Статистика маълумотларига кўра ҳар куни ер юзида юз мингдан ортиқ инсон вафот этаркан. Албатта, булар орасида бизнинг юртдошларимиз ҳам бор. Тез-тез маҳалладошларимиз, қавму қариндошларимиз, танишларимиз оиласида мусибат юз берганини эшитиб, жаноза ва дафн маросимларига шошамиз. Аҳолимизнинг асосий қисми мусулмонлар бўлганлиги сабабли бирон-бир масжидга кундузги ёки жума намозларига борганимизда дунёдан кўз юмган бир ёки бир нечта дин қардошларимизнинг жаноза намозида иштирок этамиз.
Ўлим кундалик ҳаётда, барчанинг кўз ўнгида тез-тез рўй берадиган ҳодиса бўлгани учунми, баъзан кимнингдир вафот этгани ҳақида эшитиб қолсак, «Ҳаммамиз ҳам бир кун эмас, бир кун ўламиз-да», дея совуққонлик билан «ҳазм» қилиб кетамиз. Жаноза намозини ўқиб, масжиддан ёки қабристон остонасидан чиқамиз-у, тирикчилик ва турмуш ташвишларига шўнғиб, жанозадан олдин имом домлаларимиз қайта-қайта такрорлаган «Ўлим – бу барча тириклар учун ибратдир» деган жумлани бутунлай унутамиз… Нима учун?!
Бу саволнинг жавоби оддий: Чунки мусибат ўзгаларнинг хонадонида, ўзгаларнинг оиласида, бизнинг оиламиздан ташқарида рўй берди. Аммо яқин инсонимиз, бир умр бирга яшаган ҳамроҳимиз кўз очиб-юмгунимизча бандаликни бажо келтириб, қиёматгача бизни тарк этса-чи?!...
Ушбу ҳикоямни баён қилишдан бир неча мақсадни кўзладим:
- Аввало, бу дунёдаги ҳаётимизнинг фонийлигини ҳис қилиш;
- Ҳикоям қаҳрамонини яхши сўзлар билан хотирлаб, унинг ҳаққига кўпчиликдан дуо олиш;
- Интиҳоси қачон етишини билмаганимиз – умримизни Аллоҳнинг розилиги учун сарфлаш зарурлигини, аввало, ўзимга, қолаверса, ўзгаларга ҳам эслатиш;
- Ён-атрофимизда биз билан умргузаронлик қилаётган инсонларимизда ҳам дунёмиз, ҳам охиратимиз учун ибрат борлигини англаш;
- Муслима аёлларни қадрлаш, эъзозлаш ва ҳурматини жойига қўйиш;
‑ Ҳикоям қаҳрамонининг яқинлари, жумладан, ўзим учун ҳам оғир бўлган ушбу мусибатда унинг қилган амалларини эслаб, кўнгилларга тасалли бериш.
Албатта, аҳли илм, аҳли фазл, Аллоҳга муқарраб кишилар учун ҳабибимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва вафотларини эслашнинг ўзи кифоя қилади. Аммо мен каби эндигина илм йўлига кирган, илмга амал қилишда ҳали заиф бўлган, қолаверса, кўпроқ дунё ташвишлари билан машғул бўлган инсонлар учун уларнинг ўзига ўхшаган оддий бир мусулмон одам шоҳиди бўлган ҳикояни ўқиш ибрат бўлса, ажаб эмас.
2014 йилнинг 30 декабрь куни шаҳримиз масжидларида Шом намози ўқилаётган вақтда рафиқамнинг жони узилди. У милодий ҳисоб бўйича 30 йилу 32 кун, ҳижрий ҳисоб бўйича эса 31 йилу 4 кун ҳаёт кечирди. Аёлимнинг вафоти хабарини эшитган ҳар бир инсон унинг ёш кетгани, ортидан балоғатга етмаган 4 нафар фарзандининг ёш ота билан қолганини мулоҳаза қилиб, куюниб йиғлади…
Ҳақиқатан ҳам, бу ҳодиса худди ёмон туш каби эди. Биз ожиз бандаларнинг мезони бўйича, ҳамма инсонлар ҳам кексайиб, фарзандларининг камолини кўриб, кейин омонатини топшириши керакдек. Вақти-вақти билан ёшларнинг, болаларнинг ва ҳатто гўдакларнинг ўлими ҳақида эшитиб турсак-да, аксариятимиз худди то қартайгунимизча вафот этмайдигандек, хотиржаммиз.
Рафиқамнинг вафоти ўзим, фарзандларим, ота-онам, марҳуманинг ота-онаси, жигарлари ва қолган барча яқинлари учун оғир мусибат, кутилмаган зарба бўлди. Ўзимдаги маҳзунликнинг чегараси ҳали-ҳануз кўринмаяпти. Лекин Ҳақ таолонинг раҳмати, марҳамати, карами кенг. У Ўзига муқарраб бўлган бандаларига яхшиликни ато қилади.
Баъзилар «Бу бевақт ўлимда нима яхшилик бўлиши мумкин?» дейиши мумкин.
Аввало, англашимиз лозим бўлган ҳақиқат шуки, ўлим ҳеч қачон бевақт келмайди. Яъни ҳар бир банданинг ўлим вақти қадарида белгиланган бўлиб, ўша вақт келиши билан банда жон таслим қилади. Фақат ўлимга олиб борадиган сабаблар турлича бўлади.
Рафиқамнинг вафотига бир хасталик, аниқроғи, аввалги хасталикни даволаш сабабидан пайдо бўлган янги хасталик сабаб бўлди. Шу ўринда ўзим учун ибрат бўлган яна бир ҳақиқатни англадим: инсонлар ҳарчанд уринмасин, ҳаракат қилмасин, агар Аллоҳ таоло бандасига хасталик сабабли вафот этишни тақдир қилган бўлса, бу хасталикка қарши ҳеч қандай даво кор қилмас экан. Шу билан Роббул оламин Ўзининг қудратини, бандаларининг эса ожизлигини намоён қилиб қўяркан.
Рафиқамда биринчи хасталик аниқланганидаёқ унинг кўнглида ғашлик пайдо бўлди, ичи ёришмаётгани ҳақида менга бир-икки гапирди ҳам. Кейинчалик бу хасталикдан кўпчилик шифо топиб кетгани, фақат даволаниш муддати узоқроқ чўзилишини билганида ўзини қўлга олиб, сергак тортди. Ҳаттоки рафиқамнинг вафотидан бир ой аввал ҳам унинг ҳаёти бундай якун топиши ҳеч кимнинг хаёлига келмаган эди. Лекин Аллоҳ таоло ўлими яқинлашганини чамаси ярим йиллар аввал унинг дилига солган экан. Хасталиги сабабли умрида биринчи марта Рамазон рўзасини тута олмаганини у вафоти яқинлашаётганига ишора деб қабул қилган экан.
Бандаларига Меҳрибон Зот – Ҳақ таоло рафиқамга тақдирга рози бўлиши, тавба қилиши, умрини сарҳисоб қилиб чиқиши учун олти ой муҳлат берган экан.
Таъкидлаш лозимки, бу вақт давомида рафиқам «Нима ҳам қилардим, пешонамдагини кўраман-да», демасдан, сўнгги дамларигача шифо излашда давом этди, даво топишига бўлган умидини узмади, яқинларини тушкунликка тушириб қўймасликка ҳаракат қилди. У фарзандларининг она меҳридан жудо бўлишини, ота-онаси фарзанд доғида қўйишини истамас эди. Унинг орзулари, ниятлари бир дунё эди: кўз очиб кўрган жуфти ҳалоли билан қўша қариб, фарзандларини биргаликда улғайтириб, уларнинг бахти-камолини биргаликда кўришни истар эди.
Иккинчи тарафдан, ҳаёт юлдузи сўниб бораётганини ич-ичидан сезиб, ҳис қилиб турса-да, қалбидаги дардларини, ўкинчларини атрофдагиларга сездирмасликка ҳаракат қилди. Жуфти ҳалолининг, ота-онасининг – барчанинг розилигини олишга улгурди. Аллоҳнинг қазосига қарши чиқмади, тақдиридан рози бўлди.
Аҳволи ёмонлашган куни касалхонага боришдан бош тортди, фарзандларининг ёнида бўлишни истади. Чунки... у ерда жонлантириш бўлимига тушишини биларди. У ердан тирик қайтиб келмаслигини ҳам ҳис қилиб турарди... Шу кеча менга асосий айтадиган гапларини айтишга, менинг розилигимни эшитишга муяссар бўлди.
Орадан икки кун ўтгач, уни касалхонага ётишга кўндирдик. Фақат у ерда топширадиган қон таҳлилларининг натижасини ўзига айтмаслигимни илтимос қилди.
Кейинги воқеалар шуни кўрсатдики, унинг жонлантириш бўлимига тушиши ва тирик қайтиб келмаслиги ҳақидаги гаплари башорат, таҳлиллар натижасидан бехабар бўлиш истаги эса Ҳақ таоло тарафидан ижобат бўлди...
....Касалхонадаги шифокор уни дарҳол жонлантириш бўлимига ётқизиш зарурлигини айтди. Шу кундан бошлаб кома ҳолатида 13 кун ётиб, касалхонада вафот этди.
Аллоҳ таолонинг Ҳаким ва Раҳмдиллигига ҳамдлар айтамиз. У Зот бизларни юз беражак мусибатда ўзимизни қўлга олиб, маҳкам туришга, сабрли бўлишга 13 кун давомида тайёрлаб борди. Шу кунларда мухтазарга енгиллик бўлиши учун бир неча бор Ёсин сураси ўқилди, маййитнинг ҳаққи адо этилиб, ўз вақтида қабрга қўйилди.
Шу ерда ҳикоямнинг воқелик қисми тугайди. Энди ушбу ҳодисанинг сабабиятини мулоҳаза қилишга ўтаман. Йўқ, мен ўлимнинг сабабини мулоҳаза қилмоқчимасман, чунки бунинг бизга маълум бўлган сабаби юқорида қисқача баён этилди. Мен мулоҳаза қилмоқчи бўлган нарса – рафиқамнинг вафотида Аллоҳ таолонинг бизга, аниқроғи рафиқамга кўрсатган марҳаматининг сабаби ҳақида. Айнан мана шу сабабият мен учун катта ибрат бўлди.
Мен умр йўлдошим билан бирга 12 йил ҳаёт кечирдим. Шу вақт мобайнида унинг фарз намозларини бирон бир сабабсиз, ихтиёрий равишда қазо қилганини кўрмадим. Ҳатто туғруқхонага кетаётганида ҳам намоз вақтини ўтказиб юбормаслик чораларини кўрганининг гувоҳи бўлдим. Сўнгги – 2014 йил Рамазон рўзасини ҳисобга олмаганда, фақат ҳомиладорлик ва эмизиш туфайлигина, яъни узрли сабаблар билан Рамазон рўзасини тута олмаган. Балоғатга етганидан буён фарз намозларини ва Рамазон рўзасини узрсиз қолдирмаган экан.
Қўлида гўдаги, қорнида ҳомиласи билан олийгоҳни имтиёзли диплом ила якунлади. Кейинроқ, иккита фарзандли бўлганимизда шаръий илмларни ўзлаштиришга киришди. Аввал Қуръонни ўқишни ўрганди, кейинчалик ақида, фиқҳ ва руҳий тарбия илмларини ўзлаштирди, хуллас, ҳар бир мусулмон учун фарзи айн бўлган илмларни ўрганди.
У илмларни шунчаки ўрганмади, балки ўрганган ҳар бир нарсасига тўлиқ амал қилишга ҳаракат қилди. Яқинларини ҳам шунга чорлади. Шу орада яна икки фарзандли бўлдик.
Катта фарзандларимизнинг ҳам дунёвий, ҳам шаръий илмга эга бўлишлари учун қўлидан келган ҳамма ишни қилди. Китоблардан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари ҳақида ҳикоялар тузиб, фарзандларимизга таълим берди. Буларнинг барчасини уй юмушлари, оилавий мажбуриятларни тарк этмаган ҳолда амалга оширди. Бўш вақтини Қуръонни тадаббур қилишга, зикрга бағишлади ва Аллоҳ таолонинг мадади, қудрати билан Қуръонни хатм қилишга ҳам улгурди.
Юқорида таъкидлаганимдек, Аллоҳ таоло олти ой олдин вафоти яқинлашаётганлигини рафиқамнинг дилига солган экан. Мен буни унинг вафотидан кейин қўл телефонини очганимда билдим. Шу вақт мобайнида у менга бир неча марта рўзадан, қурбонликдан қанча қарзи борлиги ва бошқа нарсалар ҳақида ҳам ўша ерда ёзилганини айтиб ўтди. Лекин мен унинг бу гапларига жиддий эътибор бермас, «Худо хоҳласа, тузалиб, ҳеч нарсани кўрмагандек бўлиб кетасан. Бу ёзувларингга эҳтиёж бўлмайди», дея тасалли берардим.
Бир куни у: «Эркак киши кимнинг розилигини олиши керак?» деб сўради. Мен: «Ота-онасининг», деб жавоб бердим. Аслида у бу саволни ўзининг мендан розилигини айтиш учун берган экан. Мен буни тушунганимда у ҳушини йўқотган эди.
Телефонида ўша сўнгги Рамазон ойидан бошлаб ўзининг аҳволи ёмонлашаётгани, мен билан ўтган қисқагина ҳаётидан мингдан-минг рози экани ҳақида, ушбу хасталик туфайли ётиб қолиши ва яқинларига оғирлиги тушишидан қўрқаётганлиги ҳақида ҳам ёзиб қолдирган экан.
Телефондаги менга ва фарзандларига васиятлари, кимни хафа қилган бўлса, барчаларига узрлари изҳор қилинган мактубларни ҳам рафиқамнинг вафотидан кейин очиб ўқидим. У бутун умрини сарҳисоб қилиб чиққан, ҳаттоки бундан 10 йил муқаддам катта қизим билан касалхонада ётганида бир ҳамхона аёлга қаттиқ гапириб дилини оғритиб қўйганини эслаб, ундан узр сўраш мақсадида бир энлик хат ҳам ёзиб қўйган экан.
Умид қиламанки, бандаларига раҳмдил ва меҳрибон бўлган Зот бу тақводор бандасига қисқагина умрида қилиб ўтган солиҳ амаллари ва қилган дуолари сабабли гўзал иймон билан кетишни насиб этди.
Рафиқам касалхонада жонлантириш бўлимида оғир ҳолатда ётганида, аҳли илмлардан биридан унинг ҳаққига шифо тилаб дуо қилишлари сўралганда, «Биз Аллоҳдан шифо сўраб дуо қилмаймиз, балки «Бу бандангга нима хайрли бўлса, шуни бергин», деб сўраймиз. Чунки шифо топганидан кўра, ҳозирги ҳолатда кетиши унинг охирати учун хайрли бўлиши мумкин», деган эди.
Таъзия билдириш учун келган бир аҳли илм акамизга марҳума рафиқамнинг сифатлари ҳақида гапириб бердим. Намоздан қарзи йўқлиги, рўзадан фақат узрли қарзлари қолганлиги ва яна бошқа хислатларини эшитиб, у киши: «Аслида биз уларга эмас, аксинча, улар бизга ачинишлари керак экан», дея менга таскин бердилар.
Рафиқамнинг катта устоз ва фазилатли Шайх ҳазратларига бўлган эҳтироми кучли эди. Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинким, унинг жанозасини Ҳазратнинг ўзлари ўқиб бердилар. Намоздан олдин Шайх ҳазратлари қисқагина, лекин жуда ҳам таъсирли, шунинг билан бирга, кўнгилларга таскин бўлувчи хутба ўқидилар. Унда рафиқамнинг вафотидан олдин дардга чалингани ҳақида айтиб, жумладан: «Аллоҳ таоло мўмин бандасига дард бериб, унинг даражасини кўтариб қўяр экан», дея таъкидладилар.
Таъзия билдирганлардан кимдир: «Рафиқангиз жаннати аёл бўлган эканлар», деса, яна бошқа бирлари: «Уларнинг гўзал сифатлари барчамиз учун ибрат эди», дея кўнглимни кўтарди.
Ичкарида аёллар сочини юлиб, «Вой жигарим!» дея уввос солишмагани, аксинча, чиройли сабр билан барчага ўрнак бўлишгани, таъзияга келганларнинг кўпчилиги илмли, тақволи инсонлар экани, рафиқамга бағишлаб ўқилган Қуръон тиловатию, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилган салавотларнинг кети узилмагани ҳақида яхши гаплар айтилди.
Рафиқамнинг бошини ўнг тарафга мойил қилган ҳолда жон таслим қилганини ҳам кўпчилик яхшилик аломати деб таъкидлашди.
Яқинларимизнинг бир нечтасидан «Бизга ҳам шундай гўзал иймон билан кетиш насиб қилсин» ва шунга ўхшаш бошқа гапларни ҳам эшитдим.
Дарҳақиқат, биз бандалигимизга бориб, яқинларимизнинг ўлими сабабли ўзимизга етган мусибатнинг оғирлигидан «Энди бу ёғи нима бўлади…» дея сабрсизликка йўл қўямиз. Баъзиларимиз «Унинг ўрнига менинг жонимни олсанг бўлмасмиди?!», «Қайси қилган гуноҳлари учун уни бундай ҳолга солдинг?!» дейишгача борамиз.
Тўғри, рафиқамнинг вафоти ўзим, фарзандларим, ота-оналаримиз ва қолган барча оила аъзоларимиз учун оғир мусибат бўлди. Ҳали-ҳануз ундан айрилганимизга ишонгимиз келмайди. Аммо юқорида баён қилганларим – рафиқамнинг илмига амали, тақвоси, фарзандлари ва оиласига қилган ғамхўрлиги, унинг вафоти билан боғлиқ айтилган гаплар, билдирилган яхшилик аломатлари мени ва барча яқинларимизни эртанги кун ва охират яхшиликларидан умид қилишга, иймонимиз зиёда бўлиб, амалларимизни янада кўпайтиришга, ҳар бир дақиқамизни ғанимат деб билишга ундайди, деган умиддаман.
Аллоҳ раҳматига олсин, рафиқам тириклигида менинг ҳам ўзи каби амалларда собитқадам бўлишим учун ҳаракат қилди. Хизмат юзасидан фарз намозларини ўз вақтида адо қила олмаётганимдан, Қуръон илмларини ўрганишда бир оз дангасалик қилаётганимдан кўп куюнди, менинг ҳаққимга жуда кўп хайрли дуолар қилди. Аллоҳ барча дуоларини Ўзи ижобат айласин. Омин.
Рафиқам тез-тез Шайх ҳазратларининг қаламларига мансуб «Ҳадис ва Ҳаёт» силсиласининг «Намоз» деб номланган 7-жузига мурожаат қилиб турарди. Унинг вафотидан тахминан ўн кунча ўтиб, ярим тунда маҳзунлик изтиробидан ўзимни чалғитиш мақсадида жавондан беихтиёр мазкур китобни олдим. Жанозалар ҳақидаги бобда келтирилган ҳадислар ва уларнинг шарҳларини ўқий бошладим. Қуйидаги ҳадисларни ўқиб, рафиқам учун яхшиликни умид қилдим:
(Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Ҳадис ва Ҳаёт», «Намоз» китоби, 7-жуздан иқтибос:
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир жаноза олиб ўтилди, шунда у Зот: «Роҳат топган ва ундан роҳат топилган», дедилар».
«Эй Аллоҳнинг Расули, роҳат топган ва ундан роҳат топилган нима?» дейишди. У Зот:
Шарҳ: Бу дунё мўмин учун қамоқдир. Шунинг учун мўмин банда ўлса, қамоқдан озодликка чиқади. Бу дунёнинг қийинчиликларидан, ғам-ғуссаларидан охиратнинг осонликларига ва бахт-саодатига эришади. Мўмин банда ўлими ила роҳатга етишади.
Муҳаммад ибн Холид ас-Суламийдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилган:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, Аллоҳдан бир бандага мартаба ёзилган бўлса-ю, банда амали билан унга етмаган бўлса, Аллоҳ уни жасадида ёки молида ёки боласида балога гирифтор қилади. Сўнгра уни ана шунга, токи Аллоҳдан унинг учун ёзилган мартабага эриштиргунча сабр қилдиради», дедилар».
Уммул Аъла розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Беморлигимда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар ва:
«Эй Уммул Аъла, севинавер, мусулмоннинг касали туфайли Аллоҳ унинг хатоларини худди олтин ва кумушнинг кирини олов кетказганидек кетказади», дедилар».
Иккисини Абу Довуд ривоят қилган.
Абул Асвад розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Мадинага бордим. У ерда касаллик тарқалган экан. Умар розияллоҳу анҳунинг олдида ўтирдим. Уларнинг олдидан жаноза ўтди. Бас, унинг соҳибига мақтов айтилди. Умар «Вожиб бўлди», деди. Сўнгра яна бошқаси ўтди. Унинг соҳибига ҳам мақтов айтилди. Умар «Вожиб бўлди», деди. Кейин учинчиси олиб ўтилди. Унинг соҳибига ёмон гап айтилди. Умар «Вожиб бўлди», деди.
Абул Асвад:
«Нима вожиб бўлди, эй амирал мўминин?» деди.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам нима деган бўлсалар, шуни айтдим. (У Зот):
«Қайси бир мусулмонга тўртта одам яхшилик ила гувоҳлик берса, Аллоҳ уни жаннатга киритади», дедилар.
«Учта бўлса ҳамми?» дедим.
«Учта бўлса ҳам», дедилар.
«Иккита бўлса ҳамми?» дедим.
«Иккита бўлса ҳам», дедилар.
Кейин у Зотдан бир (киши) ҳақида сўрамадик», деди.
Бухорий, Термизий ва Насаий ривоят қилишган.
(Иқтибос тугади.)
Ҳикоямнинг сўнгида дуога қўл очаман ва ушбу сатрларни ўқиб турган сиз азизлардан дуоимга шерик бўлишингизни сўраб қоламан:
Эй Роббим! Эй Зал жалали вал икром! Рафиқамни Ўз раҳматингга олгин! Уни мағфират қилгин! «Аллоҳнинг қазосига розиман», деган бу бандангдан Сен ҳам рози бўлгин! Бу дунёда қилган барча солиҳ амалларини ўзига ҳамроҳ қилгин! Қуръонга муҳаббатли бўлган бу мухлис бандангнинг қабрини кенг ва мунаввар қилгин! Қиёматда уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатларидан баҳраманд айла! Жуфти ҳалолини рози қилгани учун жаннатнинг исталган эшигидан киришини насиб эт! Фарзандларимиз ҳаққига қилган дуоларини ижобат қил! Унинг ортидан қолган барча яқинларига гўзал сабр бер! Омин!