендан чандон ақллироқ кўплаб одамлар Исломнинг ҳақлигини англай олишмади. Бу масала заковатга оид эмас экан, балки руҳоний-маънавий жиҳатдан «кўз очилиши»га тегишли экан. Чунки Аллоҳ таоло Ўзи бизга хабар бериб, адашган кишилар огоҳлантиришларга қарамай куфрда бардавоб бўлаверишларини айтган. Зеро адашганлар Яратганни инкор қилганлари сабабидан Аллоҳ инкорчиларнинг қалбларини Ҳақиқатдан буриб қўяди. 

Чунончи, Қуръони Каримда шундай дейилган:

«Албатта, куфр келтирганлар, уларни огоҳлантирсанг (қўрқитсанг) ҳам ёки огоҳлантирмасанг (қўрқитмасанг) ҳам, уларга барибир, иймон келтирмаслар. Аллоҳ уларнинг қалбларига ва қулоқларига муҳр босган ва кўзларида парда бор. Ва уларга улкан азоб бордир» («Бақара» сураси, 6-7- оятлар).

Аммо бошқа томондан, хушхабар ҳам бор:

«Аллоҳнинг изнисиз ҳеч қандай мусибат етмас. Ким Аллоҳга иймон келтирса, У Зот унинг қалбини ҳидоятга солур. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчидир» («Тағобун» сураси, 11-оят).

Яна бир оятда шундй дейилади:

«Батаҳқиқ, очиқ-ойдин оятларни нозил қилдик. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсани тўғри йўлга ҳидоят қилади» («Нур» сураси, 46-оят).

Шу сабабдан ҳам менга тўғри йўлни кўрсатгани учун Аллоҳ таолога шукр ҳиссини туяман ва Унинг йўриқларини оддий тарзда шундай ифодалайман:

Холиқни англаш Унга ибодат қилиш, чин дилдан Ҳақни излаб топишга ваъда бериб, унга амал қилиш, Унинг раҳмати келгандан сўнг эса ўз аҳдига вафо қилишдир.  

 
Мавзуга оид мақолалар
Бир куни доктор ҳузурига бориб, фарзандларимни бирбирини уришидан шикоят қилдим. Шунда доктор, отаона бола давоми...

17:13 / 28.12.2016 3891
  Германиядаги мусулмонлар фарзандлик бўлишди. Суннатга эргашган ҳолда, ота боласининг сочини етти кунда давоми...

21:22 / 19.01.2017 3805
САВОЛ Шамоллаш натижасида икки йўлдан бошқа жойдан чиққан сувлар таҳоратни синдирадими ЖАВОБ Шамоллаш давоми...

21:13 / 08.02.2017 5569
 «Ҳозир ўзимнинг эски фильмларимни кўриб қолсам, дарҳол телевизорни ўчириб қўяман. Қанчалик пасткаш ва давоми...

21:41 / 01.01.2017 2740