Бугун неъматларнинг қадри билинмоқда...
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.


  Ассалому алайкум азиз юртдошим! Яна бир тонгга етказганига шукр. Яхши дам олиб, уйғондингизми, оилангиз, фарзандларингиз саломатми? Ундай бўлса, улкан неъмат ичра уйғонибсиз. Чунки айни дамда миллионлар ушбу хотиржамлик неъматидан бебаҳралар, мосуволар.

Оламни урушлар, зиддиятлар, зулм ва зўравонликлар қамрагани етмагандай, бугун жаҳон аҳли айни дамда ҳеч кимни аяб ўтирмаётган, дўсту душман, бою камбағал, малику ходимга ажратмасдан, бир четдан ямлашга чоғланган улкан бало билан рўбарў келиб турибди...

   Айримларнинг бу ҳақдаги тахминларига кўз югуртирсангиз, ҳали узоқ давом этадиган, ҳали яна кўплаб ҳудудларни домига тортадигандай, бу коронавирус балоси... Катта рақамларни, улкан йўқотишларни тахмин қилмоқда улар... Лекин буларнинг бари тахмин, тусмол  холос.  Ҳар не бўлса-да, Аллоҳнинг ёзуғидан ўзгаси бўлмас.

  Биз эса... Биз мусулмонлар эса ортиқча қўрқувга, хавотирга тушмаймиз, ўзимизни йўқотиб қўймаймиз. Аллоҳга таваккул қиламиз, Қуръонга қулоқ тутамиз. Унга иймонимиз борлиги боис, аниқ ишонамиз:

“Агар Аллоҳ сени зарар ила тутса, Ундан ўзга ўшанга кушойиш берувчи йўқдир. Агар У сенга яхшиликни ирода қилса, Унинг фазлини рад қилувчи ҳам йўқдир. Уни бандаларидан хоҳлаганига етказади. У мағфират қилгувчи ва раҳмли Зотдир” (Юнус сураси, 107-оят).

 Биз сабрли, кўпни кўрган, оғир-босиқ халқмиз. Бирдаммиз, аҳилмиз, иншааллоҳ. Сабабларни тутамиз, раҳбарларнинг кўрсатмаларига риоя этамиз, шифокор ва мутахассисларнинг тавсияларига амал қиламиз.

Ҳозир ҳаммамиз уйдамиз. Бундай имконият шу пайтгача кўпчилигимизда бўлмаган эди. Уйда кўпроқ бўлиб, оилангиз, яқинларингиз дийдорига тўйяпсизми? Ўқилмаган китобларингизни ўқиб, битириб олдингизми? Йиғилиб ётган ишларингизни-чи? Уларни ҳам якунига етказиб қўйдингизми? Нафл амалларга, зикр, тасбеҳларга, Қуръон тиловатига ҳам вақт ажратяпсизми?

    Фарзандларингиз билан суҳбатлашиш, улар билан ўйинлар ўйнаш, бирга дарс қилиш қанчалар мароқли эканини қайта ҳис этдингизми?  Ота-онангиз, аёлингиз, ака-укаларингиз билан дилдан суҳбатлашиш қанчалар олий неъмат экан? Охирги ойлар, йўқ, охирги йилларда бундай фурсат ҳеч бўлганмиди сизда?

   Саволларга ҳар биримиз хаёлан жавоб бердик... Қаранг-а, олдимиздаги неъматлар қадрини анча унутган эканмиз. Ўзинг кечир, Аллоҳим...

   Карантинда, уйда оила билан қолишнинг фойдаларини санайман десангиз, адоғи йўқ. Ҳаким Зотнинг биз ожизларнинг ақли қамраб ололмайдиган ишлари кўп экан...

    Шунингдек, баҳонада ўзингиз ва яқинларингизни эҳтиёт қилмоқдасиз. Юртнинг бу балодан тезроқ қутулиши йўлида ҳаракат қилаётган  вазифадор, масъул юртдошларимизга ҳам ҳалақит қилмасдан, имкон беряпсиз. Тўғри, зерикяпсиз, болалар ҳам кўчага чиққиси келяпти. Лекин айни дамда энг мақбул ишлардан бири ‒ ўз уйингизни лозим тутишингиз бўлиб турибди. 

  Буёғи фазилатли ой ‒ Рамазонга оз қолди. Аллоҳ Рамазон ойини муборак ва хайрли қилсин. Иншааллоҳ, тез кунларда бу мусибатлар  ўтиб, беморлар тузалиб, касаллик тарқалиши барҳам топиб, барчамиз яна ўз ишларимизда давом этамиз. Масжидлар яна тўлиб, таровеҳларни жамоат бўлиб ўқиймиз. Хатми Қуръонларда иштирок этамиз.

Бугун ҳаммасининг қадри билинмоқда... Оддий кўз билан кўриб бўлмайдиган, ниҳоятда кичик вирус бугун биз унутиб қўйган кўплаб Аллоҳнинг неъматларини эсимизга солиб қўймоқда:

– Ниқобсиз нафас олишнинг ўзи катта неъмат экан;

– Уйдан хотиржам, эмин-эркин чиқиш неъмат экан;

– Намозни масжидда ўқиш неъмат экан;

– Каъбани тавоф қилиш неъмат экан;

– Бир-биримиз билан хавфсирамасдан, чўчимасдан саломлашиш неъмат экан;

– Фарзандларимизнинг мактабга бориб, илм ўрганиб келиши неъмат экан;

– Хавотирсиз, хотиржам дўкон айланиб, харид қилиш неъмат экан;

– Бошқа юртларга бемалол сафар ва саёҳат  қилиш неъмат экан.

Бу рўйхатни яна анча давом эттиришим, мумкин.

“...Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига ета олмассизлар. Албатта, инсон ўта золим ва ўта ношукрдир” (Иброҳим сураси, 34-оят).

   Аллоҳим! Биз бандаларга ато этган зоҳирий ва ботиний неъматларинг учун Ўзингга ҳамдлар айтамиз! Аллоҳим! Сенинг номинг билан берган неъматинг завол бўлишидан, берган офиятинг ўзгариб кетишидан, тўсатдан келувчи ўчингдан ва жамики ғазабингдан паноҳ тилаймиз. Аллоҳим, жонажон юртимизни ҳар турли офату балолардан, зарарлардан Ўзинг асра! Бу синовлардан эсон-омон, соғ-саломат, зиён-заҳматсиз чиқиб олишни барчамизга насиб эт!

Бобур Аҳмад

Мавзуга оид мақолалар
БЕФОЙДА НАДОМАТ Ўтган асрнинг эллигинчи йилларида Мэрилин Монро Америка учун  қанчалик бузуқлик давоми...

19:06 / 17.02.2017 3822
embedhttpswww.youtube.comwatchvtP82H5xWR8featureyoutu.beembed

17:34 / 15.05.2018 2927
Ҳижрий 3 йил, Рабиъус соний ойи мил. 624 йил сентябрьоктябрь Бану Сулайм қабиласи Мадинага ҳужум қилиш учун давоми...

11:35 / 11.12.2016 5119