ТОРЛИК ВА КЕНГЛИК
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


Сени торликда қолдирмаслик учун кенглик берди. Сени кенгликда қолдирмаслик учун торлик берди. Ўзидан бошқа нарсага бўлмаслигинг учун сени бу иккисидан чиқарди. 

Араб тилида кенгликка нисбатан «баст», торликка нисбатан «қабз» сўзлари ишлатилади. Истилоҳда эса «баст» деганда қалбнинг хотиржамлик, сурур, фараҳ билан тўлиши, бахтнинг тўкислиги тушунилади. «Қабз» деганда эса қалбнинг чангалда тургандек сиқилиши, мусибатга юз тутиши тушунилади. Инсон доимо бир хил ҳолатда турмай, гоҳо маҳзун, гоҳо шодон яшайди.

Аллоҳ таолонинг неъматларда кенглик ато этувчи Басит ҳамда унга яқин бўлган Роҳийм, Роуф, Ваҳҳоб каби сифатлари ҳамда унинг муқобилидаги неъматларни сиқиб қўйиш маъносидаги Қобиз ҳамда унга яқин бўлган Жаббор, Қаҳҳор, Хофид сифатлари ҳам бор. Қалблар доим хавф ва ражо (умид) орасида бўлганидек, ҳаётимиз ҳам баст ва қабз ҳолатида кечади. Кишининг умиди ҳаддан зиёда бўлса, эркинлиги ҳам меъёридан чиқа бошлайди, ишонч кўпайиб кетиши оқибатида амаллар сусайиб кетади, Роббининг хавфидан йироқлашиб, мункар ишларга йўл қўйиши осонлашади. Инсон зотининг табиати асли ана шундай. Шу боис Аллоҳ таоло бандани баъзан қабз ҳолатига ҳам солиб туради, токи мўминлик мақомида чиройли сабр билан, қадарига розиликда тура олсин, кенгчиликнинг қадрини билиб, ундан кейин келадиган бошқа ҳикматларни англасин. Айни пайтда, заиф ҳилқат бўлган бандаларни доимий равишда қабз ҳолатида ҳам ушламай, ноумид бўлиб қолмаслиги учун умидбахш фараҳларни ҳам юборади.

Шайх Рамазон Бутий роҳимаҳуллоҳ банданинг кенгликдаги ҳолатига шундай мисол келтирадилар:

«Бир кишининг қўлида таёқ турибди. Агар унга: «Таёқ ҳозир тушиб кетади» дейилса, таёқ тушиб кетмаслиги учун диққат-эътибори ўша таёқда бўлади. Лекин уни бирон жойга қўйиб қўйса, яна хотиржам бўлиб, эътиборсиз бўлиб қолади, чунки қалбдаги хавф кетади».

Бу каби мисолларни жуда кўп келтириш мумкин. Муқаррар жазо, азоб оятларини ўқигач, қалб тезда хавфни ҳис қилади. Ҳадиси шарифлардаги танбеҳларни, сийратда саҳобийларнинг нафсга қарши курашларини ўқиб, банданинг кўнглига ислоҳга, ўнгланишга мойиллик тушади. Шу билан бирга, раҳмат оятларини ўқиш билан Аллоҳнинг раҳматидан, мағфиратидан умидвор бўлиб қолиш ҳам банданинг табиатига хос ҳолатлардир.

Етук зотлар ҳаётида ҳам баст ва қабз ҳолатлари бўлган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ғордаги ҳолатларини эслайлик. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қалбларида хотиржамлик, умид ҳукмрон бўлса, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қалби эса ташвишда, хавфда бўлган. Аллоҳ таоло Бадр жангидан олдин қилинган илтижоларида Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қалбига бастни туширган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса хавфда бўлганлар. Қалбига кенглик ато қилиниши ва сиқилиши натижасида иймоннинг чўққисига етган кишилар бу чўққини қалб ҳолатини бир меъёрда тутган ҳолда забт этадилар. Бундай зотлар хосларнинг хоси бўлиб, ҳар икки ҳолатда ҳам Ҳақ таоло билан ҳар он бирга бўлиб, чин орифликни маҳкам тута оладилар.

Мавзуга оид мақолалар
Кенгчиликда хурсандчилик борлиги учун нафс ўз насибасини олади. Торликда нафснинг насибаси йўқдир.Ушбу давоми...

17:43 / 02.08.2020 3335
Аллоҳ сенга Ўзининг тоатини ва Ўзи ила бундан беҳожат бўлишни насиб қилса, билгинки, У Зот сенга ошкора ва давоми...

19:00 / 16.05.2020 4356
Орифларга кенглик берилса, торликдан кўра хавфлироқ ҳолатда бўладилар. Кенглик ҳолатида одоб чегарасида давоми...

17:39 / 26.07.2020 2401
Махлуқотлардан келган ато махрумликдир.Аллоҳдан келган ман қилиш эҳсондир.Бандадан нимадир умид қилиш, давоми...

06:01 / 30.11.2020 2412