«Муаллим» ўқув марказида «Бахтиёр оила» курси битирувчилари тақдирланишди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Шу йилнинг 2 март куни пойтахтимизнинг Шайҳонтоҳур туманида жойлашган «Муаллим» ўқув марказининг очилиш маросими бўлиб ўтган эди. Марказ «Чимир ота» жомеъ масжидининг имом-ноиби Абдулбосит Абдуллажоновнинг ташаббуси ва раҳбарлиги остида ташкил этилган бўлиб, бу ерда малакали мутахассислар муҳтарама аёлларимизга, суюкли опа-сингилларимизга, оила қуриш бўсағасида турган юртимиз ёшларига фаровон, мустаҳкам оила қуриш сирларини ўргатишни, бу йўлда зарур кўрсатмалар билан уларга ёрдам беришни, рўзғор илми хусусида, гўзал одоб-ахлоқ борасида ўзларининг тавсиялари, насиҳат ва маслаҳатлари билан кўмак беришни ният қилганлар.

11 ноябрь куни шу марказда  яна байрамона тадбирлардан бири ‒ “Муаллим” ўқув марказида ташкил этилган “Бахтиёр оила” ўқув дастурининг биринчи битирувчи қалдирғочларига сертификат топшириш ҳамда янги давра тингловчиларига дастурнинг тақдимот маросими  бўлиб ўтди.

Тадбир Қуръон тиловати билан бошланди. “Muslimaat.uz” сайти, Bintu Sodiq канали раҳбари, устозамиз Одинахон Муҳаммад Содиқнинг хайрли дуо ва тилаклари билан очилди.  Тадбирда  Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (раҳимаҳуллоҳ) ҳазратларининг завжалари Фотимахон ҳожиона ва уларнинг оила аъзолари, Чилонзор тумани отинойиси Фазилат Лутфуллаева, “Бахтиёр оила” дастури педагог-психологи Дилдора Шаропова ҳамда “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта-махсус ислом билим юрти мударрисалари, марказ ўқитувчи ва ходимлари, тингловчилари иштирок этдилар.

Тадбирда устозамиз Одинахон Муҳаммад Содиқ  оила фаровонлиги, мустаҳкамлиги, ўзаро меҳр-мурувватнинг аҳамияти ҳақида тўхталарканлар, иштирокчиларга  Пайғамбар алайҳиссалом даврида саҳобияларнинг ҳаётий қиссалари, Мужодала сурасининг  нозил бўлиш сабаблари ҳақида ҳикоя қилиб бердилар.

Шунингдек, тадбирда  Чилонзор тумани отинойиси Фазилат Лутфуллаева, “Бахтиёр оила” дастури педагог-психологи Дилдора Шаропова,  “Хадичаи Кубро” аёл-қизлар ўрта-махсус ислом билим юрти мударрисалари ҳам  сўзга чиқиб, мустаҳкам ва бахтиёр оила қуришда зарур бўлган асосий омиллар, ўзларининг илм ва тажрибалари, кузатувлари ҳақида сўзладилар.

Сўнгра устозларимиз томонидан “Бахтиёр оила” ўқув дастурининг биринчи битирувчи қалдирғочлари бўлмиш   16 нафар опа-сингилимизга  сертификат топширилди.

«Муншидаат» гуруҳи аъзолари томонидан ижро этилган нашидлар, салавотлар тадбирга алоҳида файз ва байрамона шукуҳ бағишлади.

Тадбир  устозларнинг хайрли дуолари билан ўз якунига етди.

Келгусида бу ўқув маркази жамиятнинг негизи бўлган оилаларнинг мустаҳкам ва барқарор бўлиб шаклланишида, намунали оилалар сафининг кенгайишида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлишини Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан тилаб қоламиз.

Мавзуга оид мақолалар
Одинахон Муҳаммад Содиқ ташаббуслари билан нашрга тайёрланган, халқимиз орасида аёлларимиз, айниқса, турли давоми...

02:37 / 01.03.2023 2592
Марям Эскандари MIIM Designs архитектура фирмасининг ҳам ташкилотчиси, ҳам муассисидир. Шунингдек, у Гарвард давоми...

06:42 / 24.12.2020 2724
Афғонистонлик ихтирочи ўқувчи қизлар14 ёшдан 17 ёшгача бўлган беш нафар афғонистонлик ўқувчи қизлар Toyota давоми...

01:22 / 21.04.2020 4326
Зайтуна коллежи АҚШнинг Калифорния штатидаги Беркли шаҳрида жойлашган бўлиб, аҳли сунна вал жамоа давоми...

02:27 / 04.09.2020 3921