Ўзи қила туриб, болани қайтармоқ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота ўзи қила туриб, болани қайтаради. Бир ҳикоя ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Келинг, уни сизга айтиб берай. Бир киши руҳшуноснинг ҳузурига келиб, боласидан шикоят қилди: «Доктор! Ўғлим жуда ёмон бола бўлди. Ҳатто наркотик ҳам чекади». Шифокор сўради: «Ўзингиз аввал ёки ҳозир наркотик истеъмол қилганмисиз?» Ота: «Йўқ», деб жавоб берди. Шифокор: «Бўлиши мумкин эмас. Наркотик истеъмол қилмаган бўлсангиз, шунга ўхшаш нарса истеъмол қилгандирсиз? Очиғини айтинг, бу нарса болангизга ташхис қўйишимизга ёрдам беради». Ота бошини қуйи солиб, деди: «Тўғри, баъзида наша чекиб тураман, баъзи-баъзида базмларда, хурсандчилик кунларда ароқ ичиб тураман, лекин кўп эмас». Шифокор кулиб юборди ва: «Ўзингиз қилиб туриб, болани қайтарасизлар. Бензин билан юрадиган машинага солярка қуйиб, яна машинани айблайсизлар. Агар боланинг йўлдан қайтишини хоҳласангиз, ўзингиз ҳозирдан бошлаб бу йўлдан қайтасиз. Энди сизларга рухсат», деди. Ота ҳайрон бўлиб: «Болам нима бўлади, уни даволамайсизми?» деб сўради. Шунда шифокор: «Болангизни даволашни сиздан бошладик», деди. Ота: «Демак, ҳамма иллатнинг боши биз эканмиз-да!» деб шифокорнинг ҳузуридан уйига қайтди…

Болалар муолажа қилинадилар, сўнг яна эски ҳолатига қайтиб қоладилар

Бунинг сири нимада? Ажиб нарса шуки, биз руҳшунослар болалардаги жуда қийин мушкулотларни ҳам ечишга ҳаракат қиламиз. Лекин улар тузалиб бўлгач, бир оз муддатдан сўнг яна аввалги ҳолатларига қайтиб қоладилар. Биз уларни яна бир неча ойлар давомида жуда мукаммал назорат остида даволаймиз. Лекин улар яна ўша эски касалликларига қайтиб қоладилар. Бу нарса қайта-қайта такрорланади. Бунинг ечимини топиш учун катта куч сарфланади ва ниҳоят маълум бўладики, бу муаммонинг асли ота-онада беркиниб ётган экан. Биз муаммо, деб атаётган ҳолат аслида оиланинг табиий ҳолати экан. Шунинг учун, азизларим, ислоҳни оиладан бошлайлик.

Бир ғариб қисса

Бир одам боласини руҳшунос ҳузурига даволаш учун олиб боради. Руҳшунос барча услубларни қўллайди, лекин даволаб бўлинган касаллик эртасига бошқа янги касалликларни олиб келаверади. Шифокор эса тинмай изланишда давом этиб, беморни бутунлай соғайтириб юборишга ҳаракат қилаверади. Аҳвол шу даражага бориб етадики, бола бутунлай соғайди, дея ишонч ҳосил қилиниб бўлинганда, у яна биринчи касаллигига қайтади. Руҳшунос ўз хаёлида Аллоҳнинг қадари билан ўйнашаётган инсонга ўхшаб қолади ва истиғфор айтади. Бу ерда бундан бошқа бир сир бор, деган хулосага келиб, отага айтади: «Бу нарса сизнинг қадарингизда бор. Балки, имтиҳондир ёки Аллоҳнинг ибтилосидир, ёки гуноҳларингизга кафоратдир, ёки болангиз тарбиясига беэътибор бўлганингиз учун сизга интиқом ва азобдир, балки қайсидир ёмон ишларингизнинг натижасидир. Эҳтимол, ҳаром луқмангизнинг асоратидир» Ўйлаб қоламиз: Наҳотки, бола отасининг ёмонликлари қурбони бўлса?! Ҳа, мана шундай ўринда оталар болаларига зулм қиладилар ёки «оқ» бўладилар. Кўпинча болалар оталарининг хатолари учун жавоб беришга мажбур бўладилар, «Емаган сомсаларига пул тўлайдилар!» Аслида болалар бегуноҳдирлар. Шунинг учун биз болалардан олдин оталарни тарбиялашга киришдик.

Мавзуга оид мақолалар
 Афалинаделфинлари Аллоҳ таоло яратган  ноёб жонивордир. Делфинлар нафақат ақли ва дўстоналиги, балки давоми...

21:04 / 02.02.2017 6408
  Ассалому алайкум, қадрли опасингиллар, ҳурматли мухлисалар Ҳақиқий байрамимиз бўлмиш Ийди фитр давоми...

18:54 / 15.05.2018 3379
Динимизда айнан ҳайит куни қабристонга бориш ҳақида кўрсатмалар йўқ. Хусусан, айрим жойларда эркаклар Ийд давоми...

00:00 / 24.05.2020 2989