Муҳаррам ойи ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаррам ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг биринчи ойидир. Биринчи Муҳаррам янги йилнинг бошланиш кунидир. Одатда мусулмонлар бир-бирларини бу муносабат билан табрик этадилар. Биз ҳам барчаларингизни кириб келаётган 1436 ҳижрий йил билан чин қалбдан муборакбод этамиз. Аллоҳ таоло бу йилни барчамиз учун хайр-барака йили бўлишини насиб этсин. Барчамизни ўйлаган эзгу истакларимиз ушбу йилда амалга ошсин! Омин!

Луғатда «муҳаррам» сўзи, ҳурматланган, ҳаром қилинган, улуғланган маъноларини англатади. Дарҳақиқат, Муҳаррам ойи ҳурматли ойдир. Муҳаррам ойи Аллоҳ таоло урушни ҳаром қилган тўрт ойдан биридир. Бундан ортиқ ҳурмат бўлиши мумкинми? Бу ой Аллоҳнинг ойи, деб номланади, бундан ортиқ улуғлаш бўлиши мумкинми?

Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳнинг осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг», деган (36-оят).

Ушбу ояти карима ойларнинг ҳисоби, табиий равишда, Аллоҳ осмонлару ерни яратган пайтдаёқ, уларнинг ҳаракатига боғлиқ қилиниб ўн икки этиб белгиланганлигини баён қилмоқда.

Бу доимий равишда бир хил турадиган собит ҳисобдир. Унга инсоннинг ҳеч дахли йўқ. Инсон фақат Аллоҳ яратган нарсаларга қараб, Аллоҳ берган ақл билан ойларни санайди, холос.

«Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида ойларнинг сони Аллоҳнинг осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган». Ўн битта ҳам, ўн учта ҳам қилиб бўлмайди. Янги ой чиққан куни янги ой бошланади. У йигирма тўққиз ёки ўттиз кун бўлади. Кейин яна янгиси чиқади. Олдиндан белгилаб қўйилган ҳисоб билан, ой тўлин бўлганда ҳам, янги ой бошланди, дейилмайди. Бундай дейишлик хато ҳисобланади. Чунки Аллоҳнинг ишига бандаси аралаша олмайди.

«Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир». Яъни ўн икки ойдан тўрттасида уруш қилиш Аллоҳ томонидан ҳаром қилингандир. Бу Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойлари бўлиб, мазкур ойларда уруш бошлаш ҳаромдир.

«Мана шу тўғри диндир. У(ой)ларда ўзингизга зулм қилманг». Юқорида зикр қилинган ҳукм тўғри дин ҳукмидир. Ислом ҳукмидир. Бу ҳукмга хилофан ҳаром ойларда уруш қилиб, ўзингизга зулм қилманг. Муҳаррам ойи Рамазон ойидан кейинги мартабада туради. Бу ойда энг улуғ кунлардан бири – Ашуро куни бор.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондан кейинги энг афзал рўза, Аллоҳнинг Муҳаррам ойи рўзасидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир», дедилар. Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир одам келиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Рамазондан кейин қайси ой рўзасини тутмоғимни амр қиласиз?», деб сўради. «Агар Рамазондан кейин рўза тутувчи бўлсанг, Муҳаррамни тут. Чунки у Аллоҳнинг ойидир. Унда Аллоҳ бир қавмнинг тавбасини қабул қилгандир ва бошқа қавмларнинг тавбасини қабул қиладир», - дедилар». Термизий ривоят қилган ва ҳасан, деган.

Мужийба ал-Боҳилий оталари ёки амакиларидан қилган ривоятларида бу зот Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб, бироз туриб, қайтиб кетдилар. Бир йил ўтгандан кейин яна келдилар. Аввалги ҳолатлари ва кўринишлари ўзгариб кетган эди. Бу киши: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мени танимаяпсизми?» деганди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Сен кимсан?» дедилар. У киши: «Аввалги йил ҳузурингизга келган Боҳилийман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен яхши кўринишда эдинг-ку? Сени нима ўзгартириб юборди?» дедилар. У киши: «Ўша сиздан ажраб кетганимдан кейин фақат кечқурун овқатландим. Яъни кундузи рўзадор бўлдим», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Нафсингга азоб берибсан-ку!», деб, яна: «Сабр ойи, яъни Рамазон ойида тўла рўза тутгин. Ва ҳар ойда бир кун рўза тут», дедилар. У киши: «Менга зиёда қилинг. Чунки менинг рўза тутишга қувватим етарли», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам : «Икки кун рўза тут», дедилар. У киши:«Менга яна зиёда қилинг», деди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам : «Уч кун рўза тутгин», дедилар. У киши:«Яна зиёда қилинг», деди. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам : «Ҳурматли ойларда (яъни Ражаб, Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам) уч кундан рўза тут ва тарк қил», деб учта бармоқларини букиб-очдилар. Абу Довуд ривоятлари.

Мавзуга оид мақолалар
Ассаламу алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Рамазон шарифнинг  файзли кунларидан яна бирида сиз, давоми...

22:09 / 08.02.2017 3578
Кичкинагина Фотима исмли қизалоқ бор. У жудаям аҳил ва иноқ бир хонадонда ўсиб улғаймоқда. Отаси такси давоми...

10:16 / 02.12.2016 4517
Оиша ишдан келган дадасининг қучоғига отилди. Лекин ота ишдан чарчаб келган ва қизининг эркаликларини давоми...

20:05 / 24.11.2016 5873
Тоҳир Малик, адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳаётни тезоқар дарёга ўхшатадилар. Сиртдан қарасак, сув давоми...

21:00 / 01.10.2019 5668