Оқ халат масъулияти
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оқ халат масъулияти
islom.uz
  Табобат, бу фалсафадир. Ҳаёт ва ўлим фалсафасини англаб етган киши энг яхши табибдир, ҳозиқ ҳакимдир. Замонасининг атоқли файласуфлари Арасту, Афлотун, Батлимус, Буқрот, Абу Али ибн Сино, Абу Бакр Розий бежизга ҳам вужудларнинг, ҳам руҳларнинг табиби бўлишмаган. Табиблар отаси Луқмони Ҳаким бежизга пайғамбар мақомига муносиб кўрилмаган.
Гиппократ замонигача хаста одамларни аввал руҳий жиҳатдан муолажа қилишган, кейин жасадини даволашган. Уларга касаллик вақтинчалик меҳмон экани, ўлимдан бошқа ҳар қандай дарднинг шифоси мавжудлиги тушунтирилган. Жуда кўп касалликлар муолажасида ҳаким-табибдан кўра беморнинг ўзи кўпроқ фаоллик кўрсатган, табиб уни даволашнинг чин йўлига йўллаб турган, холос. Бугунга келиб аҳвол тамоман бошқача тус олди. Замонавий шифокорларнинг аксарияти беморларнинг руҳий ҳолатига, умуман, эътибор бермай қўйди. Ваҳоланки, ҳозиқ табибларнинг бир гапи бор: «Бемор, табиб ва касалликдан иборат учлик жангида агар бемор табиб билан бирлашса, якка қолганни енгиш осонлашади, бунинг акси бўлса, касаллик ғолиб чиқади». Ҳозирги пайтда ҳеч ким замонавий тиббиётнинг ютуқларини, инсонлар саломатлиги йўлида олиб борилаётган улкан ишларни инкор этолмайди. Айниқса, оғир хасталиклар, жарроҳлик амалиётисиз тузалмайдиган дардларни енгиш учун чинакам фидокорлик кўрсатадиган, асосан, беморни соғайтириб оёққа турғазиш ҳақидагина қайғурадиган инсофли, тажрибали, диёнатли шифокорларимиз кўп. Оқ халатининг масъулиятини яхши англаб, касбининг чинакам моҳирлари бўлган минглаб шифокорларимизга таъзимдамиз. Аммо шоли курмаксиз бўлмаганидай, шифокорлар орасида билим ва тажриба олиш йилларини ғафлатда ўтказиб, бир амаллаб дипломни қўлга киритиб олган, касбини фақат пул топиш омилига айлантирган кимсалар ҳам топилади. Бундайларга сизнинг аҳволингиз, қандай дардга чалинганингиз, касалингизни қай йўл билан тузатиш мумкинлиги каби масалалар мутлақо аҳамиятсиз нарсага айланган. Улар нима қилиб бўлса ҳам, пул ишлаши, соғлиғингиз ёмонлиги, касалликнинг ваҳимали хатарлари билан қўрқитиб, қимматбаҳо муолажа усуллари, дори-дармонлар ва жарроҳлик амалиётларига рози қилиб, сўнгги тийинларингизгача шилиб олиш режасини тузиш билан овора. Бу каби қилиқларга турмушнинг бошқа соҳаларида чидаш мумкиндир, аммо ўртага инсон ҳаёти тикилган соғлиқни сақлаш тизимида бундай кўнгилсиз ҳолатларга тоқат қилиш қийин. Ҳозирга келиб айрим шифокорлар касаллик томонига ўтиб олганга ўхшайди. Дўхтир қабулига кирган беморга «касалингиз ўтиб кетибди, тез чораси кўрилмаса, оқибати ёмон бўлиши мумкин», «касалингизни умуман тушунмадим, ўзингиз бу ҳақда нима деб ўйлайсиз» қабилидаги гапларнинг айтилиши унинг дардига даво бўлиш ўрнига касалини оғирлаштириши турган гап. Эҳтимол, бу гаплар кўпроқ пулини шилиш мақсадида ёки саводсизлигини яшириш учун айтилар?! Лекин бундай «ташхис»дан кейин ҳатто соғ одамнинг ҳам мазаси қочиб қолиши аниқ. Бир танишим ҳикоя қилади: «Яқинда буйрагим шамоллаб, шифокор қабулига бордим. У тузукроқ текшириб кўриш ўрнига мендаги бир қанча касалликларни «кашф қилди», уларни даволаш усуллари ҳақида тушунтирган бўлди, қайси аппаратларга тушиш лозимлигини айтди, охирида таниш аптекачисига йўллашини айтиб, мени «хотиржам» қилди. Қўрқа-писа буйрагим безовта қилаётганини, аввал ҳам икки-уч бор шамоллаганини айтиб, балога қолдим: «Шуни олдинроқ айтмайсизми, қанча вақтимни олдингиз, қўшни хонадаги урологга учранг, мен терапевтман», деб ўшқириб берди». Ҳар қандай оғир дардни ҳам бир оғиз ширин сўз даф қилиши мумкин. Ёки аксинча эндигина бошланган хасталикни шифокорнинг мавҳум, ишончсизлик билан айтган битта қўпол гапи кучайтириб юбориши мумкин. «Тиғ ярасини тузатиш мумкин, аммо тил ярасини тузатиб бўлмайди» деган ҳикматни оқ халатли шифокор яхши тушуниб олиши керак. Яқиндагина ўзим гувоҳ бўлган бир аянчли воқеа: танишимиз томдан йиқилиб, шифохонага тушиб қолди. Йиқилганида пастда ётган арматура парчаси курагидан кириб кетиб, ўпкаси ва юрагига бироз хавф солган эди. Шифокорлар бир неча кун унинг ҳаёти учун чин маънода кураш олиб боришди ва икки ҳафтада оёққа турғазишди. Шифохонадан жавоб бўладиган куни бир «шифокор» «сизда инсултга (мияга қон қуйилиши) чалиниш имконияти пайдо бўлган», деб қўрқитибди. Фаросатсиз бир кимсанинг бу «хушхабар»идан кейин не машаққатлар билан даволанган беморнинг бирданига қон босими кўтарилиб кетди, иситма пайдо бўлди. Қайтадан шифокорларнинг аралашишига тўғри келди. Беморнинг кўнглини кўтариш, «касалингиз хавфли эмас, Худо хоҳласа, тезда тузалиб, кўрмагандай бўлиб кетасиз, биз сиздақаларнинг қанчасини тузатиб юборганмиз» деб тасалли бериш, ҳатто тузалиши умид туғдирмайдиган беморни ҳам тез ва батамом тузалиб кетишига ишонтира олиш касалликни енгишда беморни шифокор иттифоқчисига айлантиради, унинг дардига ярим даво бўлади. Айрим шифокорлар ўз қабулига келган беморнинг хасталиги сабабларини ўрганиб ҳам ўтиришмайди, ҳаммага бирдай «ёдлаб олинган» ташхисларни қўйиб, даволашни бошлаб юборишади. Ҳар бир шахснинг организми ўзига хос шахсий хусусиятларга эгалиги, мизожи турличалиги, бировга шифо бўлган нарса бошқага ҳатто зарар келтириши мумкинлиги, энг аввало беморнинг ўзини шифо топишга руҳий тайёрлаш ва ишонтириш ҳақида бош қотириб ҳам ўтиришмайди. Натижада жамиятда одамларнинг умумий соғлигига жиддий путур етади, соғлиқни сақлаш йўлидаги катта ислоҳотлар самарасиз қолади, тиббиёт ходимларига одамларнинг ишончи йўқолади. Ҳақиқий шифокор ва табиб ўз ҳузурига шифо истаб келган беморларни аввал хасталикдан батамом тузата олишларига ишонтиради, сўнгра беморнинг томирини кўради, мизожини суриштиради, сурги қилдириш ёки ошқозонни қатиқ зардоби, ҳуқна қилиш ёки бошқа воситалар ёрдамида батамом тозалаб, сўнгра муолажани бошлайди. Бир танишимнинг ҳикоя қилишича, унинг оёқ бармоқлари орасига замбуруғ чиқиб, тинмай қичий бошлаган, ҳатто безовталикдан кечалари ухлай олмаган. Шунда у тери касалликларига «ихтисослашган» бир шифокор қабулига ёзилган. Икки соат кутишдан кейин кирса, у ҳатто оёғини кўриб ҳам ўтирмай, «грибок бу» деган ва бир неча қимматбаҳо малҳамларни ёзиб, дорихонадан харид қилишни маслаҳат берган. Бемор «саломатлик ҳамма нарсадан қиммат» қоидасига амал қилиб, малҳамларнинг икки хилини сотиб олган ва бир ойча даволанган. Сал камайгандай бўлармиш-у, икки-уч кунлик танаффусдан сўнг яна қайталанармиш. Охири безор бўлиб, бир танишидан маслаҳат сўраган. У оёқ панжалари орасидаги замбуруғ ва тошмаларга оддий исириқ қайнатмаси энг самарали шифо эканини айтган. Бемор бир боғ исириқни қайнатиб, унинг сувига оёғини солаверган ва тезда ўша машъум «грибок»дан батамом қутулган. Ёки бошқа бир ҳолатни ҳам кузатайлик: замонавий тиббиётда ҳар қандай яранинг пишган фасодини ништар ёрдамида кесиш ёки бошқа усулда зўрлик билан сиқиб чиқариш тажрибаси бор. Бу эса фақат ёмонликка олиб боради. Пишган фасодни фақат табиий йўл билан чиқариш керак. Халқ табобатида, момолар тажрибасида бунинг усуллари кўп: ўтга-қўрга кўмиб пиширилган пиёз, табиб томонидан тайёрланган махсус малҳам, ҳатто чайналган нон ёки хамиртуруш, сабур (алоэ) шохини иккига ёриб олинган шарбати ёрдамида пишган фасодни ёриб, ичидагилардан тозалаш мумкин. Бундай ажабтовур ҳолатни қўл-оёқ ёки елка суяги чиққан, бирор суяги синган беморларни даволашдаги зиддиятли ҳолатларда ҳам кўриш мумкин. Агар шундай ҳолат юз берса, шифокорлар биринчи навбатда рентгендаги суратига қараб унинг ўша жойини гипсга солишади. Арзимаган чиқиқ туфайли бечора бемор ойлаб гипсда қийналиши мумкин. Халқ табиблари эса чиққан жойни бир неча сония ичида усталик билан жойига солиб қўйишади, ҳатто синган ёки лат еган аъзога тухум суриш ёки вақтинчалик тахтакач қилишдан бошқа бирор муолажани қўллашмайди ҳам. Ўзим ҳам қўли-оёғи чиққан ёки синган жуда кўп болаларни Янгиқўрғоннинг Мамай қишлоғидаги, Наманган шаҳридаги  қўли енгил халқ табиблари ёрдамида даволатганман. Яқин-яқингача ва ҳатто ҳозирда ҳам пойтахтдаги айрим инсофли шифокорлар бундай беморларни машҳур Мош табиб (Абдужаббор ҳожи ота) хонадонига йўллаётганлари ҳам ҳақиқат! Шифокорлар фаолиятида фақат олий ўқув юртида олинган билимларгагина суяниб олиш, халқ табобатининг минг йиллик фойдали тажрибаларини менсимаслик ёки батамом инкор қилиш, ўз устида ишламаслик, жаҳон тиббиёти янгиликларини кузатиб бормаслик, беморнинг шахси, алоҳида хусусияти ва мизожи билан ҳисоблашмаслик каби ҳолатларнинг тез-тез учраётгани, беморлар наздида уларнинг обрўсини тўкиб қўймоқда. Обрўсизланган шифокорга эса ҳар қандай бемор ҳам кўпда ишонавермайди. Ишонч, ихлос бўлмаганидан кейин эса касалнинг тузалиши, дарднинг чекиниши қийинлашаверади, ҳатто ёмон оқибатларга ҳам олиб бориши мумкин. Лекин соҳадаги айрим кўнгилсиз воқеалар булар ҳам ҳолва эканини исботлаб турибди. Тиббиёт олий ўқув юртларидан бирида ўқиётган таниш талабанинг ҳикоясига кўра, курсларида бир директорнинг эрка қизи ҳам таҳсил олар экан. Вақтини кўпроқ танцахоналарда, ресторанларда, ўйин-кулги давраларида совураётган бўлажак шифокор дарсларга деярли қатнашмас эмиш. Имтиҳонлар пайтида бирдан пайдо бўлар, ҳеч ким тушуна олмайдиган йўллар билан уларни яхши баҳоларга топшириб чиқар эмиш. Агар бу гап рост бўлса, унда имтиҳон қабул қилувчи домлаларнинг виждонига ҳавола. Бизни бошқа нарса ўйлантиради: эртага дипломни қўлга киритиб, бирор касалхонада иш бошлаган бу қизнинг қабулига келган беморлар не аҳволга тушишар экан? Дарсларда қатнашмай, фақат диплом учун юрган у каби шифокорлар одамларни чин маънода дарддан халос қила олишармикин? Бундайлар қанча-қанча хасталарнинг соғлиғига, ҳаётига зомин бўлмайди, деб ким кафолат бера олади? Хорижий сериалларда кўрсатилишича, фалокатга учраган ёки оғир касалликка чалинган бирор бемор ёки майиб киши «тез ёрдам» машинасида касалхонага келтирилиши билан шифокорлар шошилинч амалиёт ёки муолажани бошлаб юборишади, ҳатто унинг кимлиги ва хасталик ёки фалокат сабаблари билан қизиқиб ҳам ўтиришмайди, анкета тўлдиришмайди. Хавф чекингандан кейингина қолган расмиятчиликлар ҳақида ўйлай бошлашади. Яқинда бир танишимнинг балоғатга етган ўғли ҳеч бир сабабсиз бирданига ҳушидан кетиб қолди. Ярим соат кечикиб келган «тез ёрдам» уни зудлик билан касалхонага олиб борди. Навбатчи шифокор беморнинг аҳволини ўрганиш, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ўрнига, бамайлихотир ўтириб олиб, «тергов» бошлаган: «Исми-насаби, уй манзили, қаерда ҳушидан кетди, ким уни хафа қилган эди, бирор дори ичиб қўймаганми, нима овқат еган эди» ва ҳоказо, ва ҳоказо. Кейин яна бир қанча вақт беморни умумий палатага ётқизиш керакми ёки реанимацияга жойлаш зарурми, ана шу «муҳим» масала муҳокама қилинган. Шу тахлитда бемор ҳаётини сақлаб қолишда ўта муҳим икки-уч соат беҳуда йўқотилган. Эртасига ишга келган тажрибали шифокорлар бемор ноёб бир касалликка чалинганини аниқлашди. Вақтида ёрдам кўрсатилмаган ёш йигит ўзига келмай вафот этди. Бу билан бояги бепарво шифокорни айбламоқчи эмасмиз. Аллоҳнинг қазосидан ҳеч қаёққа қочиб бўлмайди, келган ажални қайтаришнинг иложи йўқ. Аммо айрим шифокорларимиз бемор дардига лоқайд муносабатда бўлиб, баъзи ҳолларда ҳатто уларнинг ўлимига сабаб бўлишаётгани ҳам сир эмас. Лекин буларга қарамай, замонавий тиббиёт ютуқларидан кўз юмиб бўлмайди. Мамлакатимизда инсон саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш борасида олиб борилаётган чуқур ислоҳотлар, тўпланган бой тажрибаларни ҳеч ким инкор қила олмайди. Ҳатто бу ҳақда хориж матбуоти ҳам катта чиқишлар қилмоқда. Яқиндагина Хитойнинг марказий газеталаридан бирида Ўзбекистондаги соғлиқни сақлаш тизимида қўлга киритилган ютуқлар, бу соҳадаги ўзгаришлар ҳақида каттагина мақола ҳам эълон қилинди. Жуда кўп ўлкаларда замонавий тиббиёт (медицина) соҳасида бой тажрибалар тўпланган. Шу ўринда анча қолоқ саналган Кубанинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги тажрибалари эътиборга лойиқ. Ўн бир миллион одам яшайдиган Кубада 350 минг шифокор ишлайди. Соғлиқни сақлаш ишига мамлакатда ишлаб чиқарилаётган ички ялпи маҳсулотнинг саккиз фоизи харжланмоқда (солиштириш учун: Россия атиги уч ярим фоиз сарфлайди). Асосий дориларнинг катта қисми ўзларида ишлаб чиқарилади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳар йили ҳаммани мажбурий тиббий кўрикдан ўтказади (бу ҳақдаги маълумотнома бўлмаса, қоровулликка ҳам ишга олишмайди). Шунинг учун саратон ва бошқа оғир касалликларни аввалидаёқ аниқлаш имкони бўлади. Матбуот, радио-телевидение тинмай саломатликни мустаҳкамлаш йўлларини тарғиб қилади. Натижаси салмоқли: мамлакат ўртача умр кўриш бўйича дунёда Япониядан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турибди. Куба тиббиёти Лотин Америкасида энг яхши ҳисобланади, минглаб мутахассислар «камбағалларга ёрдам» дастури бўйича бутун жанубий қитъада бепул тиббий ёрдам кўрсатмоқда. Болалар ўлими, саратон ва юрак хуружидан вафот этишнинг камлиги бўйича Куба ҳатто АҚШни ортда қолдирган.
Аҳмад Муҳаммад
Мавзуга оид мақолалар
«Иймон»нинг маъноси тасдиқ этмоқ, ишонмоқдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга Аллоҳ таоло томонидан давоми...

10:10 / 02.05.2017 4678
Қизгинам Агар аҳли фазл ва аҳли одобларга насиҳат керак бўлмаганида, сенга ҳам насиҳат қилмасдим. Лекин давоми...

22:15 / 10.11.2023 3194
Қурбонлик худди закот каби ҳижратнинг иккинчи йилида Мадинада шариат бўйича ҳақ ва тўғри ибодат сифатида давоми...

14:42 / 10.11.2016 3543
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм  Ассалому алайкум, азиз мухлисалар Бугун 29 декабрь куни Мавлиди шариф давоми...

09:41 / 23.02.2017 5541