Келин-куёвга дуо қилиш
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон инсонни уйланган пайтида табрикласалар, Аллоҳ сенга муборак қилсин, барака берсин ва иккингизнинг орангизни хайр ила жам қилсин», дер эдилар».

Сунан эгалари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Келин-куёвни тўй билан табриклаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатдир. Бу суннатга биноан, ҳар бир мусулмон келин-куёвни табриклаш пайтида уларга Аллоҳ таолодан хайр-барака ва бахтли ҳаёт кечиришларини сўраб, дуо қилиши керак.

Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ақийл ибн Абу Толиб Бани Жусамлик бир аёлга уйланди. Бас, унга иттифоқлик, муҳаббат ва болалар ила, дейилди. Шунда у: 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек, «Аллоҳ сизларга муборак қилсин ва барака берсин», денглар», деди».

Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Кишилар Ақийл ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни уйлангани муносабати ила муборакбод қилишда ўзларига одат бўлиб келаётган эски табрик сўзларини айтишган эди, у кишига ёқмади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам янги уйланган одамни қандоқ сўзлар билан табриклаган бўлсалар, мени ҳам шундоқ табрик қилинглар, деб ўргатдилар.

Ҳа, мусулмон киши ҳар бир нарсада ўз Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашмоғи лозим. Ҳатто уйланиш муносабати ила айтиладиган табрик сўзларида ҳам.

Аллоҳга шукрлар бўлсинким, ҳар бир нарсада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари, кўрсатмалари бор. Мусулмон киши, ўзини у Зотга уммат деб билган киши ўша набавий суннатларни ўрганиши ва уларга амал қилиши лозим. Ана шундагина мусулмонлик, умматлик бурчини адо этган бўлади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам менга уйланганларида онам келиб мени ҳовлига олиб кирдилар, қарасам, Ансорий аёллар уй ичида эканлар. Бас, улар «Хайр ва баракали бўлсин. Энг бахтли ва насибали бўлсин», дедилар».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Оиша онамиз билан тўйлари Мадинаи мунавварада бўлган. Оиша онамизнинг оналари Умму Руммон бинти Омир ибн Абдушамс розияллоҳу анҳо ўзлари у кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб кирганлар. Ўшанда ҳовлида Асма бинти Язийд розияллоҳу анҳо бошлиқ бир гуруҳ Мадина аёллари ҳам бўлганлар. Улар келин бўлмиш Оиша онамизни кўришлари билан у кишининг ҳақларига яхши тилаклар билан дуо қилганлар.

Кейин Умму Руммон розияллоҳу анҳо Оиша онамизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига олиб кириб ўтказганлар ва:

«Мана бу –  аҳлингиз, эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ Сизга буларни муборак қилсин», деганлар.

Демак, келин-куёвни кўрган киши дарҳол табриклаб, яхшиликлар тилаб, дуо қилиши керак.

Абу Довуд ва Насаийнинг ривоятида: «Қачонки бирингиз бирор аёлга уйланса ёки ходим сотиб олса, «Эй бор Худоё! Сендан унинг яхшилигини ва Сен унга берган жибиллият-ахлоқнинг яхшисини сўрайман. Ҳамда Сендан унинг шарридан ва Сен унга берган жибиллият-ахлоқнинг ёмонидан паноҳ сўрайман», десин. 

Қачон туя сотиб олса, унинг ўркачининг чўққисидан ушлаб туриб, худди шундоқ, десин», дедилар».

Валлоҳу аълам.

Шарҳ: Келин-куёвга бошқалар дуо қилишлари билан бирга, уларнинг ўзлари ўзларига ва бир-бирларига дуо қилишлари ҳам яхши экан. Албатта, ўшандоқ бахтли соатларда Аллоҳ таолодан ўзига ва умр йўлдошига бахт-саодат тилаб, дуо қилмоқ яхшидир.

Мавзуга оид мақолалар
Иссиқ кунларда инсон танаси кўп суюқлик йўқотади. Бундай пайтда организмнинг сув балансини керакли давоми...

21:39 / 08.07.2023 1408
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм... Муслималар форумида ўтказилган «Ҳайит байрамини қандай нишонлаймиз» номли давоми...

23:01 / 10.03.2017 4521
41. Савол Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пайғамбар бўлганларидан кейин  Аллоҳ таоло у зотни давоми...

16:50 / 11.12.2017 3595
embedhttpswww.youtube.comwatchvnBOmCd8pARUembed

14:29 / 02.05.2018 2682