Намозларни муҳофаза қилиш
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Намозларни, ўрта намозни муҳофаза қилинг ва Аллоҳга тоат ила қоим бўлинг», деган (Бақара: 238).

Шарҳ: Намозни муҳофаза қилиш дегани, уни маҳкам ушлаш, доимо ўз вақтида адо этиш деганидир.

«Ўрта намоз» ҳақида турли фикрлар бор. Уларни иншааллоҳ, келажакда ўрганамиз. Кўпчилик уламолар, ўрта намоздан мурод – Аср намози, деганлар.

Намоз Аллоҳга итоатнинг бош рамзи бўлганидан оятнинг охирида: «Аллоҳга тоат ила қоим бўлинг», дейилмоқда.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббим менга энг гўзал суратда тажалли қилди ва: «Эй Муҳаммад», деди.

«Лаббайка Роббии ва саъдайка», дедим.

«Олий тўплам нима ҳақида тортишмоқдалар?» деди.

«Эй Роббим, билмадим», дедим.

У Зот қўлини икки кифтим орасига қўйди. Бас, унинг муздеклигини икки кўкрагим орасида сездим. Бас, машриқу мағриб орасидаги барча нарсани билдим. У Зот: «Эй Муҳаммад!» деди.

«Лаббайка Роббии ва саъдайка», дедим.

«Олий тўплам нима ҳақида тортишмоқдалар?» деди.

«Даражотлар, каффоратлар, қадамларни жамоатлар томон босиш, таҳоратни қийинчиликларда ҳам яхшилаб қилиш, намоздан сўнг намозга интизор бўлиш ва ким у(намоз)ларни муҳофаза қилса, яхшилик ила яшаб, яхшилик-ла ўлиши ва гуноҳларидан онаси туққан кунидек (пок) бўлиши ҳақида», дедим», дедилар».

Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло орасида бўлиб ўтган баъзи бир муомала ва суҳбатларни ҳикоя қилиб бермоқдалар.

Аввал баъзи истилоҳлар билан танишиб олайлик: «Роббим менга энг гўзал суратда тажалли қилди».

Бу тажаллининг қай васфда бўлганини Аллоҳ ва Унинг Расули биладилар, холос. Баъзи уламолар тушда бўлган дейишса, бошқалари ўнгда бўлган, дейишади. Энг яхшиси, лафзини ўрганиб, кайфиятини Аллоҳнинг илмига ҳавола қилганимиз маъқул.

«Лаббайка Роббии ва саъдайка».

Арабларда бир чақириққа жон деб жавоб беришда ушбу сийға ишлатилади. Луғавий маъноси: «Эй Роббим! Сенга лаббай устига лаббай дейман, хизматингга тезда тайёрлик устига тайёрлик эълон қиламан», дегани бўлади.

«Олий тўплам» деб таржима қилган таъбиримиз арабчада «ал-Малаъул Аъло» дейилиб, Аллоҳга муқарраб фаришталар тўпламини англатади.

«У қўлини икки кифтим орасига қўйди».

Бу араб тилидаги мажоз қоидасига биноан айтилган жумла. Аслида, Аллоҳ таолога жисм нисбати бериб бўлмайди. Бу ерда Аллоҳ таолонинг раҳмати, розилиги ва хурсандлиги зоҳир бўлганини мажоз услуби ила ифода этилмоқда. Чунки одатда катта одам ўзидан кичикни раҳм-шафқат қилса, бирор яхши нарса бермоқчи ва ўргатмоқчи бўлса, ундан хурсанд бўлса, қўлини елкасига қўяди.

«Бас, унинг муздеклигини икки кўкрагим орасида сездим».

Яъни Аллоҳнинг раҳм-шафқати ва марҳамати ила кўксим илм-маърифатга, сиру асрорлар билимига тўлди, хотиржам бўлдим, деганлари.

«Бас, машриқу мағриб орасидаги барча нарсани билдим».

Бошқа бир ривоятда:

«Бас, осмонлардаги нарсалар-у ердаги нарсаларни билдим», дейилган.

«Даражотлар» – яъни бандалар қандоқ қилиб юқори даражотларга эришишлари мумкинлиги тўғрисида тортишмоқдалар.

«Каффоратлар» – яъни бандаларнинг гуноҳларини қандоқ амаллар каффорат қилиши, ювиши ҳақида тортишмоқдалар.

«Қадамларни жамоатлар томон босиш» – яъни жамоат намозига қадам босиб боришнинг савоби улуғлиги ҳақида тортишмоқдалар.

Намознинг фазли ҳақидаги ҳозиргача ўрганган ҳадисларимиздаги маънолар Аллоҳ таоло томонидан бўлса ҳам, иборалар Пайғамбаримиз томонидан бўлиб келаётган эди. Аммо бу ҳадиси шарифдаги маъно Аллоҳ таоло билан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ораларидаги суҳбат шаклида, Аллоҳ таоло томонидан намознинг фазлини баён этиш учун олинган алоҳида тадбир шаклида келмоқда. Ҳадиси шарифнинг бу шаклда келишининг ўзи ажойиб бир руҳоний ҳолатни вужудга келтирмоқда. Маъноларга алоҳида тус ва куч бермоқда.

Бизнинг тасаввуримиздан юқори бир шаклда Аллоҳ таоло Ўзининг маҳбуб Пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга тажалли қилди ва: «Эй Муҳаммад», деб нидо этди.

«Лаббайка Роббии ва саъдайка», дедилар ўта хурсанд бўлиб кетган Ҳабиби Роббил оламийн.

«Олий тўплам нима ҳақида тортишмоқдалар?» деди Аллоҳ таоло, Ўз Пайғамбарига унинг Аллоҳ таолога энг яқин бўлган фаришталар тўплами нима дейишини билмаслигини эсига солиб. Чунки Аллоҳ маълумот, ахборот олиш учун сўрамайди. У Зот ҳар бир нарсани пухта билувчи Зотдир. Аллоҳ олий тўплам нима ҳақида тортишаётганларини Пайғамбаримиз билмасликларини ҳам билади. Лекин бу саволи ила Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига ўзларининг ҳолини яна бир бор тушунтирмоқда ва ҳамма нарса Ўзининг лутфи марҳамати ила бўлишини яна бир бор намоён қилмоқда.

«Эй Роббим, билмадим», дедилар Пайғамбари охири замон, олий тўпламнинг гапларидан бехабарликларини эътироф қилиб.

Шунда Роббил Оламийн Ўзининг маҳбуб бандаси, суюкли Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўзига хос услуб ила Ўз сир-асрорларидан файзу футуҳ ато этди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вужудлари ва хусусан, қалблари тамоман бошқача бўлиб, бу файзу футуҳни тўла ҳис этдилар. У Зот ўзларида бирдан улкан ўзгариш бўлганини англаб етдилар. Ҳамма жойдаги нарсаларни, мағрибу машриқдаги, осмонлардаги ердаги барча нарсаларни, жумладан, олий тўпламдаги нарсаларнинг ҳам билими ҳосил бўлганини сездилар.

«Эй Муҳаммад!» деди Аллоҳ таоло, ҳолат ўзгаргандан кейин яна янгидан хитоб бошлаб.

«Лаббайка Роббии ва саъдайка», деб жавоб бердилар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жону диллари ила.

«Олий тўплам нима ҳақида тортишмоқдалар?» деди. Аллоҳ таоло уларни нима ҳақида тортишаётганларини жуда яхши билиб турса ҳам, Ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга берган фазлини изҳор қилмоқчи, мўмин-мусулмон бандаларига намознинг фазлини бошқача услуб ила билдирмоқчи бўлиб. Энди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ берган файзу футуҳ ила ҳамма нарсани билиб олган эдилар.

Олий тўплам нима ҳақида тортишаётганларини ҳам жуда яхши билиш даражасига эришган эдилар. Шунинг учун ҳам олий тўплам нима ҳақида тортишаётганларини батафсил баён қилишга киришдилар:

«Даражотлар, каффоратлар, қадамларни жамоатлар томон босиш, таҳоратни қийинчиликларда ҳам яхшилаб қилиш, намоздан сўнг намозга интизор бўлиш ва ким у(намоз)ларни муҳофаза қилса, яхшилик ила яшаб, яхшилик-ла ўлиши ва гуноҳларидан онаси туққан кунидек (пок) бўлиши ҳақида», дедилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳ таолонинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга тажалли қилиб туриши.

Асосан, Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жаброил алайҳиссалом орқали алоқа қилиши маълум ва машҳур. Шунингдек, илҳом бериб туриши ҳам. Меърожда бевосита сўзлашув бўлгани ҳам маъруф. Бу ерда эса ўзига хос, қандоқлигини фақат Аллоҳ таоло ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам биладиган тажалли ҳақида сўз бормоқда.

2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таоло ҳузурида олий мақомга эга эканликлари.

3. Аллоҳ ҳамма нарсани билиб турса ҳам, баъзи бандаларга хос манфаатлар учун савол бериши.

4. Аллоҳ таолонинг ҳузурида олий тўплам – муқарраб фаришталар тўплами борлиги.

5. Олий тўпламнинг ҳолини Аллоҳдан бошқа Зот билмаслиги.

6. Аллоҳ хоҳласа, бир зумда бандасини файзу футуҳ ила машриқу мағрибдаги нарсаларни биладиган қилиб қўйиши.

7. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга файзу футуҳ ила мағрибу машриқдаги, осмонлару ердаги нарсаларнинг илмини ато қилгани.

8. Аллоҳнинг файзу футуҳи ила Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам олий тўплам нима ҳақида гаплашаётганларини биладиган бўлганлари.

9. Олий тўплам бандаларнинг даражотлари юқори қиладиган ва гуноҳларига кафорат бўладиган нарсалар ҳақида тортишганликлари.

10. Жамоат намози ўқиш учун босилган қадамлар банданинг даражасини кўтарилишига ва гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлиши.

11. Таҳоратни қийинчиликларда ҳам яхшилаб қилиш банда даражасининг кўтарилишига ва гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлиши.

12. Намоздан сўнг намозга интизор бўлиш, банданинг даражасининг кўтарилишига ва гуноҳларининг ювилишига сабаб бўлиши.

13. Намозларини муҳофаза қилиш банданинг бу дунёда яхшилик ила яшаб, яхшилик ила ўлишига, гуноҳларидан онаси туққан кунидек пок бўлишига ва даражаларининг кўтарилишига сабаб бўлиши.

Демак, нафақат ердаги тўпламда, балки осмондаги олий тўпламда ҳам намознинг фазилати ҳақида сўз борар экан.

Бу дунёда яхши яшашни хоҳласак, намозларимизни бир вақт ҳам қолдирмай, арконларини жойига келтириб, хушуъ-хузуъ билан адо этиб, муҳофаза қилайлик.

Онамиздан туғилган пайтимизда қанчалик бегуноҳ бўлсак, худди ўша ҳолатга қайтайлик, десак ҳам, намозларимизни муҳофаза қилайлик.

Бу дунё ва охиратда даражотларимиз юқори бўлсин, десак, намозларимизни муҳофаза қилайлик.

Масжидларга қатнаб, жамоат намози ўқиш учун қадамларимизни кўпайтирайлик.

Таҳоратимизни доимо яхшилаб қилайлик.

Бир намозни ўқиб бўлиб иккинчисини интизорлик билан кутайлик.

Жарир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. Кечаси ойга назар солдилар-да: «Албатта, сизлар Роббингизни мана шу ойни кўргандек кўрурсизлар. Уни кўришда қийинчиликка учрамассиз. Бас, агар қуёш чиқиши ва ботишидан олдин намоз ўқишдан қолмасликка қодир бўлсангиз. Шуни қилинг, дедилар-да: «Қуёш чиқиши ва ботишидан олдин Роббингга ҳамд ила тасбиҳ» айт оятини ўқидилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги қуёш чиқишидан олдинги намоздан мурод Бомдод намози, қуёш ботишидан олдингиси эса Аср намозидир.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Охиратда намозхон бандалар Аллоҳ таолонинг жамолини, худди тўлин ойни кўргандек қийналмасдан кўришлари ҳақ экани.

2. Бомдод ва Аср намозларининг ўта аҳамиятли экани.

3. Бомдод ва Аср намозларига алоҳида эътибор билан қараш лозимлиги. Чунки уйқу ва бошқа нарсалар бу икки намозни ўз вақтида адо этишга монеъ бўлиб туради.

4. Гапирилган маънога Қуръондан далил келтириш яхшилиги.

Ушбу ҳадиси шарифга амал қилароқ Бомдодга ухлаб қолишнинг олдини олайлик. Асрни ўтказиб юбормаслик тадбирини кўрайлик. Ана шунда қиёматда Аллоҳ таолонинг жамолини кўришга муяссар бўлиш учун муҳим омилни амалга оширган бўламиз.

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятларида:

«Ким икки совуқ (намоз)ни ўқиса, жаннатга кирур», дейилган.

«Икки совуқ намоз»дан мурод ҳам Бомдод ва Аср намоздир.

Баъзи уламолар, Бомдод ва Хуфтон, деганлар. Ушбу ҳадисларда Бомдод ва Аср намозларига алоҳида эътибор берилишининг сабаблари бор. Аввало, бу икки намознинг вақти, Ер юзига муҳофаза учун тушиб чиқиб турадиган фаришталар тўпларининг алмашиши учун жамланадиган вақтдир. Ўша алмашинишдан кейин чиққан фаришталардан Аллоҳ таоло«Бандаларимни қай ҳолда тарк этиб келдингиз?» деб сўрайди.

Шунинг учун ўша вақтларнинг намозини ўқиб турган бандалар катта фазлга эга бўладилар. Шунингдек, Бомдод намози ширин уйқу ва дам олиш пайтида, Аср намози одамлар маишат учун роса уриниб турган пайтда бўлади. Ким бу икки намозни ўз вақтида адо этса, жаннатга дохил бўлади.

 
Мавзуга оид мақолалар
  Масаллиқ 1 кг ун, 50 гр хамиртуруш, 2 стакан илиқ сув, 1,5 чой қошиғида туз солинади, 200 гр гўшт, 200 гр пиёз ва 0,5 давоми...

13:06 / 29.11.2016 3653
Бошқа ибодатлардаги каби садақа ва хайрэҳсонда ҳам фарзу вожибдан кейинги ўринда ихтиёрийси туради. давоми...

15:05 / 17.11.2016 3788
 ИСЛОМНИ ҚАБУЛ ҚИЛГАН  ГИЁҲВАНД ҚИЗНИНГ ҒАРОЙИБ ҚИССАСИ   Мен уни масжидда учратиб қолдим. Кўзлари сўнган, давоми...

21:18 / 20.03.2017 3679
Истиғфор айтишга динимизда кўп бор тарғиб қилинган. Бунга Аллоҳнинг Расули, саҳобаи киромлар қаттиқ амал давоми...

21:52 / 02.02.2017 7402