ОШИҚА
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Ташқарида шивалаб ёмғир ёғиб турибди. Одатдагидек, мадрасада толиба қизларга дарс ўтаётган эдим. Шу пайт қабулхонада ўтирадиган ходима эшикни очиб, мени бир аёл излаб келганини айтди. Дарс тугашига бироз бор эди. Шунинг учун: «Дарсимни тугатиб, чиқиб, қараб қўяман», дедим. Шу пайт ёмғир бирдан кучайиб кетди. Ходима яна келиб, «Бояги аёлни ичкарига олиб кирдим. Сизда зарур иши бор экан, жуда узоқдан келибди», деди. Қўнғироқ чалиниб, дарс тугади. Толиба қизлар чиқиб кетгач, хонага меҳмон аёл кирди. Эгни жуда юпун экан. Буни кўриб, кўнглимдан «Бирор эҳтиёж билан келган шекилли», деган фикр ўтди. Сўрашаётганида жуда безовталигини сезиб, «Ҳа, каттароқ муаммоси борга ўхшайди», дедим ичимда. У шундай деди: «Каналингизни доим кузатиб бораман, кўп фойда оламан. Айниқса «Ошиқлар» кўрсатувидан жуда таъсирланаман». «Бу гаплари муқаддима бўлса керак, энди асосий мавзуга ўтади», дея кутиб турдим. Аммо аёл: «Мен ҳам Аллоҳга ошиқман», деди-ю, бирдан йиғлаб юборди. Сўнг зўрға ўзини босиб, секингина: «Мен фақат шуни айтиш учун келдим. Бошқа мақсадим йўқ», деди. Кўнглим ғалати бўлиб, нима қилишимни, нима дейишимни билмай, бироз туриб қолдим. Аллоҳга чинакам ошиқ бўлган бу аёл ич-ичидан йиғлар, аммо йиғиси шикоят ёки нолиш йиғиси эмас, ҳақиқий дарди бор инсоннинг, иймони бутун, қалби уйғоқ одамнинг кўз ёшлари эди, туйғулари самимийлиги шундоққина кўриниб турарди. «Оиласизман. – сўзида давом этди у. – Бир ўғлим бор. Нолимайман. Аллоҳ берган ҳаётдан розиман. Шукр қиламан. Биргина ташвишим Аллоҳдан узоқ бўлиб қолишдан қўрқув, холос. Шунинг учун олдингизга келдим. Устоз, менга тўғри йўл кўрсатинг. Мен бу бахтни энди топдим, қалбим ором олди. Қуръонга тўймаяпман. Бу дунёдан тамоман узилгим келади. Қанийди ҳеч ким мени безовта қилмаса. Укаларим, сингилларим мен билан кўпроқ мулоқот қилишса, бироз ёқмай қолади. Вақтимни олишяпти деб, аччиғим ҳам чиқади. Лекин шу ҳолат нотўғри бўлса-чи, деб қўрқяпман. Хато қилиб қўйишни истамайман».

Аёлнинг бу сўзларини эшитгач, эгнининг юпунлиги дунёга қизиқмай қўйганидан эканини тушундим. Унинг безовталиги, қалбидаги хавотирлари аслида Маҳбубидан узоқлашиш эканини, ранглари ишқ дардида сарғайганини, кўзлари муҳаббатдан киртайганини англаб етдим. Аллоҳ менга муяссар қилганича унга кўрсатмалар берган бўлдим. Аллоҳнинг муҳаббатига У Зотнинг розилиги сабаб бўлиши, розилиги эса У Зотнинг буйруқларини бажариш билан бўлиши, жумладан, яқинларнинг ҳаққини адо этиш, уларга силаи раҳм қилиш, яхшиликда бардавом бўлиш ҳам фарз эканини ва бошқа кўп нарсаларни тушунтирдим. Аллоҳга чин ошиқ бўлган аёл ташаккурлар айтиб, қайтиб кетди.

Аёл кетгач, чуқур ўйга толдим. Шу пайтгача қабулимга жуда кўп инсонлар келишган. Аммо ҳали ҳеч ким бундай ҳолатда келмаганди. Диний ҳукмларни сўраб келишади, шариатдан билмаганларини сўрашади, кўпинча дарду ҳасратларини, дунёвий ташвишларни айтиб келишади. Бири қайнона билан олишган, бири эри билан аразлашган, бошқаси мол-мулк талашган, кундошга чидай олмаган… Хуллас, ҳаммаси дунёвий муаммолар. Уларнинг ичида ўша дунёвий муаммоларни деб ниҳоятда тушкунликка тушганлари ҳам кўп эди... Шунинг учун ҳам дастлаб бу аёл ҳақида бошқа фикрда бўлдим. Аммо у мени лол қолдирди. Биз бу дунёда нима учун яшаяпмиз? Мақсадимиз нима ўзи? Кимдир билан талашиб-тортишиб, нималаргадир эга бўлишми? Қачон асосий мақсадимиз Аллоҳга етишиш, Аллоҳнинг розилигини исташ бўлади? Қачонгача шу ўткинчи дунё ғалваларини охират ғамидан устун қўямиз? Дунёнинг ўнта муаммосини айтиб, дийдиё қиларканмиз, шуларнинг орасида ақалли биттаси бўлса ҳам охиратимизга тегишлими? Бўлар-бўлмасга шунча кўзёш қилар эканмиз, ақалли бир неча томчисини бўлса-да Аллоҳнинг ишқида тўкдикми ўзи? Бу ҳам етмагандек, шикоятларимизни бошлашдан аввал ўқиётган намозларимизни, қилган баъзи чала-чулпа амалларимизни пеш қиламиз… Аслида барча муаммоларнинг ечими Аллоҳга қайтиш эмасми? Агар Роббимизга ҳақиқий муҳаббат қилганимизда, қалбларимизда дунё муҳаббатига  ўрин қолмаган, бу беш кунлик дунёнинг ташвишлари ҳам бизни безовта қила олмаган бўлар эди. Аллоҳга маҳбуб бўла олсак, У Зот бизни ҳам бошқа бандалар учун маҳбуб қилиб қўяди. Шунда талашиб-тортишадиган одамнинг ўзи қолмайди. Шу тариқа мен ўша ошиқ аёлдан ўзим учун ибрат олдим. Олдим-у, уни сизларга ҳам илиндим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ бир бандани яхши кўрса, Жаброилни чақириб, «Мен Фалончини яхши кўрдим. Сен ҳам уни яхши кўр», дейди. Шунда Жаброил ҳам уни яхши кўради ва осмонда нидо қилиб, «Аллоҳ Фалончини яхши кўради, сизлар ҳам уни яхши кўринглар!» дейди. Шунда осмон аҳли уни яхши кўради. Шундан сўнг ер аҳли қалбида ҳам унга нисбатан мақбуллик солиб қўйилади. Аллоҳ бир бандани ёмон кўриб қолса, Жаброилни чақириб, «Мен Фалончини ёмон кўрдим. Сен ҳам уни ёмон кўр», дейди. Шунда Жаброил ҳам уни ёмон кўради ва осмонда нидо қилиб, «Аллоҳ Фалончини ёмон кўради. Сизлар уни ёмон кўринглар!» дейди. Шунда осмон аҳли ҳам уни ёмон кўради. Шундан сўнг ер аҳли қалбида ҳам унга нисбатан адоват солиб қўйилади» (Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилганлар).

Одинахон Муҳаммад Содиқ

Мавзуга оид мақолалар
Инсонга берилган энг яхши нарса Уламолар одобсизлик иллатидан халос бўлиб, одобли инсонга айланиш йўлини давоми...

08:00 / 03.02.2020 5714
Табиатнинг мўъжизавий ва фусункор фасли бўлмиш гўзал баҳор мусаффо ҳаво билан тўйинди. Аммо бу галги давоми...

02:33 / 13.05.2020 3225
Aссалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.Ҳар бир кунимизни Ўзининг тоатибодати билан ўтказишимизни давоми...

22:04 / 21.05.2020 4922
КИМ ТАНИСА РАСУЛУЛЛОҲНИ...Фарқлаш зарур ҳар бир кишигаСавоб ила зарар, гуноҳни.Пухта эрур, билинг, ишигаКим давоми...

08:00 / 08.03.2020 2977