«ИМО»ДАГИ ҲАЁТ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Дилфуза КОМИЛ

Иш билан банкка бориб, бугунги кунимизнинг фожеасини шундоқ кўрсатиб берган бир ҳолатга гувоҳ бўлдим:

банкка кираверишда постда турган милиция ходимларидан бири мижозлардан бирининг беш ёшлар чамасидаги қизчаси билан ҳазиллашиб ўйнаяпти. Қизча шунақа чиройли, шунақа ширинки, одамнинг суқи кирай дейди. Бунинг устига роса бийрон экан.

– Сизниям қизингиз борми? – дейди милиция ходимига.

– Ҳа, бор. Сенга ўхшаган ширингина қизим бор.

– «Имо»да гаплашасизми қизингиз билан?

– «Имо»да?

– Ҳа, «имо»да кўриб гаплашмайсизми?..

Милиция ходими дастлаб гап нимада эканини тушунмади.

– Қизим уйда. Уйга борганимда ўзини кўраман. Манда «имо» йўқ-да, қақилдоқ...

Бу гап қизчага ёмон таъсир қилди. Ўксиб кетди шекилли, милиционер амакининг тиззасидан секин сирғалиб тушиб, нари кета бошлади.

– Ҳой-ҳой, тўхта қизим, - милиционер қизчанинг қўлчаларидан ушлаб, жойига қайтариб олиб келди. – Онанг келгунича шу ерда ўтириб турасан.

Кейин индамай бошини эгиб олган қизчанинг кайфиятини кўтариш учун бурнидан чимчилади:

– Роса ақлли қиз экансан-ку! «Имо»ниям биларкансан-а! Қойил!

– «Имо»да дадам билан гаплашаман-да, - деди қизча сал жонланиб. – Ўзларини кўрмаганман, «имо»да кўрганман, холос...

Бу гап атрофдаги одамларга қандай таъсир қилди, билмадим, лекин менинг юрагим беихтиёр санчиб кетди. Милиционер ҳам гап нимадалигини энди англаб, «эээ» деб юборди афсус билан. Таъсирланиб кетганидан, қизчани кўтариб олиб, у билан ўйнамоқчи эди, қизча ортиқ рағбат кўрсатмади.

Бироздан кейин қизчанинг онаси – ёшгина, кўҳликкина жувон қошларини кибр билан кериб олганича, ерни миннатдор бўлсанг босаман деяётгандек таманно билан қадам босаётган, катта ёшли бир аёл билан келди. Маълум бўлишича, бу кибор қиёфали хотин – жувоннинг қайнонаси, қизчанинг бувиси экан.

– Ўғлингиз узоқдами, хола? - деди милиционер унга. Ана энди буви жониворнинг мақтанишини кўринг. Айтишича, иккита ўғли Кореяда, битта ўғли Россияда экан. Бу қизчанинг отаси олти йилдан буён Кореяда ишларкан. Топиш-тутиши зўрмиш. Ҳар ой фалон-фалон минг доллар пул жўнатаркан, ўттиз хонали участкаси битай деб қолибдиймиш, иккита мошина олиб, ўраб қўйишибдиймиш. Ҳозирам шу ўғли юборган пулни олгани келишган экан.

– Ҳа бу қизча отасини кўрмаган экан-ку, - деди милиционер.

– Кўрмаган-да, - деди бойвучча хола худди ўғлининг мақтовга лойиқ фазилати ҳақида гапираётгандек. – Кетганида бу онасининг қорнида эди. Эрта-индин беш ёш бўлади... Катта ўғлим ҳам ўғилларини мактабга борганда кўрган, ҳи-ҳи-ҳи... Ҳа буям мактабга чиққунча келади-да отаси...  

Мен бу гапларни эшитишга ортиқ тоқат қилолмадим. Ҳаво етмаётгандек бўғилиб, ташқарига чиқиб кетдим.

Биламан, бу кўрганим – миллионлаб нохуш ҳолатларнинг биттаси, холос. Четда пул топаётган эркакларнинг топганидан йўқотганлари кўпроқ.

Гўдаклар ота меҳри тугул, ўзини кўрмай ўсаётган бўлса;

эрини йиллаб кўрмаётган жуда кўп ёш-ёш жувонлар одоб-ахлоқни унутиб, яширинча бузуқлик йўлига кираётган, ҳатто эрининг мусофирчиликда минг заҳмат билан топиб юборган пулидан (мени кечирасиз-у) ўйнашига дастурхон тузаётган бўлса;

ҳар ой келадиган долларга ўрганиб, мазахўрак бўлиб қолган ота-оналар ойда-йилда бир келадиган ўғлининг уйда бир неча ой ўтириб қолишини ҳам кўп кўриб, тезроқ яна келган жойига жўнатиб юборишга шошилиб турса;

шу ерда ризқини топиб, оз топганига ҳам қаноат қилиб юрган одамларни «ойликчи» деб, бурун жийирса; «Рассияда ишлайтурған» ўғлини олий маълумотли «ойликчи»лардан баланд кўриб, уларнинг қизини келин қилгиси келмаса;

баъзи қишлоқларда (ҳамма эркаклар ёппасига четга ишлагани кетгани учун) жанозаларда тобутни чоллар қилтиллаб кўтаришга мажбур бўлаётган бўлса...

Ва бу нохушликларнинг адоғи кўринмаса... Нима қилмоқ керак?

Менимча, энг аввало қаноатни ўрганишимиз, орзу-ҳавас ва нафснинг қутқуларини жиловлашимиз керак. Ҳар биримиз ўзимизни ислоҳ қилишимиз шарт! Қуръони каримда таъкид борки, бирор қавм то ўзини ўзгартирмагунича, Аллоҳ таоло уларнинг аҳволини ўзгартирмайди. Ўзимизни ислоҳ қилмас эканмиз, бошқа ислоҳотлар ҳам ярим йўлда қолиб кетаверади...                        

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим «Ана ўшалар ҳидоятга залолатни сотиб олганлардир. Ва тижоратлари фойда давоми...

12:26 / 29.11.2016 3560
Муслима аёл БМТ ташкилотининг бош котиби ўринбосари лавозимини эгаллади БМТнинг янги раҳбарияти ташкилот давоми...

19:45 / 03.03.2017 3772
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Каломи шарифида « Батаҳқиқ, сизлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор», дея давоми...

10:47 / 28.05.2017 3098
Уламо ичинда қалбимга яқин, Энг ёруғ нур сочган, гўёки чақин, Мени маддоҳ экан деманг сиз тағин, Сизни давоми...

10:01 / 07.02.2017 7804