Динсизларнинг тузоғига илинма, аёл!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

   Аёл – гўзаллик, садоқат ва меҳр-муҳаббат рамзи. Аёл – бу, меҳрибон она, садоқатли умр йўлдош, оқибатли опа ё сингил, шу билан бир қаторда, ўз касбига фидоий инсон. Аёлга ҳар қанча таъриф берса, оз.

Она юртим, она табиат, она Ватан, она тилим  деган муқаддас тушунчаларда она сўзи алоҳида таъкидланиши бежиз эмас, албатта. Шунинг учун ҳам мустақиллик йилларида хотин-қизларнинг жамиятдаги мақоми ва мавқеини кўтариш, уларнинг ҳурматини жойига қўйиш, манфаатини ҳимоялаш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш  давлатимизнинг, жамиятимизнинг устувор йўналиши ва мақсадларидан бирига айланди.

«Аёл, оила ва жамият» нақадар муқаддас ва мўътабар сўзлар бўлиб, аёл  сўзи  гўзалликнинг, оила садоқатининг ифодаси, жамият  сўзи эса фидоийликни англатади. Шундай экан, аёл  миллат  таянчи сифатида жамият негизи ҳисобланган оилада келажагимиз тараққиётининг гарови ҳисобланган юксак маънавиятли комил инсонларни тарбиялашда масъулдир.

Бугунги кун аёли фарзандлар тарбиясидан ажралмаган ҳолда кичик бизнес ва оилавий тадбиркорлик, касаначилик, чорвачилик ва мева-сабзавотчилик билан шуғулланиб, ўз оиласи бюджетига даромад келтирмоқда. Ҳар соҳада аёлларнинг пешқадам бўлиб жонбозлик кўрсатаётганлиги кишини қувонтирмай қўймайди.

Аёлнинг оиладаги энг асосий вазифаси фарзандни дунёга келтириб, унга ҳар тамонлама гўзал тарбия беришдир. Фарзанд – инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабининг давомчиси, оиланинг мустаҳкам занжиридир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилади: «Фарзандлар дунё ҳаётининг зийнатидир».

                                                                                                                                                   (Каҳф сураси. 106- оят)

Онанинг ҳусни хулқли, одобли бўлиши келажакда фарзандларининг ҳам чиройли тарбия топишларида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Аёл миллат  тарбиячиси экан, унинг маънавияти  келажак тараққиётини ҳал қилувчи ёшларни вояга етказиш ва уларни комил инсон даражасига кўтаришда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, миллатни она яратади ва она тарбиялайди. Оқилалик, покизалик мисоли бўлган оналар юртимиз маънавиятининг асосини, маданиятимиз мазмунини ҳам ташкил қилади. Тарихдан маълумки, деярли, барча буюк алломаларимиз, улуғ  уламоларимизнинг, бобокалонларимизнинг  оналари покиза, ўқимишли, етук билим эгалари, маърифатли аёллар бўлишган. Ибн Сино онаси Ситорабонудан, Баҳоуддин Нақшбанд волидаси Биби Орифадан, Муҳаммад Аминхўжа Муқимий онаси Ойшабибидан, Мунавварқори Абдурашидхонов онаси  Хосиятхон отиндан, Абдурауф Фитрат онаси Бибижондан, Исҳоқхон  Ибрат онаси Ҳурибиби аядан  биринчи тарбияни, илк илм, сабоқ сирларини ўрганиб, жаҳон илм-фани, маданиятига улкан ҳисса қўшдилар. Шунинг учун ҳам миллатни қандай миллат бўлиб  шаклланишида онанинг – аёлнинг меҳнати беқиёс эканлигини эътироф этиб, юртбошимиз И.А.Каримов: «Аёллар учун ижтимоий фаолият билан бола тарбиясини уйғунлаштиришга, соғлом авлодни вояга  етказишга имкон берувчи барча шарт-шароитлар  яратиб  бериш бизнинг муқаддас бурчимиздир», деб таъкидлайди.

   (2009 йил  9 сентябрдаги  «Маҳалла»  газетасида  чоп этилган  «Аёл – жамиятнинг ахлоқий мезони» мақоласидан).

Халқимиз орасида «Аёл бир қўли билан бешикни, иккинчи қўли билан дунёни тебратади», деган нақл бежиз вужудга келмаган. Буюк аждодларимиз, миллатимиз тарихидан маълумки, ўзбек аёли, ўзбек оналари нафақат ўз элимиз, балки дунё ҳамжамияти, умумбашарият тараққиётига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган машҳур ўғлонлари: жасур, ботир Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди каби саркардалари, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний, ҳазрат Хўжа Аҳрор Валий каби азизу авлиёлари, жаҳонни турли жабҳаларда лол қолдирган олимлари – Абу Наср Фаробий, Абу Райҳон Беруний, Имом Ал Бухорий, Абу Али ибн Сино, Ал Хоразмий, Мирзо Улуғбек, адиблари – Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, , Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек кабилар билан машҳурдирлар.Мағрур, жасур ва доно Тўмарис, Бибихоним, Нодирабегим, Увайсийлар номлари нафақат биз учун, балки илғор фикрли дунё аҳли учун ҳам жасорат, шижоат ва нафислик тимсолидир.

Минг афсуслар бўлсинки, бугунги кунда диний-экстремистик ва террорчи ташкилотлар вакиллари аксарият ҳолларда аёлларнинг ҳаёти, фарзандлари ва келажаги билан ҳисоблашмай, улардан ўзини портлатиш орқали қурбон қилувчи сифатида фойдаланиб, уларга ўз мақсадларига эришишда восита сифатида қарамоқдалар.

Аксарият ҳолларда гиёҳванд моддалар истеъмол қилдирилган ва чуқур руҳий таъсир кўрсатилган, онгига муқаддас манбалардаги ғоялар ғараз манфаатлар йўлида ғайриинсоний мазмунда сингдирилиб, шахсий «мен»и йўқотилган, ҳақиқий ҳаёт ўлимдан сўнг бошланиши ва жаннатга тушишига ишонтирилган, мавжуд воқелик ёвузлик салтанати бўлиб кўринган, ҳамда дунёда яшашидан маъно қолмаган аёллар ўз раҳнамоси кўрсатмаларини сўзсиз адо этадиган «шаҳидалар»га айланмоқдалар.

Ўзини портлатиш орқали қурбон қилаётган аёлга ташкилот ва ҳарбий фаолият сирларини сақлаш усулларини ўргатиш шарт эмас, чунки гуруҳ аъзолари аёллардан доимо бир марталик арзон қурол сифатида фойдаланадилар.

Ўзини портлатиш орқали қурбон қилишга рози бўлишдан мақсад:

Оғир касаллик¸ оғриқ ва аламларидан қутулиш;

Оиласига моддий жиҳатдан ёрдам бериш ёки пул ишлаш;

Аёллар ўзларига нисбатан бўлаётган ноҳақликлар, паст назар ёки «оддий буюм» сифатида бўлаётган муомалалардан норози бўлиб, яшаётган ёки келажакда яшайдиган ҳаётларидан қутулиш;

   Аёллар аёл бўлишдан воз кечиш мақсадида. Бундай ишга рози бўлаётган аксарият аёллар шу йўл билан ўз шахсий ёки оилавий мавқеларини кўтармоқчи, бу ҳаракатлари билан улар ўзларини кераксиз бир буюм эмас, балки улар ҳам эркаклар сингари нималарга қодир эканликларини исботламоқчи бўладилар.

Бу жараён 3-4 ойлик муддатни ўз ичига олади.

Аёллар ўз ғаразли мақсадини амалга оширишларидан аввал, тинимсиз равишда Қуръони Каримнинг оқим ўз фаолиятига мослаган оят ва суралар тиловатини эшитадилар, беш маҳал намоз ўқийдилар, ташкилотга доир радикал адабиётлар билан танишадилар. Ана шундан кейин улар ҳар қандай ишни қўрқмасдан амалга оширадиган бўладилар.

Чикаго университетининг сиёсатшуноси Роберт Пейп сўнгги 25 йилда Ливан, Шри-Ланка, Исроил ва бошқа давлатлардаги камикадзелар томонидан содир этилган жами 462 та терактни ўрганиб чиқиб, уларнинг ҳеч бирида диний асоснинг йўқлиги, камикадзеларнинг аксарияти дунёвий кишилар бўлгани, таҳлил қилинган 462 терактнинг 48 таси 25 ёшдан ошмаган, жами 220 та қизлар томонидан содир этилгани маълум бўлди.

Қуръони карим «Нисо» сураси 29-оятда шундай дейилади:

«Ўзларингизни ўлдирмангиз! Албатта, Аллоҳ сизларга раҳим-шафқатлидир».

Қуръони карим «Нисо» сураси 93-оятда шундай дейилади:

«Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай».

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

«Нажот фақат билимдадир».

Ёшлар ва аёллар турли мутаассиб гуруҳ даъватчиларининг алдовига учиб қолмаслиги, хусусан, гўёки «Қуръон ўргатиш» баҳонасида, аслида, мутаассиб ғоялар тарғиб қилинадиган яширин «ҳужра» ва йиғинларга бормаслиги, турли «даъватчи»лардан ноқонуний диний мазмундаги диск, адабиёт ва кассеталарни олмаслиги лозим.

Сиз ёки атрофингиздаги бирор кимсага кимдир хусусий тарзда таълим беришни таклиф қилса, бу ҳаракат ноқонуний экани ва яширин тарзда диний таълим беришда, албатта, бирор ғаразли мақсад ётганини тушунишингиз лозим. Хусусий тарзда диний таълим бериш қонунан ман этилгани «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасида ўз аксини топган.

Хулоса сифатида айтиш мумкинки, аёллар турли оқимлар таъсирига тушиб қолмасликлари учун аёлларга доимо ва ҳар қандай вазиятда эътиборли бўлиш, уларни ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, жисмонан соғлом, маънан етук бўлишлари учун шарт-шароитларни яхшилаш, оилада аёлларга фақатгина уй юмушларидан орта олмаётган уй бекаси сифатида эмас, балки етук шахс сифатида муомала қилиш, ҳар қандай вазиятда унинг атрофида ҳимоячи ва ғамхўрлари бор эканини ҳис қилдира олишимиз лозим.

Эй аёл! Сен, аввало, онасан! Сенинг асосий вазифанг жамият ва юрт тараққиёти учун хизмат қиладиган фарзандларни тарбиялашдир. Дин ниқоби остидаги ўзини диндор қилиб кўрсатаётган, аслида эса динсиз, манфурлар қўлида қўғирчоқ бўлма! Сен азиз  ва мукаррам этиб яратилдинг. Ўз номингга доғ туширма. Ҳадиси шарифда номинг  «Жаннат оналар оёғи остида» дея улуғланган экан, шу номга муносиб бўл!

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус Ислом билим юртининг

4-курс талабаси Маликова Муаттар

 
Мавзуга оид мақолалар
Инсон руҳияти худди унинг танаси соғлом ёки аксинча бўлгани каби, соғлом ёки носоғлом бўлиши мумкин. Руҳият давоми...

21:06 / 02.11.2023 1805
Кундалик ҳаётимизда ҳар куни, доимо ҳожатимиз тушиб турадиган масканлардан бири ҳожатхонадир. Ҳожатхона давоми...

15:02 / 29.11.2016 4051
Ўн бешинчи кун... Ассалому алайкум Мана бугун Рамазоннинг ўн бешинчи кунида турибмиз. Ойнинг ярми ҳам тезда давоми...

19:24 / 10.06.2017 3372
Бразилияда биринчи бор мусулмон аёллар учун шаръий либослар кўргазмаси ўтказилди. Сан Пауло шаҳрида давоми...

08:47 / 28.11.2016 4918