Нега тасаввуф саҳоба ва тобеъинлар давридан кейин пайдо бўлган?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Доктор Аҳмад Алвашнинг айтишича, кўпчилик нима учун тасаввуф Исломнинг илк даврларида пайдо бўлмай, саҳоба ва тобеъинлар давридан кейин вужудга келган, деб савол сўраркан. Унинг жавоби қуйидагича, Исломнинг илк даврида унга ҳожат бўлмаган. Чунки ўша пайтдаги одамлар тақводор, парҳезкор, нафс билан доим курашадиган ва табиатан ибодатга юзланувчи шахслар эди. Унинг устига пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг орасида эдилар. Саҳобалар пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишда ўзаро рақобатлашардилар. Ўзлари бажариб турган амалларга йўналтирувчи илм сифатида бир фанни ўйлаб топиб, уни ўрганишга ҳожат йўқ эди.Чунки улар наҳв, балоғат ва араб тили илмларини ўқимаган бўлсада, ота-боболари араб бўлганлиги туфайли у тилда бемалол сўзлаша оладиган, балоғат билан ёзилган шеърларни ҳам ҳеч қандай қийинчиликсиз маъносини англаб тушунадиган эдилар. Бундай кишилар учун наҳв, балоғат илмини ўрганиш шарт бўлмаганидек, саҳобаларга ҳам тасаввуф илмини ўрганишга ҳожат бўлмаган. Чунки уларнинг амалларининг барчаси айни тасаввуфнинг ўзи бўлган. Лекин араб тилида гаплаша олмайдиган, динда олим бўлишни истайдиган миллати араб бўлмаган кишилар учун эса наҳв, балоғат ва араб тили илмларини ўрганиши шарт ва лозим бўлган. Мана шу жиҳатдан олиб қараганда, асрлар ўтиши билан пайдо бўлиб, шаклланиб борган бошқа илмлар қатори бу илмни ҳам ўрганишга жамиятда эҳтиёж туғилди. Гарчи саҳоба ва тобеинлар сўфий номи билан танилмаган бўлсаларда, улар воқеъликда сўфий эдилар. Ҳаётини ўзи учун эмас, Роббиси учун бағишлаган. Ибодатни лозим тутиб, зоҳидга айланган. Ҳаётининг барча лаҳзаларида руҳи ва қалби билан Аллоҳга юзланган. Иймон калимасини айтиш билан кифояланибгина қолмасдан, энди уни таъмини татиб кўришга киришган. Фарзлар билан кифояланибгина қолмасдан, нафл ва мустаҳаб амалларни қилишга шўнғиган. Ҳаром у ёқда турсин, макруҳ ишларни қилишдан ҳам ҳазар қилган. Қалблари нурафшон бўлиб, ундан ҳикмат булоғи отилиб чиққан. Шундай экан, атрофлари раббоний асрорлар файзи билан тўлиб тошган саҳобалар, тобеину табаъа тобеинларни йўлларини тасаввуф дейилмаса, унда нимани тасаввуф дейиш мумкин. Ҳа, бу уч муборак давр ислом асрининг гуллаган даври ҳисобланади.

Имом Бухорийнинг ривоятида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, асрларнинг энг яхшиси мен яшаётган давр, ундан кейин эса кейин келадигани, ундан кейин эса кейин келадигани, деганлар. Пайғамбаримиз вафот этиб, анча йиллардан сўнг бошқа миллатлар исломга киргач, илм доираси кенгайиб кетди. Кишилар бошқаларга нисбатан ўзи яхшироқ биладиган фанини китоб шаклида ёзиш даври бошланди. Наҳв, фиқҳ, ақида, ҳадис, усулу дин, тафсир, мантиқ, мусталаҳул ҳадис, усулул фиқҳ, мерос илми ва бошқа илмлар китоб шаклида ёзилди. Бир муддат ўтиб, руҳий тарбия борасида заифлик кўрина бошлади. Инсонлар қуллигини, Аллоҳга қалб билан юзланишликни унутиб қўйишди. Ва бу ҳолат зуҳд ва тақво эгаларини бу борада ҳам тасаввуф китобларини ёзишга, унинг бошқа илмларга нисбатан фазли ва шарафини тушунтириб беришга бир туртки бўлди.

Баъзи мусташриқлар ўйлаганидек, уларнинг бу ишга қўл уришлари бошқа соҳадаги олимлар китоб ёзганлари учун биз ҳам китоб ёзамиз, деган мақсад бўлмади. Балки худди диннинг бошқа жабҳаларида бўлганидек, пайдо бўлган камчиликни ўрнини тўлдириб, динда туғилган эҳтиёжни тўлақонли қондириш эди, холос.

Қолаверса, мусулмонлар яхшилик йўлида ҳамкорлик қилишлари лозим, деган шиор амалда қўлланилиши учун ҳам бу иш лозим эди.

Нурмуҳаммедова Васила

Мавзуга оид мақолалар
Қамар сураси, 49оят Ушбу оятдаги «ўлчов» сўзининг икки хил шарҳи бўлиб, бири «қазои қадар» давоми...

21:00 / 04.01.2020 2768
Оиламизда мавлид Робиъул аввал ойи яқинлашар экан бу ҳақда доим барча оила аъзоларимизни ҳабардор қиламиз. давоми...

13:27 / 12.12.2017 3866
Шу йилнинг 14 ноябрь куни шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жомеъ масжиди мажлислар залида отинойилар давоми...

14:12 / 15.11.2019 4208
Мақолада тасвирланган ҳолат бизнинг жамиятда у қадар жиддий тус олмаган бўлсада, шунга ўхшаш кўплаб давоми...

21:00 / 25.11.2019 4910