Ҳадис №13: Иймон ва Ислом биродарлиги
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ходимлари – Абу Ҳамза Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят:

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Сизларнинг бировингиз то ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунига қадар иймонли бўла олмайди».

 Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 Ҳадиснинг аҳамияти ҳақида

 Имом Нававий «Саҳиҳи Муслим» шарҳида ёзадилар: «Ўз замонида Мағрибда моликийлар имоми саналган Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Абу Зайд бундай деган эди: «Барча хайрли одоблар ушбу тўрт ҳадис асосида таркиб топган:

1. «Аллоҳ ва Охират кунига иймон келтирган киши яхши нарсани гапирсин ёки сукут сақласин»;

2. «Кишининг ўзи учун муҳим бўлмаган нарсаларни тарк этиши унинг Исломининг гўзаллигидандир»;

3. «Ғазаб қилма!»;

4. «Сизларнинг бирингиз то ўзига яхши кўрган нарсани биродарига ҳам яхши кўрмагунига қадар иймонли бўлмайди».

Эҳтимол, шунинг учун имоми Нававий мазкур тўрт ҳадисни «Арбаийн» сафига киритгандирлар. Хурдоний ушбу ҳадисни Ислом асосларидан бири сифатида таъкидлаганлар.

  ***

  Ҳадисдан олинадиган сабоқлар

  1. Мусулмон жамиятнинг бирдамлиги ва ундаги ўзаро тинч-тотувлик

Ислом ҳамиша инсонларнинг ўзаро дўст-аҳил яшашларини истайди. Ҳар бир шахс жамият манфаати ва саодати йўлида жон куйдирмоғи лозим. Ўшанда адолат қарор топади, кўнгиллар хотиржамлик туяди ва биродарлик ришталари мустаҳкамланиб, аҳиллик кучаяди. Бироқ ҳар бир шахс ўзи учун хоҳлаётган тинчлик, саодат ва бошқа яхши неъматларни биродарига ҳам чин дилдан тиламаса, бундай аҳил-иноқ жамият вужудга келмайди. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзи учун хоҳлаган яхшиликни биродарига ҳам соғинишни иймон таркибига киритдилар.

 2. Комил иймон

Аллоҳ таоло рубубиятини тан олиш ва фаришталарга, илоҳий китобларга, Пайғамбарларга, Охират кунига ҳамда қазо-қадарга иймон келтириш каби рукнларга эътиқод қилиш билан иймоннинг асли қарор топади. Иймоннинг асли собит бўлиши учун бундан бошқа нарсаларнинг ҳожати йўқ. Юқоридаги ҳадисда эса Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қуйидаги ҳақиқатни баён қилиб бердилар: Киши худбинлик, ҳасад ва адовату нафрат каби иллатлардан холи бўлмас экан, унинг қалбида иймон мустаҳкам қарор топмайди. Комил иймон эгаси бўлмоқ учун инсон ўзига хоҳлаган соғлик, тинчлик, яхши ҳаёт кечириш, Аллоҳнинг розилигига эришишдек улуғ неъматларни биродарига ҳам соғинмоғи лозим.

  Комил мусулмон табиатида қуйидаги олий сифатлар ўз ўрнини топади:

– Ўзи учун хоҳлайдиган хайрли-ҳалол нарсаларни ва тоат-ибодат амалларини биродарига ҳам соғиниш. Ўзининг бошига тушишини истамаган ёмонлик ва маъсиятдан биродарларининг ҳам омон юришини тиламоқ.

Муоз розияллоҳу анҳу дейдилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг афзал иймон ҳақида сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: «Ўзинг учун яхши кўрган нарсани бошқа одамларга ҳам исташинг ва ўзингга хоҳламаган нарсани ўзгаларга ҳам хоҳламаслигинг!» (Аҳмад ривоятлари).

– Биродарининг дини ва амалида бирон нуқсон кўрганда уни ўнглашга ҳаракат қилмоқ.

– Ўзи учун бировлардан инсоф-адолат талаб қилганидек, биродарига нисбатан ҳам ҳамиша адолатли бўлиб, унинг ҳақ-ҳуқуқларини тўла адо этиш. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимда-ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилишини хоҳласа, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган ҳолида дунёдан ўтсин ва ўзига нисбатан қандай муомалани яхши кўрса, одамларга ҳам шундай муомалада бўлсин». (Муслим ривоятлари).

  3. Мусулмондаги олийҳимматлик ва инсонийлик

Комил иймон эгасининг яхшилик тилашию ёмонликдан сақланишни исташи нафақат мусулмонларга нисбатан бўлади, балки у ғайридинларга ҳам яхшиликни, хусусан, иймон яхшилигини тилайди. Кофир-фосиқ кимсанинг бузуқликлардан тийилиб, иймон неъматидан баҳраманд бўлишини истайди.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ўзингга яхши кўрган нарсани ўзгалар учун ҳам яхши кўр – мусулмон бўласан». Термизий ривоятлари.

Шу боис, кофирга ҳидоят тилаб дуо қилиш мустаҳаб саналади.

  4. Хайрли амалларда биродарлар билан мусобақалашмоқ иймон камолидандир

Ухровий фазилатларда бошқалардан ўзиб кетишга ҳаракат қилиш ва шу неъматни Парвардигордан сўраб илтижо қилиш айб ёхуд ҳасад дейилмайди. Аксинча, бу иймон комиллигининг аломатидандир. «Бас, мусобақалашувчи кишилар мана шу неъматлар йўлида мусобақалашсинлар». (Мутаффифийн сураси, 26-оят).

 5. Покиза ва фозил жамият иймон самарасидир

Ҳадиси шарифда ҳар бир муслим ўз биродарига яхшилик соғинмоғи таъкидланган. Мазкур олий сифат мўминнинг чин иймон соҳиби ва чиройли мусулмон эканини билдиради. Сиз ўзингизга яхши кўрган хайрли нарсаларнинг бировларга ҳам бўлишини хоҳласангиз, сизга ҳам бошқалар худди шундай муносабатда бўла бошлайдилар. Пировардида ўзаро аҳил-иноқ жамият вужудга келади. Бундай соғлом муҳитда ҳаёт ўз изига тушиб, зулм-адоват барҳам топади. Хусусан, ҳар бир шахс кўпчилик манфаатини ўйлаб ҳаракат қилса, эл-улус қувончини ўз бахтидек кўриб, унинг ғамидан оромини йўқотса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам таърифлагандек ҳолат юзага келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Мўминларни ўзаро меҳр-муҳаббатда бир танадек эканларини кўрасиз. Агар танада бирон аъзо касалланса, ундаги бошқа аъзолар бедорлик ва иситма билан унга ҳамдард бўлишади». (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Мана шундай соф муҳитли жамият Аллоҳ таоло инояти ила иззату мукаррамликка етишади. Охиратда эса уларни ажру савоб ва хайрли мукофотлар қарши олади.

  6. Иймонсиз жамият худбинлик ва ички низолар уясига айланади

Қалблар иймондан холи бўлган кун ўзаро муҳаббат ҳам барҳам топади. Кўнгилларга ҳасад, худбинлик ва ёвузлик ин қуради. Одамлар икки оёқли бўриларга айланади. Ҳаёт издан чиқади. Зулм-зўравонлик тантана қилади. Ички адоватлар ва бир-бирини кўролмаслик одат тусига киради. Бундай тубан ҳолатга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти каримаси мос тушади: «Улар жонсиз ўликлардир. Ва улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмайдилар». (Наҳл сураси, 21-оят).

 7. Ҳадис яна қуйидагиларни ифодалайди

– Инсонларни ўзаро аҳил-иноқ қилиш билан улар аҳволини ўнглаш Ислом дини қаттиқ эътибор берадиган муҳим амаллар сирасидандир.

Ҳасад билан комил иймон ҳеч қачон бирлашмайди. Ҳасадчи ўзгаларнинг ундан ўзиб кетишини ёхуд тенглашишини асло истамайди. Бундай қалби касал кимсалар ўзлари етиша олмайдиган хайр-яхшиликнинг бошқаларга насиб этишини ёмон кўрадилар. Ҳасадчи бўлишдан Аллоҳнинг ўзи асрасин!

Иймон кўпайиб-камайиб туради. Тоат-ибодат билан иймон зиёдалашиб, гуноҳ-маъсият оқибатида камаяди.

 
Мавзуга оид мақолалар
Аъроф  ва  Иброҳим сурасидаги гўзал дуолар Аъроф сураси   «Эй Роббимиз, биз ўзимизга зулм қилдик. Агар Сен давоми...

10:31 / 27.01.2017 7640
   Халқимизга маълумки, шу кунларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан юртимизда Қуръони давоми...

17:08 / 10.02.2018 2936
«Истеҳоза» аёл кишининг раҳмидан одатҳайз ва нифосдан ташқари қон оқишидир. Ҳайзнинг ози уч кундир. Демак, давоми...

10:08 / 10.05.2017 10111
embedhttpswww.youtube.comwatchvjOEbzPsgTjoembed «Болам ўлди», деманг Гўдаклигида вафот этган болаларнинг отаоналари Аллоҳ давоми...

15:04 / 01.04.2019 5373