Жаҳлни ютиш ва ғазабнинг давоси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жаҳл чиққанда ақл кетади. Жаҳл отини қамчилаганда, шайтонга иш топилади ва йўлдан уришга киришади.

Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидаги маслаҳатларга риоя қилган мақсадга мувофиқдир.

Сулаймон ибн Сурод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Икки киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида сўкишиб қолди. Иккисидан бирининг кўзлари қизариб, томирлари бўртиб чиқа бошлади.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен агар айтса, ундаги бу нарса кетадиган калимани биламан: Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожим», дедилар. Бас, у: «Менда жиннилик бор, деб ўйлайсанми?» деди».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Яна Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жаҳл чиққанда гапирмасликни маслаҳат берадилар: «Кимда ким ғазабланса, гапирмасин».

Аҳмад ривоят қилганлар.

Яна Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан кимда-ким ғазабланса, тик турган бўлса, ўтириб олсин, ғазаби кетса кетади, бўлмаса, ёнбошласин», дедилар».

Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар.

Атия Саъдий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, ғазаб шайтондандир. Шайтон эса оловдан яратилгандир. Олов сув билан ўчирилади. Кимнинг ғазаби келса, таҳорат қилиб олсин», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Курашда йиқитган паҳлавон эмас, ҳақиқий паҳлавон – ғазаб пайтида ўзини тутиб олгандир», дедилар».

Учовлари ривоят қилганлар.

Аллоҳнинг мағфиратига ва кенглиги осмонлару ерча бўлган жаннатга сазовор бўладиган тақводорларнинг сифатларидан бири аччиғини ютадиганлардир.

Саҳл ибн Муоздан, у отаси розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ғазабини унга амал қилишга қодир бўла туриб, ичига ютса, Аллоҳ қиёмат куни халойиқнинг олдида уни чақириб, ҳури ийнлардан истаганини танлаш ихтиёрини беради», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар.

«Роббингиздан бўлган мағрифатга ва кенглиги осмонлару ерча бўлган, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатга шошилинг. Улар енгилликда ҳам, оғирликда ҳам нафақа қиладиганлар, ғазабини ютадиганлар ва одамларни афв қиладиганлардир. Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтирадир». (Оли Имрон, 133-134)

«Сизга берилган нарсалар дунё ҳаётининг матоҳи, холос. Аллоҳнинг хузуридаги яхши ва боқий нарсалар эса иймон келтирган ва Роббиларига таваккал қилганлар учундир. Катта гуноҳлар ва фоҳиша ишлардан четда бўладиган ва ғазабланган вақтда кечириб юборадиганлар учундир». (Шуаро, 36-37)

islam for kids саҳифасидан олинди.

Мавзуга оид мақолалар
Улар миллатни тарбиялайдиларБиласизми, Сингапурда дипломи бор аёллар турмушга чиқсалар, давлатдан катта давоми...

14:01 / 13.04.2023 3108

08:19 / 26.03.2019 1737
Оила илмий амалийтадқиқот маркази томонидан 2018 йил давомида кўплаб тадқиқотлар ўтказилди ва уларда давоми...

21:00 / 05.10.2019 2156