Қудуқ ҳукмлари ҳақидаги фасл
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир қудуққа нажас тушса ёки ҳайвон ўлиб шишиб кетса ёхуд ёрилиб кетса, ё одамми, қўйми ўлиб қолса, имкони бўлса, ундаги ҳамма сув чиқариб ташланади. Агар имкони бўлмаса, биладиган кишининг гапи ила ундаги сув чамаланади.

Товуқдек нарсаларда ўртача пақирда қирқдан олтмишгача, чумчуққа ўхшашда унинг ярми олиб ташланади. Ўрта чамаси унга солиштирилади.

У(қудуқ)нинг нажас бўлиши, агар билинса, тушган вақтидандир. Билинмаса, бир куну бир кечадандир. Агар шишиб кетган бўлса, уч куну уч кечадандир. Икковлари(Абу Юсуф ва Муҳаммад): топилган вақтидандир, деганлар.

  Албатта, бу фаслдаги зикр қилинган гаплар қадимдаги воқеъликдан келиб чиққандир. Ҳозирда бу каби ҳолатлар кам учрайди. Шундоқ бўлса ҳам, илм маъносида, гоҳида бўлса ҳам керак бўлиб қоладиган ҳодиса шаклида ўрганиб қўйганимиз зарар қилмайди.

Бир қудуққа нажас тушса ёки ҳайвон ўлиб шишиб кетса ёхуд ёрилиб кетса, ё одамми, қўйми ўлиб қолса, имкони бўлса, ундаги ҳамма сув чиқариб ташланади.

Демак, қудуқ ёки шунга ўхшаш сув жамланиб турадиган нарсаларга бирор ҳайвон ёки одам тушиб ўлиб қолса, ўшандаги барча сув нажасга айланиб қолар экан. Ўша қудуқдан яна фойдаланиш учун эса имкони бўлса, ундаги сувнинг ҳаммасини чиқариб ташлаш лозим бўлади. Яна янги сув тўлганидан кейин ундан аввалгидек фойдаланаверилади.

Тоҳовий ва Ибн Абу Шайба Ато раҳимаҳуллоҳудан саҳиҳ иснод ила ривоят қиладилар:

«Бир ҳабаший Замзамга тушиб ўлиб қолди. Абдуллоҳ ибн Зубайр амр қилди. Унинг суви тортиб олинди. Сув тўхтамай чиқаверди. Назар солинган эди, Ҳажарул асвад томондан булоқ оқаётган экан. Бас, Ибн Зубайр, етади, деди».

Агар имкони бўлмаса, биладиган кишининг гапи ила ундаги сув чамаланади.

Бунда қудуқнинг кўзини беркитиш имкони бўлмаган ҳол ҳақида сўз бормоқда. Унинг ичидаги сувни олиш билан ўрнига янги сув пайдо бўлиб қолаверади. Бундай ҳолда илмини биладиган киши, бу қудуқда фалон миқдордаги сув бор, деб гувоҳлик беради. Ўша миқдорни олиб ташлангандан кейин, қудуқдан аввалгидек фойдаланаверилади.

Товуқдек нарсаларда ўртача пақирда қирқдан олтмишгача, чумчуққа ўхшашда унинг ярми олиб ташланади.

Албатта, бу гапдаги пақирлардан ўша вақтнинг пақирлари кўзда тутилган.

«Насбур-роя ли аҳодиси Ҳидоя» китобида зикр қилинишича, Анас розияллоҳу анҳудан, агар сичқон қудуқда ўлиб қолиб, дарҳол чиқариб олинса, йигирма пақир сув чиқарилиши лозимлиги ривоят қилинган.

Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан, агар қудуқда товуқ ўлиб қолган бўлса, қирқ пақир сув чиқарилиши ривоят қилинган.

Ўрта чамаси унга солиштирилади.

Агар ичидан ўлик нарса топилган сув тортадиган пақир ўртача бўлмаса, у ила сув олишни ўртача пақирга солиштириб ўлчанади. Мисол учун, мазкур пақир ўртача пақирдан икки баравар катта бўлса, йигирманинг ўрнига ўн пақир олиб ташланади. Агар пақир ўртачадан икки марта кичик бўлса, олтмишнинг ўрнига бир юз йигирма пақир сув чиқарилади.

 У(қудуқ)нинг нажас бўлиши, агар билинса, тушган вақтидандир.

Яъни ўлик тананинг қудуққа тушган вақти маълум бўлса, унинг суви ўша вақтдан нажас ҳукмига киради. Бирор киши мазкур вақтдан кейин ундан таҳорат қилган бўлса, таҳорати поклик ўрнига ўтмайди. У киши бошқа таҳорат қилиши ва намозларини ҳам бошқатдан ўқиши лозим бўлади.

 Билинмаса, бир куну бир кечадандир.

Ўлик тананинг қудуққа қачон тушгани маълум эмас. Шу билан бирга, у шишиб ҳам кетмаган. Бу ҳолатда ўша кўрган вақтдан бир куну бир кеча олдиндан бошлаб сув нажас, деган ҳукм чиқарилади. Мазкур муддат ичида ўша қудуқдан қилинган таҳоратлар, ғусллар ҳисобга ўтмайди. Улар билан қилинган ибодатлар ҳам бошқатдан қилинади.

 Агар шишиб кетган бўлса, уч куну уч кечадандир.

Чунки, одатда, уч кун бўлмасдан, ўлган нарса шишмайди.

Икковлари (Абу Юсуф ва Муҳаммад): топилган вақтидандир, деганлар.

Бу – мазкур икки имомнинг ижтиҳоди.

Уламоларимиз ўша қудуқдан сув оладиган пақирнинг ҳажми бугунги кун ўлчовларида олти ярим литр эканини айтишган.

Агар ўша ўлик нарса топилган қудуқ ёки ҳовузнинг сувини ёнидан тешик ёки ариқ очиб оқизиб чиқариш имкони бўлса, ўшандоқ қилган маъқул, дейдилар.

Қудуқ яқинида нажосатли нарса бўлса, нима бўлади, деган саволга уламолар икки хил жавоб берганлар.

Баъзилари, ўша нарса етти ёки ўн аршин узоқда бўлса, ҳечқиси йўқ, деганлар.

Бошқалари эса, бунда таъм, ҳид ва ранг ўзгариши эътиборга олинади, деганлар. Агар ўша нарса сувнинг ушбу уч сифатидан бирини ўзгартираётган бўлса, ундан таҳорат қилиб бўлмайди.

Шу ерда таҳоратга ишлатиш мумкин бўлган сувларнинг бир тури ҳақида замонавий ҳужжатни келтириб ўтишни маъқул кўрдик.

 
Мавзуга оид мақолалар
  «Закот» сўзи луғатда «поклик» ва «ўсиш» деган маъноларни билдиради. Закот берган кишининг моли давоми...

13:45 / 04.06.2017 4481
Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Шаъбон ойи дўстларга муборак бўлсин Ўзи бизга ҳайрбаракани, давоми...

10:31 / 24.12.2016 4873
Бухоролик олим муҳаддис, фақиҳ Абдуллоҳ Субазмуний ваф. 340952 й. ўзининг «Кашф алосор фи маноқиб Аби Ҳанифа» давоми...

21:00 / 28.12.2019 2957