Ислом тарихида аёллар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ислом тарихида ва бугунги кунимизда жаҳон тамаддунининг илм, ҳуқуқшунослик, тадбиркорлик, адабиёт ва бошқа соҳаларда ҳисса қўшган кўплаб муслималар  бор. Мазкур мақолада ибрат олишга арзийдиган ўша аёллар ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз.

Албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида нубувват хонадонида яшаган аёлларни зикр қилишдан бошлаймиз. Хадича онамиз розияллоҳу анҳу жуда ҳам бой, тадбиркор, мулоҳазали аёл бўлганлар ва тижорат билан шуғулланганлар. Рисолат келган чоғда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳам маънан, ҳам молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб турганлар.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳу эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрганган жуда ҳам катта илмни етказиб берганлар. У киши илмда тенги йўқ фақиҳа эдилар. Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳу Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга сиёсий масалаларда доно маслаҳатлар билан кўмак берган бўлсалар, Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳога  отаси Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўлимидан кейин Қуръони Каримнинг илк нусхаси ишониб топширилган.

Фотима онамиз розияллоҳу анҳо сабр-қаноат ва зуҳдда тенгсиз бўлган бўлса, саҳобия Нусайба розияллоҳу анҳо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни Уҳуд жангида қаҳрамонларча ҳимоя қила олган. Кейинчалик мусулмон аёллар ҳар соҳада Ислом тамаддунининг ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшишган. Масалан, Шифо бинт Абдуллоҳ халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу томонидан бозор назоратчиси ва бошқарувчиси этиб тайинланган биринчи муслима эдилар. Амро бинт Абдурраҳмон илк мусулмонларнинг иккинчи авлоди ичида кўзга кўринган олималардан бўлганлар. У киши фиқҳ ва ҳадис илмининг билағони бўлиб, халифа Умар ибн Абдулазиз томонидан алоҳида эътироф этилган. Оиша бинт Саъд ибн Абу Ваққос ҳам машҳур фақиҳа ва олималардан бўлганлар. Моликий мазҳаби асосчиси Имом Моликка  дарс берганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлодларидан бўлган Саййида Нафиса Ислом ҳуқуқшунослигидан дарс берган. У кишидан илм олиш учун олис манзиллардан ҳам талабалар келишарди. Бу талабалар орасида Шофеий мазҳаби асосчиси Имом Шофеий ҳам бор эди. У киши Имом Шофеийга молиявий жиҳатдан ҳам ёрдам берганлар.

Илмда тенгсиз бўлган муслималардан яна бири Дамашқлик Оиша бинт Муҳаммад ибн Абдулҳодий эди. У киши ўз замонасидаги олимлар ичида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга санади энг яқин инсон бўлганлар. Талабалари орасида машҳур муҳаддис олим Ибн Ҳажар Асқалоний ҳам  бор эди. Умму Дардо Дамашқ ва Қуддусдаги катта масжидларда дарс берган. Халифа Абдулмалик ибн Марвонга ҳам дарс берган.

Араб мусулмон дунёсининг ғарбий қисмида эса IХ асрда Фотима ал Фиҳрия яшаб ўтган. Марокашдаги  энг қадимги Исломий ўқув даргоҳларидан ҳисобланган ал-Қаровиййин масжидига асос солган ва ушбу даргоҳ ҳозиргача фаолият юритади.

IХ асрда яшаган халифа Ҳорун ар-Рашиднинг рафиқаси қиролича Зубайдани алоҳида зикр қилиш лозим. У киши кўплаб катта оммавий ишларга ҳисса қўшган. Жумладан, қудуқлар, меҳмонхоналар, сув омборлари, асосий дарвозаларда Макка зиёратчилари учун махсус қароргоҳлар қурдирган. Шу билан бирга қиролича Зубайда жамоат орасида сиёсий фикрларини билдира оладиган салоҳиятли ва закий аёл бўлган. Шоир ва ёзувчилар, дин арбобларини қўллаб-қувватлаган ва муҳтожларга ёрдам берган.

ХI асрда яшаб ўтган Банафша ар-Румия ҳам бу борада кўзга кўринган аёллардан бўлиб, Боғдодда мактаблар, кўприклар, уйсиз аёллар учун жамоат уйи қурдирган. Бундан ташқари ўзининг хусусий мактаби ҳам бўлган. Машҳур муслималар орасида Арва ас-Сулайҳи алоҳида эътирофга лойиқ. У ХI асрда 71 йил давомида Яманни бошқариб келган ва «Олийжаноб аёл» деган номга сазовор бўлган.

 ХII асрда яшаган Шуҳада бинт Аҳмад ал-Ибрий Боғдодда нуфузли олимлардан дарс олди ва ўзи ҳам ҳадис ва фиқҳ илмининг катта олималаридан бирига айланди. У кишини «Аёллар фахри» деб аташган.

    Султона Шажарат ад-Дурр ХIII асрда турмуш ўртоғининг вафотидан сўнг Мисрда бошқарувни ўз қўлига олган. Султона Розия ХIII асрда яшаган бўлиб, Ҳиндистон тахтида ўтирган ягона аёл ҳисобланади. У тўрт йил давлатни бошқарган.

ХIХ асрда яшаган муслималар орасида Нигериялик Нана Асмаъуни қайд этиш лозим. У киши шоира, мударриса, олима бўлганлар.

Бу  каби кўплаб аёллар Ислом тамаддунининг ёрқин вакилалари ҳисобланади ва бугунги кундаги муслима аёллар учун ўрнак, намуна деб эътироф этилади.

Мавзуга оид мақолалар
УШБУ ЁЗ ОЙЛАРИДА ФАРЗАНДЛАРИНГИЗНИ ОВЛОВЧИЛАРДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ Набиййимиз Мустафо соллаллоҳу алайҳи давоми...

20:44 / 06.03.2017 5538
Ўн тўққизинчи кун... Ассалому алайкум Бугун ўн тўққизинчи кун Биласизми кеча тунда бир туш кўрдим. Дадам давоми...

21:06 / 14.06.2017 2817
embedhttpswww.youtube.comwatchvxLBUilBkTIembed

09:42 / 15.09.2016 3460
Қалбларга ҳаяжон солган беллашув Бугун эрталаб Muslimaat.uz сайти ижодий гуруҳи Фарғона шаҳридан юз чақиримга давоми...

13:04 / 06.02.2018 3327