Рўзанинг фойдалари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

РЎЗАНИНГ ФОЙДАЛАРИ Рўзанинг рўзадор шахсий сифатларига берадиган фойдалари ҳақида сўзлар эканмиз, сабр сифати ҳақида гапирмай бўлмайди. Рўзадор кишида сабр-матонат сифатининг пайдо бўлишини, мустаҳкамланишини, ҳатто рўзага душман бўлганлар ҳам рад қила олмаганлар. Инсон ўз ихтиёри билан оч қолиши, ташна бўлиши, шаҳватдан ўзини тийиши ва бу ҳолат бир ой давом этиши инсонда сабрли бўлиш сифатини кучайтиради. Ҳозирги кунимизда эса бу жуда ҳам керакли сифатдир. Агар тузукроқ мулоҳаза қиладиган бўлсак, бугунги кунимизда одамлар бошига тушаётган кўпгина мусибатлар айни сабрсизликдан бўлмоқда. Айниқса, кишиларнинг озиқ-овқат маҳсулотларидан, турли ичимликлардан ўзларини тия олмасликларидан келиб чиқмоқда. Эркак ва аёлларнинг ўз шаҳвоний ҳисларини тия олмасликлари оқибатида келиб чиқаётган бало-офатлар ҳамманинг кўз ўнгида яққол кўриниб турибди. Ана шундан рўза орқали топиладиган ва сайқалланадиган  шахсий сифатларга ҳар лаҳзада муҳтож эканлигимизни билиб оламиз. Бунинг устига инсон умри давомида турли фавқулодда ҳолатларга тушиб туришини ҳам қўшсак, мазкур фойдаларнинг аҳамияти яна ҳам ортади. Шарқ адабий меросимизда бунга кўплаб мисоллар келтирилган. Ана шу мисоллардан бирида икки киши зиндонга солингани, улардан бири семиз ва бақувват, иккинчиси озғин ва кучсиз кўрингани, овқатсиз қолишганидан сўнг семиз одам ҳалок бўлиб, озғин одам тирик қолгани, суриштириб кўрилса, озғин рўза тутишга одатланган одам эканлиги ҳақидаги қисса ҳам бор. Бунга ўхшаш ҳолатлар инсон ҳаётида доимо такрорланиб туришини эсласак, Рўза ҳар бир киши учун зарурлигига ишончимиз яна ҳам ортади.  Рўзадан ҳосил бўладиган шахсий сифатлардан яна бири раҳим-шафқатли бўлиш сифатидир. Рамазони шариф ойининг биринчи ўн кунлигини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Раҳмат ўн кунлиги» деб эълон қилганлар. Бу нафақат Аллоҳ таолонинг бандаларга раҳмати, балки бандаларнинг  бир-бирларига раҳимли-шафқатли бўлишини ҳам ўз ичига олади. Рўза тутган одам биров билан сўкишмаслиги, урушмаслиги қаттиқ тайинланишидан мақсад ҳам шу. Ўз ихтиёри билан оч қолган, ташна бўлган одамда ўз-ўзидан раҳим-шафқат ҳислари уйғонади. Ўзгаларга яхшилик қилиш туйғулари кучаяди. Буни рўза тутган ҳар бир одам дарҳол мулоҳаза қилади. Айниқса, очлик ва ташналикни ўз танасида синаб кўрган шахс, турли сабабларга кўра доимо оч қолганларга раҳим-шафқат қилиш лозимлигини тўла тушуниб етади. Шунинг учун ҳам рўзадорларда оч-яланғоч, бева-бечора, камбағал-мискинлар фойдасига хайр-садақа қилиш кўпаяди. Бугунги кунда меҳр-шафқатга, раҳмидилликка ва ҳайри- эҳсонга муҳтож кишилар қанчалик кўп эканликларини ҳисобга оладиган бўлсак, рўзанинг аҳамияти яна ҳам ортади. Бунинг устига рўза туфайли мусулмонлар ичида ўзаро тенглик, меҳрибонлик алоқалари яна ҳам ортади. Бой-бадавлат кишилар, подшоҳ ва ҳокимларнинг саройларию қасрларида ҳам, камбағал, бева- бечораларнинг кулбаларида ҳам бир хил ҳолат, бир хил руҳоният ҳукм суради. Балки сарой ва қасрларнинг эшиклари очилиб, камбағаллар ичкарига таклиф этилиб, азиз ва мўътабар меҳмонларга айланадилар. Ёки аксинча бўлиб бойлар, амирлар, ҳокимлар бошларини эгиб, камбағал, бева-бечораларнинг кулбаларига ифторлик, хайр-садақа, закотларини кўтариб бориб, Аллоҳ учун қабул қилишларини сўрайдилар. Камбағалларнинг қорнини тўйдириш, устини бут қилиш, келажакка жамғарма тўплаб олиш ишларига ёрдам берадилар. Рамазони шарифда  ўта сахий бўлиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатларидир.                 Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  энг сахий одам эдилар. У кишининг энг сахий бўлишлари Рамазонда бўлар эди », дейилган. Биз Рамазоннинг фойдалари ҳақида денгиздан бир томчисини айтиб ўтдик, холос. Аллоҳ таоло барчамизни Рамазоннинг ҳамма фойдаларидан манфаатланишга насиб этсин.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ

«Рамазонни қаршилаб» китоби

 
Мавзуга оид мақолалар
Она ўғлидан эрига шикоят қилиб қолди. Нима эмиш, ўғли ўртоқлари билан қабристонга тезтез борадиган бўлиб давоми...

22:13 / 19.11.2023 2575
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Бизларни Муҳаммад соллаллоҳу давоми...

13:20 / 28.01.2017 4263
Баъзи саҳифаларни Қуръон оятлари билан номлаш ҳам ўша оятларга ҳурматсизликдир. Шундан келиб давоми...

10:32 / 20.04.2019 2830
 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари учун дуо қилиб, уларга меҳрибонлик билан йиғлашлари давоми...

20:30 / 20.01.2017 4011