Алвидо, РАМАЗОН!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.



Алвидо, эй нури Раҳмон, алвидо,

Алвидо, эй кони ирфон, алвидо,

Алвидо, эй қути иймон, алвидо,

Алвидо, эй моҳи Қуръон, алвидо!


Чун ҳилолинг ерга нур сочган замон,

Бўлди ер хушбўй, мунаввар осмон,

Барча дилларга етиб амну амон,

Чин ибодат бўлди ҳар он, алвидо!


Сенда кўкдан ерга нурлар сочилур,

Барча жаннат боблари ланг очилур,

Етти дўзахнинг эшиги ёпилур,

Сенда муғлақ бўлди шайтон, алвидо!


Ким қудумингдан агар масрур ўлур,

Маҳзун ул сендан қачон маҳжур ўлур,

Журму исёни анинг мағфур ўлур,

Хушхабардир анга ризвон, алвидо!


Кунларинг ўтказса ким ҳирмон ила,

Тунларинг бедор ўлиб Қуръон ила,

Ким буларни айласа иймон ила,

Марҳабо, дер анга Раййон, алвидо!


Сенда тушди илк бор Қуръонимиз,

Равшан этди йўлимиз Фурқонимиз,

Қўлни ихлос бирла очган онимиз,

Айлади мақбул Маннон, алвидо!


Поклагаймиз сенда мулку молимиз,

Тарк этармиз сенда қийлу қолимиз,

Сен-­ла соф ўлгай ҳама аҳволимиз,

Нафсу шайтон бўлди вайрон, алвидо!


Шубҳасиз сен бирла руҳнинг чоғлиги,

Ҳамда кетгайдир кўнгилнинг доғлиги,

Тикланар ҳам сенда таннинг соғлиги,

Сен ўзингсан дори дармон, алвидо!


Сенга сиғмас ҳеч бир сумъа, риё,

Бас, мукофотинг берар ёлғиз Худо,

Сен шафоатхоҳимиз келса жазо,

Дўзах ўтидин-­да қалқон алвидо!


Бир тунинг бор мингча ойлардан фузун,

Зотан уммат умри эрмасди узун,

Сен била армонлари кетди бутун,

Тўлдирурлар сенда хирмон, алвидо!


Хуллас, этсам бир умр васфинг агар,

Айта олгум минггидин биррин магар,

Ҳақ Расул мадҳ этди, шу сенга етар,

Ҳам гувоҳлик берди Қуръон, алвидо!


Ё Илоҳий, фазлу лутф айлаб ато,

Эт қабул биздан намоз, рўза, дуо,

Ҳам умид айлар Ҳасан келса қазо,

Рўза ичра чиқса бу жон, алвидо!


Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид



Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
.Эй онажон Аллоҳ таоло сизни мағфират қилсин, кечирсин, сизни Ўзи мукофотласин. Аллоҳ сизни раҳматига олсин. давоми...

01:17 / 02.03.2021 5158
Охирги вақтларда психосоматикага нафақат тўғридантўғри боғлиқ бўлган мутахассислар врачлар, давоми...

12:51 / 11.12.2018 4967
Рус тилидан Шаҳноза Тўраева таржимаси    Икки эгизак онасининг қорнида суҳбатлашяпти бири иймонэътиқодли, давоми...

04:04 / 03.11.2017 5720
Рамазон ойи болаларни дин ва диёнат, раҳмдиллик, сабр ва кўплаб бошқа сифатлар билан таништиришга қулай давоми...

12:47 / 04.05.2017 4492