Қўшничилик одоби
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ cоллаллоҳу алайҳи васаллам, Аллоҳга ҳузурида қўшниларнинг энг яхшиси қўшнисига яхши бўлганидир, деганлар. Ҳар қандай ҳолатда ҳам қўшнилардан яхшиликни аямаслик керак. Бизнинг юртларда азалдан бу нарсага алоҳида аҳамият бериб келишган. Бирор яхши таом тайёрланса ҳам қўшнига берилган, чунки овқат қилинган вақтда ҳиди қўшнига билинган.

Уйда бирор маросим бўлса, қўшни чиққан бўлса ҳам яна унинг уйига бирор нарсадан чиқарилади. Бирор хурсандчилик – келин-куёвнинг фотиҳаси, ақиқадан келган нарса бўлса ҳам қўшнига берилади. Чунки унинг уйида бўйи етган йигит ёки қиз бўлади, ёки келинни ҳурматидан ақиқанинг нарсасидан деб биринчи қўшнига чиқарилади.

Аммо энг ёмон нарса ҳасад қилинса ҳам қўшнидан бошланади. Нега у машина олди, нега машинасини алмаштирди ва ҳоказо. Ҳовлиларда ўзгача, кўп қаватли уйларда бошқача.  Ҳовлида қўшни олиб келган нарсасини машинасида олиб келса, кўрмаслик мумкин. Аммо кўп қаватли уйлардан ҳар ҳолатда ҳам қўшни кўриши табиий. Нима олиб киряпсиз, нима олиб чиқяпсиз, барчасини бевосита кузатиш мумкин.

Маҳаллалардаги бой кишилар орасида кўплаб саҳийлари топилади. Ўз уйини тартибга келтиргандан сўнг, кўчасини, керак бўлса ён атрофгача тўғрилашга ҳаракат қилади. Ҳатто бутун бошли кўчани асфальт қилиши мумкин. Чунки қишдан сўнг кўчаларимизда чуқурликлар пайдо бўлади. Бундай саҳийларга қўлдан келганча ёрдам бериб, ташаккур билдириш лозим.

Яқинда бир воқеа бўлди. Бир кўчани ремонти учун саҳий киши ўз ёнидан маблағ ажратиб, ўз кўчасини тартибга келтирди. Барча хурсанд. Энг аввало яхшилик қилганнинг ўзида енгиллик бўлди. Иш жараёнида қўшнилар қўлидан келганча ёрдамини аямади. Ишчиларга кимдир овқат қилган, бошқаси сувидан хабар олди. Иш битди. Шунда ҳасадчи пайдо бўлди.

Аммо бу саҳий, қаердан шунча маблағни олди? Нега бундай ишларни қилади? Жамоат жойдаги бу каби ишларни барча билан маслаҳат қилиши керак, деган савол берувчи пайдо бўлди ва қўшнисининг қилган ишига қарши чиқди. Бу эса барча қўшниларнинг норозилигига сабаб бўлди.

Бошқа воқеа. Кўп қаватли уйда яшайдиган икки тижоратчи қўшни келишиб, подъезд олдидаги йўлакчани текислатиб қўйди. Машиналар ва одамларга юришга қулайлик яратилди. Аммо бу ерда ҳам ҳасад пайдо бўлди. Булар кўчани ямайдиган пулни қаердан топган? Шунча пулни топиш қийин-ку, дегувчилар майдонга чиқди. Буни ҳам қўшнилар айтди. Бундай қўшнилар кимга керак!!!

Бу икки мисолда ҳам бой кишилар ўз манфаатларини кўзлаган бўлсаларда, қўшниларга ҳам фойда бўлди. Раҳмат, ҳамма фойдаланмоқда, барака топ, мен ҳам сенга ўхшаб шундай садақалар қиладиган саҳий бой бўлай, дейиш ўрнига ҳасад қиламиз. Қўшнилар олдида уларни ёмонлаймиз. Турли жойларга уларнинг устидан шикоят ёзамиз. Шундай қилсак, хотиржам бўламиз, деб ўйлаймиз. Аммо афсуски, бунинг акси, борган сари ҳасадимиз ортади. Бир қопга семирамиз, деб ўйлаймиз-у, кечалари ухламай чиқамиз. Улар ҳақида яхши гумон қилиш ўрнига ёмон гумондамиз. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, "билиб қўйингларки, мусулмон – қўшниси ундан саломат бўлган кишидир", деганлар.

Қўшнига фойда бера оладиган гап топа олмасак, жим турайлик, шуниси фойдалироқ бўлар!!! Хулоса ўрнида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан етиб келган қуйидаги икки ҳадисни айтамиз. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга, фалончи аёл кундузи нафл рўза тутади, кечаси нафл намоз ўқийди, аммо қўшниларига тили билан озор беради, дейилди. Унда яхшилик йўқ. У дўзахда, дедилар. Фалончи аёл фарз намоз ўқийди. Рамазон рўзасини тутади. Қурт доналаридан садақа қилади. Ҳеч кимга тили билан озор бермайди, дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У жаннатда”, дедилар. Бошқа ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўшнингга озор беришдан ўзингни тий. Агар у озор берса, сен сабр қил”, деганлар.

Яхшилик қилиб, маломатга учраётганларга Аллоҳ сабр берсин.

Мавзуга оид мақолалар
21.Савол Шаққи садр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўкракларини ёриш воқеасида Аллоҳ таоло давоми...

12:20 / 02.12.2017 3013
Бисмиллааҳир роҳманир роҳийм «Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари пайғамбарга салавот айтурлар. Эй давоми...

21:00 / 02.01.2020 2421
ТУҒАДИГАН КИМ ТУҒАДИГАН КИМ Иккинчи мактуб ОИЛА фарзандлардан бошланади. Александр ГЕРЦЕН Ассалому давоми...

09:28 / 24.03.2017 3803