“Бадрда иштирок этган”
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Бадрда иштирок этган”

 

   Макка фатҳ қилиниш арафасида эди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бунга қатъий амр қилган эдилар. Қўшинни тайёргарлик кўришини айтган эдилар. Саҳобаларга Маккага юриш қилишни яширишга амр қилдилар.

  Ҳамма нарса режадагидай кетаётган эди. Макка аҳлидан бўлган саҳобалар ватан тупроғини кўзга суриш ва ўпиш илинжида ёнишар эди. Мадиналик саҳобалар эса Ҳудайбийяда умра қилишдан ман қилинганлари учун қайта умра қилиш ишқида ёнишар эди.

  Бошқа саҳобалар эса Маккада азон товуши, "Аллоҳу акбар" нидоси барча овозлардан юксалишини орзу қилишар эди.

  Аммо кутилмаган иш бўлди. Тўсатдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Али, Зубайр ва Миқдод розияллоҳу анҳумни "Равзату хох" деган жойга тезлик билан етиб боришларини, бир аёл мактуб олиб кетаётганини, ўша аёлни тезда тутиб олиб келишларини айтдилар.

   Учала саҳобий дарров аёлнинг изидан тушишди. Унга етиб олиб мактубни беришини сўрашди. У бермади. Саҳобалар унинг кийимларини ечиб текшириш билан қўрқитишганида у мактубни сочлари орасидан чиқариб берди. Мактубни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга топширишди. Уни Ҳотиб ибн Аби Балтаъа розияллоҳу анҳу ёзган бўлиб, унда Маккага мусулмонларнинг фатҳ қилиш учун бораётгани  ёзилган экан.

  Бу ишончга дарз кетишидир. Хоҳласанг катта хиёнат дегин.

  Ҳотиб розияллоҳу анҳу ўзининг бу ишини Маккада қолган аҳлининг заифлиги билан боғлади. Бу мактуби ила аҳлига Қурайш азият бермаслигини ирода қилганини айтди.

  Набий алайҳиссалом унинг узрини қабул қилдилар. Аммо Умар розияллоҳу анҳу сингари эҳтиёткорлик одати бўлган зот ўзининг шиддати ила қиличини яланғочлаб:

 "Изн беринг, эй Аллоҳнинг расули, бу мунофиқнинг бошини олай!" дедилар.

  Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:

"Йўқ, эй Умар! У Бадрда иштирок қилган. Қаердан биласан, эҳтимол Аллоҳ таоло Бадр аҳлига боқиб: “Хоҳлаган ишингизни қилинг. Мен сизни мағфират қилдим", деган бўлса-чи, дедилар.

***

  

Биродар! Агар инсонлардан хатолик ўтса, уларнинг порлоқ томонини эслай оламизми? Ёки илк хато қилиши билан барча яхшиликларини унутиб,  улар билан яшаб ўтган ширин лаҳзаларини ёддан чиқарамизми?

  Ҳамма инсоннинг ҳаётида "Бадрда иштирок этиш" бор. Нега энди ана шу Бадр ила анави хатоларни йўқотмаймиз? Аксинча, хатолари ила бадрини йўқ қилишга ҳаракат қиламиз. Нега инсонлардан доимо фаришта бўлишларини талаб қиламиз? Ахир энг чопқир от ҳам тойиладику! Ҳар қандай қадам сирпанадику!

  Ҳар қандай моҳир ўқ отар ҳам хато қилади.

  Аёлингиз болаларни тарбиялаб, пишириб-куйдириб, уларга дарс қилдириб ҳар куни "бадр"да иштирок қилади. Нега энди биргина хатоси туфайли унинг хизматларини йўққа чиқарасиз?

  Эрингиз сизни деб, фарзандларини деб кечаю кундуз югуради, машаққат чекади. Бу унинг учун "бадр". Нега энди унинг биргина хатоси учун: "Сиздан нима кўрдим?" дейсиз? Унинг "бадр"ини ҳисобга олмайсиз?

    Хизматчи битта хато қилса, мудир нега энди унинг олдинги барча хизматларини йўққа чиқариб унутиши лозим?

  Ёки мудирнинг биргина тергаши сабаб нега хизматчи унинг олдинги юзлаб гўзал муомалаларини унутиши керак?

  Ота-она нега фарзандининг биргина хатоси сабаб унинг бир умрлик яхшилигини унутиши лозим?

  Нега фарзанд унга бир умр яхшиликни соғинган ота-онасининг биргина инсоний заифлиги сабаб яхшиликларини ёддан чиқариши лозим?

  Ҳамманинг "бадр"и бор. Уни муҳофаза қилинг!

  Биргина кўриниш туфайли бутун бошли манзарани барбод қилманг!

    

Адҳам Шарқовий

Абдуқодир Полвонов таржимаси

 

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
.Эй Роббимиз, устимиздан сабр тўккин ва мусулмон ҳолимизда вафот эттиргин,.

23:47 / 30.05.2023 1660
quotАллоҳим Роббимиз Бизга осмондан ясатилган дастурхон туширгинки, аввалимизгаю охиримизга байрам ва давоми...

23:32 / 17.03.2023 3063
Бунинг ҳикмати, мўъжизаси бир биолог сифатида нафақат мени, балки бутун олимларни ҳайратлантирмоқда. Яқин давоми...

22:39 / 06.05.2020 4666
.Эй Роббимиз, мени, отаонамни ва мўминларни ҳисоб қилинадиган куни мағфират айлагин,.

23:44 / 27.05.2023 1700