Қурбон ҳайити ҳақида қисса
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Азиз болалар! Қурбон ҳайитини нима учун байрам қиламиз, биласизларми? Баъзиларингиз биларсизлар, аммо кўпчилигингиз билмайсиз. Билганларингиз ҳам тўлиқ айтиб бера олмайсизлар, тўғрими? Келинглар, биз сизларга бу байрамнинг тарихи ҳақида гапириб берайлик.

Адашган одамлар

Қадим замонда одамлар Аллоҳни эсдан чиқариб қўйгандилар. Мусулмонлик нима эканини билмасдилар. Ўзларича тошларни «худо» деб ибодат қилиб юришарди. Уларнинг «худо»лари жуда ҳам кўп эди. Одамлар ўзларининг қўллари билан тошлардан ҳар хил ҳайкаллар ясаб олиб, мана шулар «худо» деб сиғинишар эди. Ўша тош «худо»ларга сажда қилишарди. Касал бўлиб қолишса, ўшалардан шифо сўрашарди. Бошларига қаттиқ кунлар келса ҳам, яна ўша тошлардан ёрдам сўрашарди. Қишлоқнинг ўртасида катта бир уй бор эди. Унинг ичи тош «худо»лар – бутларга тўла эди. Одамлар байрам кунлари ўша уйга бориб «худо»ларининг олдига овқат, сув қўйишарди. У «худо»лар ҳеч нима емаса, ичмаса ҳам, одамлар шундай қилаверишарди. Чунки уларни шайтон алдаб, йўлдан адаштириб юборган эди. Қишлоқда Озар исмли киши яшарди. У ҳам бошқа одамларга ўхшаб бутларга сажда қиларди. У мана шу бутларни ясайдиган уста эди. Озар уйида ўзининг қўли билан «худо» ясаб, кейин уни бозорга олиб бориб сотарди.

Ақлли бола

Озарнинг бир ўғли бор эди. У жуда ақлли бола бўлиб, исми Иброҳим эди. У бутларга сажда қилаётган одамларни кўриб, ҳайрон бўларди. Иброҳим бу «худо»ларнинг аслида тош эканини яхши биларди. «Бу тошлар гапирмайди, ҳеч нарсани эшитмайди, билмайди-ку», деб айтар эди у. Ҳатто пашшалар бу «худо»ларнинг устига ўтириб олса ҳам, улар ўзидан ҳайдай олмайди. Олдиларига қўйилган овқатларни сичқонлар еб кетса ҳам, жим тураверади. Иброҳим ўзича ўйларди: «Нима учун одамлар бу бутларга сажда қилишаркин? Нима учун одамлар бу ёлғон худолардан ёрдам сўрашаркин? Ахир бу тошлар ўзини ўзи пашшадан ҳам ҳимоя қила олмайди-ку, қандай қилиб бошқа одамларга ёрдам беради?!»

Иброҳимнинг саволи

Иброҳим ёш бўлса ҳам, жуда зийрак эди. У отасига ва одамларга савол берарди: — Нима учун сизлар ўзинглар қўлингиз билан ясаган хайкалларга сиғинасизлар? Нима учун буларнинг оёғига йиқилиб ёрдам сўрайсизлар? Ахир булар ҳеч нарсани эшитмайди, кўрмайди-ку?! Нега буларга овқат берасизлар? Улар ҳеч нарса емайди, ичмайди-ку?! Одамлар Иброҳимнинг гапларига қулоқ солишмасди. Унинг гапларини ёқтиришмасди. Чунки одамлар тўғри йўлни йўқотиб қўйишган эди. Ҳақиқатни тушунишмас эди. Иброҳимнинг сўзларидан одамларнинг жаҳллари чиқа бошлади. Бу ёш бола бизга ақл ўргатаяптими, деб аччиқлари келадиган бўлиб қолди.

Байрамдаги воқеа

Бир куни қишлоқда катта байрам бўлди. У байрам кофирларнинг байрами эди. Одамлар ва болалар шу куни хурсанд бўлиб кўчаларга чиқдилар. Иброҳим эса байрамга чиқмади. У бу байрамни ёмон кўрарди. Ундан «Сен нима учун байрамга чиқмаяпсан?», деб сўрашди. У «Мен касалман», деб жавоб берди. Ҳамма байрамга кетди. Иброҳимнинг ўзи уйда ёлғиз қолди. Одамлар қишлоқдаги бутлар қўйилган уйга келиб, ўзларининг «худо»ларига овқат бердилар. Тошдан ясалган бутларнинг олдига ҳар хил мевалар ва ичимликлар қўйдилар. Улар биз йўқ пайтимизда худоларимиз буларни ейди, деб ўйлашарди. Кейин одамлар бу ибодатхонадан чиқиб, катта майдонга кетдилар. Кечгача ўша ерда ўйин-кулги қилиб, байрам қилиб юрдилар. Одамлар ўйин ва томоша билан овора бўлиб турган пайтларида Иброҳим бутлар турган уйга борди. Уйнинг ичкарисига кириб қараса, бутларнинг олдида ҳар хил овқатлар турибди. У бутларга қараб: «Емайсизларми буларни?!», деди. Яна у: «Ҳа, гапирмайсизларми, эшитмаяпсизларми гапларимни?», деди. Бутлар жимжит эдилар. Чунки улар тош-да. Шундан кейин Иброҳим қўлига болтани олиб бутларни битта-битта чопиб синдира бошлади. Уйнинг ичидаги ҳамма бутларни битта қўймай синдириб парча-парча қилиб чиқди. Аммо энг катта бутни атайлаб синдирмади. Кейин болтани ўша катта бутнинг бўйнига осиб қўйди ва уйига кетди.

Иброҳим ҳаммани мот қилди

Байрам тамом бўлиб одамлар уйларига қайта бошлашди. Одат бўйича, улар байрамдан қайтишда яна бир марта ибодатхонага кириб кетар эдилар. Бир маҳал улар бутлар турган уйга кириб қарасалар, хонадаги ҳамма «худо»лар ағанаб-думалаб, синиб ётибди. Буни кўриб баъзилари йиғладилар. Бошқаларининг қаттиқ жаҳллари чиқди. — Ким қилди буни?... Ҳамма бир-бирига шу саволни берар эди. Ичларидан битталари бундай деди: — Иброҳим деган бир бола бор, ўша бизнинг худоларимизни гапириб ёмонлаб юрарди, шу қилган буни! Одамлар Иброҳимнинг олдига югуриб кетишди. — Эй Иброҳим, сен қилдингми бу ишни?! – деб сўрар эди ҳамма. Иброҳим эса у одамларнинг устидан кулиб, шундай деди: — Йўк, мен эмас. Бу ишни шу «худо»ларнинг каттаси қилган. Ана ўша «худо»ларнинг ўзидан сўранглар. Улар худо бўлса, гапирсин. Ўзлари айтиб берсин ким қилганини! Одамлар «худо»ларининг тош эканини, улар гапирмаслигини билардилар. Аммо билсалар ҳам, яна шу тошларни худо деяверар эдилар. Чунки уларни шайтон йўлдан урган эди. Одамлар мажбур бўлиб Иброҳимга дедилар: — Ахир булар гапирмайди-ку, қандай қилиб сўраймиз? Иброҳим: — Ундай бўлса, нима учун гапирмайдиган, ҳеч нарсани тушунмайдиган шу тошлардан ёрдам сўрайсизлар? Ақлларингизни нега ишлатмайсизлар? – деди. Шунда одамлар нима дейишни билмай довдираб қолдилар. Иброҳимнинг олдида қаттиқ ҳижолат бўлдилар.

Кофирлар Иброҳимни оловда ёқмоқчи!

Одамлар Иброҳимнинг олдидан кетганларидан кейин ўзлари йиғилишди. Бўлган воқеа ҳақида бир-бирлари билан гаплаша бошладилар: — Энди нима қиламиз?... — Иброҳим бизнинг худолармизни синдирди, хорлади! Уни шундай ташлаб қўйиб бўлмайди! — Уни жазолаш керак! — Уни ўлдириш керак! — Уни оловда куйдириш керак! Шундай қилиб, кофирлар Иброҳимни оловга ташлаб ёндиришга қарор қилдилар. Одамлар бир неча кун ўтин тўпладилар. Кейин каттакон гулхан ёқдилар. Гулхан роса қизигандан сўнг Иброҳимни тутиб келиб оловга отиб юбордилар. Аммо Иброҳим бу ишлардан ҳечам қўрқмади. Кофирлардан ёрдам сўрамади ҳам. «Мени кечиринглар, куйдирманглар, ўлдирманглар!» деб ялинмади.

Аллоҳнинг мўъжизаси

Иброҳим яхши билардики, Аллоҳ бор! Аллоҳ ҳамма нарсани кўриб, билиб туради. Одам боласига Ундан бошқа ҳеч ким зарар етказа олмайди. Агар Аллоҳ хоҳласа, инсонга зарар етади. Аллоҳ хоҳламаса, зарар етмайди. Аллоҳ хоҳласагина, одам ўлади. Аллоҳ хоҳласа, инсонни ўлимдан қутқаради. Бандасини ҳар қандай балонинг ичида ҳам саломат сақлаб қолади. Ҳақиқатан ҳам шундай бўлди. Кофирлар Иброҳимни оловга ташлаган пайтларида Аллоҳ осмондан буйруқ юборди: «Эй олов, совугин ва Иброҳимни саломат сақлагин!». Дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳники. Осмон ҳам, ер ҳам, ўт ҳам, сув ҳам Уники. Ҳамма нарса Аллоҳнинг буйруғига бўйсунади. Олов ҳам Аллоҳга бўйсунди. Ловуллаб ёниб турган ўт бир пасда пасайиб, ўчиб қолди. У Иброҳимга заррача ҳам зарар етказмади. Унинг битта ҳам тукини куйдирмади. Одамлар Иброҳим куйиб ўлди, деб ўйлаган эдилар. Лекин бир маҳал қарасалар... Иброҳим тирик! Унга ҳеч нарса бўлмабди. Одамлар бақириб юбордилар: — Иброҳим тирик! Иброҳим тирик! — Қаранглар, қаранглар, олов куйдирмади-я уни!... Ҳамма одамлар ҳайрон бўлиб, қотиб қолдилар.

Аллоҳ Иброҳимни мукофотлади

...Аллоҳ Таоло Иброҳимни чин иймонли бола бўлгани учун ўлимдан сақлади. Кейин унга илм берди. Аллоҳ Иброҳимга Ўзини танитди. Унга Исломни ўргатди. Иброҳим ёлғиз Аллоҳга ибодат қила бошлади. Аллоҳ Иброҳимнинг қўрқмас, иймони кучли йигит бўлгани сабабли яхши кўриб қолди. Шундан кейин уни Пайғамбар килиб сайлади. Ўзига энг яқин дўст қилиб олди. Одамлар Иброҳим Халилуллоҳ, дейдиган бўлдилар. Халилуллоҳ – Аллоҳнинг энг яқин дўсти, дегани эди. Аллоҳ Иброҳим алайҳиссаломга одамларни Аллоҳнинг йўлига чақиришни буюрди. У Иброҳим Пайғамбарга: «Одамларга айтинг, улар бутларга ибодат қилишдан тўхтасинлар», деди. Иброҳим алайҳиссалом одамларни Аллоҳнинг динига даъват қила бошладилар. У киши оддий инсонларни ҳам, золим подшоҳларни ҳам Ислом динига чақирар эдилар. Ҳақ сўзлари билан ёмонликка қарши жиҳод қилардилар. Ҳеч кимдан қўрқмас эдилар. Кўпгина кишилар адашган йўлларидан қайтиб мусулмон бўлишди. Иброҳим Пайғамбар 66 ёшга кирганларида Аллоҳ у кишига чиройли бир ўғил берди. Ўғилларига Исмоил деб от қўйдилар. Иброҳим пайғамбар чақалоқ ўғиллари Исмоилни ва хотинлари Ҳожарни олиб, йўлга чиқдилар. Уларни узоқдаги бир чўлга олиб бориб қўйиб келдилар. Аллоҳ у кишига шундай қилишни буюрган эди. Исмоил ва Ҳожар онамиз учун Аллоҳ ўша чўлда ернинг тагидан Зам-зам булоғини чиқариб берди. Улар яшаётган саҳро кейин Макка деган улуғ шаҳарга айланди.

Аллоҳнинг имтиҳони

Иброҳим пайғамбар ўғилларини жуда яхши кўрардилар. Чунки ўғиллари ақлли ва яхши бола бўлган эди. Иброҳим алайҳиссалом нима десалар, «Хўп бўлади отажон!» – деб айтганларини қиларди. Ота-бола икковлари Аллоҳга қаттиқ иймон келтиришган эди. Аллоҳ Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссаломларни имтиҳон қилмоқчи бўлди. Нима учун? Чунки уларнинг иймонлари қай даражада кучли эканини бошқалар кўриши керак эди. Одамлар улардан ўрнак олишлари керак эди-да. Бир куни Иброҳим алайҳиссалом туш кўрдилар. Тушларида ўғиллари Исмоилни сўяётган эмишлар. Пайғамбарларнинг тушлари доимо рост бўлади. Иброҳим Пайғамбар ҳам бу тушларини Аллоҳнинг буйруғи деб тушундилар. У киши ўғилларини жуда яхши кўрардилар. Лекин шундай бўлса ҳам Аллоҳнинг буйруғини бажаришни хоҳладилар. Исмоилга дедилар: — Ўғлим, мен сени тушимда сўяётган эканман, сен шунга нима дейсан? Ўғиллари доно ва одобли бола эди. У ҳеч иккиланмасдан дарҳол жавоб қайтарди: — Эй Отажон, сизга нима буюрилган бўлса, ўша ишни қилаверинг. Мен, иншааллоҳ, ҳамма нарсага сабр қиламан. Иброҳим алайҳиссалом ўғгилларининг жавобидан хурсанд бўлдилар. Уни етаклаб бир қўлларида пичоқ билан шаҳардан ташқарига йўл олдилар. Мино деган жойга етиб келиб тўхтадилар. Шу ерда ўғилларини қурбонлик қилмоқчи бўлдилар. Исмоил ҳам отанинг ва Аллоҳнинг буйруғига бўйсуниб ерга ётди. Иброҳим алайҳиссалом ўғилларининг томоғига пичоқни тирадилар. Исмоилни сўймоқчи бўлиб роса ҳаракат қилдилар. Бироқ пичоқ Исмоилни ҳечам кесмади... Аллоҳ пичоққа «кесмагин» деб буйруқ бериб қўйган эди.

Ибрат

Дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳники. Ҳамма нарса Аллоҳга бўйсунади. Пичоқ ҳам олов каби Аллоҳнинг буйруғини бажаради. Аллоҳ пичоққа «кесмагин» деб буйруқ берган эди. Пичоқ Аллоҳнинг айтганини қилди. Исмоилнинг бўйнини озгина бўлса ҳам кесмади. Илгари олов ҳам Аллоҳнинг айтганини қилиб, Иброҳимни куйдирмаган эди. Кофирлар Иброҳимни ёшлик пайтида оловга ташлаб ёндирмоқчи бўлганди. Ўшанда ҳам Аллоҳ оловга «Иброҳимни куйдирмагин!» деб буйрук бериб қўйган эди. Бу гал Аллоҳ Исмоилни сўйишга буюриб, Иброҳимни синаб кўрмоқчи эди, холос. Қани, у Аллоҳни кўпроқ яхши кўрадими ёки ўғлиними? Иброҳим алайҳиссалом ҳеч хафа бўлмасдан Аллоҳнинг айтганини қилавердилар. Шунинг учун Аллоҳнинг имтиҳонидан яхши ўтдилар. У киши ҳам, ўғиллари ҳам Аллоҳни ҳаммадан кўра кўпроқ яхши кўришлари исбот бўлди. Исмоилнинг оналари Ҳожар она ҳам тақволи ва жуда одобли аёл эдилар. Ўғилларини ҳам мана шундай тарбия қилган эдилар. Бу ҳамма мусулмонларга ибрат бўлиб қолди. Мусулмонлар ҳам ҳаммадан кўра кўпроқ Аллоҳни яхши кўришлари керак. Ҳатто ўзларининг жонларидан ҳам Аллоҳни яхши кўришлари лозим. Аллоҳ нимани буюрса, «Хўп бўлади!» деб бажаришлари керак. Ана шунда уларни ҳам Аллоҳ худди Иброҳим ва Исмоилни яхши кўргандек яхши кўради. Ана шунда Аллоҳ мусулмонларга ҳам худди Иброҳим ва Исмоилга ёрдам бергандек ёрдам беради.

Қийинчиликдан сўнг хурсандчилик

Иброҳим Пайғамбарнинг қўлларидаги пичоқ Аллоҳнинг буйруғи билан ўтмас бўлиб қолган эди. Иброҳим алайҳиссалом нима қилишларини билмай, ҳайрон бўлиб турган вақтларида, Аллоҳ осмондан нидо қилди: «Эй Иброҳим! Сен тушингда олган буйруқни бажардинг!». Иброҳим алайҳиссалом бошларини кўтариб қарасалар, ҳазрати Жаброил фаришта «Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар», деб бир қўчқорни ҳайдаб келяптилар. Аллоҳ Иброҳим Пайғамбарга Исмоилни озод қилишни буюрди. Иброҳим алайҳиссалом ўғилларини қурбонлик қилолмаган бўлсалар ҳам, Аллоҳ Исмоилни «қурбонлик қилинди» деб ҳисоб қилди. Унинг ўрнига Жаброил фаришта олиб келган қўчқорни сўйиб, қурбонлик қилишни тайинлади. Аллоҳ бу қўчқорни атайин жаннатдан чиқарган эди. Аллоҳ Исмоилни қурбонликдан озод қилганлигини билиб, Иброҳим алайҳиссалом жуда ҳам хурсанд бўлдилар. Аллоҳга шукроналар айтиб, У берган қўчқорни сўйдилар. Ана шундан бери мусулмонлар Қурбон ҳайити келганда Аллоҳнинг йўлига қурбонлик қиладиган бўлганлар. Аллоҳ таоло ҳар сафар яхши бандасини имтиҳон қилса, шундан кейин унга, албатта, хурсандлик ҳам беради. Аллоҳ таъоло Иброҳим алайҳиссалом ва ўғилларини имтиҳон қилиб бўлгач, улардан рози бўлди. Шундан кейин одамлар Исмоилни Забиҳуллоҳ деб мақтайдиган бўлдилар. Забиҳуллоҳ дегани, Аллоҳнинг қурбони, дегани. Аллоҳ ҳаммани ҳам Ўзига қурбон қилишга лойиқ кўравермайди. Фақат Ўзи яхши кўрадиган одамни шундай қилиб ҳурматлайди. Шундан кейин Аллоҳ Иброҳим Пайғамбар ва ўғилларига Аллоҳ учун бир уй қуришни буюрди. Улар хурсанд бўлиб ишга киришдилар. Ота-бола икковлон Каъба масжидини қуришди. Ўшандан буён ҳар йили минглаб, миллионлаб мусулмонлар Аллоҳнинг уйини зиёрат қилиш учун Каъбага ҳажга боришади.

Энг улуғ байрам

Биз ҳар йили Қурбон ҳайити келганда бу кунни байрам қиламиз. Дунёдаги барча мусулмонлар бу кунни энг катта байрам деб биладилар. Бу байрам яқинлашганда миллионлаб мусулмонлар Макка шаҳрига бориб Ҳаж қиладилар. Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссаломлар яшаган жойларни кўрадилар. Улар юрган йўллардан юрадилар. Аллоҳнинг уйи – Каъбатуллоҳда ибодат қиладилар. Бу байрам бизга Иброҳим ва Исмоил боболаримизнинг қилган ишларини эсимизга солиб туради. Биз уларнинг Аллоҳ йўлида қилган меҳнатлари ва жиҳодларидан ўрнак оламиз. Биз ҳам улар каби Аллоҳнинг динига даъват қилишни хоҳлаймиз. Улардек чин иймонли мусулмон бўлишга интиламиз. Ислом динига ва мусулмонларга хизмат қилиш – энг олий хизмат. Қурбон ҳайити куни – Иброҳим ва Исмоил алайҳимуссаломлар Аллоҳнинг имтиҳонидан ўтган кунлари. Аллоҳ ҳамма мусулмонларни бир-бир имтиҳон қилиб кўради. Биз ҳам Аллоҳнинг имтиҳонларидан яхши ўтишга ҳаракат қиламиз. Агар Аллоҳ йўлида мустаҳкам турсак, синовлардан яхши ўтсак, Иброҳим ва Исмоил пайғамбарларга ўхшаб Аллоҳнинг мукофотларига эришамиз, иншааллоҳ.

Хотима

Мана, азиз болажонлар. Қурбонлик ҳақидаги қиссамиз ҳам тугади. Сизлар бу ҳикояларни ўқиб, Қурбон ҳайити тарихини билиб олдинглар. Энди сизлар ҳам Иброҳим Пайғамбардек қўрқмас, ботир ва чин иймонли йигит бўлинглар. Исмоил Пайғамбар каби одобли ва итоатли бола бўлишга ҳаракат қилинглар. Қизлар ҳам Ҳожар онамиз каби тақволи ва ҳаёли бўлсинлар. Ана шунда ҳаммангизни Аллоҳ худди Иброҳим, Ҳожар ва Исмоил алайҳимуссаломларни яхши кўргандек яхши кўради. Ҳамма ишларингизда, ўқишларингизда Ўзи ёрдам беради. Одамлар ҳам сизларни ҳавас қилиб юришади.

Мавзуга оид мақолалар
Китоб ўқиш зеҳнни очади, ибораларни ифодали ўқиш ва ваъзнасиҳатлар қилишга йўл бошлайди, одамни ҳикмат сари давоми...

22:10 / 07.12.2023 1276
  Бугун 10 феврал 2018 йилдан юртимиз бўйлаб давом этиб келаётган муборак Қуръон қироати мусобақаси Тошкент давоми...

17:10 / 10.02.2018 3489
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар .Мўминлар дўстликда, ўзаро раҳм қилишда ва давоми...

23:10 / 09.02.2023 2263