Жаннатдан олиб келдим
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Машҳур муҳаддис, аллома ва буюк зотлардан бири шогирдларига ҳадис фанидан дарс берар эди. Имтиҳон қилиш мақсадида талабаларга юзланиб: «Эй шогирдлар! Эй талабалар! Эртага менинг олдимга энг қиммат нарсани олиб келинглар!»– деди. Талабалар уйларига қайтишди. Эртаси куни, бомдод намозидан сўнг ҳаммалари Устоз ҳузурида тўпланишди ва ораларида қуйидаги суҳбат кечди.

Устоз: «Хўш, энг қимматли нарсани олиб келдингизми?»– деб сўради. Шогирдлар олиб келган нарсаларини навбатма-навбат устозга тақдим қила бошладилар. Устоз қараса, талабалардан бири  қўй, бири туя, бири қимматбаҳо кийим, яна бири олтин, бошқаси кумуш, хуллас, ҳар бири ўзи қиммат деб ўйлаган нарсани олиб келибди. Навбат 12-13 ёшлардаги ёш талабага келди. У устозининг олдига бир кўзача қўйди.

Устоз ҳайрон бўлиб сўради: «Сен энг қимматли, деб шуни олиб келдингми? Бу нима ўзи?».

«Ҳазрат, бу – тупроқ!» – деди шогирд, – бу – мен учун энг қиммат бўлган нарса. Мен буни жаннатдан олиб келдим!»

Устоз бу ҳолдан ҳайрон бўларкан: «Жаннатдан олиб келдим, дейсанми!? Нима сен жаннатни топдингми?», деб сўради.

 «Ҳа, жаннатдан олиб келдим,  жаннатдан , – таъкидлади шогирд, – онам ҳовлимизга чиққанида, қадамлари остидаги тупроқларни олиб, ҳузурингизга келтирдим, устоз. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат – оналар оёғи остидадир!» деганлар».

Бу жавобдан устоз беҳад хурсанд бўлди. Чунки шогирдларидан худди шу жавобни кутган эди. Унинг кўзларидан мамнуният ва розилик кўз ёшлари тирқираб кетди ва  талабага «Берган таълим ва ўгитларим зое кетмабди. Сен ёш бўлишингга қарамай, топширган вазифамнинг ҳақиқий моҳиятини англабсан», дея мазкур шогирдни мақтаб, уни бошқаларга ўрнак қилди.

Ҳа, дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек, «Жаннат- оналар оёғи остидадир». Бу сўз ҳақида тафаккур юритар эканмиз, Аллоҳ таоло дунёдаги барча обиду зоҳидларнинг, олиму солиҳларнинг энг буюк мақсудини оналарнинг оёқлари остига ташлаб қўйганлигини англаб етамиз. Она деган номга сазовор бўлган зотлар учун бундан ортиқ шараф, бундан зўр ҳурмат борми?!

Она... Шу биргина сўз замирида олам-олам маъно мужассам. Ер юзида оёқларини ўпишга лойиқ зот – бу, Онадир. Онаси ҳаёт бўлганлар унинг қолган умрини ғанимат билсинлар, унга мулойим муомалада, доим тавозеъда бўлсинлар.

Ҳаргиз унга баланд овозда гапирмасинлар, унинг юзига қараб уф тортмасинлар! Нима учун? Чунки шундай бир кун келадики, онанинг ўрнини босадиган ҳеч нарсани тополмай қолади киши. Уни излайди, лекин тополмайди, унинг қадрига етмаганига, қўлларини кўзига суртмаганига надомат чекади.

Бошингга мушкул иш тушганда ҳамма дўстларинг сени ташлаб кетиши мумкин. Аммо ёлғиз битта дўстинг сени ташлаб кетмайди. Бу сенинг Онангдир. Бу дунё йўқотганларингни қайтариши мумкиндир. Лекин онангни йўқотсанг, қайтариб бера олмайди.

Она – шундай муқаддас ва буюк зот. У ҳамманинг ўрнини боса олади. Лекин ҳеч ким унинг ўрнини боса олмайди.

Аллоҳ таъоло ота-оналаримизнинг умрларини баракали қилсин, уларнинг розилиги сабаб бизларга жаннатни  вожиб айласин!

Тошкент ислом институти 3 - курс талабаси

Аминов М

Мавзуга оид мақолалар
Рамазон ойи болаларни дин ва диёнат, раҳмдиллик, сабр ва кўплаб бошқа сифатлар билан таништиришга қулай давоми...

12:47 / 04.05.2017 3841
Нўмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

10:37 / 24.01.2017 4992
 Бошқа давлатлардаги каби Германия Федератив Республикасида бу йили ҳам Мавлид анНабий тантана давоми...

21:21 / 20.01.2017 3883
46. Савол Жаброил фаришта илк ваҳий билан Ҳиро ғорига келганида Пайғамбаримизга қайси суратда давоми...

16:19 / 13.12.2017 2820