Ҳар бир нарсага кифоя қилувчи оятлар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Хубайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир ёмғирли ва зулматли кечада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни бизга намоз ўқиб беришлари учун излаб чиқдик. Бас, у Зотни топдик. Шунда у Зот менга:

«Айт», дедилар.

Мен ҳеч нарса айтмадим. У Зот яна:

«Айт», дедилар.

Мен ҳеч нарса айтмадим. У Зот яна: «Айт», дедилар.

«Нимани айтаман, эй Аллоҳнинг Расули?!» дедим.

«Қул ҳуваллоҳу аҳад ва муъаввизатайнни эрталаб бўлганда ва кечқурун кирганда уч марта айтсанг, ҳар бир нарсадан кифоя қилади», дедилар».

Шарҳ: Шу билан бирга, Ихлос сурасини алоҳида қироат қилишнинг фазли ҳақида ҳам кўплаб ривоятлар келган.

Бу суранинг «Ихлос» деб номланганининг сабаби Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилиш, фақат Ўзигагина юзланишга, ихлос қилишга ундаганидир.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида: «Ихлос сураси Қуръоннинг учдан бирига тўғри келади», деганлар.

Чунки Қуръони Каримнинг асосий мақсади учга бўлинади:

а) Аллоҳнинг тавҳиди, ягоналигининг исботи ва ақидани тузатиш;

б) ибрат, ислоҳ ва ўрнак олиш учун келтирилган қиссалар;

в) шариат ҳукмлари.

Ихлос сураси ушбу нарсаларнинг биринчи қисмини ўз ичига олган.

Баъзи уламоларимиз Ихлос сураси ҳақида қуйидаги умумий мулоҳазани қилганлар:

«Ушбу сураи карима тўрт оятдан иборатдир. У жуда ҳам мўъжаз ва жуда ҳам мўъжиза бўлиб келгандир. У Аллоҳ таолонинг жамоли ва камолини очиқлаб келгандир. У Аллоҳ таолони барча ожизлик ва нуқсон сифатларидан поклаб келгандир.

Унинг биринчи ояти ваҳдониятни исбот қилиб, кўп ададликни рад қилгандир.

«Айт: «У Аллоҳ ягонадир».

Унинг иккинчи ояти Аллоҳнинг камолини исбот қилиб, ожизлик ва нуқсонини рад қилгандир.

«Аллоҳ сомаддир».

Унинг учинчи ояти Аллоҳнинг азаллиги ва боқийлигини исбот қилиб, зурриёти ва наслининг борлигини рад қилгандир.

«У туғмаган ва туғилмаган».

Унинг тўртинчи ояти Аллоҳнинг азаматини ва улуғворлигини исбот қилиб, тенги ва зидди борлигини рад қилгандир.

«Унга ҳеч ким тенг бўлмаган».

Бас, бу сура жамол ва камол сифатларининг исботидир. У Роббни нуқсонлардан поклашнинг энг олий суратидир».

Имом Бухорий Оиша розияллоҳу анҳу онамиздан ривоят қиладилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишини топшириқ билан бир гуруҳ қуролли кишиларга бошлиқ қилиб юбордилар. У биродарларига имом бўлиб, қачон намоз ўқишса, «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўқийверибди. Қайтиб келганларида буни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишган экан, у киши:

«Сўранглар-чи, нима учун шундоқ қилибди?» дебдилар.

Сўрашса, у киши: «Чунки бу сура Роҳманнинг сифати ва мен уни ўқишни яхши кўраман», дебди.

Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Унга, Аллоҳ сени яхши кўради, деб хабар беринглар», дебдилар.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Ким «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни охиригача ўн марта ўқиса, Аллоҳ таоло унга жаннатдан бир қаср қуради».

Имом Термизий қилган ривоятда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан юриб борар эдим. У Зот бир одамнинг «Қул ҳуваллоҳу аҳад. Аллоҳус сомад» деб қироат қилаётганини эшитиб, «Вожиб бўлди», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, нима вожиб бўлди?» дедим.

«Жаннат», дедилар».

Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Ким ҳар куни «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни икки юз марта қироат қилса, эллик йиллик гуноҳлари ўчирилади, (агар қарзи бўлмаса)», дейилган.

Имом Аҳмад Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда:

«Ким «Қул ҳуваллоҳу аҳад»ни ўн марта ўқиса, Аллоҳ унга жаннатда бир уй бино қилади», дейилган.

Имом Бухорий Оиша онамиздан ривоят қиладилар: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар кеча жойларига ётсалар, икки кафтларига «Қул ҳуваллоҳу аҳад», «Қул аъуузу бироббил фалақ» ва «Қул аъуузу бироббиннаси» сураларини ўқиб, дам солиб, баданларига суртиб ётардилар».

Фалақ ва Нас суралари бир-бирларига узвий боғлиқдир. Уларнинг нозил бўлиши ҳам бирга бўлган ва доимо бирга зикр қилинади. Ушбу икки сура биргаликда қўшилиб «Муъаввизатайни» — икки паноҳ тиловчи, деб номланадилар. Чунки, икковлари ҳам «аъузу» — «паноҳ тилайман» сўзи ила бошланади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам икки «муъаввизатайни» биргаликда зикр қилинган.

Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Абу Довудлар ривоят қилган ҳадисда Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон тоблари қочса, «муъаввизатайн»ни ўқиб дам солар эдилар. У Зотнинг дардлари оғирлашганда мен қироат қилиб, баракаси умидида қўлларини суртар эдим», деганлар.

Имом Муслим ва Имом Термизий Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у Зот:

«Менга ушбу кеча нозил қилинган оятларни билдингми? Уларнинг мисли ҳеч кўрилмаган. «Қул аъузи бироббил фалақи», «Қул аъузу бироббин-наси», дедилар.

Имом Абу Довуд ва Имом Насаий Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларини сафарда етаклаб борардим. У Зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Уқба, энг яхши икки сурани сенга ўргатиб қўяйми?» дедилар ва «Қул аъузу бироббил фалақи» ва «Қул аъузу бироббиннаси»ни ўргатдилар.

Имом Абу Довуд ва Имом Насаий яна Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ал-Жуҳфа ва ал-Абваъ орасида юриб борар эдим. Бизни ёмғир ва шиддатли зулмат қоплаб олди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «муъаввизатайни» ила паноҳ сўрай бошладилар ва: «Эй Уқба, иккови ила паноҳ тила, ҳеч бир паноҳ тиловчи икковичалик нарса ила паноҳ тиламаган», дедилар. Сўнгра бизга имом бўлиб, намозда ҳам икковини қироат қилганларини эшитдим».

Мавзуга оид мақолалар
Саудия Арабистони ҳукумати Мадина ҳожилар учун ўта замонавий шаҳарча қуришни режалаштирмоқда. Ушбу мақсад давоми...

16:42 / 23.12.2016 3555
embedhttpswww.youtube.comwatchvzpvO2BgNkembed

17:55 / 06.03.2018 2762
Такбири таҳрима Намозни бошлаганда икки қўлни елка баробарида кўтариб, кейин айтиладиган такбир. Ҳанафий давоми...

22:30 / 13.12.2016 7727
Бу ҳодиса бир неча йил аввал эрта кузда содир бўлган эди... Бу дунёда мусулмон учун ҳар он, ҳар нафас синовга давоми...

11:07 / 01.12.2016 2797