Саййида Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо: Исломга киришлари
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тўйдан кейин саодат тўла оилавий турмуш бошланди. Ҳамма нарса бир-бирига муносиб эди. Яшаш жойида эру хотиндан бошқа кишилар ҳам бор эди. Хадича бинти Хувайлиднинг аввалги эридан бўлган Ҳинд исмли ўғли бор эди. У Зот Ҳиндни доимо яхши муомалалари билан ўзларига ром этдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари ҳам янги яшаш жойларига ўз чўрилари Умму Айманни бирга олиб келган эдилар. Бу чўрининг асл исми Барака Ҳабашия эди.

У янги жойда аввалгидан ҳам яхши истиқомат қила бошлади. Бундан ташқари, онаси билан Той қабиласидаги тоғалариникига зиёратга борганида, устиларига араб қабилаларидан бири бостириб келиб асир олган ва Маккага келтирилганида Ҳаким ибн Ҳизом сотиб олиб, аммаси Хадича бинти Хувайлид хонимга совға қилган Зайд ибн Ҳориса исмли ғулом ҳам бор эди. Зайдни ҳам жуда яхши қабул қилдилар. Хадича бинти Хувайлид турмуш йўлдошларини ниҳоятда севар ва ҳурмат қилар эдилар. Бу севги ва ҳурмат кун сайин ортиб, мустаҳкамланиб борар эди. У киши эрларининг хотиржамлиги, роҳат-истироҳати учун зарур бўлган барча нарсаларни муҳайё қилишга тинимсиз ҳаракат қилар эдилар. Бу фаросатли ва заковатли аёл келажакда улуғ ишлар қилиши кутилаётган умр йўлдоши учун ҳар нарсага тайёр эди. У эрининг хурсандчилиги йўлида ўзининг роҳат-фароғатидан, имтиёзларидан, молу мулки ва бор бисотидан кечишга, уларни эри учун сарфлашга ҳар лаҳзада шай эди. Кунларнинг бирида эр-хотин кўнгил суҳбати қуриб ўтирар эдилар. Бирдан Хадича бинти Хувайлиднинг чўриси келиб: «Хоним, Ҳалима бинти Абдуллоҳ ибн Ҳорис ас-Саъдия келди. У ҳузурларингизга кирмоқчи», деди. Ҳалимаи Саъдиянинг исмларини эшитишлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалблари қувончга тўлди. Ўзларини эмизиб катта қилган сут оналарини кўриш бахтига эришаётганларидан мамнун бўлдилар. Хадича бинти Хувайлид эри бу меҳмон аёл ҳақида доимо эҳтиром ва эъзоз билан гапириб юришларини яхши билар эди. Эрининг эмизган оналарини пешвоз чиқиб кутиб олди. Икки аёл ичкарига кираётганларида у Зот: «Онажон! Онажон!» деб пешвоз чиқдилар. Ридоларини тўшаб, устига Ҳалимаи Саъдияни ўтказдилар. У Зот жуда ҳам масрур эдилар. Юзлари, кўзлари, бутун вужудларида қувонч балқиб турарди. Кўришиб бўлгач, у Зот Ҳалимаи Саъдиядан кўнгил сўрай бошлаган эдилар, аёлнинг юзи жиддийлашди. Ўз қабиласи Бани Саъднинг ерларида қурғоқчилик ҳукм сураётгани, ҳаёт кечириш қи­йин бўлиб қолгани ҳақида шикоят қилди. Камбағаллик ва ночорликдан нолиди. Бу гаплар Хадича бинти Хувайлидга маълум бўлгач, у киши узоқ ўйлаб ўтирмай меҳмонни хурсанд қилишга киришди. Унга қирқта қўй, сувчи туя ва ўз ерларига етиб олгунча етадиган нарсаларни тортиқ қилди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг сахий ва хотамтой аёлларининг бу совғаларини сут оналарига мамнуният ила топширдилар. Вақт ўтиши билан оиланинг ўзаро иноқлиги, ундаги бахт-саодат ҳам мустаҳкамланиб борар эди. Хадича бинти Хувайлид ҳомиладор бўлганида ҳаммалари чексиз қувондилар. У Зотнинг биринчи ўғли Қосим кўп ўтмай нобуд бўлди. Кейин яна ҳомила бўлди. Яна ўғил туғилди. Яна қувондилар. Унга «Абдуллоҳ» деб исм қўйдилар. Аммо бу фарзанд ҳам узоқ яшамади. Хадича бинти Хувайлид қиз фарзанд кўрдилар. Эр-хотин кўзлари қувончи бўлган бу жажжи меҳмонга «Зайнаб» деб исм қўйдилар.

Зайнаб бир ёшга тўлганда сингиллик бўлди. Бахтиёр ота-она иккинчи қизларига Руқайя исмини бердилар. Болалар оилага чексиз бахт, қувонч ва қут-барака олиб келдилар.

Кейинроқ учинчи қиз туғилди – Умму Кулсум.

Бу ажойиб оилага Аллоҳ таоло ниҳоят тўртинчи кенжа қизни ато этди. Истарали бу қизчага ота-онаси «Фотима» деб исм қўйдилар.

Аллоҳ таолонинг фақат Ўзигагина маълум ҳикматларга кўра, уларнинг ўғил фарзандлари турмади. Аммо ўша пайтдаги жамиятда ўғил фарзанд алоҳида эътиборга сазовор эди. Шу боис бу заковатли хоним ўз эрининг кўнглини олиш учун барча чораларни кўриб, ўз жуфти ҳалоли Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг бу борадаги ўксинишларини ҳам бартараф қилмоқчи бўлди. Ўйлаб-ўйлаб, ўзининг энг афзал қули Зайддан яхшироқ совға бўлиши мумкин эмаслигига қаноат ҳосил қилди ва уни ўз турмуш ўртоғига ҳадя этди. Шу тариқа Зайд Муҳаммад ибн Абдуллоҳ қарамоғларига ўтди.

Зайднинг янги хожаси жуда яхши одам эди. Бош­қа хўжайинларга мутлақо ўхшамас эди. Ҳатто Зайднинг отаси ва амакиси келиб, уни олиб кетмоқчи бўлганларида ҳам у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан қолишни ихтиёр этди.

Шунда Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Зайдни қўлидан етаклаб Байтуллоҳга олиб чиқдилар ва тўғри Каъбанинг олдига бориб, Исмоил ҳижрида турдилар-да:

«Гувоҳ бўлинглар! Зайд менинг ўғлимдир. Мен унга меросхўрман, у ҳам менга меросхўрдир», дедилар.

Зайднинг у Зот ҳузурида қанчалик эъзоз-икромга эга эканини кўрган ота ва амакилари кўнгиллари таскин топиб, қайтиб кетдилар.

Шундан бошлаб, Зайд ибн Ҳорисани «Зайд ибн Муҳаммад» деб чақириладиган бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толиб Қурайшга молу мулки билан эмас, ақли-заковати билан раҳбар бўлган эди. У Қурайш­дек катта ва обрўли қабиланинг йўлбошчиси бўлса ҳам, ўзи камбағал яшар эди.

Абу Толибнинг камбағаллиги, айниқса, Маккада қаҳатчилик бошланганида билиниб қолди. У машаққатга учраб болаларини боқолмай ва оила тебратолмай қолди. Шунда унинг қариндошлари ёрдамга келдилар.

У Зот бошқа амакиларига Абу Толибнинг болаларидан баъзиларини бўлиб олишни таклиф қилдилар. Ақилни Абу Толибнинг ўзига қолдириб, Жаъфарни Аббос, Алини у Зот ўзлари олдилар. Шундай қилиб, Али амакиваччаси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у Зотнинг завжалари Хадича бинти Хувайлиднинг қарамоғларида ҳаёт кечира бошлади. Ўша вақтда Али эндигина олти ёшга етган эдилар.

Шу тариқа ўғилга муштоқ бу оила Зайд ва Али туфайли ўғилли бўлиб қолдилар.

Оила қурганларига ўн беш йил тўлиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам 40 ёшга етганларида эса ёлғизликни хоҳлаб қолдилар. Макка атрофидаги тоғлардан биридаги Ҳиро ғорига кириб, бир неча кунлаб «таҳаннус» ибодат қилардилар. Яъни ёлғиз ҳолда қолиб, дунё ишлари ҳақида, ундаги разолатларни йўқотиш, ҳақиқатни, адолатни юзага чиқариш ва бошқа фазилатлар тўғрисида фикр юритдилар. Баъзида уйга озиқ-овқат учунгина тушардилар ёки уни уйдан келтириб беришарди.

Бу ҳам бўлса, Аллоҳ таоло тарафидан у Зотни Пайғамбарликка тайёрлаш эди.

Бу ҳақда Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳодан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биринчи белги берган нарса уйқудаги ҳақ туш бўлди. У Зот қандоқ туш кўрсалар, албатта, худди тонг ёруғидек аниқ ўнгидан келар эди. Сўнгра у Зотга холи қолиш маҳбуб бўлиб қолди. Ҳиро ғорида ҳоли қолиб аҳллари олдига тушишдан олдин бир неча кеча «таҳаннус» ибодати қилар эдилар. Яъни ўз аҳлига қайтишдан олдин бир неча кечани ибодат ила ўтказар эдилар. Бунинг учун зоди роҳила олволар эдилар. Сўнгра Хадичанинг олдига қайтиб, яна ўшанчага етарли зоди роҳила олар эдилар. У Зотга ҳақ келгунича шундоқ бўлди. У Зот Ҳиро ғорида эканликларида фаришта келиб:

«Ўқи!» деди.

«Мен ўқувчи эмасман», дедилар.

У у Зотни тутиб, ўзига тортди. Ҳатто қийинлик етказди. Сўнгра қўйиб юборди ва:

«Ўқи!» деди.

«Мен ўқувчи эмасман», дедилар.

У у Зотни иккинчи марта тутиб, ўзига тортди. Сўнгра қўйиб юборди ва:

«Ўқи! Яратган Роббинг номи билан. У инсонни алақдан яратди. Ўқи! Ва Роббинг энг карамлидир!» деди.

Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша (оят)лар ила қалблари титраб-қақшаб қайтди ва Хадича бинти Хувайлиднинг олдига кирди ва:

«Мени ўраб қўйинглар! Мени ўраб қўйинглар!» дедилар.

Бас, у Зотдан қўрқинч кетгунча ўраб қўйдилар. Кейин у Зот Хадичага хабарни айта туриб:

«Ўзимга бир нарса бўлмаса эди, деб қўрқдим», дедилар.

Шунда Хадича:«Ундоқ эмас! Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Албатта, сиз силаи раҳм қилурсиз. Заифга ёрдам берурсиз. Одамлар қилмаган яхшиликларни қиласиз. Меҳмонга зиёфат берасиз. Фалокатга учраганларга ёрдам берасиз», деди.

Сўнгра у Зотни олиб, Варақа ибн Навфал ибн Асад ибн Абдулуззонинг (Хадичанинг амакисининг ўғли) олдига борди. У жоҳилият даврида нас­ронийликка кирган одам эди. Иброний китоб ёзар эди. Инжилдан ибронийчасига Аллоҳ ёзишини хоҳлаганини ёзар эди. У кўзи ожиз бўлиб қолган қари чол эди. Хадича:

«Эй амакимнинг ўғли! Биродарингизнинг ўғлини бир тингланг!» деди. Варақа у Зотга:

«Эй биродаримнинг ўғли, нима кўрмоқдасан?» деди.

Шунда у Зот ўзлари кўрган нарсанинг хабарини айтиб бердилар.

Варақа у Зотга: «Бу Аллоҳ Мусога нозил қилган «Номус»дир. Қани энди, сени қавминг ҳайдаб чиқарганда бақувват бўлсам эди! Қани энди, тирик бўлсам эди!..» деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени улар ҳайдаб чиқарурларми!?» дедилар.

«Ҳа! Қайси бир киши сен келтирган нарсани келтирса, душманликка учрайди. Сенинг ўша кунингга етсам, албатта, сенга қўлимдан келган ёрдамни берурман», деди.

Айни ўша вақтда инсониятни Ўз қўли билан яратиб, уни гўдаклигидан турли саркашликларига, инжиқликларига ва хатою адашишларига қарамай, пайғамбарлар юбориб, китоблар нозил қилиб, тарбиялаб олиб келаётган Аллоҳ таоло инсониятнинг навбатдаги ва энг катта адашувидан кейин унга энг охирги Пайғамбарни юборишни, энг сўнгги Китобини нозил қилишни ва энг сўнгги, мукаммал ва доимий шариатини жорий қилишни ирода этган пайт келган эди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳиро ғорида «Иқроъ!!! (Ўқи!!!) деган гулдурос овозни эшитдилар.

Ана ўша овоз жоҳилият зулматини парчалаш учун Аллоҳ таоло томонидан туширилган сўнмас ёғдунинг биринчи шуъласи – Қуръони Каримнинг биринчи ояти эди.

Инсоният тарихидаги энг нозик пайт бўлган ўша кезда у Зотнинг жонларига оро кирган бирдан-бир инсон у Зотнинг умр йўлдошлари Хадича бинти Хувайлид бўлдилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қўрқувларини босган киши ҳам Хадича бинти Хувайлид эди.

У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга у Зотнинг олий сифатларини эслатиб, Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди, албатта, сиз силаи раҳм қилурсиз, заифга ёрдам берурсиз, одамлар қилмаган яхшиликларни қиласиз, меҳмонга зиёфат берасиз, фалокатга учраганларга ёрдам берасиз, дея тасалли бердилар.

У Зотни Варақа ибн Навфалнинг олдига етаклаб бориб, охири замон Пайғамбари бўлганлари ҳақидаги хабарни эшиттирган киши ҳам Хадича бинти Хувайлид бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга самодан келган рисолатни қабул қилиб олишлари учун етарли шароит яратган киши ҳам Хадича бинти Хувайлид бўлди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Ҳиро ғорида келган тарихий хабарни комил ишонч, мус­таҳкам иймон, очиқ қалбда хотиржамлик билан кутиб олган киши ҳам Хадича бинти Хувайлид бўлди.

Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо биринчи бўлиб Исломга кирдилар. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари бўлиш билан бирга, Аллоҳ таолога ва Унинг Расулига биринчи иймон келтириш шарафига муяссар бўлган инсон ҳам эдилар.

Барча уламоларимиз у киши биринчи бўлиб мусулмон бўлганларига иттифоқ қилишган.

Иззиддин ибн Асийр:«Хадича Аллоҳнинг халқи ичида биринчи мусулмон экани мусулмонлар ижмоъидир. Ундан олдинга тушадиган эркак ҳам, аёл ҳам йўқ», дейдилар.

Имом Байҳақий раҳматуллоҳи алайҳи:

«Ушбу умматдан энг аввал мусулмон бўлгани Хадича бинти Хувайлиддир», деганлар.

Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳи:

«Хадича энг аввал Аллоҳга ва Унинг Расулига иймон келтирган, у Зотнинг Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузуридан келтирган нарсасини тасдиқ қилган ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ишларида вазир бўлган эди. Шу ила Аллоҳ Ўз Расулининг ишини енгиллаштирди. У Зот қачон ўзларига ёқмаган раддияни ёки ёлғонга чиқаришни эшитсалар, хафа бўлсалар, Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо ўша ғамни кетказар эди. Унга қайтганларида саботга чақирарди. Оғирларини енгил қилар эди. Динларини тасдиқлар эди. Одамларнинг қилмишларини аҳамиятсиз этар эди», деб ёзганлар.

Шу билан бирга, Хадича бинти Хувайлид Ислом йўлида улкан хизматлар ҳам қилдилар. У киши, аввало, ўз уйларини куфр ва ширк оламидан иймон воҳасига айланиши учун қўлларидан келган барча нарсаларни қилдилар.

Айнан ўша уринишлар Зайд ибн Ҳориса ва Али ибн Абу Толибни биринчилардан бўлиб иймон келтиришларининг омилларидан бўлган бўлса, ажаб эмас.

Айнан ўша уринишлар оиланинг тўрт қизи: Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум ва Фотимани оналарига эргашиб, оталарига иймон келтиришларига сабаб бўлган.

Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳи Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қиладилар:

«Аллоҳ Ўз Набийини нубувват ила икром қилганда Хадича ва унинг қизлари Исломга келдилар».

Бошқа бир ривоятда эса :«Руқайя онаси Хадича Исломга кирганда Исломга кирди ва аёллар байъат қилганда у ҳам байъат қилди. Опа-сингиллари Исломга кирганда Умму Кулсум ҳам Исломга кирди ва улар байъат қилганда, у ҳам байъат қилди», дейилган.

Ушбу ишларнинг барчасида Хадича бинти Хувайлиднинг ўзларига яраша муносиб ҳиссалари бор эди. У киши мисли кўрилмаган ихлос ила Аллоҳ таолонинг динига хизмат қилар эдилар.

Ўша пайтда Аллоҳ таоло намоз ўқишни ҳам фарз қилди.

Ибн Исҳоқ раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга намоз фарз қилинганда у Зот Макканинг юқори тарафида турганларида олдиларига Жаброил келди. У водийнинг бир тарафидаги ерни товони билан тепган эди, сув отилиб чиқди. Бас, Жаброил таҳорат қилди. Намозга таҳорат қандоқ қилинишини кўрсатди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам назар солиб турдилар. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброилдан кўрганларига ўхшатиб таҳорат қилдилар. Сўнг Жаброил туриб, у Зотга намоз ўқиб берди. У Зот Жаброилнинг намозига эргашиб намоз ўқидилар. Кейин Жаброил қайтиб кетди.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича бинти Хувайлид розияллоҳу анҳонинг олдига келиб, ўзларига Жаброил кўрсатганидек таҳорат қилиб, намозга покланиш қандоқ бўлишини кўрсатдилар. У киши ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатганидек таҳорат қилди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан худди у Зот Жаброил билан ўқиганларидек намоз ўқидилар».

Шундоқ қилиб, Ислом умматидан биринчи бўлиб иймон келтириш бахтига муяссар бўлган Хадича бинти Хувайлид Ислом умматидан биринчи бўлиб намоз ўқиш шарафига ҳам муяссар бўлдилар.

«Уюунул асар» китобида келтирилган ривоятда Афиф ал-Киндий қуйидагиларни айтади:

«Аббос ибн Абдулмуттолиб билан дўстлигимиз бор эди. У Яманга келиб атир сотиб олиб кетар эди. Сўнгра уни мавсум кунлари сотар эди.

Мен Аббос билан Минода турган эдим. Бир бекаму кўст одам келиб таҳорат қилди. Яхшилаб таҳорат қилди. Сўнг туриб намоз ўқиди. Кейин бир аёл чиқиб таҳорат қилди. У ҳам туриб намоз ўқиди. Сўнг бўйи етай деб қолган бола чиқиб таҳорат қилди ва унинг ёнида туриб намоз ўқий бошлади. Мен:

«Шўринг қурсин, эй Аббос! Бу – қандоқ дин?!» дедим.

«Бу – укамнинг ўғли Муҳаммад ибн Абдуллоҳнинг дини. У ўзини Аллоҳ Расул қилиб юборганини даъво қилмоқда. Манави акамнинг ўғли Али ибн Абу Толиб. Анави бўлса, Хадича, унинг хотини, у эрининг динига эргашган», деди».

Ўша вақтда намоз кишилар кўзига Афифнинг кўзига кўринганига ўхшаб ғалати кўринар эди. Одамлар бунга ўхшаш ибодатни мутлақо кўрмаган эдилар. Улар намозни кўрганларида ҳайратга тушиб ажабланар эдилар. Ана шундоқ вақтда Хадича бинти Хувайлид намоз ўқишни бошлаганининг ўзи у Зот учун шарафдир.

 
Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбар алайҳиссаломлар Аллоҳ таолонинг энг суюкли, танлаб олган, бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатган давоми...

22:47 / 19.07.2023 1881
Шубҳасиз, умид қилиш керак, лекин шу билан бирга ҳавф ҳам лозим. Баъзи уламоларнинг фикрича, бундай давоми...

13:42 / 23.04.2019 2595
Угандада Ер юзидаги энг кўп фарзандли аёл яшаши маълум бўлди. 39 ёшли Марям Набатанзи 38 фарзандни давоми...

09:05 / 28.04.2019 3482
    Уйланиш вақтим келди, онам бир қизни кўз остиларига олиб қўйган эканлар, онамга у ёқар, оиласи ҳурматли давоми...

06:35 / 26.01.2017 6116