ЖИЛЛА ҚУРСА, ПИЁДА ЮРИШНИ ЎРГАНИНГ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сайтлардан бирида “Бўш вақтингизни қандай ўтказасиз?” деган сўровнома ўтказилди. Уч ярим минг киши  бу саволларга жавоб берган. Китоб ўқийман деганлар ҳар тугул кўпроқ, қарийб минг киши, 27 фоизни ташкил қилади. Ижтимоий тармоқлардан фойдаланувчилар эса 1567 нафар киши бўлиб, 45 фоизни ташкил қилади. Бўш вақти йўқ инсонлар 10 фоизни, телевизор кўрувчилар 3,2 фоизни, ҳеч нарса қилмайдиганлар эса  қарийб 9 фоизни ташкил қилади. Энг ачинарлиси, спорт билан шуғулланувчилар сони 2,5 фоизни ташкил этишидир. Айнан сўровноманинг мана шу жойи мени таажжублантирди.

Спорт билан шуғулланмаслик саломатлигимизни ўйламаслигимиз эмасми? Абу Али ибн Сино: “Бадантарбияни тарк этган одам аксари хароб бўлади. Зеро, ҳаракатсиз қолган аъзолар қуввати камаяди”, дея бежиз айтмаган.

Динимиз инсонларни ҳам руҳий, ҳам жисмоний тарбияга даъват этади. Инсоннинг ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом бўлиши дини ва дунёси учун манфаатли эмасми?! Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳам сизу бизни ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом ва бақувват бўлишга тарғиб этиб, шундай марҳамат қилганлар: «Кучли мўмин кучсиз мўминдан яхшироқ ва Аллоҳга маҳбуброқдир, лекин ҳар иккисида ҳам яхшилик бор. Сенга фойдали бўлган ишларга ҳарис бўлгин ва (ишингда) Аллоҳдан ёрдам сўрагин, лекин ҳаргиз ожизланмагин!» У зотнинг ўзлари бу борада ибрат намунаси бўлганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом  аёллари Оиша онамиз билан югуриш бўйича мусобақа ўйнаганларида 53 ёшдан ўтган бўлган. Кейинроқ яна бир мусобақа ўйнаганларида ёшлари ундан ҳам катта бўлган. Ҳатто муҳим топшириқларни бажаришни истаган ёш саҳобаларни аввал кураштириб кўрганлар. Ким ғолиб чиқса, ўша саҳобага ишониб зарур топшириқни берганлар.

Эътиқоди кучли инсоннинг бадани, жисми соғ, чиниққан бўлса,  ҳар қандай машаққатларга дош бера олади. Ҳаётдаги турли воқеа-ҳодисалар олдида қўрқувга тушмайди, ўзини бу ишлар олдида ожиз санамайди. Бундай инсон ожиз, иккиланган, журъатсиз инсондан афзал эмасми?

 Албатта афзал! Бундай инсонлар  ҳаёт қувончларидан баҳра ола билади. Тиббиётчилар таъкидлашича, ҳаёт қувончларидан бебаҳра инсонлар доим кимлардандир норози ҳолда юраркан. Бу ҳолат эса  уларнинг қонида турли иллатларни юзага келишига сабаб бўларкан. Ўз-ўзини ҳимоя қилолмайдиган, фақат ўз қобиғига ўралиб қолган одамлар бахтсиз ҳодисаларга кўпроқ учраши кузатиларкан.

Инсонларнинг хасталикка чалинишига асосан беш нарса сабаб бўлар экан. Мана шу сабаблардан бири камҳаракатлилик экан. Олимлар уни “XXI аср хасталиги” дейишмоқда. Бир жойда соатлаб ишлаш, камҳаракатлилик, асабийлик кўп касалликларни келтириб чиқарар экан.

Дарҳақиқат, ҳозир деярли пиёда юрмаймиз. Уловимиз бузилса,  “Пиёда юриш жуда ғалати бўларкан” дея юргимиз келмайди. Икки бекатга ҳам автобусда борамиз. Маршуткада манзилимизга яқинроқ жойда тушамиз. Сал нарироқда ёки берироқда тўхтаса, жаҳлимиз чиқиб пулини тўлаганман, айтган жойимга ташла, дея дўқ урамиз. Икки қадам пиёда юришга эриниб шунақа томоша кўрсатамиз. Бадантарбия қилишга вақтим йўқ, деб баҳона қиламиз, аммо соатлаб телефон ўйнаймиз, интернетда ўтирамиз. Ўзимизни ўзимиз шу тахлит алдаймиз, саломатлигимизга бепарво бўламиз. Аммо кундалик ҳаётини тартибга солган одам керакли нарсаларга вақт топади, соғлом турмуш тарзига эришади, спорт билан мунтазам шуғулланади.

***

 Мутахассисларнинг фикрича, спорт билан мунтазам шуғулланиш узоқ умр кўришнинг оддий йўлидир. Тана чиниқади, мускуллар тез чарчамайди. Нерв-эндокрин, юрак-қон томир, нафас олиш каби муҳим аъзолари иш фаолияти ортади. Танадаги тўқималар янгиланишига, унинг ёш, соғлом, тетик сақланишига сабаб бўлади. Машқлар орқали қон айланиши тезлашади, мияга кислород боради, мушаклар кучайиб, бўғимлар ҳаракатини таъминлайди, руҳий таранглик йўқолади, энергия ортади. Юрак клапанлари, мускуллари яхши ривожланади, унинг ҳажми бошқаларникига қараганда каттароқ бўлади.  Ўпканинг тириклик сиғими ортади. Нафас олиш, қон айланиш аъзолари яхши ривожланади.

Кун бўйи меҳнат қилиб, ишхонадан чарчаб чиққанингизда дарров автобус ёки метрога шошилманг, йўлнинг бир қисмини пиёда босиб ўтинг. Бу ҳам спорт турларидан бири. Пиёда юриш одамни тинчлантиради, чарчоқни олади. Пиёда юриш юрак томирларини, нафас олишни, асаб тизимини машқ қилдиради.

Эрталаб ишга кетаётганда пиёда юриш учун жуда қулай. Бу вақтда ҳаво тоза бўлади. Одам кечаси ухлаб дам олгани учун эрталаб чарчамасдан 30-40 дақиқа яёв юра олади. Ўпка чуқур кентиляция қилинганда қон кислородга бойийди, ички аъзолар қон билан яхши таъминланади.

Ҳар куни эмас, кунора бўлса ҳам 30-60 дақиқа спорт билан шуғуллансангиз, соғлом бўлишингиз учун етарли. Камроқ ўтириш, кўпроқ ҳаракатланиш керак. Агар касбингиз ўтириб ишлашни тақозо этса, ҳар соатда камида беш дақиқа танаффус қилинг. Бу вақтда турли енгил машқлар бажариб, елка, бел, оёқлар чигилини ёзинг.

РАЙҲОНА тайёрлади.

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум, азиз опасингиллар Муслимат.уз сайти кичик бўлсада, моҳи Рамазонга муносиб туҳфа бўла давоми...

15:16 / 31.05.2017 8435
Саломатлик дарсларини давом эттирамиз. Бугун биз тўғри овқатланиш ҳақида сўз юритамиз. Соғлом турмуш давоми...

19:06 / 25.12.2016 5608
.Улар quotРоббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўз қувончи ҳадя эт ҳамда бизларни давоми...

21:06 / 23.04.2023 2448