Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқингиз!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Янгиликларда Наманганда 26 ёшли аёлнинг эри томонидан қаттиқ калтакланиб вафот этгани хабар қилинди. Бир ойлик гўдаги бор аёлнинг шафқатсизларча калтаклангани қалбимни ларзага келтирди. Катта бир оилада – ота ҳам, она ҳам, қайин ака-укалари ҳам бор хонадонда бир аёлнинг аёвсизларча калтакланиб, оғир аҳволда касалхонага ётиши ва кўп ўтмай вафот этиши қайси бир хонадонида қизи бор ота-онанинг қонини қайнатмайди, ғазабини жунбушга келтирмайди! Гулдек қизининг умрини завол қилган, норасида гўдакни онасиз яшашга маҳкум этган бу эркакни ким оқлайди?! “Ўлдириш ниятида урмаган-ку!” дея оқлашади яқинлари... Бундай дил оғритадиган жиноятлар фақат бугина эмас, кун ора бўлмаса ҳам, аҳён-аҳёнда ахборотларда, ижтимоий тармоқларда тез-тез қулоғингиз остида ваҳима солиб жаранглаб турибди. Бу жиноятни эшитмасимдан сал олдинроқ Жиззах шаҳрида 4-5 ойлик ҳомиласи бор аёлни эри лифтда ёндириб юборган эди...

Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонунлар – 20116” деб номланган ҳисоботида айтилишича, ҳозирда дунёдаги 46 мамлакатда оилавий зўравонликни тақиқловчи қонунлар йўқ. Кузатувларга кўра, юртимизда аёлларга нисбатан энг кўп қўлланиладиган зўравонлик тури бу – оиладаги зўравонлик ҳисобланаркан. “Аёлларга нисбатан бундай зўравонлик охирги икки-уч йилда авж олдими ёки бу аввалдан мавжуд эдими?!” Бу саволга Uzanalytics. com сайтига адвокат Зайнура Толипова шундай жавоб беради: “Муаммо ўтган асрнинг турғунлик йилларидан бери авжида. Фақат жамиятнинг иқтисодий даражасига қараб кўрсаткич ўсиб ёки камайиб туради, холос... Афсуски, унинг туб илдизлари жамият ва турмуш даражасига бориб тақалади”. Мутахассиснинг айнан шу фикрини ҳаётда кузатганларим билан, кўрганларим билан тасдиқлайман. Болалагимдан то катта синф бўлгунимга қадар қўшнимиз Зайнаб опанинг оғриқли ҳаётига гувоҳ бўлганман. Шўрлик аёл эрининг калтакларидан қочиб, бизнинг уйдан паноҳ топарди. Тонгдами, тундами, фарқи бўлмасди, бир аҳволда, сочлари тўзиган, кўзи кўкарган, баъзан оёқяланг, баъзан эса йиғлаб югуриб келарди. Онамнинг қаттиққўллигини билган эри бизникига ҳадди сиғиб киролмай қайтиб кетарди. Калтаклар зарбидан кўзлари ҳам яхши кўрмайдиган бўлиб қолган эди. Бир куни онамга: “Нега уйларига кетиб қолмайди?” дейман. Онам эса: “Учта боласи бор, қайга боради, онасиникига сиғармиди? Сабр қилади-да! Бир кун эрига инсоф бериб қолар...” дерди. “Эрига бир кун инсоф бериб қолар...” Ўша келиши керак бўлган – инсоф бу эркакка дарров келмади. Аёл, онам айтганидек, сабр қилди. Жуда кўп! Аммо йиллар аёл ва болалар руҳиятида жуда кўп аламлар, изтироблар, дардлар уйғотиб улгурган эди...

Яна битта оғриқли факт. Нодира исмли яқин танишим бўларди. Анча тўқ жойга, катталар тили билан айтганда, “қийналмай яшайди”ган оилага келин қилиб узатишди. Аммо оилада тўқчилик бўлса-да, эр-хотин ўртасида зиддиятлар жуда кўп эди. Тўғри, Нодирани эри ичмасди, аммо маънавий камситиб, шахсиятига тегиб, руҳан азобларди. У ўзини ҳимоя қилиб айтилган гаплар учун калтаклар зарбида қоларди. У уйдагиларига эри билан яшай олмаслигини бир неча марта айтган, аммо уйдагилари ҳам, худди онам айтганидек, “Сабр қил! Эрингга бир кун инсоф бериб қолар...” деган овутишлар билан яна уйига олиб бориб қўярди. Аммо Нодира қўшним Зайнаб опа каби “сабр” қилолмади. Бир куни уйида аввалгидай можаролардан бири бўлиб ўтди. У энди уйига бормади. Боришни ҳам истамади. У ўз жонига қасд қилди ‒ ўзини осиб қўйди! “Ўз жонингга қасд қилгин, деб урмаган!” деб яна оқлашади яқинлари... Қайнона, қайнисингиллар аралашуви билан арзимаган баҳона билан эридан калтак ейдиган аёлларимиз қанча! Калтаклар остидаги қийноқларга чидай олмаган ва ўз жонига қасд қилган аёлларимизчи?! Одатда аёлларимиз қийин ва оғир ҳолатларга ҳам дуч келган вазиятда яқинларидан сир тутишади, айтишмайди, қўрқишади ёки истиҳола қилишади. Аммо бунинг оқибати нималарга олиб келишини ўйлашмайди. Оилавий зўравонликни ҳеч қандай шароитда оқлаб бўлмайди. Чунки у инсоннинг асосий ҳуқуқларига ‒ ҳаёти, соғлиги, шаъни, қадр-қиммати, эркинлигига дахл қилади. Зўравонлик фақат жисмоний куч ишлатиш билан эмас, руҳий, ахлоқий, иқтисодий ва маиший босим кўринишларида намоён бўлади. У оиланинг ҳар қандай аъзосига нисбатан қўлланиши мумкин. Ҳақоратлаш, мажбурлаш, зўрлаш, иқтисодий чекловлар қўйиш, мунтазам руҳий қийноққа солиш каби ҳолатлар ҳам зўравонлик сифатида баҳоланади. Аёлларга нисбатан зўравонлик муаммоси ҳар қандай жамият учун инсон ҳуқуқини поймол қилиш билан боғлиқ бўлган жиддий муаммолардан бири саналади.

Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бутун дунёдаги аёлларнинг 35,6 фоизи жисмоний ва жинсий зўравонликка дуч келади ва бу одатда уларнинг турмуш ўртоқлари томонидан амалга оширилади. Бу эса бутун жаҳонда мавжуд бўлган ўта долзарб муаммолигини исботловчи статистик маълумотдир. Тадқиқотлардан маълум бўлишича, аёлларга нисбатан зўравонлик жаҳондаги барча мамлакатларда, уларнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий тараққиётидан қатъи назар, мавжуд ҳолат ҳисобланади. Масалан, Японияда 59 фоиз, АҚШда 40 фоиз, Канадада 25 фоиз аёллар жисмоний зўравонлик қурбони бўладилар. Социологлар хулосасига кўра, 60 миллион аёл турли шаклдаги камситилиш, таҳқирлаш ва зўравонлик қурбони бўлишади. Аёлларга нисбатан жисмоний ва жинсий зўравонлик бўйича энг юқори кўрсаткич Африкада қайд этилган ‒ 45,6 фоиз. Европанинг паст ва ўртача ҳаёт даражасига эга мамлакатларида бу кўрсаткич 27,2 фоизга тенг. Бироқ бу ривожланган давлатлар аёллари учун хавфсиз дегани эмас. Мазкур давлатлар хотин-қизларининг 32,7 фоизи ҳаётининг бирор палласида зўравонликка учрагани таъкидланади. 81 та давлатда ўтказилган ЖСССТ тадқиқотларида ривожланган мамлакатлардаги аёлларнинг 23,2 фоизи турмуш ўртоқлари томонидан зўравонликка учраши маълум бўлди.

Самарқанд вилояти хотин-қизлар раиси,  сенатор Гавҳар Алимованиннг Sputniknews-uz.com мухбирига берган сўзларига кўра, Самарқанд вилоятининг ўзида 600 нафардан ортиқ ичкиликка ружу қўйган ва аёлига, фарзандларига тазйиқ ўтказувчи эркаклар рўйхатга олингани қайд этилган. Ўтган йилнинг 8 ойи ичида Самарқанд вилоятида 109 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати кузатилган. Шундан 20 тасига оилавий масала сабаб бўлган, яъни 25 фоизи бевосита тазйиқ ва зўравонлик оқибатида содир бўлган. Матбуот анжуманларининг бирида Хотин-қизлар қўмитаси раиси Эльмира Баситханова ўтган йилнинг 5 ойи давомида “1146 – Ишонч телефони”га республика хотин-қизларидан 15 мингдан зиёд мурожаат келиб тушганини ва мурожаатлар асосан Тошкент шаҳар, Қашқадарё, Бухоро, Андижон, Хоразм вилоятларидан келганини қайд этади. Уларнинг энг кўпини уй-жой, оилада ўзаро келишмовчилик, суд қароридан норозилик, алимент ундиришва маҳалладан моддий ёрдам олиш масалалари ташкил этади. 2018 йилда аёлларга нисбатан жами 5 664 ҳолатда тазйиқ ва зўравонликлар содир этилган бўлиб, содир этилган жиноятлар натижасида 932 нафар аёл жабр кўрган .

Юртимизда зўравонлик муаммоси билан курашишнинг ҳуқуқий асосини яратиш ҳамда хотин-қизларни ҳимоялаш механизмини кучайтириш мақсадида 2019 йил сентябрь ойида янги “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни  қабул қилнди. Мазкур қонун давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ишлаб чиқилди. Қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Қонун билан таянч тушунчалар жорий этилди. Яъни зўравонлик, жинсий, жисмоний, иқтисодий, руҳий зўравонликлар, иш жойи, тазйиқ, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи, тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, тазйиқ ва зўравонликларнинг олдини олиш, муҳофаза ордери каби тушунчалар киритилди. Бугунги кунда жойларда ҳам зўравонликдан жабр кўрганлар учун реабелитация марказлари ташкил этилган. У ерда улар учун ҳар қандай кўмаклар берилади. Бундай хайрли ишларнинг қилиниши муҳтарама аёлларимиз учун қилинган сайъ-ҳаракатлардир. Аммо жамиятда бу аёллар учун қанчалик кўмак ва шароитлар яратилмасин, унинг оиладаги, эр олдидаги ҳурмати ва эътибори бўлмаса, бундай ёрдамлар нисбий бўлиб қолаверади. Мутахассислар оиладаги зўравонликларнинг келиб чиқишини ота-онанинг фарзандларига меҳр-муҳаббат бермаганлиги, уларни бир-биридан ажратиб муомала қилганлиги, вақтида улар тарбиясига бефарқ қараганлари, назорат қилмаганлари каби бир қанча сабаблар билан изоҳлашади. Оила - инсон учун муқаддас маскан. Айнан мана шу оилада инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари шаклланади. Оиладаги тарбия доимо мураккаб ва серқирралиги билан ҳам инсонга масъулият юклайди. Ҳар бир оила ўзига хос олам ҳисобланади. Оиладаги соғлом муҳит, одамийлик, инсонпарварлик муносабатлари фарзандларимизнинг руҳий дунёсига таъсир кўрсатади. Гўзал муносабатлар шаклланишида динимизнинг, тўғри эътиқодимизнинг оиладаги аҳамияти катта эканини унутмаслигимиз керак.

Динимизда аёлларга юксак ҳурмат ва эътибор билан қаралган. Қуръони каримнинг 35 та сура ва 102 та оятида “аёл“ сўзи ишлатилган, суралардан бири айнан “Нисо” яъни “Аёллар” деб номланиши ҳам аёлнинг мавқеи, унинг ҳаётдаги ўрни, ҳақҳуқуқлари батафсил баён этилиши уларга бўлган эътиборнинг ёрқин ифодаси эмасми?! “Кимсан” деса, “Худога шукр, мусулмонман”, дейдиган халқмиз, алҳамдулиллаҳ. Аммо мусулмончиликнинг, жилла қурса, “Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро, сиз уларни Аллоҳдан омонат ўлароқ олгансиз” деган огоҳига риоя этишни билайлик. Аёлнинг сиз учун омонат эканини унутмайлик.

“Ўлдириш ниятида калтакламаган-ку!” , Ўз жонингга қасд қилгин деб урмаган-ку!” деган уятсиз ва андишасиз “оқлов” қилишдан тавба қилиб, гуноҳларимизга каффорат сўрайлик. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мўминларнинг энг иймони мукаммали гўзал хулқлисидир. Сизларнинг энг яхшингиз аҳли аёлига яхши муносабатда бўладиганингиздир”, (Имом Термизий ривояти) деганлар. Аҳли аёлига қўл кўтараётган эй эркак, мўмин бўлсангиз, ўзингизни шундай атасангиз, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларини зое қилмасликка жаҳд қилинг. Зеро, сиз катта қўрғоннинг катта раҳбарисиз! Аёл эса сизнинг ортингизда катта бир жамоани шакллантирувчи ва уларни сизга бўйсундирувчи улкан бир кучдир!

Сиз уни асраб-авайласангиз, “мўмин“ деган сўзга лойиқ бўласиз! Сиз уни гўзал хулқингиз ила, дин йўлида тарбият қилинг, у эса сизни, зурриётларингизни ва бутун бошли халқни тарбият қилади, иншааллоҳ!

Райҳона Ҳолбек қизи

Мавзуга оид мақолалар
Одамлар кўпинча сўрайдилар «Бахт асли нима» Камина кўп сонли  газеталар, журналлар, интернет ва шахсий давоми...

14:53 / 06.12.2016 6392
«Зийнат» «тазйин» луғатда кийим борасида ясанишни англатади. Турли тақинчоқлар билан безаниш, сурма, хина давоми...

19:00 / 17.12.2019 5608
Ич қотиши ҳазмсизликнинг белгиси бўлиб, кўплаб асоратларга, жумладан, бавосил, онкологик , тери, жигар ва давоми...

18:01 / 21.01.2017 65350
Савол Шаққи садр воқеаси неча марта содир бўлган     Жавоб Биринчиси 4 ёшларида, Бану Саъд давоми...

10:58 / 30.11.2017 2729