Исмул аъзам: сўралса берадиган ва дуо қилинса, ижобат қиладиган исм
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абдуллоҳ ибн Бурайдадан, у киши оталаридан (розияллоҳу анҳумо) бундай ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кишининг «Аллоҳим! Мен сендан сўрайман. Албатта, мен Сенинг Аллоҳ эканлигингга, Сендан ўзга илоҳи маъбуд йўқлигига, Сенинг Аҳаду Сомадлигингга, туғмаган ва туғилмаган ҳамда тенги йўқ Зот эканлигингга шаҳодат келтираман» деганини эшитиб:

«Батаҳқиқ, Аллоҳдан у билан сўралса берадиган ва дуо қилинса, ижобат қиладиган исм ила сўрадинг», дедилар».

Сунан эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Албатта, мазкур ҳолнинг юзага чиқиши учун сўровчининг зоҳиру ботини пок бўлиши, у ҳалолдан ризқланган бўлиши, нияти ва ихлоси холис бўлиши каби бир неча шартларни ўзида мужассам қилган бўлиши керак.

Бу ривоятдаги дуода Аллоҳ таолонинг бир неча исмлари тилга олинди. Аммо ўша исмларнинг қай бири исми аъзам эканини билиб бўлмайди.

Асма бинти Язид розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг исми аъзами ушбу икки оятдадир: «Ва илоҳингиз бир илоҳдир. Роҳман ва Роҳим бўлмиш, Ундан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқдир» ва Оли Имроннинг аввалидаги «Алиф. Лаам, Мийм. Аллоҳ, Ундан ўзга илоҳ йўқ. У тирик ва қаййум Зотдир» оятидадир», дедилар».

Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Дарҳақиқат, бу икки оятда зикр қилинган Аллоҳ таолонинг исмлари ўзида катта маъноларни жамлагандир. Келинг, улар билан яқиндан танишиб чиқайлик:

«Ва илоҳингиз бир илоҳдир. Роҳман ва Роҳим бўлмиш, Ундан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқдир».

Ушбу оятда Ислом ақидасининг бош масаласи — Аллоҳнинг ягоналиги асосий қоида сифатида илгари сурилмоқда. Аллоҳнинг борлигига ҳеч қачон шубҳа бўлмаган. Унинг зоти ва сифатлари ҳақида тортишувлар доимо бўлиб турарди. Унинг махлуқотлар билан алоқаси ҳақида ҳам тортишувлар кечган. Фақат даҳрийларгина илоҳнинг йўқлиги ҳақида сафсата сотдилар. Аллоҳнинг борлигини инкор этдилар.

«Алиф. Лаам, Мийм. Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. У тирик ва Қайюм Зотдир».

«Ояти Курсий»да келганидек, ушбу ояти карима тавҳидни, Аллоҳнинг ягоналигини холис баён қилади. Аллоҳ таолодан ўзга бандаларнинг ибодатига сазовор ҳеч бир илоҳи маъбуд йўкдир. Аллоҳ доим тирикдир, ўлмайди. У Қайюм — бандалари ишларининг тадбирида доимо қоим турувчидир. Бошқаларнинг туриши ҳам У Зот биландир.

Бу икки ояти каримада ҳам Аллоҳ таолонинг бир неча исмлари зикр қилинган. Аммо улардан қайси бири исми аъзам эканига аниқ ишора йўқ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан масжидда ўтирган эдик. Бир киши намоз ўқирди. Сўнгра у:

«Аллоҳим! Мен Сенга ҳамд бўлгани учун, Сендан ўзга илоҳи маъбуд йўқ бўлгани учун, Маннон, осмонлару ерни тенги йўқ қилиб яратувчи, жалол ва икром соҳиби бўлганинг учун Сендан сўрайман. Эй Ҳайй, эй Қайюм!» деб дуо қилди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Батаҳқиқ, у Аллоҳга дуо қилса ижобат қиладиган, сўраса берадиган Исми Аъзами ила дуо қилди», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам Аллоҳ таолонинг бир неча исмлари зикр қилинган бўлса ҳам, улардан қай бири Исми Аъзам эканини билиб бўлмайди.

Ушбу сарлавҳа остида келган ҳадиси шарифлардаги дуоларнинг арабча матнини ёдлаб олиб, дуо қилиб юрса, ижобат бўлиши умид қилинади.

Барча уламолар Аллоҳ таолонинг Исми Аъзами ила дуо қилинса, қабул бўлишига ҳеч қандай шубҳа қилмаганлар. Аммо Исми Аъзам ҳақида келган ривоятлар ҳар хил бўлгани учун Аллоҳ таолонинг исмларидан қайси бири Исми Аъзам экани ҳақида ихтилоф қилганлар.

Хулоса қилиб айтиладиган бўлса, қуйидаги исмлардан бири Исми Аъзам бўлади:

  1. Аллоҳ.
  2. Аллоҳ, ар-Роҳман ар-Роҳим.
  3. ар-Роҳман ар-Роҳим, ал-Ҳайй ал-Қайюм.
  4. ал-Ҳайй ал-Қайюм.
  5. ал-Ҳаннон ал-Маннон, Бадийъус самаавати вал-Арзи, Зул Жалали вал-Икром.
  6. Бадийъус самаавати вал-Арзи, Зул Жалали вал-Икром.
  7. Зул Жалали вал-Икром.
  8. Аллоҳу лаа илаҳа иллаа ҳу, ал-Аҳад ас-Сомад аллаззии лам ялид ва лам ювлад ва лам якун лаҳу куфуван аҳад.

Ибн Ҳажар: «Исми Аъзам ҳақида келган ривоятлар ичида энг кучлиси – шу», деганлар.

  1. Робб. Робб.
  2. Моликул мулк.
  3. Лаа илаҳа иллаа анта, субҳанака иннии кунту миназзолимийн.
  4. Калимату тавҳид.
  5. Ҳуваллоҳуллазии лаа илаҳа илла ҳува Роббул аршил азийм.
  6. Асмааул ҳусна — гўзал исмлар ичига беркитилган.
  7. Банда чин дилдан, Аллоҳ таолодан бошқани хаёлига келтирмай ихлос билан дуо қилса, Парвардигорнинг ҳамма исми ҳам Исми Аъзам бўлади.
  8. Аллоҳумма.
  9. Алиф лаам мийим.

Ушбу сарлавҳа остида келган ҳадиси шарифлардаги дуоларнинг арабча матнини ёдлаб олиб, дуо қилиб юрса, ижобат бўлиши умид қилинади.

Мавзуга оид мақолалар
Ҳар бир йигит қиз бир кун келиб турмуш қуради. Ҳамма ҳам хотиржам ҳаёт кечиришни орзу қилади. Бахтли ҳаётдан давоми...

11:39 / 27.10.2016 6237
«Муслимаат.уз» саҳифаси, «Бинту Содиқ» маърифий канали жамоаси Тошкент шаҳар бош имомхатибининг давоми...

21:52 / 17.01.2020 2565
Бирлашга Араб Амирликлари фуқароси Жамол Санад асСувайдий ўзининг «Сароб» номли китоби учун адабиёт давоми...

12:30 / 19.02.2019 2779
ТАРИХ КЎРМАГАН АФВ СЎРАШ... Саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан бирга бўлмаган  бир давоми...

18:55 / 21.03.2017 4618