Инсонларнинг васати
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога У Зотнинг жалолига яраша ҳамду санолар бўлсин!

Аллоҳ расулларининг афзали Муҳаммад Мустафога мукаммал ва тугал салавоту саломлар бўлсин!

Бизнинг туркий халқларимиз тарихига назар соладиган бўлсак, дин ва дунё маданиятига, тараққиётига бемисл ҳиссалар қўшган улуғ зотларни учратамиз. Уларнинг илм оламидаги ўрни эса жуда юксак эканлиги барчамизга маълумдир. Имом Ал-Бухорий, Имом Ат-Термизий, Имом Мотуридий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний... Биз бу силсилани кўплаб шодалар билан тўлдиришимиз, давом эттиришимиз мумкин. Бу гўё сеҳрли, заррин занжирга ўхшайди. Минг йиллардан буён узлуксиз равишда уламоларни улғайтириб келаётган туркий халқлар  бугунги кунда ҳам ўз ишида собит қолган, десак муболаға бўлмас.

Ислом оламининг буюк намоёндасига айланиб улгурган ҳазрати Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳақида айтадиган гапларимиз кўп ва хўбдир. Бу буюк олим билан замондош бўлганимиз, у зот нафас олиб турган ҳаводан нафас олиб яшаганимизнинг ўзи ҳам бизга бир шараф эди. Ҳозирда кўпчилигимиз гуноҳлар қилишдан уялмай, динимизнинг жавҳарини англамай, моҳиятини идрок қилишга интилмай, замона зайлига қараб яшаётган бир даврда, ҳазрат умрини дин йўлида, уни ёйишга, тўғри тушунтиришга, аҳли суннат вал жамоа эътиқодини англатишга ва умуман, дунёдаги исломий умматлар ғамида ўтказди. Балки Аллоҳнинг ҳузуридаги шу каби улуғ ишлари сабаб, ҳар бир мусулмон у кишининг вафотини худди яқин бир кишисининг вафотидай қабул қилди. Зеро, Ҳолиқ севган зотларни, бандалари ҳам севажак.

Шайх ҳазратларининг ҳаёти ҳам алоҳида бир ўрнак. Сабаби у кишининг қолдирган улкан мероси – ёзган китоблари, аудио-видео тасмаларида ёзилиб қолган ваъзлари, турли мавзудаги минглаб саволларга жавоблари – барча-барчасини ўрганишга, ўқиб чиқишга умримиз камлик қилади. Бу инсоннинг қилган ишлари бир одам учун жуда кўплик қилади. 63 йиллик умр мобайнидаги бу улкан меросдан кўз қамашади. Аллоҳ ҳақиқатдан ҳам у кишининг умрига баракот ато қилган эди.

Бугунги кунда дунёдаги бармоқ ила саноқли энг йирик олимларнинг бири деб тан олинган бу инсон ҳақида  фикр ва хотиралар билан бўлишиш ҳақида мурожаат қилган исломий маърифат жонкуярларидан Зафарбек Эркиннинг таклифига бажони дил рози бўлишимнинг сабаби ҳам муҳтарам Уламои киромга бўлган юксак ҳурматимиз бўлди.

...2015 йилнинг 10 Март куни ярим кечаси «Гулистон кўнгиллар ифори» китобимнинг энг охирги таҳрири билан машғул эдим. Бирдан «Ватс-Ап» орқали уяли телефонимга дарак овози келди. Очиб қарасам муҳтарам дўстимиз – муфассир олим, Қуръон Карим маъноларини рус тилига таржима қилган Доғистон Республикаси Дин ишлари бўйича давлат агентлиги директори Сулаймон ҳожи Магомедовдан хат келибди. У киши чуқур қайғу билан кутилмаган хабарни ёзибди: «Устозимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, Аллоҳ ундан рози бўлсин, бевақт бизни тарк этди... 4 соат аввал ўз уйида – Тошкентда...Олим Шайхимиз учун дуо қилайлик!».  Аввалига бу нохуш воқеага ишонгим келмади, телефон орқали аниқлаб олгач, дуога қўл очдим. Кўнглимга ҳеч нарса сиғмай қолди...

Хаёлим мени  2011 йилнинг Ноябрь ойига – Маккаи Мукаррамага олиб кетди... Ўшанда Аллоҳ таолонинг лутфи ила бу азим шаҳарга Халқаро конференцияга таклиф этилгандим. Меҳмонхонамиз Минода жойлашган бўлиб, «Робитатул оламил исломия»га қарашли эди. Биринчи куниёқ у ерда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни учратиб, қувончим зиёда бўлди. Конференцияда Ҳазрат одатларига кўра, жуда теран, чуқур маъноли, кенг қамровли ваъз айтиб бутун дунёдан келган олимларнинг таҳсинига сазовар бўлдилар. Бизларга 18 кун давомида Ҳазрат билан бирга бир жойда ибодат қилиб, овқатланиб, ҳамсуҳбат бўлиб, кўп файз олиш насиб этди.

АРАВОНДАГИ МЎЪЖИЗА

Бир куни устоз Шайх жанобларига Аравонда рўй берган мўъжиза ҳақида сўз қилдим. Ҳазрат тафсилотлари билан қизиқдилар. Мен у кишига бир неча йил аввал Аравонда тўрт минг одам сиғадиган масжид қурилгани ҳақида, у ерда тантанали очилиш маросими бўлгани ҳақида айта бошладим.

Хабарим бор, ўша масжиднинг очилишига мени ҳам таклиф этишган эди, афсуски, бора олмагандим, – деди Шайх.

Қурилиш ишларига аравонлик Мансуров Ҳасанбой ҳожи ака раҳбарлик қилди, – дедим мен.

Ҳа, айнан Ҳасанбой ҳожи мени таклиф этган эди, хўш кейин нима воқеа рўй берди?

Очилиш маросими жуда чиройли ўтди, чет эллик ва маҳаллий меҳмонлар кўп совғалар билан келишди. Мен ҳам қатнашдим. Бироқ эртасига эрталаб Ҳасанбой ҳожи ака телефон қилиб, кимдир масжиднинг маъмурий биносига ўт қўйганини, барча совғалар ёниб кетганини ҳаяжон ва хавотир билан айтиб берди. Зудлик билан Ўшдан икки ҳамроҳим билан Аравонга етиб бордик. Масжиднинг ҳовлисида куйган гиламлар, жиҳозлар ётарди, бир чала куйган янги палос устига ёнғинни ўчириш пайтида шошилгандан китоблар ташлаб қўйилган экан. Дарҳол муқовалари қорайган китобларни кўтариб, стол устига қўйдим ва уларни тозалашга киришдим.

Қандай китоблар экан?

Исломга оид  китоблар экан, афсуски, кўплари олов таъсирида куйиб кетибди. Лекин —Тафсири ҳилол—га ўт теккани билан, бу мўътабар китоб ёнмабди. Муқоваси озгина қорайибди, артган эдим, бинойидек бўлиб қолди. Атрофимдаги одамлар ҳайрон қолиб: «Бу Аллоҳнинг мўжизаси!»– деб калима келтиришди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло «Қуръон»ни асрагувчидир. Бунда, албатта, ҳикмат бор, – дедилар Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари.

 ШАЙХНИНГ «КУШАНДАСИ»

Шайх ҳазратларини меҳмонхонада бирор дақиқа суҳбатдошсиз ҳоли учратиш амри маҳол эди. Дунёнинг барча қитъаларидан келган уламо, олим ва исломшунос тадқиқотчиларнинг барчаси жаҳонга машҳур уламо билан суҳбатга ошиқар эди. Таом ейиш пайтида ҳам у кишини тек қўйишмасди. Айниқса, бўйи ҳам, овози ҳам баланд, сергапроқ суданлик Иброҳим ҳожи  Муҳаммад Содиқ ҳазратларини яхши кўрар, овқатланиш залида бир столда ўтиришга интилар, савол беравериб, овқатланиб олишларига ҳалақит берар эди. Ҳазрат уни бирор маротаба ҳам малол олмаганлар.

— Устоз, Сиз бемалол овқатланиб олинг, биз ҳожи Иброҳимни чалғитиб, унинг ўзини гапга тутиб турамиз, – деган таклифимга:

Ҳечқиси йўқ, мени деб ўзингиз таомдан қолманг, мендан кўра овқат емоқ Сизга зарурроқ, – деб Шайх менинг семиришим кераклигига ишора қилиб, ҳазиломуз жавоб берди, ва:

Ҳожи Иброҳим кўпроқ гапиргани билан тоза инсон, кўнгли пок. У атайлаб қилмайди, ҳар бир имкониятдан илм олиш учун фойдаланишга интилади. Нариги столдаги «Масжидил ақсо»нинг имом- хатибига қаранг, у киши олим. Ичи илмга тўлганлиги учун жим юради. Иброҳим эса Африкада энг таниқли даъватчи, у одамларга гапиравериб, ўрганиб қолган.

Ҳазрат сўзларини тугатиб улгурмай, ҳожи Иброҳим емак ва мевалар тўла патнисини кўтариб бизнинг столга келди ва бўш ўриндиққа ўтириб баланд овозда Шайхга қараб сўзлай бошлади. Шайх бизга қараб кулимсираб қўйдилар...

 МЎЪТАДИЛЛИК ҲАҚИДА

Суҳбатларнинг аксариятида Шайх ҳозирги замонда дунё мусулмонлари учун долзарб масала – мўътадиллик тушунчасининг етишмаслиги сабабли уларнинг айримлари экстремизм йўлига тушиб кетаётганлиги ҳақида, Ғарбда Ислом динига мутлақо ёт бўлган «фундаментализм», «терроризм», «экстремизм» каби «изм» лар Ислом дини билан боғланиб, бу ибораларнинг олдига «Ислом» сўзини ёзиш урф бўлганлиги, натижада эса Ислом – террор, мусулмон эса – террорчи деган тушунчага бориб тақалганлиги борасида бўларди. Шайх мусулмонларга васатия йўлини тарғиб қилиш каби мавзулар тўғрисида сўзлаб, барчамизни ўз юртларимизда бу ишларда фаоллик кўрсатишга рағбатлантирган эдилар. Шайх ҳазратлари  маърифатни ёйиш борасидаги ишларимизни кенгайтириб, зиёлиларни бу ишга кўпроқ жалб этиш кераклигини маслаҳат берганлар.

Мусулмонларни, айниқса, ёшларни турли радикал оқимларга кириб кетишининг олдини олиш йўлида Ислом – мўътадиллик дини эканлигини тушунтириш лозимлигини таъкидлар экан, муҳтарам Шайх  бу борада жаҳондаги энг нуфузли уламолар ва исломий ташкилотлар билан биргаликда кенг қамровли ишлар олиб борилаётганини айтиб берган эдилар. Камина бу бора Ҳазратнинг ўзлари ҳам катта қамровли режалар тузиб, ҳаракатлар бошлаганидан, машҳур аллома ва уламолар Муҳаммад Саид Рамазон Бутий, Юсуф Қарзовийларнинг «жиҳод» ниқоби остидаги терроризмга, учқичларни олиб қочиш, одамларни гаровга олиш ва ўғирлашни қоралаб, фатволар чиқарганларидан хабарлари борлигини айтганида Шайх жаноблари бу ишларни барча давлатларда олиб бориш кераклигини айтиб, барчамизни бу ишларга даъват қилган эдилар. Бир неча бора васатия – мусулмонларинг ҳаёт йўли  бўлиши лозимлигини таъкидлаган эдилар, бу мавзуда ажойиб китоб ҳам ёзиб улгурдилар.

 ХАЛҚ ЭЪЗОЗИДАГИ АЛЛОМА

Бир куни Минодаги меҳмонхонамизга янги русумдаги «Джип» автомашинасида Маккаи Муккарамадан бир киши келди ва Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларини, нафақат Қирғизистонда, Марказий Осиёдан ташқарида ҳам таниқли ўшлик имом-домла Раҳматулло қори Қосимжон қори ўғилларини ва каминани Макка шаҳрида истиқомат қилувчи, асли ўзганлик олим, юзга яқин асарлар муаллифи Муҳаммад Саид Бухорий меҳмонга таклиф этганликларини айтиб, бизни Маккадаги ҳашаматли меҳмонхонага олиб борди. Саид Бухорий ҳазратларининг хоналарида  ажойиб суҳбат бўлди. Шом вақти кирганда домла Саид Бухорий бизга юқоридаги қаватга лифтда кўтарилиб, қирғизистонлик ҳожилар билан намоз ўқишни таклиф этди. Барчамиз катта залга кирдик ва биринчи қаторда намоз барпо қилдик. Дуо ўқилаётган пайтда орқа сафлардаги ҳожилар бир-бирларига секин овозда «Ҳожим, Аллоҳнинг марҳаматини қаранг, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф билан бирга намоз ўқишлик насиб қилди-я! Қўл олишиб, Ҳазратни зиёрат қилайлик!» – деган гаплари эшитилиб турди. Намоз тугаши билан юзлаб ҳожилар Шайхни қуршаб олдилар. Ҳазрат кундузги ибодатлардан чарчаб турган бўлсалар-да, уларнинг кўнглига қараб, ҳамма билан кўришиб, дуолар қилдилар. Ўша куни бу жойда ҳозир бўлган юртдошларимизнинг хотирасида бу кун унутилмас воқеа сифатида сақланиб қолди.

Абу Бакр Дурайд ал-Аздий ўзининг «Жамҳаратил луғати» китобида «Одамларнинг васати дегани, уларнинг яхшиси дегани», деб таъкидласа, унга вобаста имом ал-Жавҳарий ўзининг «Сиҳоҳ» номли машҳур луғат китобида «Васат ҳар бир нарсанинг энг тўғриси ва адолатлисидир», – деб таъриф берган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф буюк олим сифатида фақат ҳақ ва тўғрини сўзлаган, адолатли фатволар чиқарган одамларнинг яхшиси эдилар. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ул зотнинг руҳи покларини раҳмат айласин. Минтақамиздан шундай уламои киромнинг яқин замонларда яна чиқишини насиб айласин.

 Бегижон АҲМЕДОВ

Мавлоно Жалолиддин Румий номидаги тамаддунлар, маданиятлар ва динлар

тарихини тадқиқ этиш бўйича халқаро илмий-маърифий Фонднинг Бош директори

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

Мавзуга оид мақолалар
....Ҳар бири фалакда сузиб юрар,Аллоҳ таоло Ўз қудратини кўрсатиш учун бошимиз узра коинотда бизни ҳайратда давоми...

21:39 / 19.03.2023 3785
Гўзал ўрнакда мужассам бўлиши керак бўлган сифатлардан иккинчиси уммат хизматига шай туришдир. Расулуллоҳ давоми...

10:52 / 12.05.2019 3057
Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу тижорат сафаридан қайтиб келганларидан икки ой ўтиб, давоми...

12:42 / 01.12.2017 2547