Мадинаи мунавварадаги ҳаёт
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Пайғамбар оиласи… Мадинаи мунаввара ва Пайғамбар оиласи…

Масжиди Набавиййага ёндош қурилган Пайғамбар алайҳиссаломнинг уйлари шодликка тўлганди. Ҳазрат Хадичанинг ўлимларидан сўнг пароканда бўлган оила аста ўзига келаётган эди. Маккада ҳазрат Савдо, Мадинада ҳазрат Оиша билан никоҳланган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ташрифдан бошлари осмонга етди. Ҳазрат Зайнабга ҳазрат Умму Кулсум ва ҳазрат Фотима ёнидан жой қилиб беришди. Улар яна бирга яшай бошлашди. Ҳазрат Руқайя эса жаннати боқийда эди. Қабристонда… Ҳазрат Зайнаб ўзи билан гўё ҳазрат Хадичанинг бўйларини, нафасини олиб келгандай эди. Сингиллари унга тикилиб она ҳасратини босишарди. Ҳазрат Зайнаб ҳам уларнинг аламли нигоҳларидан ҳазрат Руқайяни изларди. Мадинага келгани ҳамон тоби йўқлигига қарамай, дарҳол қабристонга борган, ҳазрат Руқайянинг мозорини зиёрат қилиб келганди. Барча муслимлар учун Макка тамсилига айланган ҳазрат Зайнаб она диёрга оид саволларга жавоб қайтарар, у ердаги диндош биродарлар азобини англатарди… Каъбанинг бутларга тўлиб кетгани, мусулмонлар уйи талангани, бирор хилватда учраб қолган муслимнинг мушриклар томонидан қийноққа солиниши… Ҳаммасини бир-бир сўзлаб берди ҳазрат Зайнаб. Сўнг ўзи ҳам Мадинадаги аҳволдан бохабар бўлди. Оила яна йиғилган, бахт йўлида эди.

* * * Ҳазрат Руқайянинг ўлимидан сўнг қанотидан айрилган опа-сингиллар яна жонланиб қолишган, тушган оятларни бирга ўқиб-ўрганиб, амал қилишарди. Кекса қўшниларга ёрдам беришар, касаллар ҳолидан хабар олиб, эҳтиёжларини қондиришарди… Ҳазрат Умму Кулсум ва ҳазрат Фотимага тинмай совчи келар, Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг барчасини хушмуомалалик билан қайтариб юборар эдилар. Ўзлари кўзлаган одам бор эди ёки ниятлари бошқача. Ҳар ҳолда бежиз кутмаган, куттирмаётгандирлар. Умму Кулсум йигирма бир, Фотима ўн етти ёшга кирганди. Буларни ҳам узатиш вақти келганди. Аммо Пайғамбар оталари келганларни фақат ортга қайтарардилар. «Афандимиз бежиз бундай қилмаётир», деб совчиларнинг барчаси тўғри тушунишар ва шу боис ҳам ҳеч бир келишмовчилик юз бермас эди. Мадинаи мунавварада ҳаёт ўзанига тушаётган эди…

Турмуш қуриш

Ҳазрат Фотима жуда кўркам, ихлосли, чаққон қиз бўлиб етишганлиги сабабли унга харидорлар кўп эди. Қуръонни гўзал ўқир, чуқур англаб, яшаш тарзига тўла сингдирган эди. Уй ишларию, қўни-қўшничилик муносабатларида ҳам ибрат оларли эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўзлари – ҳадиси шарифларни ёддан билар, чиройли изоҳлар, хуллас, гўзал ишларни гўзал адо этар эди. Ўн тўрт ёшига қадар ҳазрат Хадичанинг тарбиясини олган ҳазрат Фотима бу дунё ва охират, ўз уйи ва келинликда лозим бўладиган барча билимларни онасидан ўрганган эди. Оналар султони ҳазрат Фотимагина эмас, барча қизларига шундай гўзал тарбия берган, нозик фаросат билан турмушга тайёрлаган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фарзандлари ичида энг омадлиси ҳазрат Фотима эди. Зотан, у ҳам Пайғамбар отаси, ҳам оналар султони, ҳам уч опачаси тарбияси, ўрнагини олиб ўсган эди. Шу сабабли ҳазрат Фотима устунликка эга эди. Бу устунликни ҳеч ким тўла ифодалай олмасди. Пайғамбар ота, энг устун она ва энг сара опалар… Натижа – мукаммал ҳазрат Фотима… Фотимани ҳазрат Фотима қилган омиллар мана шулар эди. Шулар туфайли ҳазрат Фотима «жаннат ҳурларининг онабошиси» бўлди. Афандимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўз қорачиғи, гули, ҳазрат Хадичанинг ғунчаси, опачаларининг эрка чечаги, умматнинг саййидаси… Ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон ва бошқа саҳобалар, айниқса, қариндош-уруғлари ҳазрат Алини қисташарди: «Тезроқ оғиз сол!» – Бориб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан Фотиманинг қўлини сўра. – Мен қандай Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига бораман? Сизлардан бирортангиз мен учун боринг. – Биз бораверамиз, аммо ўзинг бўлганинг маъқул. – Мен у Зотдан қандай қилиб қизларини сўрайман? – Бегона жойга бормаяпсан-ку, амакисининг ўғли бўлсанг. Кўз олдида катта бўлгансан. Сени фарзандидай кўради, йўқ демайди. – Шундай деб ўйлайсизми? – Ҳа. – Бир ўзимнинг боришим ноқулай. Бирортангиз менга ҳамроҳлик қилинг. – Бунақа ишларга ёлғиз борилади, Али. – Лекин мен уяламан. – Унда эшиккача бирга борамиз. Ичкарига ўзинг кирасан. – Майли. – Юр бўлмаса. – Ҳозирми? – Ҳа. – Мунча шошилинч? – Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Хайрли ишларга шошилинг», дея марҳамат этмаганларми?! – Ҳа, шундай. – Шундай экан, қани юр. – Бўпти, ё бисмилло… – «Бисмиллаҳ…» ҳар бир хайрли ишнинг боши эмасми, Али? – Ҳа, шундай. – Илоҳим, бошидан хайрли бўлсин. – Иншааллоҳ!.. Ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларигача бирга келишди. «Буюк Аллоҳ ниятингга етказсин, Али», дея ортга қайтишди. Ҳазрат Али эшик олдида ёлғиз қолди. Чуқур нафас олди. Бироз ўзини йиғди. Сочини силаб тузатган бўлди. Лекин ҳеч эшикни тақиллата олмади. Охири журъат тўплаб эшик қоқди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ичкаридан овоз бергач, «Ассалому алайкум, ё Расулуллоҳ. Мен жиянингиз Алиман, кирсам майлими?» деди. Рухсат теккач, аста ичкарига кирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундоқ ёнгинасига ўтирди. Ҳаяжондан титрар, нафаси тиқилиб қоларди. Юз-кўзлари қизариб кетган, овоз чиқармай ўтирарди. – Нега келдинг, Али? – Кўргани. – Фақат кўрганими? – Ҳа, Аллоҳнинг Расули. Бошқа ҳеч нарса деёлмади. Аслида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам гап нимадалигини дарҳол пайқаган бўлсалар ҳам, аммо Алининг аҳволини кўриб, ортиқча қистамадилар. Озроқ ўтиргач, ҳазрат Али рухсат сўраб ўрнидан турди. Нега, қандай киргани, қаерга қандай ўтиргани, қандай хайрлашиб чиққанини ўзи ҳам билмайди. Битта билгани – ҳузури Набийга кириб чиққани. Ҳамон титроғи босилмаган, қизаргани кетмаган эди. Унинг бу ҳолини кўрганларнинг кулгиси қисташи тайин… Жангларда арслондай олишган, ўлимнинг юзига тик қараган, ўзи юзларча ғаним ичига қўрқмай отилган Али у эмас эди гўё. Қиз қўлини сўрамоқ шунчалар қийинми? Энг оғир урушда ҳам бу қадар чарчамаган эди. Орадан яна бир неча кун ўтди. Саҳобалар ҳазрат Алини яна ўртага олиб қисташди. Уяламан, деганига қулоқ солишмади. Уни тўғри Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уйларига олиб кетишди. Эшикни тақиллатиб узоқлашдилар. Ҳазрат Али ичкарига киришга мажбур бўлди. Яна аввалгидай қимтиниш билан сўрашиб, бир четга ўтирди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ишора билан ёнларига ўтқаздилар. Ҳазрат Али бошини кўтара олмас, юзлари қизариб кетган, тез-тез нафас олар эди. – Қандай эҳтиёжинг бор, Али? – … – Ё қизим Фотимани сўраб келдингми? – Ҳа, Аллоҳнинг Расули, – дея олди зўрға. – Хуш келибсан, қадамингга ҳасанот. – !.. Бошқа гапира олмади. Буюк жасорат билан рухсат сўраб ташқарига чиқди. Тиззаларидан дармон кетган эди. «Қиз сўраш мунча ҳам қийин бўлмаса, ё Роббим?!» Оёқлари чалишиб, ўртоқлари ёнига аранг етиб борди. – Қандай хабар билан келдинг, Али? – Ўзим ҳам билмайман. – Айтмадингми? – Йўқ, аммо у англади. – Яъни? – «Қизим Фотимани сўраб келдингми?» деди. – Сен нима дединг? – Ҳа, дея олдим, холос. – Кейин-чи? – Кейин «Хуш келибсан, қадамингга ҳасанот», деди. – Аллоҳнинг Расули бу калималарнинг биттасини айтганида ҳам сенга рози бўлганини билдиради. Қувончдан Алининг боши кўкка етди. Қўлда бор-йўқ барча нарсасини фақирларга улашди. Бутун саҳобалар ҳам бу шодликка шерик бўлишар, тўй тадорикларига ёрдам беришарди. Шу асно ҳазрат Алини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам чақирдилар. У барча ишини ташлаб югурди. Ҳазрат Фотиманинг маҳри ва бошқа эҳтиёжлар учун 480 дирҳам бериши лозимлигини сўзладилар. Яна ҳазрат Фотиманинг «Эй ота, менинг маҳрим қиёмат кунида умматингизнинг афв этилиши бўлсин», дегани ва ваҳий келиб бу тилак қабул бўлганини ҳам айтдилар. Ҳазрат Алининг қувончи чексиз эди. Аммо бирдан маҳзун тортди. Чунки унинг шунча пули йўқ эди. Буни пайқаган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унга  совутини сотишни маслаҳат бердилар. Ҳазрат Али совутини олиб бозорга йўл олди. Учраган кишига совутини таклиф қиларди. Аммо ҳамма уни ёқтиргани билан уни 150-200 дирҳамдан ортиққа олмаслигини айтарди. Шу тариқа бозорга етиб келди. У ерда ҳам 200 дан ошиқ берувчи бўлмади. Қанча уринса-да, унга керак 480 дирҳамни ҳеч ким таклиф қилмади . 250 дирҳамгагина кўтарилди. Бу етмаса ҳам, қолганини бошқа ердан топаман, деб энди сотмоқчи бўлаётган эди, ҳазрат Усмонга кўзи тушиб қолди. – Бозорда нима қилиб юрибсан, Али? – Совутимни сотмоқчиман. – Жангчи ҳам совутини сотадими? – Пул жуда зарур. – Мен 480 дирҳам бераман, розимисан? – 480?!. – Камми? – Аксинча, кўп эканлигини ўзинг биласан-ку, Усмон. – Агар сотсанг, 480 дирҳамга оламан. – Майли, яхшиликка ишлат. – Ма, пули. Ҳазрат Али бозордан қайтиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига етаёзганди, ортдан ҳазрат Усмоннинг чақиргани эшитилди. – Али, тўхтаб тур. – Нима гап? – Сен уйланяпсан-а? – Худо хоҳласа. – Тўйга совға бериш одатимиз бор. – Биламан. – Агар рози бўлсанг, совғамни ҳозир бермоқчиман – мана шу совутни… – Лекин… – Бу совут фақат сенга ярашади… – Аммо… – Совғани рад этишмайди, Али, ол! – Хўп, Усмон, катта раҳмат. – Тўйлар муборак ва хайрли бўлсин! – Аллоҳ сендан рози бўлсин. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Али қўлидаги совутни кўриб нега сотмаганини сўради. – Эй Аллоҳнинг Расули, совутга ҳеч ким 250 дан ортиқ дирҳам бермади. Шунда Усмон келиб 480 дирҳамга сотиб олишини айтди. Сотган эдим, тўй совғаси, деб ўзимга қайтиб берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Усмонни дуо қилдилар. Қанчалар гўзал ҳаракат, асл иш, бетакрор ибрат эди бу. Биродарининг эҳтиёжини қондириш билан бирга кўнглини ҳам олганди. Ваҳоланки, инсоннинг чорасизлигидан фойдаланиб, молини арзон-гаровга оладиганлар ҳам бор. 400 дирҳамлик нарсани 50 дирҳамга баҳолайди бунақалар. Иложсиз бечора ҳам сотишга мажбур бўлади. Қанийди, ҳамма ҳазрат Усмондан ўрнак олса! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам 400 дирҳамни олиб саксонини Алига қайтиб берди. Ҳижратнинг иккинчи йили, сафар ойи, жума… Никоҳ маросимида Масжиди Набий бошдан-оёқ тўлди. Аёллар бўлими ҳам гавжум бўлди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Абу Бакр, ҳазрат Умар, ҳазрат Усмон ва ҳазрат Абдураҳмонлар билан бирга келдилар. Никоҳ хутбасини ирод этиб қизлари Фотимани 400 дирҳам маҳр билан Алига никоҳлаганларини айтдилар. Ҳазрат Алига «Сўзла!» дедилар. Ҳазрат Али аввал Аллоҳга ҳамд, Расулига салот ва салом йўллади. Бу никоҳдан жуда мамнун ва масрур эканини сўзлади. Шу ердаги саҳобалар никоҳга гувоҳ бўлишди ва шу тариқа ҳазрат Али билан ҳазрат Фотиманинг никоҳлари қийилди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ишоралари билан масжиддагиларнинг барчасига хурмо улашилди. Ортидан ҳазрат Билол қўллари билан тайёрланган шарбат тортилди. Ҳазрат Алига акаси Оқил уй берганди. Али уни Фотима даражасига мос ҳолга келтиришга уринди. Ва уй тайёр бўлди – ортиқча ҳашамату безакларсиз, аммо топ-тоза, шинам… Ҳазрат Али тўй тадоригини тўла кўриб бўлди. Никоҳ қийилганидан бери беш ой ўтганди. Энди тайёрлигини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга билдириш керак. Ўзи боришга уялиб амакиси ҳазрат Ҳамзадан илтимос қилди. Бирга масжидга кетаётиб Умму Айманга дуч келишди. Бу аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам энагалари эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ҳазрат Зайдга никоҳлаб бергандилар. Ва «Умму Айман онам вафотидан сўнг менга оналик қилган, шафқатини дариғ тутмаган. У онамдан кейинги онам!» деб марҳамат қилгандилар. Шу боис барча мусулмонлар уни жуда севар, ҳурмат қилишарди. Аҳволни унга англатиб маслаҳат сўрашди. Аёл: – Сиз мендан хабар кутиб туринг. Чунки бундай ишлар аёлларсиз битмайди. Ҳозир бориб Оиша, Савдо ва Ҳафсалар билан Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларига кираман. Биргаликда тушунтирамиз, сиз қайтиб, кутинг… – Аллоҳ сиздан рози бўлсин, эй Умму Айман онамиз. Бизни хижолатдан қутқардингиз. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кирган аёллар номидан Умму Айман сўзлади: – Эй Аллоҳнинг Расули! Ота-онамиз, опа-укамиз, жонимиз сизга фидо бўлсин. Агар раҳматли Хадича бор бўлганида бу иш билан ҳузурингизга келиб ўтирмаган бўлардик. Унинг ўзи ҳал қилиб қўя қоларди. Бу ном тилга олингани ҳамон Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўзлари ёшга тўлди. Уни хотирлади. «Бу дунёда Хадичадай аёл бормикан? Мени ҳамма ёлғончи, деганда, у ишонди. Мени қўллаб-қувватлади. Дунё ва охиратда ёрдамчим бўлди». – Тақдири илоҳий шундай экан… Мана, вақт ўтиб, унинг севимли кенжаси ҳазрат Али билан никоҳланди. Ҳазрат Али тўйга тайёрлигини айтиб, рухсатингизни олиш учун бизни юборганди. Нима қилайлик? – Алини чақиринглар, келсин! – Ҳозироқ, Аллоҳнинг Расули! Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам юзларидаги нурли табассумни кўриб қувонган аёллар мамнун ҳолда қўзғалишди. Бориб ҳазрат Алига хушхабарни етказдилар. Ҳазрат Али қаттиқ ҳаяжонда келди. Тили базўр айланар, юзлари қип-қизариб кетганди. – Эй Али, тайёрмисан? Тўйинг бўлишини истаяпсанми? – Ҳа, Аллоҳнинг Расули! Рухсатингиз билан… – Тўйларинг бугун бўлади, Али! – Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчидир! – Унда бориб, одамларни тўйга чақир! – Ота-онам сизга қурбон бўлсин, эй Расулуллоҳ! Ҳозироқ чақираман. Ҳазрат Билол, ҳазрат Али ва хабар топган одамлар кечга қадар бутун тўй ҳаракатларини битиришди. Бири жонлиқ сўйган, бири пишириқ билан банд, яна кимдир шарбат тайёрлаган… Масжид атрофи «валима» ейишга ҳозир қилиб қўйилди – намоздан сўнг тўй таоми ейилиши керак эди. Умму Айман бошлиқ аёллар – ҳазрат Ойша, ҳазрат Савдо, ҳазрат Умму Салама, ҳазрат Асмолар келиб, ҳазрат Алининг уйини кўрдилар. Бир хонали, бир айвонли уй. Поли тупроқ. Ҳовли этагида ширингина боғча. Аёллар ишга киришиб, уйларни тозалаб, нарсаларни жойлашди. Қирдан қум келтириб, тупроқли полни эпақага келтиришди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига боришди. У Зот ҳаммаларини дуо қилдилар, қизлари Фотимага эса насиҳат этдилар: – Севимли қизим Фотима! Сен Алига жория бўл, у ҳам сенга қул бўлсин! Ҳазрат Алига ҳам шундай дедилар: – Эй Али! Сен қизим Фотимага қул бўл, у эса сенга жория бўлади. – Салмон! – Лаббай, Аллоҳнинг Расули! – Қизим Фотима тайёр бўлиши билан туяга миндир ва янги уйига ўзинг олиб бориб қўй! – Бу менинг учун шарафдир, эй Аллоҳнинг Расули! Ҳазрат Салмон туяни хафсала билан безаркан, унга гапирарди: – Эй туям! Сени қанча безатсам ҳам оз. Сени безайдиган, шарафлайдиган устингда ташияжагинг қиздир. Жаннат ҳури, аёллар шарафлиси, Пайғамбар алайҳиссалом қизлари Фотимтуз-Зуҳродир… Туя ҳам бўйнидаги масъулиятни тушунгандай бош силкиди… Тўй таоми ейилгач, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Алини муборак ҳузурлариги чақирдилар. У қизарган юзларига чиққан терларни сидириб келди. – Эй Али! Уйингга бор… Қизим Фотима боради, уни қарши ол ва мени кутинглар! – Хўп бўлади, эй Аллоҳнинг Расули! Ҳазрат Али юриб эмас, учиб кетди гўё. Уйи келин келишига тайёрлаб қўйилганини кўриб, шунчалар таъсирландики, кўз ёшларини тия олмади. Пайғамбар қизи Фотиматуз-Зуҳро бу уйга келин бўлиб келади. У билан ҳаёти бу уйда бирлашади… Ва… Ана… келин келаётир. Фақат, фақат… Бу мумкин эмас… Қоронғуни ёритаётган бу нур қаердан таралмоқда? Салмон етаклаб олган туя устиданми? Ҳазрат Фотимами? Ёки ой шуъласими? Туя устидаги нур обидаси Фотима эди! Пайғамбар қизи! Ҳазрат Али бундай келинни қандай кутиб олишни билмай шошиб қолди, ёнидагилар ёрдамидангина ўрнидан турди. Қутлуғ келин қутлуғ уйга туширилди. Такбирлар билан, дуолар билан… Келин томон ичкарида, эркаклар ташқарида ўтиришди. Ҳар бири уни табриклаб, дуо қилар ва изн сўраб кетишар эди. Ичкаридагилар ҳам, ташқаридагилар ҳам Пайғамбар алайҳиссаломни кутишарди. У Зот бир гуруҳ саҳобалар билан кириб келганлари ҳамон барча оёққа турди. Баракот ва хайр тилаб, дуо қилиб тарқалишди. Ҳазрат Али Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан уйга кирди. Бир четга ўтиб, одоб билан ерга тикилди. Ҳазрат Фотима ва аёллар Набий алайҳиссалом ичкарига кирганлари ҳамон ўринлардан туришган, амрларига мунтазир туришарди. – Менга сув келтиринг! Алоҳида маросим бўлишини сезган аёллар ҳазрат Фотимани табриклаб чиқиб кетишди. Фақат Умму Айман ва яна икки аёл қолишди. Энди буёғи оилавий тадбир эди… Ҳазрат Зайнаб ва ҳазрат Умму Кулсум эди қолган икки аёл… Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирилган сув билан таҳоратларини янгилаб олдилар. Сўнг ҳазрат Фотимани чақирдилар: – Кел, қизим! Ҳазрат Фотима ҳаёдан қизарган юзларидан  нур сочганча оҳиста келди. Отаси қаршисида бош эгиб турди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бояги сувнинг қолганини сепиб «Эй Аллоҳим! Уни ва наслини шайтон васвасаларидан халос эт!» дея дуо қилдилар. Ҳазрат Алига ҳам шундай қилдилар. Сўнг иккисини қаршисига ўтқазиб, сув сепиб дуо қилдилар. «Аллоҳ муборак этсин», дея ўринларидан турдилар. Кўзлари ёшга тўлганича қизлари ва куёвларини бир хил меҳр билан бағирларига босдилар ва аста чиқиб кетдилар… Аёллар ҳам бир-бирларидан кўз ёшларини яширганларича чиқиб кетишди. Ҳазрат Асмо қилган уч кўрпача, битта гилам, битта ичи хурмо қипиғи билан тўлдирилган ёстиқ, иккита қўл тегирмони, бир челак, бир сопол кўза, бир мис хум, бир элак, бир сочиқ, бир ошланмаган тери, яман газламасидан икки кўйлак, битта пайпоқ, хурмодан ишланган битта курси эди нур қизнинг сепи… Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари, жаннат ҳури ҳазрат Фотиманинг сепи бор-йўғи шулар эди. Унинг асл сепи иймони ва аъмоли эди…

Биргалик

Ҳазрат Хадичадек тенги йўқ она ва коинот сарварининг фарзандлари қандай бўлиши керак бўлса, улар ҳам шундай эди. Оналар султони қўли ва қалбидаги бутун кучини болалар тарбиясига сарфлаган ва дунё тургунича ҳаммага намуна бўла оларли қизларни етиштирганди. Энди улар ҳам навбат ўзларига келганини англаб фарзанд тарбияси билан шуғулланишар, оталарига ҳам ҳар ишда ёрдамда бўлишарди. Ҳазрат Хадича вафотидан жуда паришон бўлган ҳазрат Фотима ҳамманинг кўзи унда эканини яхши англаб, шунга лойиқ иш тутарди. Пайғамбар отаси, жондош опалари кунда келиб хабар олишар, насиҳат қилишар, ёрдам беришарди. Янги келиннинг ҳар куни зиёратчиси бор эди… Маккада оналар султони ҳазрат Хадича Хадичаи Тоҳира ва Хадичатул Кубро деб аталарди. Энди эса Мадинада унинг кенжа қизи Фотиматуз-Зуҳро ва Фотиматул Кубро дейиларди. Шундай атабгина қолмай, барча аёллар унинг сўзларига қулоқ осишар, яшаш тарзидан ибрат олиб ўзлариникига тадбиқ этишарди. У ҳам бутун кучини ўрнак бўлиш, ибрат кўрсатишга қаратарди. Уй ишларига ҳам улгурар, эрининг кўнглини олар эди. Оналар султони ва ибратли опалар тарбияси уни мукаммал, расо қилган эдики, отасини кўргани келганида Пайғамбар бўлишларига қарамай, у Зот Фотимани ўринларидан туриб кутиб олар, ўз ўринларига ўтқазардилар. Аллоҳ Расулининг бундай муносабатини кўрган саҳобалар ҳам ҳазрат Фотимага чуқур ҳурматда бўлишар, бир сўзини икки қилишмасди. Ҳазрат Фотима билан ҳазрат Алининг оиласи дарҳол тилларда достон бўлди, барча ибратли бу оилага ҳавас билан қарар, дуо қиларди. Иккиси бир-бирини жуда суяр, ҳурматларди. Бир-бирларига кўзлари тушганда шундай табассум қилишардики, қуриган дарахтлар ҳам жонланиб гулларди…

* * * Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Усмоннинг сиқилиб юрганига эътибор бердилар. Ҳазрат Руқайнингя ўлими уни букиб қўйганди. Унга қараб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари вафот этган йилни эсладилар. Ҳазрат Усмон шунчалар қайғуриб, ҳузунга ботгандики, мусулмонлар орасида ўша сана «ҳузунли йил» номини олганди. Ўзларига ҳазрат Ҳадича қандай аҳамиятга эга бўлса, ҳазрат Усмон учун ҳам ҳазрат Руқайя шундай эди… Ўшандан бери уйланишни таклиф қилган яқинлари фақат рад жавобини эшитишарди: «Дунёда Руқайянинг ўрнини боса оладиган аёл йўқ!» Ниҳоят Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрат Усмонни ҳузурларига чақирдилар. Одоб ва ҳаё тимсоли бўлган ҳазрат Усмон фаришталарнинг ҳам ҳавасини келтирадиган тарзда келди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Кулсумни Руқайянинг ўрнига бермоқчиликларини, ҳазрат Усмоннинг бу борада фикрини билмоқчиликларини айтдилар. Ҳазрат Усмон юзлари қизариб, каловланиб қолди. Бироз ўзини ўнглаб, паст овозда: «Аллоҳ ва Унинг Расули яхшироқ билувчидир!» деди. Воқеадан хабар топган ҳазрат Зайнаб ҳазрат Али ва ҳазрат Фотималар билан биргаликда ҳазрат Усмоннинг уйига боришди. Ҳазрат Усмон буларни ҳурмат қилар, яхши кўрарди. – Эй Усмон. Эй ҳаё ва одобда ягона дўстим. Пайғамбаримиз алайҳиссалом сени нимага чорлаганларини биламиз. – Нега экан, Али? – Умму Гулсумни сенга бериш учун! – !.. – Бунинг нима уят жойи бор, Усмон? – Руқайядай аёл устига уйланишни истамайман, Зайнаб. – Усмон, шуни билки, Руқайя билан Умму Кулсум бир хил. Яъни феъл-атвори, тутуми жуда ўхшаш. Яна Руқайя билан бирлашгандай бўласан. – Cизлар Пайғамбар алайҳиссалом қизларисиз, эй Фотима. Айтганларингизни қилишимиз лозим. Мен «йўқ» демаяпман-ку. – «Ҳа» деганинг ҳам йўқ-да. – Мени биласизлар-ку, уят… – Биламиз, Усмон. Муборак бўлсин. – Сизларнинг дуоларингиз мустажоб дуолардандир, эй Пайғамбар қизлари. Бир ҳафтада тўй бўлди. Ҳижратнинг учинчи йили эди… Ҳазрат Умму Кулсум розилик билдириши билан ҳаракатлар тезлашиб кетди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч бир қизларини зўрлаб турмушга бермаганлар, бу сафар ҳам кенгашиб иш тутгандилар. Ҳазрат Зайнаб ва ҳазрат Руқайялар тўйида ҳазрат Хадича бор эдилар. Қизларини ўз қўллари билан ясантириб узатгандилар. Аммо тақдири илоҳий тақозоси билан оналар султони қолган икки қизининг тўйини кўролмади. Ҳазрат Фотиманинг ҳам, ҳазрат Умму Кулсумнинг ҳам тўйларида оналари йўқлигини билдирмасликка уринди бутун мўмина аёллар. Оналар султони ўрнига келган аёллар – ҳазрат Савдо, ҳазрат Оиша, ҳазрат Ҳафсалар ҳам қалб қўрию қўл кучларини аямай қизларни янги уйларига кузатишди. Пайғамбар алайҳиссалом қизларининг барчаси узатилганди… Ҳазрат Руқайя турмуш қурган ҳолда вафот этган, қолган уч қиз эса оилавий ҳаётда барқ уришарди… Гулларнинг гуллари гуллардай очилган, кулган, кулдираётган эдилар… * * * Одатий кунларнинг бири эди… Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотимани кўргани келган эдилар. Ҳамиша қизларидан хабар олар, ташвишу муаммолари бор-йўқлигини сўраб суриштирар, насиҳат қилар эдилар. Ўша куни ҳам кенжатойиникига келгандилар. Қизи уйда ёлғиз, жуда эзгин ўтирарди. Бундан ташвиш тортган Пайғамбар алайҳиссалом нима бўлганини сўрадилар. Ҳазрат Фотима биринчи гапиришни истамади, сўнг атрофга аланглаб ҳазрат Алини кўрмагач, аста деди: – Куёвингиз билан бироз тортишиб қолдик. Бошқа гапирмади, тафсилотлар билан отасининг шафқат тўла юрагини эзишни хоҳламади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай нарсалар ҳар қандай оилада бўлиб туришини, аммо бўлмаса, янада яхшироқ бўлишини айтиб чиқиб кетдилар. Масжид ёнига келиб чангга беланиб ётган ҳазрат Алини кўрдилар. У ёнига ким келганини билмай ухлаб ётарди. Пайғамбар алайҳиссалом оҳиста туртиб «Тур, ё Абу Туроб», дедилар. Ҳазрат Али чақмоқ чаққандай сапчиб ўрнидан турди. У Зотнинг «Абу Туроб» деганлари хуш ёққан бўлса-да, хижолатда эди. Бош кўтариб у Зотнинг юзларига қаролмади, айб иш қилиб қўйган боладай бош эгиб турарди. Эгни-бошини қоқиб тозаларкан, нима дейишни билмасди. – Эй Абу Туроб, уйингга бор, – дейилгач, уйига қараб йўл олишга мажбур бўлди. Уйга яқинлашганда дарвоза оғзида турган хотинини кўрди. Кечирим сўраган каби унга боқди. Аёл ҳам шу тарзда унга қараб турарди. Бироздан сўнг қучоқлашиб ярашишди. – Сени ранжитдим, кечир, Пайғамбар алайҳиссаломнинг гавҳари! – Сиз ҳам, эй Пайғамбар алайҳиссаломнинг куёви! – Энди мени Абу Туроб деб чақир, Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизи! – Нега? – Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шу номни бердилар. – Абу Туроб! – Ҳа, Абу Туроб. Масжиднинг бир четида ухлаб ётгандим, чанг-тупроққа беланиб ётганим учун отанг «Тур, эй Абу Туроб, уйингга бор!» дедилар. – Ундай бўлса, хуш келибсиз, эй Абу Туроб. – Хуш вақт бўлайлик, эй Пайғамбар алайҳиссаломнинг қизи. * * * Ташвиқ ишлари билан банд Пайғамбар алайҳиссалом уй ичини ҳам ташлаб қўймас, барча аёлларига бирдай муносабатда бўлардилар. Улар ҳам ўзларига насиб этган буюк неъматнинг қийматини яхши билишар, зиммаларидаги вазифаларни бенуқсон бажаришга интилишарди. Саҳобалар Пайғамбар алайҳиссалом изларидан ҳар соҳада эргашишар, тушган ҳар бир сурани ҳаётларига тадбиқ қилишга уринардилар. Ўзларини қизиқтирган ҳар қандай саволларга тўла ва мукаммал жавобни олишарди. Пайғамбар алайҳиссалом уларнинг, улар ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг нарсаларини бўлишишар ва ҳар куни янги гўзаллик яратишарди. * * * Афандимизга хабар келтирган саҳоба иззат-икром билан кутиб олинди. Дарҳол севимли кенжатойи уйига йўналдилар. Фотима яқинроқ жойга, ҳазрат Хориснинг уйига кўчиб келган эди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қизининг бунчалар узоқда яшаётганини кўрган ҳазрат Хорис бир кун ҳузури муборакка кирган ва бутун журъатини тўплаб деган эди: – Эй Аллоҳнинг Расули! Ота-онам сизга фидо бўлсин! Севимли қизингиз сизга яқинроқ жойда яшашини хоҳлайман. Бу ерга яқин уй эса менинг уйимдир. Уни қизингизга ҳадя қилмоқчиман. – Уйинг муборак бўлсин, эй Хорис! – Менинг уйим сизникидир, эй Аллоҳнинг Расули! – Уйимни қизингизга берсангиз, хушнуд бўлардим. – !.. – Менинг жоним ҳам, молим ҳам фақат Аллоҳ ва Унинг Расули учундир. Худо ҳаққи, шу молни мендан олишингиз менга қолдирганингиздан кўра ёқимли ва мақбулдир. – Сен ҳақсан. Аллоҳ таоло молларингга барака берсин! Хорис илтимоси қабул бўлгач, ҳазрат Фотима кўчиб келганди. Ва шу уйдан мужда келганди ҳозир. – Эй Расулуллоҳ! Суюкли қизингиз ўғилли бўлди! Хушхабар келтирганга ҳадялар берган Пайғамбар алайҳиссалом қизларининг уйига йўналдилар. Эшик қоқиб киришга изн сўрадилар. У Зот ҳар бир ҳаракатлари билан мусулмон қандай яшаши, иш тутиши лозимлигини кўрсатиб берардилар. Рухсат бўлгач, ичкарига ўзлари билан нур олиб кирдилар. Уйдагиларга салом бериб сўрашдилар. Ичкаридагилар дарҳол ўринларидан туришган эди: – Хуш келибсиз, эй Расулуллоҳ! Қизингиз нурли бир ўғил кўрди, муборак бўлсин! – Аллоҳ хайрли этсин. Ҳазрат Фотима ўрнидан турмоқчи бўлди. Аммо Афандимиз йўл қўймадилар. Ҳазрат Али унинг ёнида эди. Пайғамбар алайҳиссаломни кўриб ўрнидан турган, лекин доимгидай уялиб гапирмаётган эди. Пайғамбар куёвни ҳам, қизларини ҳам қутладилар. Қиларзига шифо тилаб, набираларини кўрмоқчи бўлдилар. Оқ матога йўргакланган чақалоқни узатишди. «Бисмиллаҳ…» билан олиб меҳр ила қарадилар. – Отини Ҳасан қўямиз. – Сизга маъқул бўлса, хўп! Ўнг қулоғига азон, чапига иқомат айтилди. Хайрли дуолар қилиниб, ҳар икки қулоғига ҳам Пайғамбар бобоси исмини айтдилар. – Ўғлим Ҳасан саййиддир. Илоҳим, Жаноби Ҳақ мусулмонлар айрилигини у билан тузатсин! – Аллоҳ ва Унинг Расули яхшироқ билгувчидир! Бу тилак балки ўша пайтда идрок этилмагандир. Аммо кейинчалик кўз ёшлар билан «Амонна ва саддақна, ё Расулуллоҳ!» дейишарди…

давоми бор...

Мавзуга оид мақолалар
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизган оналари Ҳалима Саъдиядан ривоят қилинади Мен оппоқ давоми...

20:34 / 27.02.2017 7415
                        «Исломга бағишланган умр»  китобини ўқиб...    Ҳазратимизнинг укалари Муҳаммад давоми...

23:25 / 10.03.2017 5154
Абу Дардо розияллоҳу анҳу шундай ривоят қилган эканлар «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедиларким давоми...

20:52 / 29.12.2016 3544
Сизу бизни инсон қилиб яратган, Ислом билан неъматлантирган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога чексиз ҳамду санолар давоми...

19:52 / 24.02.2017 3860