УСТОЗЛАР УСТОЗИ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тоҳир Малик,

адиб, Ўзбекистон халқ ёзувчиси

Ҳаётни тезоқар дарёга ўхшатадилар. Сиртдан қарасак, сув сатҳида сира ўзгариш йўқдек. Чўққилардан шошиб келаётган сув тошдан-тошга урилиб оқаверади. Ҳаёт дарёси ҳам шундай: қуёш чиқади ва ботади, кун ўтаверади. Кимлардир худди кўз юмиб яшаётганга ўхшайдилар, ҳаётда маъно кўрмайдилар, ҳидоят нима эканини билмайдилар. Қалблари иймон нуридан илҳомланган одамлар эса атрофдаги барча нарсада Аллоҳнинг мўъжизасини кўрадилар, ўрганадилар ва ҳайратланадилар. Ўрганишнинг чеки йўқ, ҳайрат денгизининг соҳили йўқ. Қалби сўқир бандалар ҳам шу ҳаводан нафас оладилар, аммо бу ҳавонинг Аллоҳ берган буюк неъмат эканини фаҳм этмайдилар. Шу сувдан ичиб, ташналикларини қондирадилар, бироқ сув Аллоҳнинг улуғ мўъжизаси эканини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Ақл эгалари эса неъматларнинг, мўъжизаларнинг қадрига етадилар ва ҳар нафаслари учун, ҳар томчи сув учун шукрлар қиладилар. Сизу биз бу одамлар билан кўришамиз, суҳбатлашамиз, илмларидан баҳраманд бўламиз. Кун ўтган сайин билим хазинамиз бойиб боради. Каминанинг умри ҳам худди сизларники каби, ҳаётдан маъно териш билан ўтмоқда. Ўтмиш алломаларининг китобларини ўқиш, замондош олимларимиз билан бўлган суҳбатлар маъно хазиналарининг асосидир.

Аллоҳнинг сизу бизга берган улуғ неъматларидан бири – барчамизни муҳтарам уламолар билан замондош қилганидир. Шундай улуғлардан бири шайхур-раис – устозлар устози Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф эдилар. Аллоҳ таоло менга улуғ устознинг илмларидан баҳраманд бўлиш бахтини берди. Ҳазрати Ҳасаннинг «Кимки олимлар билан бирга юриб, бирга ўтирса, тили бийронлашади, зеҳни очилади, зеҳнига ўрнашган фикрлардан бениҳоя сурурланади, билганларидан фойдаланишда кучли бўлади, уларни бошқаларга ифодалаб бера олади», деган сўзлари нақадар ҳаётий ҳақиқат, нақадар ҳикматга бой эканига фаолиятим давомида жуда кўп маротаба амин бўлдим.

«Ҳақ таоло ҳар замонда олимларни ўшал замона халқининг амалларига муносиб сўзлар билан гапиртириб қўяди». Абу Туроб Нахшабийнинг бу ҳикматларига ҳам гувоҳ бўлдим.  Мен устозлар устози билан чорак аср бирга бўлдим, бизларни ул аллома билан замондош қилган Аллоҳга шукроналар айтиб яшар эдик. Аллоҳ бизларни вақтинчалик фурсатга айирди. Лекин бу айрилиқ доимий эмас, улуғимиз билан Қиёматда ёруғ юз ила дийдор кўришмоқни илтижо қилиб яшаяпмиз.

Ғафлат кўйлагини йиртиб, ўзи туғилган оламнинг ҳақиқатларидан воқиф бўлган улуғ зотлар учун ҳаёт бир имтиҳон, ўлим эса «шаъби арус» – никоҳ кечаси, яъни бир висолдир. Ҳазрати мавлоно Румий умр бўйи бу висол онини кутиб яшаган эканлар. Ўзимиз изтироб гулхани устида қолиб, устозлар устозини хайрли висолга кузатдик. Ҳазрати Алининг «Уламолар дунё қанча турса, шунча туради, уларнинг жисмлари йўқолган бўлса-да, мисоллари қалбларда мавжуддир», деган ҳикматлари юракларимизни умид нури билан ёритади.

Қачондир, қайсидир тарихга оид китобдан қуйидаги гапни дафтаримга кўчириб олган эканман: «Сиз вафот этгандан кейин даҳр дояси сиз каби бир алломани ўз этагида парвариш қила олмағай». Назаримда бу гап устозлар устозига қарата айтилгандек...

Айтишларича, Султон Маҳмуднинг жуда гўзал  боғи бор эди. Бир куни у ушбу боғда отаси Носируддавла Сабуктакин шарафига зиёфат берди. Зиёфатдан кейин ўғил отасидан сўради:

–  Азиз отам, менинг бу боғим ҳақида нима дейсиз, сизга маъқул бўлдими?

Ота жавоб берди:

–  Эй кўзимнинг нури ўғлим, боғинг бағоят зебо ва  дилкушо боғдир, аммо бундай боғни давлати, бойлиги бор ҳар бир киши бунёдга келтира олади, лекин сен кўпларга муяссар бўлмаган бир боғни вужудга келтирки, унинг мевасидек мева ҳеч ерда топилмасин.

–  Сизнинг таъриф қилганингизча, бунёдга келтириш ҳар кимга ҳам муяссар бўлмаган у боғ қандай боғ экан? – деб эди, ота жавоб берди:

–  У боғ – олиму фозиллар, адибу шоирлар, донишмандлару ва бошқа ахлоқли, тарбияли улуғ зотлар суҳбатидир. Шу улуғ зотлардан тарбия топиб, яхши ишлар зуҳурга келтириш унинг дарахти бўлиб, меваси эса яхши номга эга бўлишдир.

Таъбир жоиз бўлса, устозлар устози бизга ана шундай гўзал боғни мерос қолдирдилар. Бу боғ меваларидан то қиёматга қадар туғилиб яшайдиган авлодлар ҳам баҳраманд бўларлар, иншааллоҳ!

Али ибн Абу Толиб айтганларидек, «Жаннатга кириш ҳайратланарли муваффақият эмас. Маърифат эса шу дунёнинг ўзида жаннатга эришиш демакдир». Бу ҳикматнинг нақадар ҳақиқат эканига шайхур-раиснинг ҳаётлари мисолида гувоҳ бўлдик.

Бир йиғинда биродарларга «Мен сизлардан кўра бахтлироқман», дедим. «Ҳа, сиз ҳазратнинг суҳбатларидан, илмларидан кўп баҳраманд бўлдингиз», дейишди. «Бу дунёвий бахт, лекин мен бундан улуғроқ бахтдан умидворман. Болалигим шайхимиз дафн этилган шу қабристон атрофида ўтган. Қиёматга қадар манзилим ҳам, иншааллоҳ, шунда. Дадажоним билан аяжоним, яна қариндошларим ҳам шу қабристонда ётишибди. Аллоҳ марҳамат этса, устоздан юз қадамча нарида, шайх Зайниддин бува, Алихонтўра Соғуний ётган қабрларга яқин жойдан менга ҳам кичик бир сўнгги маскан берар...»

***

Ҳазратим билан Ёзувчилар уюшмасидаги йиғинда танишган эдим. Учрашувларимиз, суҳбатларимизнинг ҳисоби йўқ. Охирги марта вафотларидан ўн кун олдин булоқбошилик Абдумуталиб ҳожи акамизнинг уйларида учрашган эдик.  Устоз одатда бундай йиғинларда узоқ ўтирмас эдилар, лекин бу сафар шошилмадилар. Узоқ суҳбат қурдик. Мен ёшлар учун мукаммал Ислом қомуси яратиш ҳақида кўп гапирардим. Сўнгги учрашувда ҳам бу ҳақда сўзлашдик. «Олтин силсила»нинг иши ниҳоясига етди, йигитлар қомусга доир тайёргарлик ишларини бошладилар», деб мени қувонтирдилар.

Биринчи учрашув – 1989 йил...

Сўнгги мулоқот – 2015 йил...

Биринчи учрашув интиқ кутилган эди, зўр таассуротлар қалбга муҳрланган эди.

Сўнгги учрашув... Бу ҳам унутилмайди... Фақат... соғинч чўғи қалбни куйдириб туради...

Диний идорага сайланган янги муфтийнинг булоқбошилик эканини билиб, қувондим, у киши билан учрашиш истаги туғилди. Булоқбоши – она юртим. Тоғам, аяжоним туғилиб ўсган, мен учун табаррук қишлоқ. Гарчи ўзим у ерга илк бор ўттиз ёшимда борган бўлсам-да, юрагим ўша томон интилиб туради, бу масканга доир ҳар қандай қувончли воқеа хабари дилимни шодлантиради.

Янги муфтий билан қандай учрашсам экан, деб ўйлаб юрганимда ўзлари Ёзувчилар уюшмасига келдилар. Мен у дамда динга доир илмнинг алифбосини Анвар қоридан ўрганар эдим. Анваржон уюшмадаги таржима бўлимида ишлардилар, устоз Алоуддин Мансурнинг қаноти остида Қуръони Каримнинг таржимасини нашрга тайёрлаш билан шуғулланардилар. Муфтийни уюшмадаги учрашувга чорлаш ҳам Анваржоннинг иштироклари билан бўлган эди. Муфтий Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ташаббуси билан Саудия мамлакатидан кўп миқдорда Мусҳаф келтирилганда уюшма аъзоларига рўйхат бўйича олиб беришда ҳам Анваржон ҳаракат қилган эдилар.

Ўша йиллари Совет Иттифоқининг жанозасига оз қолган, Ўзбекистонда ҳам ижтимоий-сиёсий ҳаракат жонланган эди. Ўрта Осиё мусулмонларининг диний раҳбари билан бўлган учрашувга ёзувчилар билан биргаликда, ижодга алоқаси бўлмаган, лекин муфтийнинг суҳбатидан баҳраманд бўлишни истаган кўп одамлар қатнашишди. Катта залда оёқ қўйишга бўш жой қолмади. Муфтийнинг нотиқлиги, фикрларининг теранлиги ҳаммани қойил қолдирди. Суҳбат фақат диний масалада бўлмади, жуда кўп ижтимоий муаммоларни, хусусан, Орол фожиасини ҳам қамраб олди.

Суҳбат белгиланган мўлжалдан кўпроқ фурсат давом этди. Шом намозининг вақти кирганда «Муфтий намоз ўқимас эканми?» деган пичир-пичир қулоққа чалинди. Очиғини айтсам, бу савол менда ҳам туғилган эди. Муфтий намозни унутмаган эканлар. Берилган саволга мантиқли жавоб қайтариб, хулоса ясагач, «Энди Аллоҳнинг фарзини бажариб олайлик, агар хоҳиш бўлса, суҳбатни кейин давом эттирамиз» деб, ўринларидан турдилар. Суҳбат намоздан кейин ҳам давом этди. Одамлар диний илмга чанқоқ эдилар. Назаримда, залда йиғилиш бўлмаётган эди, балки қақроқ даштга ҳаёт ёмғирининг томчилари тушаётганди.

Шундан сўнг муфтий иштирок этадиган йиғинларга боришга, маърузаларини эшитишга ҳаракат қиладиган бўлдим. Бир куни тақсир мени йўқлаётганларини эшитиб, қувониб кетдим. Бирга уйларига бордик. Кўп йиллик қадрдонлардек кўришдилар. «Муҳаммад Аминнинг айтишича, биз қариндош эканмиз, суриштириб билибди», дедилар. Бу янгилик ҳам қувончли эди. Шундан сўнг ҳафтада икки-уч кўришадиган бўлдик. Бўш фурсат топсам, Ҳастимомга шошардим. Мен-ку, вақт топар эдим, аммо ҳазратимда бўш вақт сира-сира бўлмасди. Шунга қарамай, 5-10 дақиқа гаплашиб олишга улгурардик.

Кунларнинг бирида ҳазратимга шундай дедим: «Яхши кунларга кириб боряпмиз, Ўзбекистонда саодат тонги отай деб турибди. Тонг отгач, ёзувчиларнинг бурчи янада ошади. Совет тузуми тарихий асар ёзишга ижозат бермас эди. Энди бу тўсиқлар йўқолади. Шунда адиблар олдида жиддий муаммо кўндаланг бўлади: тарихий асар ёзадиган адиб Ислом динини яхши билиши керак. Абдулла Қодирий, Ойбек устозлар эски мактаб, мадраса кўрган эдилар. Бизнинг авлод фақат атеистларни кўрди. Дин ҳақидаги тушунчамиз, халқ таъбири билан айтганда, «алиф»ни калтак дейдиган даражада эди. Бу камчиликка барҳам бериш учун дин илмига қизиқувчи ёзувчилар учун мадраса ҳузурида бир мактаб ташкил этилса. Ўқиш-ўрганиш «алиф»дан бошланса…»

Бу таклиф ҳазратимга маъқул тушди. Масала тезлик билан ҳал қилинди. Муҳаммад Латиф, Зоҳиджон қори бу мактабни ташкил этишга масъул бўлдилар. Мактабда ўқишга қизиқувчилар кўпайди, ҳатто рассомлар ва бошқа соҳадаги зиёлилар кела бошлашди. Шунда мен бироз хижолат билан ҳазратимга мурожаат қилдим:

–  Ўқишга қизиқиш кучли, лекин намоз ўқимайдиганлар ҳам келишмоқчи, нима қиламиз?

Ҳазрат бу гапни эшитиб, кулимсираб қўйдилар:

–  Келишовурсин, ароқ ичадиганлари ҳам келсин.

Бу гап жиддийми ёки кесатиқ оҳанги борми, билолмай гаранг турган эдим, мушкулимни ўзлари осон қилиб, бир воқеани сўзлаб бердилар:

«Покистон томонларда бир олим шогирдлари билан даъватга отланаётган экан, бир нотаниш йигит келиб, ҳамсафар бўлишдан илинжи борлигини айтди. Ниятини айтгач, пича сукут сақлаб, хаста овозда айбини ҳам билдирди:

–  Тақсир, қалбим Аллоҳ ишқига интиляпти. Лекин йўлимда шайтон тўсиғи бор. Мен оғир, аммо давоси бор касалликка мубталоман: ҳар қанча уринмайин, бу бадбахтликдан – ароқ ичишдан ўзимни тўхтата олмаяпман.

Йигитнинг гапларини эшитиб, олим унинг кўкрагидан итармади, ёмон сўз ҳам айтмади, насиҳат қилмади.

– Сен бизнинг сафимизга қўшил, бу бадбахтликдан сени Аллоҳнинг Ўзи қутқаради, – деди. Шогирдлар бу қарордан ажабланишди. Даъватчилар сафида майхўрнинг бўлиши уларга ғалат туюлди, аммо устознинг қарорига қарши чиқишмади.

Бир неча кун йўл юришди, қишлоқларда илмий суҳбат қуришди. Бир кечаси дарада, очиқ осмон остида тунашди. Ярим тунда устоз уйғониб қарасаки, майхўр йигит ўрнида йўқ. «Оббо, иродаси панд бериб, охири қочибди-да», деб кўнгли оғриб турганда катта харсанг ортида шарпа эшитилди. Аста ўтиб қарасаки, йигит тупроққа пешонасини қўйиб, сажда қиляпти. У саждада узоқ қолди. Сўнг қаддини ростлади-да, қўлларини дуога кўтариб, пичирлаганича  Аллоҳга илтижо қила бошлади:

– Ё Роббим, мени фақат Сенгина ислоҳ қила оласан, шайтон алайҳилаънанинг чангалидан фақат Сенгина қутқариб оласан. Мен Сендан кўп нарса сўрамайман: фақат Ҳидоят бер. Қалбимни фақат Сенинг ишқинг билан урадиган қалблар қаторига қўш. Мен бу дунёда атрофимдаги бандаларингдан уяляпман, Қиёматда Сенинг ҳузурингда уялиб қолишдан қўрқяпман. Аллоҳим, Ўзинг буюксан, нафсимни ўлдир, менга Ҳидоят бер, шайтон чангалидаги қалбимни покла. Мени қаторларига олган солиҳ бандаларинг ҳурмати, муножотимни қабул эт. Бу солиҳлар мен нотавонни сафларига олганлари учун уялиб қолишмасин...

Хаста овоз гўё дарани ларзага соларди. Йигитнинг йиғиси устознинг қалбини ҳам йиғлатди. Шу турганча у ҳам Аллоҳга муножот этиб, унинг қалбидаги муҳрни ечишини Роббидан сўради.

Оқибат шу бўлдики, дуолар ижобат этилди, йигит бу нафс дардидан қутулди, илмга берилди, солиҳ шогирдлик пиллапояларидан кўтарилиб, устозлик мартабасига етишди, даъватчиларнинг энг яхшилари сафидан ўрин олди...»

Устоздан эшитганим бу воқеани кўпчиликка оғзаки айтганман. Мана, энди қоғозга ҳам тушди.

Ўқиш бошланган кунлари Ҳаж ибодатига тайёргарлик бошланган эди. Ўзбекистонлик мусулмонлар узоқ йиллар мобайнида бу саодатли ибодатдан маҳрум бўлиб келганлари учун ҳомийлардан ёрдам келаётган эди. Шунда мен ёзувчиларни исломий мавзуга кўпроқ жалб қилиш учун кўрик ўтказишни таклиф этдим. Кўрик ғолибларига мукофот ўлароқ, Ҳаж ибодатига йўлланма бериш ҳам кўзда тутилди. Бу таклиф шайхур-раисга ғоят маъқул бўлди, кўрикни фақат Ўзбекистон ёзувчилари ўртасида эмас, балки Ўрта Осиё ва Қозоғистон доирасида ўтказишга қарор қилдилар. Ўзбекистондан бешта ғолиб, бошқа жумҳуриятлардан икки-учтадан ижодкор Ҳажга юбориладиган бўлди. Биродарлар билан ҳамкорликда тезлик билан кўрик низомини ишлаб чиқдик. Низом тасдиқланди. Эълон тарқатилди. Ҳакамлар ҳайъати тасдиқланди. Камина раис деб белгиланганда сал оғриндим. Чунки бу кўрикда «Сўнгги ўқ» романи билан иштирок этмоқчи эдим. Раислик мансаби берилса, ўзимнинг иштирок этишим уятли ҳол бўлар эди. Бир даврада «Ҳажга борган одамнинг гуноҳлари тўкилиб, онадан қайта туғилгандай бўлиб қолади», деган гапга жавобан: «Ҳаж гуноҳлар ювиладиган ҳаммом эмас. Гуноҳлардан шу ернинг ўзида халос бўлиб, муқаддас жойга пок қадам босиб кириш керак», деган эдим. Ўша гапим эсимга тушиб, «Ҳали гуноҳларим кўп экан, Аллоҳ мени ўз Байтига чақирмабди» деб, тақдирга тан бердим.

1992 йил апрель ойининг охирроғи эди. Тобим йўқ, уйда ётиб эдим. Диний идорадан қўнғироқ қилиб, «Ҳазрат эртага Маккаи Мукаррамага кетяптилар, танловга бугун якун ясалиши керак экан, сизни кутяптилар», дейишди.

– Ҳаж вақтига ҳали анча бор-ку, нега бунча барвақт кетяптилар? – деб ажабландим.

– Ҳожиларимизни кутиб олишга тайёргарлик кўрадилар, – дейишди.

Қўлёзмаларни кўтариб, бордим. Наманганлик адиб Аҳмад Турсунни қўлёзма ҳикоялари учун танлаб, биринчи ўринни лозим кўрган эдим. Унинг ҳикояларидаги табиийлик, самимийлик, ҳаётийлик мени ўзига ром этган эди. Номзодни айтишим билан ҳазрат мийиғларида кулиб қўйиб, «бўлмайди», дегандек бош чайқадилар. Кейин билсам, Аҳмаджон муфтий ҳазратга қариндош эканлар. «Ортиқча фитна чиқмасин, «муфтий  ҳажга ўзининг  қариндошини юборди» деган маломатга қолмайлик», деган мақсадда таклифимни рад этган эканлар (бу эҳтиёткорлик бежиз эмас эди. Айрим одамлар тўдалашиб, муфтий ҳазратнинг номларига нолойиқ гаплар айтишдан тийилмас эдилар. «Наҳотки, улар Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг «Аллоҳ илм берган олимни паст санаманглар, чунки Аллоҳ илм бераётганида уни паст санамаган», деган муборак сўзларини билишмаса?» деб то ҳозиргача ажабланаман).

Танлов якунлари бўйича Алоуддин Мансур, Абдулла Орипов, Хуршид Дўстмуҳаммад, Асқар Маҳкам мукофотга лойиқ деб топилдилар. Яна ўн нафар ижодкорга пул мукофоти тайин қилинди. Кўрик-танлов хурсандчилик билан ўтган бўлса-да, икки ижодкор очиқдан-очиқ норози бўлди. Бирлари таржима билан шуғулланадиган акамиз эди, у кишининг мақолалари бошқаларникига нисбатан саёзроқ эди. Икккинчилари бир йил олдин ҳаж ибодатини бажариб қайтган эдилар. Бир мақолаларини топшира туриб, «Боришга фақат мен арзийман», деб катта кетишлари ажаб ҳол эди. Икковлари кибр отидан тушгилари келмай, пул мукофотидан ҳам воз кечишди.

Ўша куни муфтий ҳазрат каминанинг номига ҳам даъватнома келганини билдириб, қувонч берганлари ҳолда гангитиб ҳам қўйдилар. Ҳазратнинг ҳаж сафаридан анча олдин борганлари маҳсулини у ерга боргач билдик: Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари учун Каъбатуллоҳга яқин ерда янги қуриб битказилган ҳашаматли меҳмонхона ажратилган эди. Барча мусулмонлар Саудия қиролининг меҳмонлари деб эълон қилинди, кутиб олиш, жойлаштириш, хизмат қилиш чиндан ҳам шоҳона эди. Барча ҳожиларнинг меҳмонхона ва таомланиш учун тўлаган пуллари қайтариб берилди. Ўша йилги ҳожилар фақат йўл сарфини тўладилар, холос.

1991 йилги ҳаж маросимида муфтий ҳазратларининг Арафотда қилган дуоларини кўп қатори камина ҳам телевидение орқали эшитиб, йиғлаган эдим. 1992 йилдаги Арафотдаги дуога эса бевосита гувоҳ бўлдим. Ул зотга Аллоҳ томонидан берилган воизлик санъати, дуо қилиш илҳомида илоҳий руҳни сезиш мумкин эди. Кўпчиликка қўшилиб, мен ҳам кўп йиғладим.

Шайхур-раиснинг дуо қилиш илҳомлари ҳақида кўп ўйлардим. Орадан икки йил ўтиб, Булоқбошида бўлганимда жума намозини ҳожи дадамиз – муҳтарам Муҳаммад Юсуф домланинг масжидларида ўқидим. Мавъизанинг сермаънолиги, гап оҳангидаги ҳилмлик менда алоҳида таассурот қолдирди. Намоздан кейинги дуо пайтида ўзимни ўйлантирган саволга жавоб шу куни топдим: дуо қилиш илҳоми ҳазратимга отадан ўтган экан. «Агар Аллоҳ таоло хоҳласа, бандасининг зеҳнини илм билан тўлдиради» дейилган ҳадис маъносини ўзимча талқин қилиб, «Аллоҳ шайхимизга илмни оталари орқали берган экан-да», деган хулосага келдим. Ўша куни кечки салқинда Булоқбошидаги айвонда суҳбатлаша туриб, ҳожи дадамиз: «Онаси уни бетаҳорат эмизмас эди, эмизаётганида Ёсинни ўқиб турарди», деганларида Аллоҳнинг марҳамати ва қудратини яна бир бор ҳис этдим.

Аллоҳ суйган бандасига илм билан бирга сабр ҳам берган эди. Турли учрашувларда устозга турли саволлар бериларди. Саволларнинг баъзилари ғоят бемаъни бўларди, лекин буларга ҳам сабр ила жавоб қайтарардилар. Назаримда Ҳазрати Алининг «Олимнинг адо этиши лозим бўлган ҳақлари бор. Унга кўп савол бермаслик, жавобига эътироз қилмаслик, эриниб турганида жавоб беришга мажбурламаслик, ўрнидан туришига қўймай, этагига осилиб олмаслик, сирларини ошкор этмаслик, ҳузурида бирон кишини ғийбат қилмаслик, ундан хато қидирмаслик, бордию хато қилса, узрини қабул қилиш, модомики Парвардигорнинг амрига итоат этаркан, унга ҳам Аллоҳ учун ҳурмат кўрсатиш, олдида ўтириб олмаслик, бирор эҳтиёжи бўлса, уни раво қилиш учун ҳаммадан олдин шошилиш олимнинг ҳақларидандир», деган пурҳикмат сўзларини кўпчилик билмаса керак.

Бир даврада ирригация соҳасидаги олим одам устозга ўндан зиёд савол тайёрлаб келибди. Қуръони Каримнинг маъно таржимаси билан танишгач, ўзича суралар нотўғри жойлаштирилган, деган хулосага келибди. Чала билимига таянган ҳолда сураларни бошқача жойлаштирибди. Мен бундан ва саволларнинг бемаънилигидан ҳазрат ғазабланиб, туриб кетсалар керак, деб ўйладим. Йўқ, саволларни охирига қадар диққат билан эшитдилар, сўнг босиқлик билан, бирма-бир жавоб қайтардилар. Чаламулла зиёлилар билан динга оид масалада суҳбатлашиш жуда оғир. Устозлар устози бундай оғирликларнинг кўпини енгиб ўтганлар.

***

Қадрдонимиз, таниқли адиб Муроджон Мансур  «Шарқ» нашриётида ишлаётганларида Аллоҳ у кишига улуғ неъматни насиб этди: устозлар устози Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг асарларини нашрга тайёрлашда муҳаррир сифатида иштирок этдилар. Муроджон ака жумладаги эга-кесим ёки боғловчиларнинг ўз ўрнида бўлиши, тиниш белгиларининг жой-жойига қўйилишига жиддий эътибор берардилар. «Ҳадис ва ҳаёт» туркумида эса ўзбек тили грамматикаси қоидасига баъзан амал қилинмас эди. Айниқса арабий сўзларнинг ёзилиши борасида шайхимизнинг ўз қоидалари мавжуд эди. Шу масалада муҳаррир билан муаллиф ўртасида баҳсли ўринлар туғиларди. Муроджон ака таҳрир бобида муаллиф билан кўпам баҳслашавермас эдилар. Айниқса шайхимизнинг салобатлари босар эдими, камчиликни кўрсатишга ийманардилар. Шундай ҳол юз берганда мени ёрдамга чақирардилар. Устознинг ҳузурларига бирга борардик. Камчиликни аниқлаган муҳаррир – Мурод Мансур, шайхур-раисни кўндириб берадиган эса Тоҳир Малик эди. Имло бобидаги баҳсда ҳазратим ҳам ўжар эдилар. У кишини Муроджон аканинг таклифларига (аниқроғи, талабларига) кўндириш қийин эди. Қоғозга рўйхат қилиб ёзиб олган таклифларининг ярмига кўндира олсак ҳам, Муроджон ака қувонардилар. Кўзлари хиралашиб қолганда ҳам бу савоб юмушни давом эттирдилар. Муроджон аканинг жанозаларини шайхур-раиснинг ўзлари ўқидилар. Икковларини Аллоҳ раҳмат қилсин, омин!

Муроджон аканинг жанозалари куни шайхур-раисимиз маъруза қилаётганларида орадан бир неча ой ўтиб, ўзларининг ҳам жанозаларида ҳозир бўлишимизни қайдан билибмиз... Устозлар устозининг вафоти ҳақидаги хабар қалбларга яшин олови каби урилиб, куйдириб ташлади. Ҳазратнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлган бизларгина эмас, бутун Ислом олами жудолик қайғусида изтироб чекди. Шарафли ҳадисдаги «Бутун қавмнинг ўлими бир олим ўлимидан кичикроқ ҳодисадир» деган ҳикматли сўзларга ўзимиз гувоҳ бўлдик.

 Шайхур-раисни биз бандаларга устоз қилиб бериш Аллоҳнинг улуғ неъмати эди, ҳузурига чақириб олишдаги айрилиқ азоби ҳам шунга яраша бўлди.

Тобим бўлмай, иккинчи марта жарроҳлик амалиёти ўтказилгач, шайхур-раис уйимизга келдилар. Амалиёт қайси куни, қайси соатда бўлганини сўраб билгач, «Ажиб», деб қўйдилар.

– Нимаси ажиб? – дедим.

– Маккаи Мукаррамага отланганимни сиз билмаган эдингиз. Билганлар Каъбатуллоҳда дуолар қилишимни сўрашганди. Каъбанинг атрофида юриб, бир-бир дуолар қилаётганимда сиз ёдимга тушдингиз. Ҳозир билсам, айнан жарроҳлар ишга киришган пайтда сизни эслаб, Аллоҳдан сиҳат-саломатлик сўраб, дуо қилган эканман...

Мен шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф эгаллаган илм даражаси нақадар улуғ экани хусусида сўз айта олмайман. Ул зот эгаллаган илмнинг уч-беш фоизига етишган бўлганимда, эҳтимол, бунга журъат қила олардим. Лекин олимларнинг баҳоларини эшитганманки, айримлари билан сизларни таништирайин:

Устоз Алоуддин Мансур суҳбатларимиздан бирида: «Агар бугунги Ислом оламида ўнта улуғ олим бўлса, биттаси шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, бешта бўлса, шуларнинг пешқадамларидан, иккита бўлса, биридир», деган эдилар.

Ундан олдинроқ, 1990 йил эди шекилли, Ливиядан келган меҳмонлар даврасида юзлари нурли бир қария: «Сизлар Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг қадрига етинглар. Мен бу шайхнинг устозиман. Бундай улуғ олимни Аллоҳ ҳамиша ҳам беравермайди. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бизга ўқишга келганида кўзимизга бўшанг йигит бўлиб кўринган эди. Дастлабки имтиҳонда бу фикримиздан қайтдик. Индамай юрувчи бу йигит илм олиш билан банд экан...», деди. Бу инсон Ливия Араб Жамоҳирияси «Ал-Фотиҳ» университетида Улумул-Қуръон фанидан дарс берувчи устоз, доктор Иброҳим Руфайда эдилар.

Шайхур-раисимиз бадиий адабиёт намуналарини доимий равишда кузатиб борардилар. Айниқса шеъриятдаги камчиликларни вақтида танқид қилиб турардилар. Ёзувчилар иккига бўлинганларида Адиблар иттифоқи вакили ҳазратга мурожаат қилиб, «Сиз ҳам икки-уч китоб чиқардингиз, иттифоқимизга аъзо қилиб оламиз», деди. Кулимсираб туриб, бош чайқадилар: «Мен ёзувчи эмасман. Сизга аъзо бўлиб, икки гуруҳга ажралган муҳтарам адибларимизнинг ихтилофларини чуқурлаштиришни ҳам истамайман», дедилар. Кейин билишимча, Ёзувчилар уюшмасидан ҳам шундай таклиф тушган ва уларга ҳам худди шу жавобни қайтарган эканлар.

Энди навбат ҳазрати Алининг «Олим киши кечалари қоим, кундузлари рўзадор мужоҳиддан афзалдир. Олим вафот этса, Исломда бир ёриқ пайдо бўлади. У ёриқни фақат олимнинг ўринбосаригина тўлдиради», деган сўзларига келди. Не бахтки, Аллоҳнинг марҳамати билан устозлар устозининг қаноти остига иқтидорли ёшлар тўпланишган эди. Улар устоздан имкон қадар билим олдилар. Энди бу билимларни такомилга етказиш, устознинг йўлини давом эттириш, ҳосил бўлган ёриқни тўлдириш вазифасини бажаришга киришишлари лозим бўлади. Ҳазрати Али: «Менга бир ҳарф ўргатган кишининг хизматкори бўлишга тайёрман», деган эдилар. Устозлар устозининг бундай хизматга тайёр шогирдлари кўп. Камина – Тоҳир Малик шуларнинг биридир.

«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ Муҳаммад Содиқ»

китобидан

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Бир қиз шундай ҳикоя қилади.Мен ўртаҳол оиланинг фарзанди эдим. Қизларнинг кийимкечаклари, тақинчоқлари давоми...

23:09 / 09-yanvar 3729
  gallery columns2 linkfile sizemedium ids15424,15426,15427,15428 orderbyrand Керакли маҳсулотлар 4та тухум Турли хил кўкатлар Пишлоқ Оқ ва давоми...

11:59 / 04.03.2017 5454
Бу ширинлигимиз кўриниши билан ҳам, мазаси билан ҳам кишиларни маҳлиё қилиши шубҳасиздир. Қолаверса, бу давоми...

12:54 / 29.11.2016 3030
embedhttpyoutu.be5eKBuY3YAPEembed

15:43 / 29.11.2016 6292