СУВ НЕГА ОЛОВНИ ЎЧИРАДИ?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Болажонлар, сув нимага оловни ўчириши ҳақида ўйлаб кўрганмисиз? Йўқми?! Келинг, унда бирга мулоҳаза қиламиз. Нима ҳўл бўлади? Суюқликлар! Суюқ кўринишдаги моддалар қаторига эса сув билан бирга сут, ёғ, спирт, бензинни ҳам киритиш мумкин. Демак, улар ҳам ҳўл, тўғрими? Шундай экан, улар ҳам оловни ўчирадими? Йўқ! Спирт, бензин, ёғ кабилар оловни ўчириш ўрнига уни янада гуриллатиб ёқади! Хулоса шуки, сув ҳўл бўлгани учун оловни ўчирмайди. Демак, асосий саволимизга қайтамиз: нимага сув оловни ўчиради? Ҳозир тушунтириб бераман. Биз нафас олишимиз учун нима керак? Кислород! Оловга ҳам ёниши учун биринчи навбатда ҳаво керак. Ҳаво таркибидаги кислород олов ўчмасдан ёниб туришини таъминлайди. Агар оловга кислород келиб турмаса, у секин-секин кучсизланиб, охири ўчади. Буни тушундик, сувга қайтамиз. Сув иссиқликни ёқтиради, у суюқликлар орасида иссиқликка жуда ўч ҳисобланади. Оловнинг устига сепилганда сув унга ташланиб, иссиқлигини олиб қўяди. Сув қайнаб турса, яъни кўп иссиқлик бериб қизитилса, нима бўлади? Буғлана бошлайди. Совуқ сувнинг 100 даража иссиқликкача қиздирилиб, қайнашни бошлашига анча энергия кетади-а? Қайнаган сув буғга айланишига эса бундан 5 марта кўп энергия талаб этилади. Демак, оловга сепилган сув унинг анча-мунча иссиқлигини олиб, буғга айланади. Олов анчайин совийди, энергиясини сувга бериб, қувватсизланади. Лекин дарров ўчиб қўя қолмайди, олов кучни ҳаводан, кислороддан олмоқчи бўлади. Бироқ сув ақллироқ чиқади. Оловнинг иссиғини олиб, буғга айланганидан сўнг оловнинг атрофини ўраб олади ва оловнинг кислород билан алоқа қилишига йўл қўймайди. Кислороддан узиб қўйилган, иссиғини сувга бериб кучсизланган олов охири таслим бўлади ва секин ўчади. Шу ўринда бир қизиқ маълумотни келтирмоқчиман: иссиқ сув оловни совуқ сувга қараганда тезроқ ўчиради. Нимагалигини тушундингизми? Тўппа-тўғри! Ахир совуқ сув биринчи исиши, қизиши, қайнаши, кейин буғланиши керак. Қайноқ сув бўлса, тезроқ буғланади ва оловни тезроқ ўчиради. У ҳолда нега ўт ўчирувчилар ёнғинларни иссиқ сувда ўчирмайдилар? Чунки бунинг иложи йўқ, ўт ўчирувчиларнинг насослари айнан совуқ сувни ҳайдай олади, иссиқ сувни эмас. Сув ўт ўчириш бўйича чемпион эканини билиб олдик. Лекин ҳар доим ҳам сувнинг оловга кучи етмайди. Масалан, электр мосламалари, симлар, телевизор, радиоприёмник кабилар ёниб кетса, уларга зинҳор сув сепиб бўлмайди. Бундай пайтда ёнаётган ускунада олов билан бирга электр токи ҳам бўлади. Бу ток ташқарига чиқа олмай, ускунанинг ўзида туради. Сув бўлса, бу токни жуда яхши ўтказади. Яъни ёнаётган электр ускуналарига сув сепилганда ток бу сувдан бемалол сузиб ўтиб, атрофдаги одамларга ҳужум қилади. Бу эса ҳаёт учун хавфли. Исталган ёнғинни кўришингиз билан ўзингизча ҳеч нима қилманг, дарров катталарни чақиринг. Уйда катталар бўлмаса, қўшниларингизнинг олдиларига югуриб чиқинг!

bolajontv

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал ахлоқларини, инсонлар билан бўладиган муомалаларини, давоми...

19:24 / 05.02.2017 5707
Мусулмон киши бошқа уйга изн сўрамасдан ва изн берилмасдан олдин кирмайди. Аллоҳ таоло марҳамат давоми...

21:00 / 21.10.2019 2212
Келганмиз дунёга машаққат учун, Айшу ишрат эмас, бил, тоат учун, Бир он тирикдирмиз, беғамлик нечун, Етар давоми...

13:26 / 25.01.2017 5115