Ирим-сиримлар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассалому алайкум!

 

Муҳаррам ойи Ҳижрий йилнинг бошланиши ҳисобланади.Бу ойда Ашуро куни борлиги ва у куннинг рўзаси Рамазон рўзасидан кейинги ўринда туришини биламиз. Ушбу кун рўзасининг фазилатлари ва унга бериладиган ажрлар ҳақида ҳам маълумотга эгамиз. Аллоҳ барчамизни шундай кунларга кўп йиллар яхши амаллар билан етказсин. (Омин)

Бу йил ашуро куни тўғрисида бир қўшнимиздан эшитиб қолдим. У «Ашуро куни рўзғорда кенгчилик қилинса, рўзғордаги етти хил нарсанинг ҳар биридан 2кгдан олинса баракали бўлармиш?! Муҳаррамнинг биринчи куни арафасида рўзғорга бозорлик қилинса йил бўйи уйда барака бўлар экан», – деди. Шу ерда савол туғилади. Инсон нега бир ишни қилиш керак дейилганда унинг асл моҳиятидан четлашиб, ўзининг кўнгил кўчасига қараб иш тутади? Айниқса, бу ишда аёллар фаоллик кўрсатадилар. Хурофот, бидъат ишлар шу йўсин кўпайиб, унга астойдил амал қила бошлайдилар. Ҳатто бу ишда ўзларига далил-дастаклар ҳам топиб оладилар. Гоҳида бошқа дин иримларидан кириб қолган асарларни ҳам урф-одатларимизга шу қадар аралаштириб юборамизки, тўғрими-нотўғрими, ҳеч ким эътибор бермай амал қила бошлайди.

Муслима опа сингиллар!

Бидъатлар, хурофотлар, иримлар, шумланишлар арзимас ёки тўғри иш бўлиб кўрингани билан динимиз, эътиқодимиз, амалимиз жавҳарига таъсир қилишини ўйлайлик. Аёллар бу нарсага кўпроқ мойилдирлар, деган фикр бор экан, келинг, энди биз, аёллар, айни шу нарсаларга илм билан тўғри йўлни топишга ҳам мойил бўлайлик. Ўзаро бир-биримизни яхшиликка чақирайлик. Тасаввур қилиш учун бидъатларга қарайлик. Масалан, майит эгаларидан аёллар 40 кун сочини (бошини) ювиб-тарамасин, бу нарсада тароқ бошига тегиши билан қабрдаги майитнинг терисига озор етади... 52- кечада майит ювилган жойга игна санчиб қўйилса, қабрдаги майит шишиб шу куни ёрилишига тўғри келади, игна ёрдам беради. Мана шу 52- кун учун тайин қилинган вазифалар ҳам бор, деган бидъат гаплар юқоридаги гапимизга яққол мисолдир. Аввалги вақтларда уйларни қуришда тахта полдан фойдаланилмаган. Чақалоқ туғилган уйда чилла иримларидан мисол: гўдакнинг йўлдошини уйнинг бурчагига ўғил бўлса ошиқ, қиз бўлса қўғирчоқ билан кўмилган. Иккита чиллали онани бир-бирига қўшмаслик ёки аза чилласи билан чақалоқ чилласини аралаштирмаслик, сешанба ва пайшанба кунлари кир ювмаслик расм бўлган.

Бир суҳбатдан:

Қайнонам раҳматли 70-йилларнинг бошида 100 йил умр кўриб, вафот этганлар. У киши илмли, зуҳдли, обида, тақволи аёл эдилар. Фарзандларидан бир нечалари қори, олим бўлиб етишишган. Шу киши бизга иримлар, бидъатлар нотўғри эканлигини ўргатар эдилар. У кишини ёшликдан таниган-билганларнинг айтишларича, фарзанд кўрганларида гўдакнинг йўлдошини киндиги кесилгач, боғнинг тўрига олиб бориб ташланг, кучуклар манфаатлансин, дер эканлар. Ўзим аёл бўлсам ҳам, аёлларни кераксиз ишлари учун ёқтирмайман, дер эканлар. Мен бир куни отаси раҳматлига «Аёл киши якшанба куни сочини ювса, эрининг умри қисқа бўлади, деган ирим бор экан», десам, у киши «Ундай бўлса, сиз ҳар якшанба ювинг», дедилар. Бу билан барча аёллар хурофотчи ёки бир гуруҳлари бутунлай хатодан холидирлар. деган фикрдан узоқмиз. Умримиз борича, ҳаммамиз доимо тавбада бўлишга, билмаганларимизни ўрганишга масъулмиз. Уламолар: «Бидъат – ибодат ё одатда бўлсин, яхши ёки ёмон бўлсин – Қуръон ва суннатда йўқ ҳамда янги бўлган нарса», деб таърифлаганлар. Жарир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳудан)дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради.Ким Исломда бир ёмон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради», дедилар. (Муслим ривоят қилган).

Бидъатнинг ҳукми

.1. Ақидадаги бидъат динда маълум бўлган очиқ-ойдин эътиқодга хилоф бўлса, ҳаром бўлади ҳамда куфрга олиб боради. Агар ақидадаги бидъатда юқоридаги зикр қилинган нарсадан паст ва аҳли сунна вал жамоа ақидавий мазҳабига хилоф бўлса, фисқ бўлади. 2. Ибодатдаги бидъат гоҳида ҳаром, гоҳида макруҳ бўлиши мумкин. Ҳаромга тарки дунёчилик, офтобда туриб рўза тутиш каби бидъатлар мисол бўлади. Ибодатдаги макруҳ бидъатга масжидларни ортиқча безаш мисол бўлади. 3. Одатлардаги бидъат макруҳ ёки мубоҳ бўлиши мумкин. Еб-ичишда исроф қилиш – макруҳ, емоқ ва ичмоқда лаззатни исташ – мубоҳ. Бидъатнинг зарарлари:                                                                                                                                         1. Амаллар ҳабата бўлади.                                                                                                                                2. Шайтон бидъатчига яқин бўлади.

3. Ҳақ билан ботилнинг аралашиб кетиши. 4. Исломни яхши билмаганларнинг Исломга  нафратини қўзиши.

Албатта, маъсият билан бидъатнинг орасида фарқ бор. Осий маъсиятни гуноҳ эканини билиб, ҳижолат бўлган ҳолда амалга оширади. У савобдан маҳрумлигини ва жазога гирифтор бўлишини ҳам билади, аммо бидъатчи ўзини ҳақ йўлда деб ўйлайди ҳамда ўзгаларни унга эргашмаганликда айблайди. Бидъати учун савоб олишига қаттиқ ишонади. Биз бу мақомда «бидъати саййиъа» – ёмон бидъат ҳақида сўз юритдик, айнан шу турдаги бидъат банда нафсининг кирланишига ва ахлоқининг бузилишига сабаб бўлади. Ҳар бир банда бошқа салбий нарсалар каби бидъатдан ҳам узоқда бўлиши лозим.  

(«Руҳий тарбия» 1 жуз. 313, 325 б)

М.Саттиева
Мавзуга оид мақолалар
Роббинг асаларига «Тоғлардан, дарахтлардан ва кўтарилган сўритоклардан уй тутгин. Сўнгра ҳамма давоми...

13:57 / 22.11.2016 7602
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим Талаби илмга тўсиқ бўладиган омиллар 1. Ниятнинг бузуқлиги ва давоми...

09:12 / 26.01.2017 3998
Савол Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васалламнинг бўйлари қандоқ эди         Жавоб Пайғамбарлар давоми...

10:01 / 05.12.2017 3829
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим 2012 йил июнь ойи мен турмуш ўртоғим билан онкология диспансерига, бундан икки давоми...

14:01 / 25.01.2017 6551