«МЕНИ ПОДШОҲ КАФАНЛАЙДИ...»
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дилфуза КОМИЛ

«МЕНИ ПОДШОҲ КАФАНЛАЙДИ...»

ёхуд  ГУНОҲГА ЭЛТУВЧИ ГУМОНЛАР

Усмонийлар империясининг забардаст султонларидан бири Султон Муродхон III бир куни вазири аъзам Сиёвуш пошони эрта саҳардан қабулига чорлади.

- Мен шу кечаси ғалати туш кўрдим, - деди у вазир шошилинч етиб келгач. – Ҳозироқ саройдан яширинча чиқиб, бир жойга боришимиз керак. Фақат буни ҳеч ким сезмасин.

     Иккови дарвеш кийимида саройдан чиқдилар. Ҳали ҳам кўрган тушининг таъсирида бўлган султон ғалати кайфиятда эди, нимадандир қаттиқ ҳаяжонланарди.

- Қаёққа кетяпмиз ўзи, ҳукмдорим? – сўради вазири аъзам сал хавотирланиб. – Қўриқчи олишга ҳам кўнмадингиз... Кўрган тушингиз хайрлидир, ин ша Аллоҳ.

- Хайрлиси, Сиёвуш пошо, хайрлиси... Ҳозир бир жойга борамиз-да, тушимдаги синоатнинг тагига етамиз...

     Султон ва вазир илдам одимлаб, сарой атрофидаги бир неча бўлгани босиб ўтдилар. Истанбулнинг Ункапани деган жойига етганда султон тўхтаб, атрофни диққат билан кўздан кечира бошлади.

МАҲАЛЛАДОШЛАР ҒАЗАБИ

Султон Муродхон кўчанинг бир четида тупроққа қоришиб ётган кекса ёшли эркак мурдасини кўриб, вазирига сирли қараб қўйди. Кейин жасаднинг ёнидан жирканиб ўтиб кетаётган одамларга хитоб қилди:

- Ҳой одамлар, бу не аҳвол?! Нега бу шўрликнинг жасадини хорлаяпсиз? Ким эди ўзи бу инсон?

- Э-э, сиз яхшиси йўлингизга кетаверинг, - қўл силтади шу ерлик кишилардан бири. – Бу ишларга аралашманг! Ўлиги дайди итнинг ўлигидай хор бўлибдими, демак, у шунга лойиқ!

 - Бу одам тириклигида ароқхўр, зинокор бир баттол эди. Унинг жазоси шу! – деди бошқа бири.  

     Бу одамларнинг гапларини эшитган султоннинг ранги оқариб, лаблари титрай бошлади.

- Сиз буни қаёқдан биласиз? – деди жаҳлдан қалтираб. Султоннинг аҳволини кўрган вазирнинг ҳайронлиги ўн чандон ошди.

- Қаёқдан билармишмиз! - масхаромуз кулди ҳалиги одамларнинг кексароғи. Кейин кесатди: – Рухсат этинг, ўзимни таништирай, дарвеш жаноблари, мен шу марҳумнинг қирқ йиллик қўшниси бўламан.

     Шу аснода, суҳбатга бошқа бир киши қўшилди:

- Бу одам аслида қўли гул ҳунарманд эди, - деди мурдага ишора қиларкан. – Иши пухта, мижозлари кўп эди. Лекин топган-тутганини ичкиликка, фаҳшга сарфларди. Ишдан қайтаётганида қўйнида май тўла хумчалар бўларди. Бу ҳам етмагандек, енгилтак аёлларнинг бир эмас, бир нечтасини уйига бошлаб келарди. Хотини шўрлик ҳам миқ этолмасди.

- Ёши бир жойга етган бўлса ҳам, Худони танимас эди. Биз бунинг намоз ўқиганини ҳеч кўрмаганмиз, - деди бошқа бир одам. – Масжидимизга қадам босмасди... Тавба қилолмай ўтди, лаънати...

- Биз бу осийнинг ўлигини кўммаймиз, - ғазаб билан таъкидлади «қирқ йиллик қўшни». – Майли, итларга ем бўлсин! Баттар бўлсин! Қутулганимизга шукр!..

     Маҳалладошлар бири олиб, бири қўйиб, нафрат изҳор қилганча тарқала бошладилар. Султон Муродхоннинг бир нуқтага тикилганича ўйланиб қолганини кўрган вазир буни ўзича тушуниб, «Юринг, султоним, бу ердан кетайлик. Бу жасаддан узоқроқ турганингиз маъқул. Халқнинг назаридан қолган осий бир банда экан», - дейиши ҳамоно султон ғазаб билан пичирлади:

- Ҳеч қаерга кетмаймиз, пошо! Биз бу одамни шундоқ ташлаб кетмаймиз!

ҒАССОЛЛИК ҚИЛГАН ҲУКМДОР

     Султон Муродхон Сиёвуш пошонинг ўзига ҳайрон тикилиб қолганига эътибор ҳам бермай, гапида давом этди:

- Мен бу майитни ювиб, кафанлайман... Тезроқ шунинг чорасини кўрайлик...

- Саройдан беш-олти муллани чақирсак... – Вазири аъзамнинг гапи оғзида қолди.

- Мен сенга «буни мен қиламан» дедим, пошо! Тушимдаги ҳикматнинг тагига етишим керак, - деди султон қатъий.

- Буюринг, ҳукмдорим!

- Сен аввал бир муносиб жой топ.

- Шу маҳалланинг масжидига олиб борсакмикин?..

- Бўлмайди! Маҳалладошларнинг муносабатини кўрдинг. Ундан ташқари, мен бу одамни улуғ зотлар қаторида, иззат билан дафн қилмоқчиман...

Вазири аъзам ҳеч нарсага тушунмаётган бўлса-да, бош эгиб, қўлини кўксига қўйди:

- Ҳукмдорим, амрингиз бош устига! Майитни ё Аёсофияга ёки Сулаймония жомесига олиб борсак, нима дейсиз? Фотиҳ жомеси ҳам бор...  

- Аёсофияга ва Сулаймонияга давлат арбоблари кўп боришади. Мени таниб қолишларини истамайман. Фотиҳ жомеси ҳақида эслатиб, яхши қилдинг. Қани, кўтардик бўлмаса!..

     Иккови жасадни кўтариб, Фотиҳ жомесига олиб бордилар. Вазири аъзам елиб-югуриб кафанлик келтирди, тобут топди. Бу орада султоннинг ўзи ғассоллик қилиб, майитни қоида бўйича ювиб таради. Сиёвуш пошо кимсан Усмонийлар империясининг ҳукмдори ғассоллик қилаётган майитнинг юзига тикиларкан, ҳайратдан «Ё қудратингдан!» дея хитоб қилиб юборди: майитнинг ажин босган юзида ажиб бир нур жилва қилар, лабларида маъноли табассум қотиб қолганди... Вазир бу ерда илоҳий бир синоат борлигига тамоман ишонди. 

     Икковлари майитни кафанлаб, тобутга ётқизишди. Ҳали намоз пайтигача анча вақт бор эди. Сиёвуш пошо қандайдир ўйлар исканжасида, маҳзун чўккалаб ўтирган султонга журъатсизгина яқинлашиб, деди:

- Ҳукмдорим, бир қошиқ қонимдан кечинг... Биз бир хато қилиб қўйганга ўхшаймиз...

- Қандай хато? – Қошлари чимирилди султоннинг.

- Ҳаяжон ичида майитни бу ерга келтирдик, ювдик, кафанладик, аммо... унинг яқинлари ҳақида ўйламабмиз. Аёли борлигини боя эшитдик, балки етимлари ҳам бордир... Улар бу воқеалардан хабардорми йўқми, билмаймиз... Менимча, хабарлари бўлмаса керак. Ҳарҳолда, оталарини жасадининг бундай хорланиб ётишига изн бермаган бўлардилар.

- Тўғри айтасан, - деди султон жонланиб. – Сен майитни ёлғиз қолдирма. Мен унинг уйи қаердалигини суриштириб, яқинларини топаман...

«ОДАМЛАР БЎЛМАСА, СУЛТОН БОР!..»

     Султон Муродхон боягина майит хорланиб ётган кўчага бориб, сўраб-суриштиргач, у ғарибнинг уйини топиб борди. Деворлари нураб ётган, пастак уй дарвозасини кексароқ бир аёл очди. Султон айтиб берган ҳодисани матонат билан, уввос солмасдан, оғир-оғир бош тебратиб тинглади. Ҳукмдорга бу аёл эрининг айнан шундай ўлим топишини олдиндан биладигандай туюлди.

     Султон сўзлаб бўлгач, кекса аёл кўзларидан оқаётган шашқатор ёшларни енги билан арта туриб, беҳол чўккаларкан, «Ўзинг буюксан, ё Раббим!» дея пичирлади. Рўпарасида одоб сақлаб, ҳамдардлик билан қўл қовуштириб турган ҳукмдорга ёшли кўзлари билан синчиклаб тикиларкан:

- Қилган меҳнатларингизга рози бўлинг, ўғлим, - деди. – Кўриб турибман, анча заҳмат чекибсиз, толиқибсиз. Сизни Аллоҳ ярлақасин, ҳамма ҳукмдорлар ҳам майит орқалаб, ғассоллик қилавермайдилар ахир...

     Султон ҳайратга тушди.

- Менинг ҳукмдор эканимни қаердан билдингиз? – деди шошқин. – Ҳозирги аҳволимда ҳатто ўз волидам ҳам танимаса керак...

Аёл султоннинг гапини эшитмагандек, чуқур ўйга ботганича, жим қолди. Кейин дардли овоз билан, подшоҳ моҳиятига ета олмаётган сирлардан воқиф этувчи ҳикоясини бошлади:

- Биласизми, ҳукмдорим, менинг хўжайиним ўзи бир олам эди... Эртадан-кечгача меҳнат қилиб топган пулига бозордаги май сотувчиларнинг ҳамма ичимликларини сотиб олиб, уйга келтирарди. «Муҳаммад уммати буни ичиб, ҳаромга ботмасин. Модомики, майфурушларни тийиб қўйишнинг иложи йўқ экан, шу йўл билан бўлса ҳам курашамиз», дерди. Кейин биз у ичкиликларни ҳожатхонага тўкардик.

- Субҳаналлоҳ! – Султоннинг юрагидан бир нидо отилди.

- Кўпинча бозор ёнида тўпланиб, мижоз кутадиган енгилтак аёлларнинг бир кечалик ҳақини тўларди-да, ҳаммасини уйга бошлаб келарди. «Айтган ҳақингизни тўладим. Демак, энди маълум фурсат бизнинг ихтиёримиздасизлар», дерди уларга. Кейин менга ишора қиларди: «Хонимимнинг гапларига қулоқ тутинглар, қўлингиздан келганича унинг айтганини қилинглар». Мен у аёлларга дину диёнатдан, ҳаёт ҳақиқатлари-ю, ўткинчи дунёнинг қаттиқ имтиҳонларидан баҳс этардим. Жуда кўплари бир кечадаёқ тавба қилишарди, тўғри йўлда юришга онт ичишарди. Баъзилари эса бир неча марта келтирилиб, обдон насиҳат тинглагандан кейингина, гуноҳини англаб етарди. Шу йўл билан қанча-қанча зинокор аёллар тўғри йўлга қайтишган...

- Ё Аллоҳим, ўзинг ақлимдан айирма! – Нидо қилди султон Муродхон. – Ахир одамлар марҳум эрингиз ҳақида бутунлай бошқача фикрдалар-ку...

- Одамларнинг нима дейиши, қандай фикрда эканлари эримни ҳеч қизиқтирмаган. У ўз ишини билиб қилаверарди, бировга ҳисоб бермасди.

- Ҳатто намоз ҳам ўқимасди, дейишди.

- Дейишган бўлса бордир, чунки хўжайиним намоз ўқигани узоқдаги масжидларга борарди. «Қанийди насиҳатдагина эмас, илм ва амалда ҳам ўрнак бўларли бир имомнинг ортида намоз ўқисанг... Ана ўшанда қиблага боққанингда қуруқ меҳробни эмас, Каъбани кўрасан», дерди.

- Бундай имомлар қолибдими ҳозир!..

- Эҳтимол, шунақалари ҳам бордир. Ҳарқалай, менинг хўжайиним гоҳида Нишончилар, гоҳида Сўфийлар томондаги масжидларга қатнаб намоз ўқирди... Бир куни одамлар эримни очиқ-ошкора айблаб, маломат қилишаётганини эшитиб қолдим. Маҳалламиздагилар: «Бу одам кофирнинг ўзгинаси! Агар ўлиб қолса, жанозасига ҳам қатнашмаймиз, кўммаймиз ҳам», дейишарди. Бу гаплардан хўжайинимни бохабар қилдим. «Қўшнилар шундай-шундай дейишяпти. Иккимиз ҳам қариб қолдик. Менинг жоним узилса-ку, сиз бир амаллаб кўмиб оларсиз. Лекин Худо кўрсатмасин, сиз вафот этиб қолгудек бўлсангиз, менга жабр бўлади-ку. Ўлимликка деб ҳеч нарса жамғариб қўймаганмиз ҳам», дедим...

- У киши нима деди?

- «Сен ғам чекма, хотин. Агар жоним узилса, мени шу ҳовлимга кўминглар», деди. Кейин ҳовлимиз ўртасига ўзи учун қабр қазди. Мен баттар қайғуга ботдим. «Битта қабр қазиш билан иш битармиди?» дедим. «Майитни ювиш бор, кафанлаш бор, кўмиш бор. Буларни ким қилади? Қўни-қўшни, қариндош-уруғлар сизнинг ишларингизни нотўғри тушуниб, биздан юз ўгиришган бўлса... Менга қийин бўладиган бўлди-да», дедим. Ўшанда хўжайиним қаҳ-қаҳ уриб кулди. «Ғам чекма, хотин. Сени қийинчиликка солмайман», деди. «Менинг ҳеч кимсага оғирлигим тушмайди. Аллоҳ буюкдир! Аллоҳ қодирдир! Агар одамлар бўлмаса, султон бор! Ҳукмдорнинг ўзи келиб, жасадимни ювиб, кафанлайди, мана кўрасан», деди... Рост айтган экан, мана, кўриб турибман!

...Ўшанда 1592 йил эди. Ўшанда 45 ёшли султон Муродхон III кўзларидан шашқатор ёш оқизганича, Яратганнинг бу камтарин қули жанозасини ўзи ўқиди. Ўзи бош бўлиб, аркони давлатнинг манаман деган вазирлари, амалдорлари, қозилари иштирокида жуда катта жаноза маросими ташкиллаштирди. Марҳумнинг рафиқасига давлат ғазнасидан бир умрлик нафақа белгилади.

Маросимлардан сўнг, вазири аъзам Сиёвуш пошо султон Муродхондан кўрган тушининг тафсилотларини сўради.

- Ўша кеча саҳарга яқин бир туш кўрдим, - деди ҳукмдор. - Тушимда еру-кўкни ларзага келтириб, чақмоқ чақди. Бутун дунёни остин-устун қилгудек ваҳшат билан момоқалдироқ гулдиради. Кейин шиддат билан ёмғир ёға бошлади. У ёмғир томчилари худди олмос парчаларидек жилвакор, ниҳоятда чиройли эди, кўз олгудек ялтирарди. Бу ажойиб ёмғирга маҳлиё бўлиб турганимда, қаердандир бутун вужудимни ларзага солгудек овоз янгради: «Фалон ернинг фалон маҳалласида севимли дўстларимиздан бирининг жасади тупроққа қоришиб ётибди. Сен бор-да, унинг майитини ўзинг ювиб, кафанла ва жанозасини ўқи! Уни подшоҳлардек дафн эт! Биз унга муштоқмиз!..  

* * *

Эл ичида «зинокор», «кофир», «майхўр» сифатлари билан ғийбат қилиниб, яккалаб қўйилган, жасади бир муддат тупроққа қоришиб, хорланиб ётган ва сўнгида Аллоҳнинг карами ила подшоҳлардек иззат билан дафн этилган у инсоннинг исми Муҳаммад Мими афанди эди. Султон Муродхон III бу муборак инсоннинг васиятига кўра, уни ўз ҳовлисига дафн этиб, қабри устида бир қубба иншо эттирди. Қуббанинг ёнидан бир чашма ҳам очдилар.

     Орадан чорак кам тўрт ярим аср ўтганига қарамай, бу мақбара ҳали ҳам мавжуд. Агар Истанбулнинг Ункапани томонларига йўлингиз тушса, Ҳарабзода жомесининг шундоққина қаршисидаги ўша қубба остига бориб, Аллоҳнинг довруғ солмай ўтган яширин дўстларидан бири бўлмиш Муҳаммад Мими афанди ҳақларига дуо қилишни унутманг. 

ХУЛОСА

Аллоҳ таолонинг шундай яширин дўстлари, севимли қуллари борки, халқ уларнинг аслини билмас. Уларнинг битта дуоси минг кишилик издиҳомнинг минг битта дуосидан кўра кучлироқдир. Уларнинг бор истаги - фақат тўғри йўлдан бориш ва довруғ солмаслик бўлгани учун; Яратгандан бошқа ҳеч кимга ҳисоб бермаганлари учун одамлар уларни янглиш англайдилар, у муборак инсонлар ҳақида ёмон гумонларга бориб, гуноҳга ботадилар. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Ҳужурот» сураси 12-оятида: «Эй, иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир», дея огоҳлантирган.

Бошқалар ҳақидаги шу кунгача бўлган фикр ва хулосаларингизни кескин тафтиш қилсангиз-у, гуноҳга элтувчи гумонлардан халос бўлсангиз деган ниятда юқоридаги ҳаётий воқеани эътиборингизга ҳавола этдик. 

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Идда ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз. Бу вақт ичида ишлаш мумкинми ёки уйда ўтириш керакми Идда сўзи давоми...

08:33 / 25.10.2016 7135
смартфонларга қарамликbull Сиз ҳар тонгда уйқудан уйғонибоқ телефонингизни қидирасизмиАгар шундай бўлса, давоми...

21:39 / 19-yanvar 4757
Зарурий ҳожатлар билан бозор расталарини айланар эканман, менга қараб турган аёлга кўзим тушди. Қандай давоми...

21:06 / 27.10.2023 2831
embedhttpswww.youtube.comwatchvkWpfMSgXhd4embed

12:07 / 17.05.2017 5037