«Пешқадам мактаби» ўқув марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.




2023 йил 13 май куни «Пешқадамлар карвони» муассасасининг янги биносида «Пешқадам мактаби» ўқув марказининг очилиши ҳамда Bintu Sodiq, Muslimaat.uz ва Muallim_media каналлари, «Пешқадам карвони» лойиҳаси жамоасининг янги бинога кўчганлиги муносабати билан маросим бўлиб ўтди.


Маросимга  юртимизнинг бир қатор устоз уламолари, жумладан, устоз Абдулҳамид Муҳаммад Турсун, Муҳаммад Айюбхон Косоний, Исмоил Муҳаммад Юсуф, Мансурали Тожимуҳаммад ўғли, Анвар Аҳмад, Ҳасан Қодиров, Абдулбосит Абдуллажонов,  Озод Мунаввар, "Grand ta'lim" НТМ бош директори Музаффар Саттиев, Абдулвоҳид Саттиев, Фозилжон Абдулқайюм, Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, шунингдек,  islom.uz, Hilol media маркази ходимлари ва бошқа мухлислар ташриф буюришди.  

Тадбир Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Тиловатдан сўнг устозлар ва давра қатнашчилари шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг руҳлари шод бўлиши ва ушбу ўқув марказининг фаолияти юксалишини сўраб, хайрли дуолар қилдилар.  Маросимга ташриф буюрган устозлар  аёл кишининг таълим олиши бутун бир миллатнинг таълим олиши эканини эътироф этишди. Шунингдек, бу таълим келгусида динга, халққа, илмга хизмат бўлишини  таъкидлаб ўтишди. Тадбирдан сўнг меҳмонларимиз зиёфат дастурхонига таклиф этилди.


***

Маросимнинг иккинчи қисми пешинда азиз опа-сингилларимиз билан давом этди.


Тадбир Қуръони Карим тиловати  ва хайрли дуолар билан бошланди.  Устозларимиз Одинахон Муҳаммад Содиқ,  Оминахон Муҳаммад Содиқ, Машкурахон Абдулҳамид Турсун қизи, Дилафрўз Юсупова ва бир қанча устоз опа-сингилларимизнинг   иштироки тадбиримизга файз ва шукуҳ бахшида этди.


Дастлаб тадбирда “Пешқадам мактаби” ўқув марказида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.  Бошловчиларимиз Камолахон ва Дилдорахон ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида етакчи, пешқадам аёл-қизларни етиштириш, уларга илм бериш билан бирга, бир нечта соҳаларда мутахассислар тайёрлашни ўз олдига мақсад қилган бу ўқув маркази ҳақида йиғилганларга гапириб бердилар.  Бу мақсадларини рўёбга чиқаришни ҳаётининг мазмуни деб билган устоз Одинахон Муҳаммад Содиқ бундай ўқув марказини очишни режалаштирганларига, ният қилганларига бир неча йил бўлган эди. Бу йўлдаги илк қадамлар ҳам босиб бўлинган эди. Аллоҳнинг розилигини истаб бошланган иш ўзининг вақт-соати билан, ушбу янги масканга  кўчишимиз билан янада ривож топди. Кетма-кет бир нечта курслар очилди.


Келинг, шу ўринда сиз, азиз мухлисларимизни  «Пешқадам мактаби»нинг фаолияти ва келгуси режалари билан қисқача таништириб ўтсак.


 “Пешқадам мактаби” ўқув марказига 2022 йил август ойида асос солинди. 2023 йил январь ойида устозамиз Одинахон Муҳаммад Содиқ «Мутолаа сирлари» семинар-тренингларини ташкил қилдилар. Бу семинарларнинг икки давраси фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари асос солган «Ҳилол нашр» матбаа нашриётининг мажлислар залида олиб борилди. Уларда 200 дан  ортиқ тингловчилар қатнашишди.

«Мутолаа сирлари» семинарларини устозимиз билан бирга журналист Зайнаббегим Юнусова ҳам олиб борди. Ёзувчи Эркин Малик,  Қуръон ва шариат ходими Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид, «Юксалиш» лидерлар академияси асосчиси Муҳаммадали Эшонқулов, таниқли блогер Абдулазиз Муҳаммад ва бошқалар  бу семинарларда меҳмон бўлиб, тингловчиларга ўзларининг қимматли ўгит ва тавсияларини, маслаҳатларини бердилар.

Тингловчилар бу семинарлардан кўплаб фойда олдилар, ташкилотчилардан, хусусан, устозамиз Одинахон Муҳаммад Содиқдан мамнунликларини изҳор қилдилар. Бу семинарларга ҳозир ҳам талаб ниҳоятда катта. Шу ўринда эслатиб ўтамиз, июнь ойининг охирларида «Мутолаа сирлари» семинарининг кейинги давралари  онлайн тарзда олиб борилиши режалаштирилган.


Ўқув курсларидан яна бири – «Оила психологияси» ўқув курслари. Жорий йилнинг январь ойида бошланган бу машғулотларни “muslimaat.uz” сайтининг кўп йиллик тажрибага эга бўлган психологи Мадина Джураева олиб бормоқда. Психология курслари ҳам аёлларимиз учун мўлжалланган бўлиб, ҳозирги кунда бу курсларнинг иккинчи давраси бошланган. Уларда  йигирмадан ортиқ опа-сингилларимиз фойдали билимларга эга бўлдилар. Бу курсимиз ўз фаолиятини ушбу янги даргоҳда давом эттирмоқда.

“Оила психологияси” ўқув курслари онлайн тарзда ҳам олиб борилди ва яна келажакда онлайн семинарлар ташкил этиш режага киритилган.



 «Вокал сабоқлари» курсимизга ҳам кўплаб аёл-қизларимиз қизиқиб қатнашишмоқда, куйлашнинг нозик сирларидан воқиф бўлишмоқда. Машғулотларни соҳир овоз соҳибаси, маҳоратли устоз Марям Муродова  олиб бормоқда.  Бизга хабар беришларича, куни кеча бу курснинг илк гуруҳи икки ойлик ўқув машғулотларини якунлашди. Бу гуруҳда 11 та тингловчи қатнашишди. Уларни “Вокал сабоқлари” ўқув курсининг илк қалдирғочлари  десак ҳам бўлади.


«Пешқадам мактаби» ўқув марказида «Саводхонлик мактаби» курси ҳам  ташкил этилагн. Машғулотларни бир неча йиллардан буён «Ҳилол нашр» матбаа нашриёти ва каналларимиз муҳаррири, тажрибали мутахассис Барно Саидраҳмон олиб бормоқда. Шу ўринда айтиб ўтишимиз керак, яқинда “Саводхонлик мактаби" ўқув курсининг масофадан ўқитишга мўлжалланган курслари ҳам фаолият бошлайди.


Шунингдек, “Пешқадамлар мактаби” ўқув марказида яна нотиқлик санъати, сурдо таржимонлик, видеооператорлик, видеомонтаж, мобилографика ва фарзанд психологияси каби соҳалар бўйича ўқув курслари очилиши ҳақида каналларимизда эълон берилган. Иншааллоҳ, тез кунда бу бўлимлар ҳам фаолият бошлаш арафасида.


Тадбир сўнгида устоз Одинахон Муҳаммад Содиқ марказ  ҳақида гапираркан,  ушбу ўқув марказининг очилиши устоз ва падари бузрукворлари  шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ орзу қилган ва тамал тошини қўйиб берган улуғ хизматнинг давоми эканини эътироф этиб, айни пайтда олиб борилаётган барча ишлар мана шу ишларнинг давоми эканини қайд этиб ўтдилар.  Устоз Одинахон Муҳаммад Содиқ: "Келгусида бу илм даргоҳи аёлларимизнинг таълим олиб, жамиятнинг пешқадам вакилалари бўлишларига хизмат қилади, иншааллоҳ..." дедилар.  Марказнинг мақсад ва режалари хусусида ўртоқлашди, юртимиз, халқимиз, жамоамиз ва мухлисларимиз ҳаққига хайрли дуолар қилдилар. Тадбир сўнгида қилинган хатми Қуръонлар бағишланиб, дуолар қилинди.



Устозларнинг фойдали суҳбатлари, гўзал хотиралари, “Муншидаат” гуруҳи аъзоларининг жонли ижролари... Тақдирловлар ва эътирофлар... Бир сўз билан айтганда, бундай аҳли илм бўлган аёл-қизларимиз билан дийдорлашувларимиз қалбларимизни занглардан поклади, иймонимизни янада мустаҳқамлади, илмга рағбатимизни кучайтирди.  


Аллоҳ таоло ҳазратимиз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳни раҳматига олсин, у зотнинг қолдирган илмий меросларини давом эттираётган азиз фарзандлари ва шогирдлари олиб бораётган ишларни уммат учун хайрли ва баракали қилсин.


Илм даргоҳимизга қадам ранжида қилган, бизнинг хурсандчилигимизга шерик бўлиб, дуолар қилган, яхши тилаклар билдирган  азиз устозларимизга, опа-сингилларимизга миннатдорлигимизни изҳор қиламиз.

Манба
Мавзуга оид мақолалар
Aнглиялик опасингиллар Никки ва Эмининг Исломни қабул қилишларига машҳур футболчи, quotЛиверпулquot давоми...

08:15 / 25.08.2021 13166
Китоб ndash билимлар манбаи. Китобни олимлар, адиблар ёзади. Аммо улардан сўнг китоб ўқувчининг қўлига етиб давоми...

20:02 / 01.04.2023 2298
Юртимизга яна баҳор қайтди. Кўнгилларга илиқлиқ, дилларга қувонч, хонадонларимизга файзу барака улашувчи давоми...

03:43 / 02-mart 2284
Ҳар оқшом Aмериканинг Миннесота штатида жойлашган КолумбияХайтс Columbia Heights шаҳридаги автотураргоҳда кўплаб давоми...

00:05 / 18.05.2020 3611