«Очиқ хат»ни ўқиб
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

 Бир неча ой олдин Иорданиядаги Ҳошимийлар Академияси тарафидан дунёнинг 126 та энг йирик уламолари имзоси билан ИШИД раҳбарларига ёзилган «Очиқ хат»ни ўқиган эдим. Мактубнинг ўзбек тилидаги таржимаси тақдим қилинганда ундаги айрим илмий тушунчалар ва диний қарашларни ҳамма ҳам тўғри сингдира олармикин, деган мулоҳаза хаёлдан ўтган эди.

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бугун ушбу бўшлиқ тўлдирилибди. Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари мазкур мактуб ёзилишига сабаб бўлган воқеалар занжирининг илк ҳалқаларидан бошлаб, бугунги кунгача қандай давом этиб, ривожланиб келганини сабаб ва омиллари билан ёритиб, мавзуни атрофлича таҳлил қилиб, бу илмий тақдимни ҳам «Очиқ хат» деб атабдилар.

Ушбу рисолани ўқиган инсон воқеликни теран англай билади, бир қатор холис хулосаларга эга бўлади. Мен ҳам китобнинг бир ўқувчиси сифатида рисолани ўқиш жараёнида фикрда қайнаган айрим мулоҳазаларни сиз, азизлар билан ўртоқлашмоқчиман.

Ислом уммати ўз тарихининг илк кунларидан бошлаб турли хил ноҳақликларга, зулму ситамларга рўбарў бўлди. Бу пайтларда муаммоларга қарши ечимни умматнинг раҳбари Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари бевосита тақдим қилиб, умматни омонлик қирғоғига олиб чиқардилар. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқул аълога риҳлат қилганларидан кейин бу вазифани у Зотнинг чин меросхўрлари бўлмиш уламолар ўз зиммаларига олдилар ва бугунги кунгача бу шарафли хизматни баҳоли қудрат адо этиб келмоқдалар. Бу ҳақиқат айни вақтда «Очиқ хат» китоби мисолида яққол намоён бўлди, десак  муболаға бўлмайди.

Ислом оламининг бугунги ҳолати нафақат мусулмон кишининг, балки заррача бўлса‑да инсофи бор, виждони бор, қўйингки, инсонлигини унутмаган ҳар қандай одамнинг қалбини эзиб, бутун вужудини азобу аламга тўлдириб юборади. Ушбу «Очиқ хат» китобида, аввало, шу туйғу жуда қисқа сатрларда бўлса‑да, ўз ифодасини топган. Китобни ўқиган одам беихтиёр «Хайрият, шу гапларни айтадиган одам ҳам бор экан‑ку!» деб юборади ва воқеликни теранроқ, атрофлича англай бошлайди.

Ҳеч бир дардни унинг сабабини ўрганмай туриб даволаб бўлмайди. Худди шунингдек, ҳеч бир муаммони уни келтириб чиқарган омилларни аниқламай туриб ҳал қилиб бўлмайди. Акс ҳолда, қилинадиган барча ҳаракатлар юзаки, самарасиз, балки аксинча натижага эга бўлиши аниқ, қош қўяман деб кўз чиқариб қўйиш ҳеч гап эмас. Асардаги энг муҳим ёндашув ана шу нуқтага эътибор қаратилганидир, бугунги воқеликка сабаб бўлган ижтимоий, сиёсий ва илмий омиллар ёритилганидир. Кейин ушбу воқеликка фикрий асос бўлган тушунчалар муолажа қилинади: Исломда инсонга имкониятидан ортиқ нарса юклатилмагани, дин осонликдан иборат экани, динимиз ҳар бир ишни унинг натижасининг оқибатига қараб амалга оширишга буюргани, «Воқелик фиқҳи», яъни динга амал қилишда воқелик инобатга олиниши лозимлиги, Ислом шариати инсондан зарарни даф қилиб, унга фойда жалб қилишни ўз олдига мақсад қилиб олгани оят‑ҳадислар асосида ёритиб берилади.

Шу билан бирга, Ислом ҳамиша сулҳ тарафдори бўлгани ва сулҳни ғалаба деб билгани бевосита Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари мисолида баён қилинади. Шу ва бошқа мавзулар ёритилгач, ўз‑ўзидан аён бўладики, бугунги воқеликдаги ачинарли ҳолатларнинг бош сабаби мазкур ҳақиқатларни билмаслик, яъни диний саводсизлик, шаръий билимларнинг чала ва тартибсиз равишда ўрганилаётганидир.

Муаллиф асарнинг хулосасида ушбу нуқтага алоҳида урғу берадилар ва бунинг ёрқин мисоли ўша жангари гуруҳлар ичида бирорта ҳам диний илм билимдони йўқлиги эканини таъкидлайдилар. Ундан кейин дунё уламолари тарафидан ёзилган «Очиқ хат» тақдим этилади. «Очиқ хат»нинг таржимасини бевосита тақдим қилишдан олдин берилган қимматли маълумотлар ўқувчига «Очиқ хат»ни тўғри англашга, тушунишга ёрдам беради. Китоб мана шу жиҳати билан характерлидир.

Ҳар нарсада кузатилганидек, диний таълим ҳам икки тиғли пичоққа ўхшайди: агар тўғри ишлатилса, инсонга мазмунли, ибратли ҳаёт ва бахт‑саодат келтиради, нотўғри қўлланса, натижа ҳам аксинча бўлади, ҳаммага ташвиш ва кулфат келтирадиган қурол бўлиб қолади. Тиғ моҳир жарроҳнинг қўлига тушса, у инсонга ҳаёт бахш этади, аммо қонхўр одамнинг қўлига тушса, бировнинг ҳаётига зомин бўлади. Бироқ нима бўлганда ҳам, тиғдан мутлақо кечиб бўлмайди, у инсонга ҳар қадамда зарур. Фақат ундан тўғри фойдаланишни таъминлаш лозим, бундан бошқа чора йўқ.

Ушбу ҳақиқатни англамай ёки ўзини билмаганга олиб, ҳадеб тиғни ёмонлайвериш мантиққа зид бўлиб, одамлар учун ўта зарарлидир. Худди шунингдек, дин ҳам инсонга ниҳоятда зарур, бусиз инсоннинг инсонлиги бўлмайди. Аммо уни суиистеъмол қилишга йўл қўймаслик лозим. Бунинг учун эса биринчи бўлиб уни тўғри англашни, тўғри риоя қилишни ўргатиш, шунга шароит яратиб берилиши керак.

Одатда, инсоннинг қалбига, зеҳнига бирор нарса ҳақидаги биринчи маълумот қаттиқ ўрнашиб қолади. Бу маълумот унинг наздида ҳақиқатга айлангач эса, уни ўзгартириш жуда ҳам қийин. Шунинг учун диний тушунчаси бузилган кишиларни тўғрилашдан кўра, уларда ҳали тушунча тўла ҳосил бўлмай туриб, тўғри маълумот беришга уриниш лозим. Акс ҳолда одамлар турли манбаларни ўзи топиб, ўқиб, динни билганича тушуниб, тушунтириб юраверадилар.

Шу ўринда бир ҳақли савол туғилади. Нега мусулмонлар бунчалар саводсиз бўлиб қолишган? Ахир «Ислом – илм дини» дейилади‑ку? Ушбу саволга жавоб излаб, яқин ўтмиш ва бугунги воқеликни кузатилса, бу билимсизликка ташқи омиллар ҳам сабаб бўлганини кўриш мумкин.  

Ислом инсонда эркинлик руҳини, фидокорлик шуурини шакллантиради. Бу эса мустамлакачи ва мустабид тузумларга ҳеч қачон ёқмайди. Шунинг учун улар ҳамиша ўз қўл остидаги юртларни Исломни ўрганишдан тўсиб келишди. Рухсат берилганда ҳам тўғри ва тўлиқ ўрганишга йўл қўйилмади. Натижада мусулмонлар оммаси диний билимларда саводсиз бўлиб қолди.

Иккинчи тарафдан Ислом оламининг узоқ йиллик мустамлака бўлиб туриши ва мустамлакачиларнинг ўз ўлжаларини қўлдан чиқармаслик учун мусулмонларни турли баҳоналар билан ижтимоий-сиёсий билимларни ўрганишдан маҳрум қилишлари ҳам ҳозирги аянчли ҳолнинг юзага келишига сабаб бўлди.

Демак, мусулмонлар ҳам диний, ҳам сиёсий‑ижтимоий билимларда саводсиз бўлиб қолганларидан бугунги вазият келиб чиққан. Бунинг ягона давоси – илмдир. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, жаҳолатга қарши билим билан курашиш лозим. Бундан бошқа чоралар вақтинча эканини, тугал бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Шу боис, кишиларнинг тартибли равишда диний таълим олишларига алоҳида эътибор бериш керак. Зеро, дин – инсоний эҳтиёж, агар у тўғри қондирилмаса, инсон уни турли йўсинда, ўзи билганича, бошбошдоқлик билан қондиришга ўтиб кетади. Бунинг олдини олиш учун эса соф диний маълумотларни оммалаштириш лозим.

Бугунгидек жанговар тўдаларнинг юзага келишида асосий сабаблардан яна бири – босқинчилик ҳаракатларидир. Бунга мисол тарихда ҳам, бугунимизда ҳам тўлиб‑тошиб ётибди. Узоққа бормай, ўлкамиз тарихига назар солайлик. Дукчи Эшон қўзғолонига нима сабаб бўлган? Русларнинг босқинчилиги ва бундан ортиб тушиб, аҳолига мислсиз зулму ситам қилганлари эмасми? Агар шу ишлар бўлмаса, Дукчи Эшон ва унинг тарафдорлари жанжал қиладиган одамлар эмас эди. Бугунги кунда «Истиқлол курашчилари» деб аталаётган юрт фидокорлари қачондан қўлга қурол олди? Худосизлар «Қўқон мухторияти»ни қонга белаб, бошқа ҳар қандай миллий ва диний қадриятларни топташмаганида, улар ўз уйларида, ўз машғулотлари билан банд бўлиб ўтирмасмидилар? Инсофсизликни қарангки, ўз юрти учун кураш олиб борган ўша улуғ, фидокор аждодлар ҳақиқий босмачилар тарафидан «босмачи» деб атаб келинди. Орадан ярим асрдан ортиқ вақт ўтиб, улар орзу қилган миллий истиқлол рўёбга чиққачгина ҳақиқат бўй кўрсатди.

Бундан, тахминан, эллик‑олтмиш йил аввал бугунги кунда ҳамма ваҳима билан тилга олаётган «Ҳизбуллоҳ», «Ҳамас» ва аллақандай қуролли гуруҳлардан асар ҳам йўқ эди, бундай гуруҳлар тузиш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаганди.  Фаластин халқи бир чиройли ҳаёт кечириб, тинчгина яшаб келишаётган эди. Кутилмаганда уларнинг ерларига даъвогарлар чиқиб қолиб, юртларини босиб олишди. Натижа нима бўлгани ҳаммага аён.

Афғонистон халқи аслида бизнинг қардошимиз. Ҳазрат Навоий ўша тупроқларда туғилиб, яшаб, ижод қилиб ўтганлар. Ўнлаб, юзлаб алломаларимиз шу заминдан чиққан ва шу тупроққа дафн қилинган. Афғонлар ҳам биз каби тирикчилигини, савдо‑сотиғини қилиб, тинчгина яшаб юришган эди. Ҳеч ким «Толибон» деган гуруҳни тушида ҳам кўрмаган эди. Тўсатдан бир «Қизил аждаҳо» уларга ҳужум қилди‑ю, ҳаммаёқ остин‑устун бўлди. Уни энди енгдик деб туришган эдики, бирдан «Оқ аждаҳо»нинг боши кўриниб қолди. Мана, ярим аср бўлдики, афғон халқининг тинчлиги йўқ.

Ироқликлар ҳар нима бўлса ҳам, бир бутун давлатда, бир раҳбарнинг қўл остида аҳил яшашаётган эди. Юртларига замонавий «қутқарувчилар» ташриф буюрган кундан бери қулоқлари остида бомба ва ўқлар садоси тинмайди. Бу ҳам етмагандек, ўн минглаб ироқликлар қамоқларда «демократия ҳимоячилари» тарафидан ит чидаш бермайдиган қийноқ ва азобларга солинди. Уларнинг ушбу «меҳнат»лари самараси ўлароқ жангари, кўзи қонга тўлган, вужудини қасос руҳи қамраб олган тўдалар пайдо бўлди. Улардан бирининг отаси ё онаси ўлдирилган, бошқасининг қизи, синглиси  ё хотини зўрланган, яна бирининг бола‑чақаси ўлдирилган, ўзи эса итдек азобланган, хуллас, улар учун ҳаётнинг қизиғи қолмаган эди. Бунинг устига, деярли ҳаммаси жаҳолат «фан»идан беш баҳо олган «билимдон»лар эди. Ахир, ўн йилдан бери уруш тинмаган жойда бошқа яна қанақа ўқиш, билим бўлиши мумкин?

Ливия, Сурия, Миср, Тунис ва бошқа араб давлатлари кун сайин ривожланиб, иқтисодий ва сиёсий барқарорликлари яшнаб бораётган эди. Аммо дунёнинг «инсонпарвар» кучлари бу «адолатсизлик»ка чидай олмай, Ироқдаги «демократия» камлик қилгандек, мазкур ўлкаларда ҳам «инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш»га киришиб кетдилар. Уларнинг бу «ғамхўрликлар»ининг «самара»си олдингиларидан ҳам ошиб тушди. Ўша мамлакатлар фуқаролар уруши гирдобига кириб, боши берк кўчада қолди. Бир эмас, ўнлаб қуролли гуруҳлар пайдо бўлиб, одам ўлдиришда мусобақага киришиб кетишди. Уларни бу йўлга йўллаган «адолатпарварлар» эса қурол савдоси билан банд.

Ҳар ким мусулмонларни ҳали у, ҳали бу деб айблаб турган эди, ўша бизга таниш бўлган «тинчликпарвар» кучлар кунботар тарафларда ҳам ўзларининг «инсонийлик бурчлари»ни адо этишга бироз уринишган эди, натижада тили, дини, миллати бир бўлган бир халқ қирпичоқ бўлиб, бир бутун давлат иккига бўлиниб кетди.

Бу билан «Барча айб ўша ташқи кучларда», демоқчи эмасмиз, лекин воқеликни тўғри баҳолашда ва тушунишда ушбу жиҳатни ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Гарчи булар асосий сабабчилар бўлса‑да, ички омиллар бўлмаса, уларнинг ҳаракатлари беҳуда кетиши аниқ эди. Афсуски, мусулмон ўлкаларда ўша омиллар керагидан ортиқ эди. Шу боис, мусулмонлар бугунги мағлубиятларнинг бош сабабини аввало ўзларидан исташлари керак. Зеро, ғаним ҳар доим ғанимлигини қилади, аммо ақлли одам бунга қарши чора кўриши, ўзини сақлай билиши даркор.

Демак, мусулмон киши ҳамиша сергак бўлиши, ҳар турли шароитда ҳам динини холис ўрганишга, унга ихлос билан амал қилишга ҳаракат қилиши, ҳар қандай керакли билимга бефарқ бўлмаслиги, уни қунт билан ўзлаштириши, ўзини ғафлатда қолдиришга душманга имкон бермаслиги керак. Шунинг учун ҳам Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳ: «Душманингга хизмат қилишинг учун сотқин бўлишинг шарт эмас, жоҳиллигинг кифоя», деган экан.

Хулоса қилиб айтганда, мусулмонлар аввало айбни ўзларидан қидиришлари, камчиликларни ислоҳ қилишлари керак. Бунинг учун Исломни тўғри ва тўлиқ ўрганишлари, билганларига амал қилишлари, барча илмларда пешқадамликни қўлга киритишлари лозим. Бундан бошқа йўл йўқ. Бир қарашда осон кўринган, бироқ ўзини оқламаган услублардан воз кечишлари, уларга қизиқмасликлари лозим.

«Очиқ хат» китобида таъкидланганидек, мусулмон киши динини тўғри тушунса ва унга тўғри амал қилса, ўзи учун ҳам, жамияти учун ҳам, бутун инсоният учун ҳам кони фойда бўлади.

Яқин тарихни ва бугунги воқеликни кузатар эканман, бир нарсани мулоҳаза қилиб қоламан: ўтган асрда Ислом душманлари турли «илмий тадқиқотлар» олиб бориб, Ислом динини қолоқлик, турғунлик дини деб уқтиришга зўр бериб ҳаракат қилишди. Шу фикрни сингдириш учун юзлаб асарлар ёзишди, кино ва театрлар яратишди. Бу ноҳақликка жавоб бериш, Исломнинг асл бўй‑бастини намойиш этиш, унинг соф ва гўзаллигини кўрсатиб бериш одатдагидек заҳматкаш уламоларимизнинг зиммасига тушди. Улар Ислом дини аслида илм‑маърифат дини экани, замонавий тараққиётнинг тамал тошларини айнан мусулмон олимлари қўйганини ҳар тарафлама исботлаб бердилар. Уларнинг саъй‑ҳаракатлари, илмий тадқиқотлари сабаб бўлиб, мусулмонлар ўзлари ҳам унутаёзган, бехабар бўлган сон‑саноқсиз ҳақиқатлар юзага чиқиб, бутун дунёга Исломнинг илм дини экани, қолоқликка қарши дин экани намоён бўлди.

Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Ўзининг сўнги дини Исломни навбатдаги туҳмату бўҳтонлар туғёнидан соғ‑омон сақлаб қолди. Бу борадаги сафсаталари пучга чиққанини, ғоялари яксон бўлганини кўрган душманлар эса янги бир туҳмат ўйлаб топишди. Энди улар Исломни ёвузлик манбаи қилиб тасвирлашга куч беришди. Бунинг учун улар бор имкониятларини ишга солишди, ҳеч нарсадан тап тортмай, очиқчасига қаллоблик ва ёвузликка ўтиб кетишди. Бу даврга келиб, дунёдаги барча асосий имкониятлар уларда бўлиб қолгани уларга жуда ҳам қўл келди. Бу туҳматга қарши яна уламоларимиз бел боғлаб, шаръий аҳкомларни янада чуқурроқ ўрганиб, бутун дунёга Ислом тинчлик дини, эзгулик манбаи эканини уқтиришга урғу бера бошладилар.

Мазкур «Очиқ хат» ушбу уринишнинг кичик бир мевасидир. Ишончимиз комилки, дунёдаги каттаю‑кичик, кўзга кўринган ва кўринмайдиган барча нарсаларнинг ягона Эгаси бўлган Зот бу гал ҳам Ўз динини туҳматлардан оқлашида, уни ғолиб қилишида шубҳа йўқ. Фақат бунинг учун мусулмонлар шу ғалабага ҳақли ва лойиқ бўлишлари керак.

Ислом тарихи гувоҳки, Қуръони Каримнинг кўпгина башоратлари қатори, қуйидаги оятлар ҳам бот‑бот ўз тасдиғини топиб келган:

«Улар макр қилишди, Аллоҳ ҳам «макр» қилди, Аллоҳ «макр» қилувчиларнинг устасидир» (Оли Имрон сураси, 54‑оят).

«Улар ҳийла қилишади. Мен ҳам ҳийла қиламан. Бас, кофирларга муҳлат бер, уларга бирпас муҳлат бер» (Ториқ сураси, 15–17‑оятлар).

Хулоса қилиб айтганда, «Очиқ хат» китобидан қуйидаги хулосаларни олиш мумкин:

  1. Бугунги кундаги ИШИД бўлсин, бошқаси бўлсин, жангари гуруҳларнинг деярли барчаси у ёки бу кўринишдаги нотўғри тасарруфларнинг, яхши ўйламай босилган қадамларнинг оқибатидир. Ноҳақлик, зулму ситамлар ҳам уларнинг уюшишига сабаб бўлган.
  2. Бугунги жангари гуруҳлар ҳам ҳар доимгидек чаласавод кишиларнинг ташаббуси билан вужудга келган ва ана шундай одамлардан иборат. Бунинг олдини олиш эса соф ва тартибли диний билим олиш билан бўлади. Технологиялар ривожланган сари маълумотларни чеклашнинг иложи қолмаяпти. Шу боис, соф исломий таълимни олдиндан тақдим қилиш ва бу билан ёшлар онгини турли бузғунчи, ёт фикрлардан сақлаб қолиш мақсадга мувофиқдир.
  3. Бемазҳаблик ҳамиша бошбошдоқликни келтириб чиқаради. Оят‑ҳадислардан ҳар кимнинг ўзича ҳукм чиқаришга уриниши доимо салбий оқибатларга олиб келган. Бугунги воқеликнинг замирида ҳам бемазҳабликнинг улуши катта.
  4. Жиҳод мақсад эмас, воситадир. Жиҳод тинчлик, омонлик учун василадир. Жиҳод аслида ғояга қарши эмас, зулмга қарши кураш бўлган. Ҳозирда жиҳодни даъво қилаётганлар эса жиҳодни тамоман тескари талқин қилишмоқда.
  5. Ислом воқеий диндир, унда инсонга тоқатидан, имкониятидан ташқари нарса юклатилмаган. Буни шариатнинг барча аҳкомларида кўриш мумкин.
  6. Юртимиздаги тинчлик, осудаликнинг қадрига етиш ва унинг барқарорлигига ҳар ким ўз ҳиссасини қўшиши керак. Эркинликни кўз қорачиғидай асраш лозим. Четдан узатиладиган ҳар хил «ёрдам» қўлларига кўз тикмаслик даркор.
  7. Дин ишларида дуч келган одамга қулоқ солиб кетавермай, устози, илм олган даргоҳи тайин бўлган, катта уламолардан таълим‑тарбия олган олимларга эргашиш, улардан маслаҳат олиш зарур. Бу чин исломий кўрсатма бўлиб, қадимдан ўзини оқлаб келган.

Аллоҳ таолодан бутун Ислом олами учун, бутун дунё учун тинчликни барқарор қилишини сўраймиз. Тинчликка даъват ўлароқ битилган ушбу «Очиқ хат» рисоласини элимиз, юртимиз учун манфаатли қилиб, бу илмий йўлланмани сиз билан биз – мўмин‑мусулмонларга тақдим қилган уламоларимиздан Аллоҳ рози бўлсин ва ҳамиша соғ‑омон қилсин!

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

01.03.15

Мавзуга оид мақолалар
.Улар quotРоббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўз қувончи ҳадя эт ҳамда бизларни давоми...

21:06 / 29.04.2023 1799
Расулимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат қилиб юборган Аллоҳ таолога давоми...

19:49 / 06.12.2016 3669
Ҳаж қасд қилиш ва йўналиш маъносида келади. Лекин унинг маъносини бу икки сўз билан чегаралаб қўйиш тўғри давоми...

12:12 / 02.12.2016 3342
Витаминларга бўлган эҳтиёж инсоннинг ёши, жинси, жисмоний фаоллиги, сурункали касалликларнинг давоми...

13:59 / 22.11.2016 6518