Мусулмоннинг ҳақлари II
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

16. Барча одамларга очиқ чеҳрали, меҳрибон ва мулойим бўлиш.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Биродаринг юзига табассум қилмоғинг садақадир. Амру маъруф, наҳйу мункар қилмоғинг садақадир. Адашган еридаги одамни йўллаб қўймоғинг садақадир. Кўзи яхши кўрмайдиган кишига бир нарсани кўрсатиб қўймоғинг садақадир. Йўлдан тошни, тиконни ва суякни олиб ташлашинг садақадир. Ўзингнинг пақирингдан биродарингнинг пақирига қуйиб бермоғинг садақадир», – дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Очиқ юзли бўлиш ҳусни хулқнинг бир шўъбасидир. Фақат бир бора бировнинг юзига табассум ила боқмоқ ҳам садақа экан. Исломда кишилар орасидаги ўзаро муомалаларга қанчалик эътибор берилганини қаранг! Садақа қилишдек улуғ ишнинг савобини олмоқчи бўлган одам бошқа бировга табассум ила боқиб қўйса, етарли.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Эй Оиша, албатта, Аллоҳ мулойимдир. У Зот мулойимликни яхши кўрадир ва мулойимлик учун қўполликка ҳамда ундан бошқага бермаган нарсани берадир», – дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир маъруф садақадир. Биродарингни очиқ юз билан қарши олишинг ҳам, ўз пақирингдан биродарингнинг идишига бўшатмоғинг ҳам маъруфдандир», – дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Яхшилик ҳақида келтирилган таърифларнинг бирида:

«Яхшилик – фарзу вожибларни қилиш, ҳаромдан ҳазар қилиш, одамларга очиқ юз билан қараб, уларга эҳсон қилиш», дейилган.

17. Берган ваъдасига вафо қилиш.

Али ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ваъда қарздир», – дедилар».

Тобароний ривоят қилган ва Алининг ўзидан қуйидагини зиёда қилган:

«Ваъда бериб, хилоф қилганга Вайл бўлсин» деб уч марта айтди».

Абу Довуд ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Абу Ҳамсаа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан у Зот Расул этиб юборилишларидан олдин бир савдо иши қилдим. Менда у Зотнинг бир оз ҳақлари қолди. Мен уни турган жойларига келтириб беришни ваъда қилдим. Аммо унутиб қўйдим. Уч кундан кейин ёдимга келди. Келсам, у Зот жойларида турибдилар. Мени кўриб:

«Эй йигит, мени машаққатга қўйдинг-ку, уч кундан буён шу ерда интизор бўлиб турибман», – дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

18. Ўзига яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам яхши кўриш.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлардан бирортангиз токи ўзи учун яхши кўрган нарсани биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди», – дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Ҳа, мусулмон инсон ўзи учун яхши кўрган ҳар бир нарсани ўзининг бошқа биродарларига ҳам раво кўради. У ўзининг жаннатга киришини яхши кўрса, бошқаларнинг ҳам жаннатга киришини ёқтиради. Ўзининг дўзахга кирмаслигини яхши кўрган мусулмон ўзгаларга ҳам дўзахга кирмасликни раво кўради. Мусулмон инсон бунинг учун куйиб-ёнади. У ўзи учун соғлик-саломатлик, бахт-саодат, фаровонликни яхши кўрганидек, ўзгаларга ҳам шуни ва шунга ўхшаган нарсаларни раво кўради.

19. Кўриниши ва ҳайъати мартабасига далолат қилиб турган одамни улуғлаш ва ҳар кимнинг мартабасига қараб муомала қилиш.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Жарир ибн Абдуллоҳ Расулуллоҳнинг ҳузурларига кирди. Ул Зотнинг олдиларида саҳобалари бор эди. Ҳеч ким ўз жойидан қимирламади. Расулуллоҳ ридоларини олиб унга ирғитдилар.

Жарир уни кўкси ва юзи ила қабул қилиб олди. Ўпиб, икки кўзига суртди ва:

«Мени Сиз ҳурмат қилган бўлсангиз, Аллоҳ Сизни ҳурмат қилсин!» – деди.

Сўнгра уни Расулуллоҳнинг елкаларига солиб қўйди.

Шунда Расулуллоҳ:

«Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, бир қавмнинг ҳурматли одами келганда, уни икром қилсин», – дедилар».

Ҳоким ривоят қилган.

20. Аввалдан ҳаққи бор шахсни эҳтиром қилиш.

Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Жаъронада гўшт тақсимлаётганларини кўрдим. Ўша вақтда мен ёш бола эдим. Туянинг суягини ташиб турган эдим. Бирдан бир аёл келиб қолди ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинлашди. Ул Зот уни кўриб ўринларидан турдилар ва унга ридоларини ёздилар. У унинг устига ўтирди.

«Бу – ким?» – дедим.

«Ул Зотни эмизган оналари», – дейишди».

Абу Довуд ривоят қилган.

21. Мусулмонларнинг орасини ислоҳ қилиш учун қўлидан келган барча чораларни ишга солиш.

Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

«Уларнинг кўпгина махфий суҳбатларида яхшилик йўқ, магар ким садақага, яхшиликка ва одамлар орасида ислоҳга амр қилсагина, (яхшилик бор). Ким ўша (иш)ни Аллоҳнинг розилиги учун қилса, албатта, унга улуғ ажр берамиз» («Нисо» сураси, 114-оят).

Ушбу ояти каримада яхшилиги бор суҳбатлар қаторида одамлар орасида ислоҳ учун олиб борилган суҳбатлар ҳам зикр қилинмоқда. Демак, ўша яхши иш шариатда бор, мўмин-мусулмонлар уни қилишлари керак.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизларга рўза, намоз ва садақадан ҳам афзал даража ҳақида хабар берайми?» – дедилар.

«Ҳа, ё Расулуллоҳ», – дейишди.

«Одамлар орасини ислоҳ қилиш. Одамлар орасини бузиш эса қирувчидир», – дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Термизий:

«Сочни қиради, демайман. Лекин динни қиради»ни зиёда қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан одамлар орасини ислоҳ қилиш нақадар яхши иш эканини билиб оламиз. Шу билан бирга, одамлар орасини бузиш нақадар ёмон иш эканини, у худди устара билан сочни қириб ташлагандек, кишининг динини қириб ташлаб, динсиз қилиб қўйишини билиб оламиз.

Саҳл Соъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бани Амрнинг орасида уруш бўлган эди. Бу (хабар) Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борди. Шунда у Зот Пешинни ўқиб бўлиб, уларнинг орасини ислоҳ қилиш учун келдилар».

Бухорий ва Насаий ривоят қилишган.

Ўзаро уришиб қолган қавмни яраштириш учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсан ўзлари боришлари, сулҳ ўта аҳамиятли иш эканига далолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ишларидан барча мўмин-мусулмонлар, хусусан, уларнинг ишига бош бўлиб турган раҳбар шахслар ўрнак олишлари лозимдир.

Умму Кулсум бинти Уқба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Бу аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи муҳожиралардан бўлган эди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Одамлар орасини ислоҳ қилган каззоб эмас. Хайрни айтади ва хайрни етказади», деганларини эшитган экан.

«Мен у Зотнинг одамлар «ёлғон» дейдиган нарсадан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Илло, уч нарсага: урушда, одамлар орасини ислоҳ қилишда ва эрнинг ўз хотинига ва хотиннинг ўз эрига гапиришида рухсат берганлар», – деди у».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Абу Довуднинг лафзида:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёлғондан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Илло, уч нарсани «ёлғончи ҳисобламайман» дер эдилар: одамлар орасини ислоҳ қилган одамни. У бир гапни айтса, ундан ислоҳдан бошқани ирода қилмайди. Урушда сўз сўзлаган кишини ва ўз хотинига сўз айтган эрни ҳамда ўз эрига сўз айтган хотинни...» дейилган.

Исломда ёлғон ҳаром ва катта гуноҳ ҳисобланса ҳам, ундан каттароқ зарарни қайтариш учун уч ҳолатда истисно тариқасида ёлғон ишлатишга рухсат берилган.

Мусулмонларнинг бир-бирлари билан уришиб юришлари – жуда ҳам ёмон иш. Бу ёмон иш оқибатида инсонлар ва жамиятлар ораси бузилади. Кишиларнинг бир-бирлари билан хусуматлашишлари, урушишлари барча бало-офатларнинг бошидир. Шунинг учун бу ҳолат пайдо бўлиши билан қандай қилиб бўлса ҳам, уни бартараф қилишга ўтмоқ зарур. Бу йўлда ҳатто ёлғон гапирилса ҳам, рухсат. Чунки одамларнинг орасини ислоҳ қилиш учун ёлғон гапирган одам фақатгина яхшилик учун ёлғон гапиради.

22. Барча мусулмонларнинг айбини беркитиш.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир авратни кўриб, уни беркитса, худди тирик кўмилган қизни қайта тирилтиргандек бўлади», – дедилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган.

Мусулмон одамнинг айбини беркитиш – ана шундай улуғ иш. Бир мусулмоннинг иккинчисининг айбини фош қилиб, уни одамлар ичида шарманда қилиши худди уни тириклайин кўмиб юбориш билан баробардир. Бир мусулмоннинг кишилар ичида шарманда бўлишидан ўлгани афзал. Шунинг учун ҳам биродарининг айбини беркитган одам уни ўлимдан сақлаб қолган билан баробар бўлади.

Муоз ибн Анас ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир мўминни мунофиқдан ҳимоя қилса, Аллоҳ қиёмат куни бир фариштани юбориб унинг гўштини жаҳаннам ўтидан ҳимоя қилади. Ким бир мусулмонни шарманда қилиш учун бир нарса билан айбласа, Аллоҳ уни жаҳаннам кўприги устида то у гапидан қайтгунча ушлаб туради», – дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Бир одам мўмин кишини ғийбат қилиб обрўсини тўкаётган бўлса, уни эшитиб турган кишилар ичидан мазкур мўминни ҳимоя қилган одам катта ажрга эга бўлади. Унинг мўмин кишининг обрўсини ҳимоя қилгани қиёматда ўзига катта бахт бўлиб қайтади. Аллоҳ таоло уни дўзахдан ҳимоя қилади. Бас, шундай экан, мўминлар бир-бирларини мунофиқларнинг ғийбат ва бўҳтонларидан ҳимоя қилишлари зарур.

Аксинча, бу дунёда мўмин-мусулмонни айблаш билан машғул бўлган одам қиёматда хижолатда қолар экан. Қилган нобакорлиги жазоси ўлароқ, жаҳаннам кўпригидан ўта олмай тўхтаб қолар экан. Бас, шундай экан, мўмин банда зинҳор ўз биродарини айблашга ўтмасин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охиратидан ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики, банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади. Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини енгиллаштиради. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бирида жам бўлиб, Аллоҳнинг китобини тиловат қилса, уни ўрганса, албатта, уларнинг устига сакийна тушади, уларни раҳмат ўраб олади, фаришталар қуршаб олади ва Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар қаторида зикр қилади. Кимни амали ортга сурса, уни насаби олдга сура олмайди», – дедилар».

Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Уламоларимизнинг айтишларича, айбини беркитиш моддий ва маънавий жиҳатдан бўлади.

Биринчиси – моддий камчиликларни беркитиш. Мисол учун, баданини беркитиш учун кийим олиб бериш. Иккинчиси – маънавийси эса ёмон иш қилганини кўриб қолиб, ҳеч кимга айтмай беркитишдир. Бу ҳам инсон ҳаётида доимо учраб турадиган ҳолат. Бир жамиятда яшаб турган кишилар бир-бирларининг айбларини беркитиб яшасалар, яхши бўлади.

Инсон билиб-билмай турли хатоларга йўл қўйиши мумкин. У ўзи йўл қўйган хатони беркитишга ҳаракат қилмоқдами, демак, ўша одамда яхшилик бор. Шунинг учун унинг айбини очишга, ҳаммага ошкор этишга ҳаракат қилиш дуруст эмас. Агар биров гуноҳ ва айб ишларни ошкора қилса, ундан яхшилик кутиб бўлмайди.

Бировнинг айбини беркитган одам аслида ўзининг айбини беркитади. Чунки Аллоҳ таоло шу қилган иши учун унинг бу дунёю охиратдаги айбини беркитади. Аммо у бировнинг айбини ошкор қилса, бошқа биров ёки ўша айби очилган киши унинг ҳам айбини очиши турган гап. Бу туфайли жамиятнинг ҳар бир аъзоси бошқасининг айбини очиш учун ҳаракат қиладиган бўлиб қолади. Оқибатда жамият аъзолари орасида ўзаро келишмовчилик ва душманчилик кучаяди ҳамда жамият таназзулга юз тутади.

Мавзуга оид мақолалар
 Абу Ҳурайра рjзияллоҳу анҳудан ривоят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар «Ким Аллоҳга ва давоми...

21:30 / 12.11.2016 3789
Дилфуза КОМИЛ «МЕНИ ПОДШОҲ КАФАНЛАЙДИ...» ёхуд ГУНОҲГА ЭЛТУВЧИ ГУМОНЛАР Усмонийлар империясининг давоми...

21:00 / 29.12.2019 5184
 Қуръон тиловати мусобақасидаги илк ғолибалар    Шахсан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси давоми...

13:42 / 16.01.2018 3608