Cуҳбат
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

– Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Аввало, Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг вафотлари билан чуқур таъзиямизни яна бир бор изҳор қиламиз. Ижозатингиз билан, Ҳазрат ҳақларида ўзимизни қизиқтирган саволларни сўрасак.

– Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ташаккур! Аллоҳ ажрингизни берсин! Марҳамат.

– Ҳазратнинг вафотлари сиз учун қанчалар кутилмаган бўлди? Ўша кунни қандай эслайсиз? Бу Сиз ва Ҳазрат учун одатий кунлардан биримиди?

– Умрим давомида қаерга бормай, ким билан гаплашмай, одамлар мендан доим Ҳазрат ҳақларида сўрашар ва мен уларнинг олимнинг ҳаётини билишга бўлган қизиқишларини инобатга олиб, у киши ҳақларида завқ‑шавқ билан сўзлаб берар эдим. Вафотларидан кейин бу ҳол яна ҳам кучайди, яъни Ҳазратнинг шахсиятларига қизиқиш тобора ортиб, энди ким билан суҳбат қурмайлик, мавзу фақат у киши ҳақида бўлиб қолди. Лекин энди дилимда ғам билан, кўзларимда нам билан эслаб гапираман.

Ҳазратнинг вафотлари мен учун қанчалик кутилмаган бўлди?...

Гарчи мўмин банда ўлим ҳақлигини билса‑да, Қуръони Каримда «Ҳар бир нафс (жон) ўлимни тотгучидир», дейилган бўлса‑да, барибир, инсон зоти ғафлатда қолар экан. Ҳеч ким қачон, қаерда ва қай ҳолатда ҳаёти ниҳоясига етишини билмайди. Ўлим тўсатдан, кутилмаганда, ҳеч бир огоҳлантиришсиз келиб, инсонлар орасидан вақти соати етганларни бирма‑бир олиб кетиши ва ҳеч ким уни бир лаҳзага бўлсин тўхтатиб қола олмаслиги айни ҳақиқатдир. Шундай бўлди ҳам. Бу мусибат шунчалар тез ва тўсатдан рўй бердики, унинг зарбасидан ҳалигача ўзимизга кела олганимиз йўқ.

Ҳар бир содиқ мусулмон, айниқса, Ҳазратдек олим инсон бир умр мана шу кун учун тайёргарлик кўриб яшашини билсак‑да, бу айрилиққа тайёр эмас эдик. Баъзи одамлар йиллаб тўшакка михланиб ўлимини кутиб ётади, баъзилар жуда кексайиб кетганидан ўлимни бўйнига олиб қўйган бўлади гўё. Лекин Ҳазратда на беморлик асорати, на кексалик ҳолати, на умрлари тугаётганига далолат қиладиган бирор аломат бўлмаган. Ёнингизда яшнаб яшаб юрган бир забардаст инсоннинг тўсатдан вафот этишидан ҳар қандай ақл саросимага тушиши табиий.

Ўша куни... ўша кунни эслашнинг ўзи оғир. Кун одатдагидек юмушлар билан бошланган, ҳамма ўз иши, вазифаси билан овора. Ҳазрат одатдагидек жўшқин ва фаол. Бироқ бу кун оғир жудолик билан якун топди ва қолган умримизга етгулик қайғу-ҳасратнинг бошланиши бўлди. Бир лаҳзада қиёмат бўлгандек дунёйим остин-устун бўлиб кетди. Ҳаётнинг таъми ва ранги йўқолди, ҳамма нарса оқ-қора тасвирда кўрина бошлади. Бироқ биз мусибат келганда чиройли сабрга буюрилганмиз, Аллоҳнинг берган синовига сабр қилишдан бошқа чора йўқлигини биламиз.

Таъзияга келаётган одамларнинг кети узилмас эди, гўё бутун дунё хонадонимизга оқиб келаётгандек. Ҳамма карахт бўлиб қолган, кўзлар қизарган, ёшга тўлган, қадди бастлар букилган, ҳатто ҳаво ҳам қаттиқ совиб кетди ўша куни. Бутун олам мотам тутаётгандек бўлди...

Аммо ўша мусибат куни ғаройиб ҳолат кузатилди. Ҳазратнинг вафотларини эшитганимизда ҳушимиздан айрилгудек бўлган эдик, лекин муборак жасадлари хонадонга олиб кирилганда у киши билан бирга ажойиб бир сакина – хотиржамлик кирди, қалбларни у кишининг ҳайбатлари босди. Ҳамманинг кўнглига қандайдир сокинлик ва сабр илҳом қилингандек бўлди. Ҳаётлик чоғларида ҳам қаерга бормасинлар, бирпасда ғала-ғовур босилиб, одамлар жим бўлиб қолар, виқор ва салобатлари билан даврага файз ва сокинлик олиб кирар эдилар. У кишининг муборак вужудлари вафотларидан кейин ҳам ўз файзу маҳобатини кўрсатди.

– Шайх ҳазратларининг вафотлари Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида у кишини таниган жуда кўпчиликни, барча мусулмонларни ларзага солди. Ҳатто айрим шогирдлари энди нима қиламиз, ким бизга йўл кўрсатади, дегандек саросимага тушдилар. У кишининг энг яқин одамлари сифатида сиз ва фарзандларингиз бу мусибатни қандай қарши олдингиз? Ўтган вақт давомида у кишининг йўқлиги сизларга қанчалик билинди, билинмоқда?

Ҳа, олимнинг ўлими – оламнинг ўлими. У кишининг вафотлари нафақат бизнинг оиламиз, яқинларимиз ва мухлис шогирдлари, балки бутун дунё мусулмонлари учун ғоят катта йўқотиш бўлди. Ўша куни дунёнинг ҳар еридан, олиму фузалолардан, дўстларимиздан, мухлис кишилардан интернет воситалари ва телефон орқали тўхтовсиз таъзиялар келди. Уйимизга келган ҳар бир инсон худди бир азиз яқин кишисини йўқотгандек, «шайхим», «ҳазратим», «устозим» деб бўзлар, ҳатто кўпчилик «ота-онамни йўқотиб ҳам бунчалик куймаган эдим», дейишарди. «Бир Раббоний олим вафот этса, қиёматгача тўлмайдиган бўшлиғ пайдо бўлади», деган маънодаги ҳадисни англаб етдим.

Қалбимизни ҳуввиллатиб кетдилар...

Ҳазратим бир умр одамларга қалам кучи билан насиҳат қилиб ўтган бўлсалар, вафотлари кунидан бошлаб кўп мухлису шогирдлари ҳам қўлларига қалам олиб, Ҳазратга бағишлаб қасидаю дил изҳорлари ёзишга тушиб кетишди. Ҳамма шоир, ҳамма ёзувчига айланди гўё. Худди қайғу-ҳасратини қоғоз‑қалам билан чиқармоқчи бўлгандек..

Ҳазрат жуда кўп шогирд етиштиришга улгурган эдилар. Умуман олганда, у кишининг китобларини ўқиб баҳра олган ҳар бир инсон ўзини у кишига шогирд деб биларди...

Ҳақиқатда у кишининг вафотлари барча мухлисларини, шогирдларини ларзага солди. Кўпчилик «Энди нима қиламиз, энди нима бўлади?» дея саросимага ҳам тушиб қолди..

Биз бу мусибатни имкон қадар Аллоҳ буюрганидек, шариат кўрсатгандек қарши олишга ҳаракат килдик.

Фарзандларим учун бу айрилиқ ҳаётларидаги энг оғир жудолик бўлса‑да, шундай сабру матонат билан туриб беришдики, баъзи ҳолларда улардан ибрат ҳам олдим.

Ҳазрат ҳаётлик чоғларида доим у кишига суяниб, ҳар бир масалада у кишидан маслаҳат сўрашга ўрганиб қолган фарзандларим бир лаҳзада анча улғайиб қолишди. Отаси билан бағри бутун бўлиб, тўлиб‑тошиб юрган болалар энди бутун масъулият ўзларига қолаётганини ҳис қилишди. Улар нафақат отадан айрилдилар, балки ўзларининг хато-камчиликларини тўғрилаб турадиган самимий дўстларидан, керак пайтда қалқон бўлиб туриб берадиган ҳимоячиларидан, икки дунё саодатини таълим берадиган устозларидан, бутун умр ҳаётини дин учун бағишлаган йўлбошчиларидан жудо бўлдилар. Шунга қарамай, улар у кишини бутун борлиқлари билан Аллоҳнинг ҳукмига таслим бўлиб, сабру матонат билан сўнгги йўлга кузатдилар.!!!

Ташқарида ўғлим эркак қариндошлар билан биргаликда кети узилмаётган одамлар оқимини кузатар экан, унинг тилидан фақат «Аллоҳнинг иродаси, сабр қиламиз» деган сўз чиқарди. «Энди нима бўлади?» деган саволларга «Иншааллоҳ, Ҳазратнинг ишлари давом этади, китоблар яна чиқади», дея тасалли берар, уларнинг кўнгилларини тўқ қилар эди. Ичкарида эса қизларим ҳам дод-фарёд қилмай, гўзал сабр кўрсатишарди. Келди-кетдига, телефон ва интернетдан келаётган таъзияларга жавоб қилишар, Қуръон ва зикр билан машғул бўлишарди. Мен буларни кўриб, Аллоҳга ҳамд айтардим.

Одатда, мусибат вақт ўтиши билан енгиллашарди, унутилар эди. Ҳазратдан айрилиш мусибати эса борган сари оғирлашиб, қадрлари кун сайин билиняпти. Лекин Ҳазрат ўзларининг фироқлари оғир бўлишини билгандек оила, фарзандларини ҳам ўзига яраша сабрли, матонатли қилиб тарбиялаб кетган эканлар. Инсоннинг қандайлиги бошига мусибат тушганда билинар экан.

Энди ҳамманинг фикри-хаёли Ҳазратнинг ишларини тўхтатмай, бирдам бўлиб, у кишига ўхшаб яшашга уринишдан иборат бўлиб қолган. Ҳазратнинг вафотлари ҳам биз учун катта сабоқ бўлди.

– Энди бевосита ўзингиз ҳақингизда гапириб берсангиз, хусусан, Шайх ҳазратлари билан танишувингиз қандай кечган?

Инсонга ўзи ҳақида гапириш бироз ноқулай, айниқса, аёл кишига. Аммо Ҳазрат олим бўлганлари, у кишининг ҳаётларига алоқадор нарсалар ҳамма учун қизиқарли, айни дамда ибратли  бўлгани учун бироз гапириб бермоқчиман.

Падари бузрукворимиз, замонасининг етук олимларидан бўлган Шайх Исмоил Махдум, ўша динсиз Совет ҳукумати даврида ҳам динга хизмат қилиб ўтганлар. Аллоҳ у кишини раҳмат қилсин.

Дадам Ҳазратнинг оталарига ҳам, кейинчалик ўзларига ҳам устозлик қилганлар. У киши Ҳазратга жуда юқори баҳо берардилар. Ўзлари илмли киши бўлганлари боис, куёв танлашда ҳам шариатга мувофиқ, илми, дини ва диёнатига қараганлар. Унаштирув кезлари оиламизда кўпчилик истихора қилган, кўпчилик тушида китоб кўрган. 1974 йилда тўйимиз бўлган. Ўзимиз Тошкентда яшасак‑да, тўй Наманган ва Андижонда бўлиб ўтган. Ҳазратнинг ота ҳовлилари Булоқбошига келин бўлиб тушганман. Тўйдан сўнг кўп ўтмай Тошкентга кўчиб келганмиз.

– Биз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни олим ўлароқ биламиз, сиз у кишини оила бошлиғи – ота сифатида қандай таърифлаган бўлардингиз?

Ҳазрат ҳамма нарсада Қуръон ва суннатга амал қилиб яшаганлар. Оила бошқаришга ҳам шундай ёндашганлар. Ўзлари ёзганларидек, оилани «фароғат қасри» деб билганлар. «Сизларнинг яхшиларингиз аҳлу аёлига яхшиларингиздир», деган мазмундаги ҳадисга тўлиқ амал қилардилар. Ҳазрат чин маънода оилапарвар раҳбар, кенгбағир жуфт, меҳрибон ота эдилар. У киши менга ёки фарзандларига дилозорлик қилмаганлар, бирор нарса талаб қилмаганлар, балки ҳамма нарсада шахсий ибрат  кўрсатиб яшаганлар. Кам гапирар, кўп фикрлар эдилар. Биздан бирор хатолик ўтса ҳам, ўта босиқлик билан танбеҳ берардилар ёки гапирмай қўярдилар. Биз ҳам ўз ўрнида ўзимизни ислоҳ қилишга ҳаракат қилардик. У кишини қайнота сифатида хам алоҳида таърифлаш мумкин. Ҳазрат келинимни ўз қизларидек кўрардилар, қадрлардилар. Айни чоқда келиним ҳам Ҳазратни ўз отасидан‑да яхши кўрар, ҳурматлар эди. Ҳазрат ука ва сингиллари учун ҳақиқий ота ўрнида эдилар. Қариндош‑уруғ, ёру дўст – барчага самимий маслаҳатгўй эдилар. Ҳар қандай муаммо у кишига айтилиши билан осонгина ечим топарди.

Ҳазрат фарзандлар тарбиясига жиддий эътибор берганлар. Уларнинг илму маърифатли, динга хизмат қиладиган инсон бўлиб етишишига қаттиқ ҳаракат қилганлар. Болаларнинг ҳар бирига алоҳида аҳамият берардилар. Ҳар бирига феъли-атвори, иқтидори, салоҳиятини кўздан қочирмай муносабатда бўлардилар.

Ўғлим Исмоилжон Ҳазрат таҳсил олган дорулфунунда ўқиган. Ҳазрат ўғилларини ўзларига энг яқин дўст, маслаҳатчи, сирдош тутардилар. Барча ишларини унга ишонардилар. Уни энг муҳим, энг салмоқли ва энг керакли одам кўрардилар. Бу ҳам айни ҳикмат бўлган экан. Ҳозирда у ҳамма масъулиятни ўз зиммасига олиб, Ҳазратнинг ишларини давом эттирмоқда.

Ҳазрат қизларини жуда яхши кўрар, уларга алоҳида меҳр кўрсатар эдилар. Шу билан бирга, уларнинг тарбиясига, ахлоқ‑одоби гўзал бўлишига, шахс сифатида шаклланишига, жамиятда ўз ўрнига эга бўлишига алоҳида эътибор қаратар, бу борада талабчанлик қилар эдилар. Ҳазрат уларнинг ҳам илм хизматида бўлишини истаганлар. Улар ҳам, Аллоҳга шукрки, илму маърифат хизматида, оталарининг йўлларини давом эттиришга ҳаракат қилиб келмоқдалар.

Шайхнинг спортга бўлган қизиқишлари, хусусан, у кишининг баскетбол ўйнашлари, эҳтимол, кўпчиликка вафотларидан кейин маълум бўлган бўлса керак. Яна қандай қизиқишлари бор эди? Бўш вақтларини, агар шундай вақтлари бўлган бўлса, қандай ўтказар эдилар?

Ҳазрат спортга қизиқардилар. Сузиш, теннис, баскетболга моҳир эдилар. Ҳафтада бир неча соатни спорт билан шуғулланишга ажратгандилар.

У киши нафақат руҳ саломатлигига, балки тан сиҳатлигига ҳам катта эътибор қаратар эдилар. Соғ танда – соғлом ақл деган ибора Ҳазратга ҳақиқий маънода мос келар эди. Мунтазам спорт билан шуғулланганлари боис доим тетик, бардам юрардилар. Ҳазрат мазаси қочганда дарров кўрпа-тўшак қилиб ётиб оладиганлардан эмасдилар. Таналари чиниққанлиги сабаб касалликни ҳам тез енгиб олардилар.

Ҳамма янгиликка, инсонни камолотга етказадиган барча соҳаларга қизиқар эдилар. Энг катта қизиқишлари, албатта, китоб мутолааси эди. Бўш вақтлари, деярли, йўқ эди. Ҳар бир кун ва соатлари дақиқасигача ҳисобли эди. Вақтга у кишидан харисроқ кишини кўрмаганман. Ҳазратни соатлаб биров билан шунчаки вақт ўтказиш учун гаплашиб ўтирганларини кўрмасдингиз. Мабодо бўш вақтлари бўлиб қолса ҳам, оила даврасида ўтказар, шунда ҳам суҳбатларимиз, асосан, дин-диёнатдан бўларди.

– Исломда аёлнинг ўрни энг кўп тортишиладиган мавзулардан биттаси. Хусусан, ғарбда Ислом аёлнинг ҳуқуқларини чеклаши, уни камситиши ҳақида кўп гапирилади. Ҳазратнинг оилалари мисолида сиз аёл ҳуқуқлари, оила ва жамиятда аёлнинг ўрни ҳақида нималар деган бўлардингиз?

Бундай гапларни Исломдан хабари йўқ кимсалар гапиради. Аёл кишини азиз қилган ва ҳуқуқларини адолат билан ҳимоя қиладиган ягона дин Ислом экани кундек равшан. Исломда аёлга, аввало, муборак она сифатида қаралади. У фарзанд сифатида ота‑онасини дўзахдан тўсувчи парда, жуфти ҳалол ўлароқ эркак диёнатининг ярми, она кўринишида жаннати наъим деб таърифланади. Аёл жамиятни қуришда катта ўрин эгалловчи, келажак пойдеворини қўйиб берувчи бинокордир. У Исломга тош отаётганлар қарашидагидек, нафс ўйинчоғи эмас.

Ҳазратнинг ҳам аёл зотига эҳтиромлари ўзгача эди. Оналарига, аёлларига, қизлари, келинларига, умуман, аёл зотига доим шариатга мувофиқ муносабатда бўлганлар. Муслима аёлнинг ҳақ‑ҳуқуқи ҳақида кўплаб китобларида ёзганлар ва бунга ўзлари амал қилардилар. Аёлнинг жамиятдаги ўрнини алоҳида таъкидлардилар ва аёлларнинг илму маърифатли бўлишига катта аҳамият берар эдилар. Қизларимни ҳам ёшлигидан илмга ошно қилиб ўстирганлар.

Аввало, аёл – жамиятнинг бир бўғини. Унинг жамиятдаги ўрни оиладан бошланади деб биламан ва унинг ҳақ‑ҳуқуқи даставвал оилада ҳимоя қилинган бўлиши керак, деб ўйлайман. У ўзи маърифатли, кенг дунёқарашли ва барча ишда ибрат бўла олсагина, оила фаровон, жамият салоҳиятли бўлади. Бинобарин, ҳар бир аёл илм олиши, маърифатли бўлиши, жамиятнинг ҳар бир жабҳасида қатнашиши тарафдориман. Бунинг учун жамиятдаги эркаклар масъулдирлар. Улар аёл кишига Аллоҳ буюргандек муносабат қилиб, шариатга мувофиқ иш тутишни бошласаларгина, аёлларнинг ҳақ‑ҳуқуқлари поймол бўлишининг олди олинади.

– Шайх ҳазратлари даражасидаги бир буюк олим билан яшаш, ҳойнаҳой, катта масъулият, жумладан, маълум даражадаги исломий билимни ҳам тақозо қилса керак. Сиз исломий илмни қаерда олгансиз? Устозларингиз ким?

– Албатта, Ислом олимининг ҳаёти, турмуш тарзи бошқа соҳадаги кишиларникидан анча фарқ қилади ва оила аъзолари, хусусан, аёлига катта масъулият юклайди. Чунки олимни илмга ажратиб қўйиб хотиржам ишлашига имконият яратиб бериш учун аёл киши уқувли, фаросатли, сабру матонатли бўлиши, уни ҳар хил майда‑чуйда ташвишлардан холи қилиб қўйиши керак. Олим одам арзимас икир‑чикир ишлар билан банд бўлиб қолса, буюк ишларга  улгира олмаслиги мумкин.

Ҳақиқатда, олим эрни тушуниш, қилаётган ишининг аҳамияти нечоғлик эканини ҳис қилиш учун аёлда ҳам илмга муҳаббат ва маълум даражада исломий билим бўлиши зарур. Акс ҳолда, илмнинг қадрига етмаган аёл олимнинг ҳам қадрига етмаслиги, натижада Аллоҳ унга ато этган бебаҳо гавҳарни хор қилиши мумкин. Аллоҳга шукрки, мен илм аҳлини қандай эъзозлаш кераклигини онамдан кўриб катта бўлдим. Ҳазрат мени: «Онангизнинг «дорулфунун»ида таҳсил олгансиз‑да», деб эркалаб қўярдилар. Жуда кўп иқтидорли олимларнинг илмда юксалмай қолиб кетганларининг сабабларидан бири аёлларининг масъулиятсизлиги деб ўйлайман.

Исломий билим олишимга келсак, алоҳида бирор мадрасада ўқимаганман. Лекин ёшлигимдан отамнинг, кейинчалик эса Ҳазратнинг «мадраса»ларининг талабаси бўлганман. Ҳаётим илм аҳли ва китоблар ичида ўтганидан бахтиёрман. Мен ҳазратни «турмуш ўртоқ» деб эмас, «Ҳазрат», «устоз» деб қарардим. Ҳазратнинг кўп китобларини қўлёзмалик чоғидаёқ ўқиб чиққанман. Мен бирор фикр билдирсам, у киши инобатга олардилар. Менинг диний билимларим у кишининг китобларини ўқиб, ўзларидан ибратланиб, бевосита савол-­жавоблар қилиш билан шаклланган.

Уйимизга ҳар хил масала сўраб келадиган аёлларнинг саволларига қўлимдан келганича жавоб бериш, билмаганларимни Ҳазратдан сўраб бериш куннинг аввалги қисмидаги вазифаларимдан бири эди.

Бундан ташқари, Ҳазрат кўп илмий анжуманларга, сафарларга мени ҳам олиб борардилар. Мана шундай йиғинларда ҳам катта билим ҳосил бўларди. Шу билан бирга, рўзғор ишлари, у кишининг таомлари вақтида тайёр, кийимлари доим покиза бўлишини таъминлашни асосий бурчим деб ҳисоблардим.

– Ўзбекистонда дин олимлари оз эмас, умуман, Туркистон, Моварауннаҳр дейилган заминда азалдан Исломнинг ривожига ҳисса қўшган катта­-катта олимлар етишиб чиқишган, бугун ҳам бор. Аммо Ҳазратни халқимиз, мусулмонлар назарида бу қадар катта эътиборга лойиқ қилган жиҳатлар нималар, деб ўйлайсиз?

– Ҳазратнинг бу даражага етишлари учун жуда кўп омилларнинг мувофиқ келиши – илмли отанинг қўлида вояга етишлари, яхши устозлар ҳузурида таълим олишлари, ўзларининг иқтидорлари, тинимсиз меҳнатлари ва буларнинг ҳаммасини самарадор қилган Аллоҳ таолонинг инояти, у кишига Ўз фазлидан илму ­ҳикмат ато этиши сабаб бўлгандир. Кейин, Ҳазратни бу қадар катта эътиборга лойиқ қилган жиҳатлари, ўз илмларига амал қилишлари, ўқиган, ёзган китобларидаги нарсаларни ўзлари қилиб, ибрат бўлиб кўрсата олганлари бўлган. Агар инсонда, хусусан, олимда, гапига амал бўлмаса, унинг сўзида таъсир ҳам бўлмайди. Бошқалар у кишини юзадан кўриб баҳо берса, мен Ҳазрат билан бир умр бирга яшаб шунга амин бўлдимки, Ҳазрат умр бўйи Аллоҳнинг розилигини истаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ уммат бўлишга ҳаракат қилиб яшаганлар. Иншааллоҳ, ниятларига етдилар, деб умид қиламан. Ҳазратим ўз зиммаларидаги вазифани бажариш учун чин маънода фидо бўла олган инсон эдилар. Умр бўйи, ҳар куни саҳар чоғидан то ярим тунгача тинмадилар. Аллоҳдан келган барча синовларни мардонавор енгиб ўта олдилар. Чунки у кишининг мақсадлари буюк, Аллоҳга бўлган иймонлари бутун, ниятлари холис, ҳимматлари баланд эди. Мана шуларнинг бари ва яна айтилмаган кўп яхши хислатлари Ҳазратимни бутун инсонлар назарида катта эътиборга лойиқ қилган жиҳатлар деб биламан. Энг муҳим жиҳатларидан яна бири китобларида ҳам, қилган маърузаларида ҳам фикрларини қисқа, лўнда қилиб, оддий китобхонга тушунарли тарзда етказа олиш қобилиятига эга эди. Балки, китобларининг нашриётдан чиққан заҳоти қўлма‑қўл бўлиб кетишининг сабабларидан бири ҳам шу, менимча.

Мана, ҳозир у кишининг тунлар кўзларининг нурини тўкиб ёзиб кетган, қанча меҳнат, бедор кечалари эвазига бинога келган китоблари бутун миллат учун йўлчи юлдуз бўлиб турибди. Мен бу асарларни қўлимга оларканман, у киши худди ёнимда тургандек нафасларини ҳис қиламан, ўқишни бошлаганимда эса қулоқларим остида овозлари жаранглаб туради. Нурли сиймолари кўз олдимга келиб беихтиёр кўзларимдан ёш қуйилади, дийдор қиёматга қолди...

muslimaat.uz

Мавзуга оид мақолалар
Муслима олийгоҳнинг энг яхши талабаси  Нигерия штатларидан бири Осундан келган муслима Харьковдаги давоми...

16:13 / 14.06.2017 11053
Абу Барза алАсламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эй тили давоми...

13:21 / 10.11.2016 3736
Ислом шариати етимларни васийликка, ҳомийликка, оталиққа, яъни ўз қарамоғига олишни буюради. Бу ишга давоми...

18:16 / 27.11.2016 4057