Ҳасад ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ҳасад» сўзи луғатда «арчиш» ва «шилиш» маъноларини билдиради. Чунки ҳасад қалбни арчади ва шилади.

Уламолар, ҳасад бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб, ҳасадчига етиб келишини қаттиқ хоҳлашдир, дейдилар.

Ҳаётнинг энг майда икир-чикирларидан тортиб энг баланд чўққиларигача ҳар нарсада ҳасад бордир.

Агар инсон бошқа бир кишига етган неъматдан севиниб, ўша неъматнинг ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳлагани ҳолда, ўзига ҳам шундай неъмат берилишини тиласа, ҳавас қилган бўлади.

Ҳасад катта гуноҳдир. Ҳавас эса гуноҳ саналмайди. Чунки ҳасадчи бировга ёмонликни раво кўради, ҳавасчи эса бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига шу каби неъматнинг берилишини орзу қилади.

Аллоҳ таоло бир қанча оятларда ҳасадни қоралаган ва ҳасадчининг ҳасадидан паноҳ сўрашга чақирган.

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида:

«Ёки Аллоҳ одамларга Ўз фазлидан берган нарсаларга ҳасад қилмоқдаларми?» деган (54-оят).

Аллоҳ таоло «Фалақ» сурасида:

«Тонг Роббисидан паноҳ сўрайман. У яратган нарсалар ёмонлигидан. Ва кириб келган қоронғу кечанинг ёмонлигидан. Ва тугунларга дам солувчилар ёмонлигидан. Ва ҳасад қилган ҳасадчининг ёмонлигидан», деб айт», деган (1 – 5-оятлар).

Исломда бошқа маънавий жиноятлар қатори ҳасад ҳам қаттиқ қораланади ва катта гуноҳ ҳисобланади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мўмин банданинг ичида Аллоҳнинг йўлидаги (амалда ютилган) чанг ва жаҳаннамнинг олови жам бўлмайди. Бир банданинг ичида иймон билан ҳасад жам бўлмайди», – дедилар».

Ибн Ҳиббон ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифда икки турли нарса бир банданинг қалбида жам бўлмаслиги хабари берилмоқда.

Биринчиси – Аллоҳнинг йўлида иш қилиб, шу аснода чанг ютган одамнинг ичига жаҳаннамнинг олови кирмаслиги, яъни ўша одам жаҳаннамдан озод бўлиб жаннат аҳлидан бўлишлигидир.

Иккинчиси эса бир банданинг ичида иймон билан ҳасаднинг жам бўлмаслиги.

Демак, иймон билан ҳасад худди олов билан сувдек бир-бирига тамоман зид нарсалар экан. Бири бор жойда иккинчиси бўлмас экан. Бошимизга етган ва етаётган бало-офатлар бекорга эмаслигини шундан тушуниб олсак ҳам бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади», – дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Ҳасадчи инсоннинг қилган савоб ишлари бўлса, бекорга чиқишини, умуман, ҳасад бор жойда яхшилик қолмаслигини ушбу ҳадисдан тушуниб оламиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳасадни зарарли оловга ўхшатмоқдалар. Ёнғин чиққан ерда олов ҳамма нарсани еб битирганидек, ҳасад ҳам, аввало, ҳасадчининг ичини куйдиради. Кейин аста аланга олиб, йўлида нима яхшилик бўлса, ҳаммасини куйдириб битиради.

Шунинг учун ҳам ҳасадчи шахсга эътибор билан назар солсангиз, унда ҳеч бир яхшилик аломатларини тополмайсиз. Ҳасад тарқалган жамиятда ҳам худди шу манзаранинг ўзини кўрасиз. Ҳасадчилар жамиятида яхшиликдан асар ҳам қолмайди.

Зомра ибн Саълаба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Модомики ҳасад қилишмаса, одамлар яхшиликда бардавом бўладилар», – дедилар».

Тобароний ривоят қилган.

Демак, ҳасад қилишса, ораларидан яхшилик кўтарилар экан. Одамлар орасидан яхшилик кўтарилганда жамиятнинг ҳалокатга дучор бўлиши шубҳасиздир.

Ҳасаднинг инсонлар ва жамият учун нақадар даҳшатли хатар эканини муҳаддисларимиз ривоят қилган қуйидаги ҳадисдан билиб олишимиз мумкин.

Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Молга ҳирс қўйиш ва мусулмон кишининг динига ҳасад қилиш қўрадаги қўйлар томон қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам ёмонроқдир», – дедилар».

Термизий ва имом Аҳмад ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифда, молга ҳирс қўйиш ва ҳасаднинг қанчалик хавфли эканини сиз билан бизнинг тасаввуримизга янада яхшироқ сингдириш учун, мазкур ўхшатиш ишлатилмоқда. Бу икки хавфли жиноят қўй қўрасига қўйиб юборилган икки оч бўрига қиёсланмоқда. Одатда, оч бўри қаттиқ қўриқлаб турилган қўйларни ҳам ўлдириб, еб кетади. Аммо икки оч бўрини қўрага қамалган қўйлар ичига қўйиб юборилса-чи? Қўй бечораларнинг ҳоли нима бўлиши аён: оч бўрилар уларнинг ҳаммасини бирма-бир ҳалок қилади. Молга ҳирс қўйиш ва ҳасад ҳам, жамият ичига қўйиб юборилган икки оч бўри каби, жамиятни ҳалокат сари бошлайди.

Молга ҳирс қўйиш оқибатида одамлар Аллоҳга бандаликдан чиқиб, мол-дунёнинг бандасига айланадилар. Мол-дунё нимани амр қилса, шуни бажарадиган бўлиб қолишади. Мол-дунё эса ўзига ҳирс қўйган одамни ҳеч нарсадан қайтмасликка амр этади. Оқибатда унга банда бўлган шахс барча гуноҳлар ва ёмонликлардан тап тортмайдиган бўлиб қолади.

Мусулмон кишининг динига ҳасад қилиш ҳасаднинг энг ёмон турларидан биридир.

Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳасад эгаси мендан эмас», – дедилар».

Тобароний ривоят қилган.

Яъни ҳасадчи менинг умматим эмас, деганлар. Ўзини билган одам учун бундай ҳолга тушишдан ҳам ортиқроқ бадбахтлик йўқдир.

Ҳасаднинг зарарлари:

1. Ҳасад Аллоҳ таолонинг ғазабига сабабдир.

2. Ҳасадгўйнинг қалби ҳасратга тўла бўлади.

3. Ҳасад эгасининг мартабасини пасайтиради.

4. Ҳасадчини одамлар ёмон кўради.

5. Ҳасад неъматнинг заволига сабаб бўлади.

6. Ҳасад катта ёмонликларнинг манбаидир.

7. Ҳасад жамиятни бузувчи чўқмордир.

8. Ҳасад ахлоқсизлик аломатидир.

Ҳар бир инсон бошқа маънавий жиноятлардан қутула бориш баробарида, ҳасад каби катта маънавий жиноятдан ҳам қутулиши шарт. Ўшандагина элу юртимизда бирор яхшиликдан умид қилсак бўлади. Ҳар биримиз ҳасаддан фориғ бўлиб, қалбимиз тоза ҳолга келиб, қуйидаги ҳадисда зикр қилинган саодатманд саҳобий даражасига етишишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. Ул Зот: «Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатдан бир одам чиқади», – дедилар. Ансорийлардан, соқолидан таҳорат суви оқиб турган, чап қўлида ковуш тутган киши чиқиб келди.

Эртасига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айни гапни айтган вақтларида, яна ўша одам кечаги ҳолида чиқиб келди.

Учинчи куни ҳам худди шу ҳолат такрорлангач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, мажлисдагилар тарқалганида Абдуллоҳ ибн Амр ҳалиги одамга эргашиб борди-да: «Отам билан орамиздан гап ўтиб қолиб, уч кунгача унинг олдига кирмасликка қасам ичган эдим. Агар маъқул топсангиз, менга шу муддат ўтгунча уйингиздан жой бериб туринг», – деди. У одам «Хўп» деб жавоб берди.

Ҳазрати Анас ривоят давомида шундай дейди: «Абдуллоҳ ўша уч кеча у билан бирга тунаганини, у одамнинг кечалари ҳеч бедор бўлмаганини гапириб юрар эди. Агар у одам безовта бўлса, ўрнида ағдарилиб ётар ва бомдодгача Аллоҳни зикр қилиб, такбир айтиб чиқар экан».

Абдуллоҳ яна шуларни айтган экан: «Аммо ундан фақат яхши гапларни эшитдим. Уч кеча ўтгандан сўнг унинг амали ҳеч нарса эмас экан, деган фикрга келай дедим. Унга: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Отам билан орамизда ҳеч гап ўтгани йўқ. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан уч марта: «Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатлардан бир киши келади», деган гапни эшитдим. Уч марта ҳам сен чиқиб келдинг. Сенинг ҳузурингдан жой олиб, қиладиган амалларингга назар солиб, сенга иқтидо қилиш орзусида эдим. Аммо каттароқ бир иш қилганингни кўрмадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган гапларга сени нима эриштирган?» – деб сўрадим.

У эса: «Ўзинг кўрган нарсадан бошқа ҳеч нарса йўқ», – деди.

Қайтиб кетаётганимда у мени ёнига чақириб: «Ўзинг кўрган нарсалардан бошқа ҳеч нарса йўқ. Фақат мен қалбимда мусулмонлардан бирор кимсага гина-кудурат сақламайман. Ҳеч кимга нисбатан унга Аллоҳдан етган яхшиликка ҳасад қилмайман», – деди».

«Сени ўша мақомга етиштирган шу хислатинг экан. Ана шунга биз тоқат қила олмаймиз», – дебди Абдуллоҳ ибн Амр».

Аҳмад ва Насаий ривоят қилишган.

Ҳақиқатан ҳам инсонлар қалбида ўзгаларга нисбатан ҳасад бўлмаслиги улуғ фазилатдир. Зеро бундай одамдан ҳеч бир ёмонлик чиқмайди. Аллоҳ таоло барчамизни ҳасадгўйликдан сақласин! Элу юртимизни бу оғир дарддан Ўзи қутқарсин! Омин!

Ҳасаднинг сабаблари

Ҳасаднинг бир неча сабаблари бор. Уламоларимиз мазкур сабабларни ўрганиб чиқиб, асосийлари олтита эканини таъкидлаганлар. Уларни қисқача ўрганиб чиқамиз:

1. Душманлик ва ёмон кўриш. Бу, ҳасаднинг энг кучли сабабларидан биридир. Икки киши бирор сабабга кўра уришиб қолишлари ва ораларида келишмовчилик чиқиб бир-бирини ёқтирмай қолишлари мумкин. Fазаби чиққан одам ўзининг душманига нисбатан қалбида кек сақлаб қолса, у ҳасадга айланади. Душманига ўзи етказа олмаган зарарни замондан кута бошлайди. Агар душманига бирор ёмонлик етса, хурсанд бўлади ва Аллоҳ таолонинг Ўзи менга ёмонлик қилгани учун уни жазолади, дейди.

Мабодо душманига неъмат етса, унинг мақсадига тескари бўлгани учун хафа бўлади. Ҳасади яна ҳам зиёда бўлади. Мазкур неъматнинг ёмон кўрган одамидан кетишини истайди ва шу мақсадда иш ҳам олиб боради.

2. Кўра олмаслик. Баъзи одамларда бошқанинг ўзидан устун бўлишини кўра олмаслик одати бўлади. Ана шу нарса ҳам ҳасаднинг сабабларидан биридир. Одатда, бировни ўзидан паст санаб, уни одам ўрнида кўрмай, назар-писанд қилмай юрган кимса шундай бўлади. Доимо ўша одам унга қарам бўлишини ва ялиниб туришини истайди. Бирдан, қараса, ҳалиги одамга неъмат етибди. Ҳасадчининг хаёли бошидан учади. Ўзини қўйгани жой топа олмай қолади. Ҳасади ўзини кўрсатади.

3. Кибр. Мутакаббир одамлар ўзидан паст саналган кишиларни доимо масхара қилиб, ерга уриб, олдиларида мақтаниб, сал нарсага керилиб юрган бўладилар. Шунинг учун улардан паст одамларга неъмат етганига чидай олмай, ҳасад қилишга ўтадилар.

4. Мақсадига эришолмай қолишдан қўрқиш. Бу ҳолат бир мақсадга эришиш учун ҳаракат қилаётган шахслар орасида бўлади. Улардан бири кўзланган мақсадга эришиш йўлида неъматга сазовор бўлса, бошқаси ҳасад қилади. Қўполроқ мисол келтирадиган бўлсак, худди кундошларга ўхшаган бўлади.

5. Мансабпарастлик ва шуҳратпарастлик. Бунга маълум бир соҳада тенги йўқ бўлишни орзу қилган шуҳратпараст кимса мисол бўлади. Агар унга дунёнинг нариги бурчида сенга тенг келадиган одам чиқибди, дейилса, ўшанинг йўқ бўлишини орзу қилади.

6. Одамларга яхшиликни раво кўрмайдиган табиати бузуқ шахс ҳасадчи бўлади. Ўзига ҳеч алоқаси бўлмаса ҳам, бировга неъмат етишини кўролмайди. Ўз-ўзидан ҳасад қилаверади.

Ҳасаднинг давоси

Маълумки, ҳасад энг оғир қалб хасталикларидан биридир. Қалб хасталикларини эса фақат илм ва амал билангина даволаш мумкин.

Ҳасадни илм билан даволаш қуйидагича:

Аввало, ҳар бир киши ҳасад ўзининг дину дунёсига зарар эканини яхши англаб етмоғи лозим. Шу билан бирга, у ҳасад қилинган одамнинг на динига ва на дунёсига зарар етказа олмаслигини ҳам тушуниши керак. Балки унинг ҳасадидан душмани фойда олади.

Агар охиратга ва ундаги ҳисоб-китобга иймонни бир тарафга қўйиб туриб, ақл юзасидан иш тутганда ҳам, ҳасадга ўрин йўқ. Чунки ҳасадчи ўз ҳасади туфайли ич-ичини ейди, қалби дард-аламга тўлади. Аммо бирор фойда кўрмайди.

Неъмат ҳасад қилинган одамдан сизнинг ҳасадингиз туфайли заволга учрамайди. Қандай қилиб дейсизми?

Унга неъматни Аллоҳ таоло берган ва Аллоҳнинг Ўзи белгилаган муддатгача давом этади. Бировнинг ҳасади туфайли неъмат тугаб қолмайди. Охиратда унга зарар етмаслиги аниқ. Чунки неъмат етгани ёки сизнинг ҳасадингиз унга гуноҳ бўлиб ёзилмайди. Балки ҳасадингиз сабабли мазлум бўлгани учун фойда олиши ҳам турган гап. Бу дунёда унинг фойда олиши сизнинг жизғанак бўлишингиздандир. Чунки одамларнинг хурсандчилигининг сабабларидан бири душманининг азобланишидир.

Юқорида зикр қилинган нарсаларнинг барчаси ҳасадчи ўзига ўзи душман ва душманига дўст эканини кўрсатади. Бу худди душманини қатл қилиш учун тош отаётган одамга ўхшайди. Биринчи тошни отганда душманига тегмай ўзига қайтади ва ўнг кўзини кўр қилади. Унинг аччиғи яна ҳам аланга олиб, иккинчи тошни отади. Иккинчи тоши ҳам мўлжалга тегмай ўзига қайтади ва чап кўзини ҳам кўр қилади. У ғазаб отига миниб учинчи тошни отади. Тош қайтиб келиб, ўзининг бошини ёради. Душмани эса соппа-соғ, кулиб, уни томоша қилиб туради.

Ушбуларни тафаккур қилган одамнинг қалбида ҳасад олови сўниши турган гап.

Ҳасадни амал билан даволаш қуйидагича:

Бунда ҳасад дардига мубтало бўлган шахс ҳасади унга қайси амални буюрадиган бўлса, ўшанинг аксини қилиши лозим бўлади. Мисол учун унга душманини ёмонлашни амр қилмоқда, у уни мақташга ўтсин. Ҳасади унга мутакаббирлик қилишни тавсия қилмоқда, у унга тавозуъ кўрсатсин.

Салафи солиҳлардан кўплари ўзини ғийбат қилган шахс ҳақида хабар эшитса, унга ҳадялар юборар эдилар.

Мавзуга оид мақолалар
 Азд қабиласи аҳли Мадинадан борган даъватчининг сўзлари билан иймонга кирган эди. Аллоҳнинг Расулини давоми...

07:26 / 22.01.2017 3169
Барча уламои киромлар никоҳ суннат амаллардан эканлигига ихтилоф этишмайди, балки унга тарғиб этишади. давоми...

09:48 / 27.10.2016 4614
gallery linkfile sizemedium ids6097,6033,6057,5959,5974,5911,5898,5808,5809,5676,5571,6193,6241 Азиз ўқувчи 01.10.2015 сана халқаро интернет тармоғида давоми...

09:59 / 23.02.2017 13867
«Истинжо» деб инсоннинг икки чиқарув аъзосини сийдик ва ахлатдан тозалашга айтилади. Анас розияллоҳу давоми...

11:13 / 29.11.2016 5603