Оиласи олдида бурчини адо этмаган оталар тавба қиладилар
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қуръони Карим оиласи олдидаги бурчини адо этмай, фарзандларини тарбиясиз, ахлоқсиз ва жоҳилга айлантириб қўйган оталарга янгича ҳаёт қандай барпо қилинишини, у нималар асосида бунёд бўлишини, юзага келадиган барча оилавий муаммоларга қандай чора кўриш кераклигини таълим берди. Келгусида ҳам бу йўлда собитқадам бўлишни ўргатди ва уларни чин дилдан Аллоҳ таоло тавба қилишга  чақирди[1].

 

 

Aввал ким тавба қилиши керак: оталарми ёки домлалар?

 

Имтиҳонга ёки ишга кечикмасдан бориш мақсадида вақтлироқ уйғонадиган, намозга келганда эса уйқуси ширинлик қилиб қоладиган оталарнинг қўл остида намоз ўқимай улғайган фарзандларга икки дунё саодатига эришиш калити –  намоз ўқишни ўргатмаганимиз учун, биринчи навбатда, биз – имомлар, воизлар ва диншунослар тавба қилишимиз лозим.

Намоз ўқийверганларидан оёқлари шишиб кетган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатга жиддий эътиборларига қарамай, бутун Рамазон ойи давомида одамларга «насх-мансух», «Нузули Исо», «Қиёмат аломатлари», «Одам Атонинг отаси бор эди» каби мавзуларда кўплаб ваъз қилиб, намоз, рўза ҳақида эса гапирмайдиган домлаларга йўл бериб, инсонларга тўғри амри маъруф, наҳий мункар қилолмаганимиз учун истиғфор айтишимиз даркор.

 Мўмин ота муслима қизига: «Эркак кишидан (ўғил бола, йигитлардан) дўст эмас, эр бўлади. Ислом қизи номаҳрам билан бир столда ўтирмайди, «дилдан» суҳбат қурмайди, сайр-саёҳатга  чиқмайди. Аллоҳ азза ва жалла бунга асло рози бўлмайди, қизим!»  дея насиҳат қилади. Қиз насиҳатни тингларкан, ўзини қийнаган саволларга  отаси жавоб беришини истайди ва: “Отажон, унда нима сабабдан домлалар аёллар билан бир дастурда чиқиб суҳбат қуришади? «Қуръон ҳалқаси» номи остидаги аралаш даврада дарс ўтишади?» дейди. Қизларининг бундай саволларига жавоб бераолмай, сукут қилган ва қизининг ўз нафсига қул домлалар қўлида маънан бузилишини чорасиз ҳолда кузатиб турган бечора ота-оналар номидан ҳам тавба қилишимиз лозим...

 Замонавийликнинг маданият, санъат ва шаҳват ҳужумларига нишон бўлган авлоднинг руҳи ва шуурини булғаб ташлаганимиз учун ҳам барчамиз биргалашиб, Aллоҳ таолога илтижо қилишимиз керак.

 Исломда «дин ходими» синфининг йўқлиги ва оталар ҳам динни ўргатишга масъул ва мажбур эканликларидан бехабар, Ҳақ номига барча вазифаларни домлалар бажаришини кутган ота сифатида тавба қилишимиз лозим.

Оила қуришга жидду жаҳд қилиб тайёрланаётган ва бу оила учун бўлиб тўлаш учун уй анжомларини сотиб олаётган йигит ва мактабни битирибоқ, тўй илинжида сарпо йиғиш пайига тушиб қолган қиз абадий қўним топадиган Охират уйига керакли тайёргарликни кўриб қўйдимикан?!  Охират уйига керакли тайёргарликни кўриб қўймаган бўлса, бундай йигиту қизларнинг ҳолларига индамай қўл қовуштириб турганимиз – гуноҳкор бўлганимиз учун ҳам тавба қилишимиз шарт.

Она – оила қалъасининг ички қўриқчиси

Барча миллатларнинг маънавий ва моддий қадриятларини муҳофаза қилувчи қалъалари бўлгани сингари, унинг бугуни ва эртасини ҳал қилувчи асосий бўлаги, асосий қалъаси бу оила ҳисобланади. Оиланинг ичкаридаги қўриқчиси она бўлса, ташқи қўриқчиси ота бўлади. Бири ўзи ўрнини тарк қилса, наригиси ёлғиз ўзи вафо қилолмайди, ўрнини қўриқлай олмайди, натижада қалъа қўриқчисиз қолади. Уй душман истилосига мубтало бўлади. Шунинг учун ҳам оила қуришдан олдин қиз йигитдан, йигит эса қиздан оилани қўриқлаш қобилияти бор ёки йўқлигини излайди.

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганларидек, эркак киши бир қизга молу дунёси, чиройи, насл-насаби ёки диндорлиги учун уйланади. Қолган хусусиятларини ҳам ҳисобга олган ҳолда, диндор қизга уйланган мусулмон Исломнинг энг кичик, аммо энг нозик қалъасига қўриқчи бўладиган номзодга – жуфтга уйланган бўлади.

Оилани қўриқлаш уни қуришдан кўра қийинроқдир

 

 


Уйни қуриш каби уни қўриқлаш ҳам муҳим вазифа ҳисобланади. Оилани қўриқлаш уни қуришдан кўра қийинроқдир. Чунки исломий оила доимий тарзда иблиснинг лашкарлари томонидан қақшатқич ҳужумларга учрайди. Шу боис ҳам, отанинг зиммасига оилани қўриқлаш мажбурияти юкланган, вазифасини бажариш давомида йўл қўйилган турли камчиликлар учун тавба қилишга чақирган Аллоҳ азза ва жалла, уни етти кун, йигирма тўрт соат иблисга қарши курашишга чақириб шундай марҳамат қилади: “Эй Набий! Кофир ва мунофиқларга қарши жиҳод қил ва уларга маҳкам тур. Ва уларнинг жойи жаҳаннамдир. У қандай ҳам ёмон борар жой!”[2]


 

Оилани муҳофаза қилиш умматни муҳофаза қилиш билан баробар бўлгани боис, жиҳод буйруғи тўғридан тўғри Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлди ва у зот орқали умматга тушунтирилди. Қилган гуноҳидан ҳузур олаётган мусулмон тавба қилиб ибодатдан ҳузур оладиган ҳолга келса, оиласини маҳкам тутса, иблиснинг ҳужуми янада кучаяди. Ота бир кун қизининг кийими, бошқа бир кун эса, ўғлининг бирор қизга бўлган майли туфайли турли оилавий муаммоларга дучор келади, қийналади, ҳаётдан тўядиган ҳолга келади. Лекин ота ўзининг жанг майдонида номи ‒ оила қўмондони эканлигини эслайди ва қўмондонлар бошлиғи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан намуна олади. Машаққатларда ҳеч йиқилмаган Фотима онамизнинг отаси Муҳаммад алайҳиссаломга эргашади. Шу боис ҳам “жиҳод”га буйруқни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали умматга етказилди.

Давоми бор 

Абдуллоҳ Раҳим ва Нилуфар Исроилова таржимаси

  
 [1] Таҳрим сураси, 8-оят.     [2] Таҳрим сураси, 9-оят.    





Мавзуга оид мақолалар
Ким ҳавои нафсини жиловласа ва шаҳватлари унга эгалик қилишига рухсат бермаса, оқил ва ҳавои нафсининг давоми...

22:00 / 06.01.2022 2798
Исломий оила ҳаётининг расмий котибаси Ҳазрати ОишаҲазрати Оиша онамиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи давоми...

09:00 / 12.11.2021 3662
Инсон табиати дунё ва ундаги нарсаларни яхши кўрадиган қилиб яратилган. Аллоҳ таоло айтади Одамларга давоми...

22:00 / 22.11.2021 2662
Аллоҳ таоло солиҳ амал қилган ва қалби Аллоҳ ва Унинг расулига бўлган иймонга тўла бўлган кишини дунёда яхши давоми...

22:00 / 17.12.2021 2592