“РАМАЗОН ҚЎШИҒИ”
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кўп қаватли уйда яшайдиган бир танишимизнинг хонадонида  ифтор қилаётган эдик. Шом намозини ўқиб бўлиб, дастурхонга келиб ўтиришимиз билан йўлакдан бир неча болакайларнинг «Рамазон қўшиғи» эшитилиб қолди.

Рамазон айтиб келдик эшигингизга,

Худойим ўғил берсин бешигингизга…

Ўзига хос соддагина бу қўшиқни эшитган ҳамманинг чеҳрасида бир жилмайиш пайдо бўлди, ўз болалигининг тансиқ хотиралари эсга тушиб, қалблари бир тўлқинланиб олди. Кимдир болаларга ҳадя бермоқчи бўлиб чўнтак кавлашга тушди, кимдир дастурхондаги ширинликлардан илинмоқчи бўлди. Хонадон соҳиби болакайларни торт билан сийламоқчи бўлиб, кесгани пичоқ ахтаришга тушди.

Шу пайт пўрим кийинган зиёлинамо бир кишининг қатъий амри барчани диллаб турган ниятидан тўхташга мажбурлади. У пачоқ гавдасига ярашмаган дўрилдоқ овозда шундай деб қолди:

– Оббо, болаларнинг ҳар куни шунақа ялоқиланиб «Рамазон» айтиб келавериши жонга тегиб кетди-да! Келажагимиз бўлмиш фарзандларимизни бунақа тиланчиликдан, сурбетликдан қайтариш ўрнига ҳаммаларинг бирор нима беришга шошиб қолдинглар. Бу уларнинг тарбиясини бузади-ку, ахир! Яна бунинг устига диний ашула айтиб, одамларнинг уйидан нарса тиланиб юришлари ахлоқимизга мутлақо тўғри келмаслигини билмайсизларми? Ана шу ашула айтиб тиланиб юрганларнинг бари ўзига тўқ оилалардан. Ваапше, буларнинг ота-онаси, устозлари қаёққа қараяпти ўзи?

Бу киши каттароқ мансабдор, шекилли, ҳеч ким унинг сўзларига эътироз билдиришга ботинмади. Мени эса бошқа бир нарса қийноққа соларди: ана шундай кимсаларнинг «тарбия»сини олган болалар эртага минг йиллик урф-одатларимиз, анъаналаримизга «диний» тамға ёпиштириб олиб, уларни одамлар онги ва турмушидан қисиб чиқарадиган, ўтмишини тан олмайдиган, тарихини менсимайдиган аллақандай манқурт кимсалар бўлиб етишмаслигига ким кафолат бера олади? Беозоргина “Рамазон қўшиғи” нега бундайларнинг қаттиқ нафратига учраяпти? Ахир, фарзандларимизнинг Рамазон ойи оқшомларида ана шундай қўшиқ куйлаб юришлари айрим беэътибор одамларга рўза ойининг кирганини билдиришга, болаларни Рамазон ойига муҳаббат руҳида улғайишларига бир туртки эмасми? Ахир, бизларнинг болалик пайтимизда тенгдошларимизнинг ярим тунда ноғора, тоғора чалиб одамларни саҳарликка уйғотганлари, намозхонлар таровеҳ намозидан қайтгунларича кўчалар турли ўйинлар билан машғул болалар билан тўла бўлганига ана шу анъаналарга содиқлик сабаб бўлмаганмиди?!

Ҳарқалай, эртасига болалар «Рамазон қўшиғи»ни айтиб хонадонимиз эшигини тақиллатишганида бир ҳовуч ширинлик билан уларнинг истиқболига чиқдим…

Аҳмад МУҲАММАД

Мавзуга оид мақолалар
     Аёлларни эрта қаритувчи одатлар Рус тилидан Гўзал Дадамуҳамедова  таржимаси Биринчи ажинлар ёки давоми...

13:18 / 11.11.2017 7724
Ҳиммат бу бор имкониятни ишга солиб ҳаракатга тушиш, демакдир. Қадар эса Аллоҳ таолонинг илмига мувофиқ давоми...

11:16 / 28.03.2017 4133
Эронннг Машҳад шаҳрида муқаддас Қуръони Каримнинг 2,5х1,75 метрлик янги нусхаси устидаги ишларни якунлашди. Бу давоми...

08:44 / 06.02.2017 5352